Ўзбекистон халқ устаси, таниқли заргар Фасиҳиддин Дадамуҳамедов билан суҳбат
– Соҳибқирон бобомиз ва ул зоти муборакнинг фарзандлари назари тушган осори атиқалар жуда кам сақланиб қолган. Ҳар ҳолда, орада қарийб етти асрлик масофа бор. Аввало, Амир Темур муҳрли узугининг топилиш тарихи ҳақида гапириб берсангиз. Зеро, Сиз ўша осори атиқани кўриш ва ўрганиш учун Америкагача бориб келганингиздан хабаримиз бор.
– Бу тарих – жуда узун ва ғаройиб. Ҳатто ишониш ҳам қийинроқ. Таъкидлашим шартки, мен тарихчи ҳам, журналист ҳам, санъатшунос ҳам эмасман. Аммо ҳунарманд уста сифатида ўзим ният қилган хайрли ишга қўл уришдан аввал кўплаб китобларни варақлаб чиқдим. Оммавий ахборот воситаларида айни масалада эълон қилинган материалларни синчиклаб ўргандим. Қуйида айтадиганларим ана шу ўрганишларимдан туғилган фикрлар ва олинган маълумотлардир.
“Жаҳон адабиёти” журналининг 2006 йил 2-сонида мазкур масалада чоп этилган мақолада қайд этилганидек, Амир Темурнинг бебаҳо узук-муҳри ҳақидаги илк маълумотлар ўтган асрнинг сўнгги чорагида аввал Афғонистон, Туркия, сўнг Ғарб матбуотида пайдо бўла бошлаган. Ватанимиз истиқлолга эришиб, Соҳибқирон бобомиз ўзлари асос солган ва бунёд этган салтанати – мустақил Ўзбекистон давлатига музаффарлик оти ва улуғвор номи билан қайтгач, республикамизнинг даврий нашрларида ҳам бундай материалларни топиш, аниқлаш ва чоп этиш имконияти туғилди.
Муаррихларнинг шоҳидлик беришича, 1965 йили Афғонистонда ислом дунёсининг атоқли мутасаввуфи, ҳиротлик Хожа Абдулла Ансорий таваллудининг минг йиллиги олдидан қадимий қўлёзмаларни ўрганишга бағишланган халқаро илмий анжуман ташкил этилади. Афғонистоннинг ўша пайтдаги ҳукмдори Муҳаммад Зоҳиршоҳ анжуман иштирокчиларига мурожаат қилар экан, Султон Ҳусайн Бойқаро ва Мир Алишер Навоий қабрларини очиш янги илмий тадқиқотлар учун яхши манбаа бўлишини таъкидлайди. Шоҳнинг қарорига биноан бир гуруҳ хорижий экспертлар иштирокида ҳайъат тузилиб, номлари қайд этилган улуғ бобларимизнинг қабрлари очилади.
– Бунда бир сир, фитна бордай. Ўтганларнинг қабрларини очиб, руҳларини безовта қилиш мусулмончиликда шаккоклик ҳисобланади. Бунинг устига, нега энди, айнан Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоийнинг чекига тушган бу таҳқирланиш?
– Афсуски, бундай шубҳа-гумонларга бориш учун асослар йўқ эмас. Ўйлаб кўрилса, айнан шу икки улуғ зотнинг қабрларини очиш учун асло илмий зарурат бўлмаган. Шунга қарамай, Зоҳиршоҳ халқаро анжуман баҳонасида айни ишга қўл урган. Ушбу ножоиз қадамни қўйишга шоҳнинг кўнглига нафс балоси қутқу солганлиги унинг кейинги қадамларида сезилади.
Албатта, шоҳ аждодлардан авлодларга ўтиб келган, аслан Соҳибқиронга тегишли бўлган муҳр ҳақидаги ривоятларни эшитган, шунингдек тарихий қўлёзмаларда
Ҳусайн Бойқаронинг шу узук билан кўмилгани ҳақида ўқиган ҳам бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Шундай тарихий асарлардан бирини бунга мисол сифатида келтириш мумкин. Қобуллик тарихчи Мир Ғулом Муҳаммад Ғубор «Афғонистон тарих силсиласида» (“Афғонистон дар масир тарих”) китобида Амир Темурнинг ўз фарзандларига васиятномаси, шунингдек муҳри, оти ва қиличи ҳақидаги маълумотларни келтириб ўтган.
Муҳаммад Ғубор ўз тадқиқотида қайд этишича, Амир Темур вафоти олдидан оти ва муҳрли узугини Ҳиротдаги суюкли ўғли Шоҳруҳ Мирзога васият қилган ва бунга Мироншоҳ, Сароймулкхоним, Амир Шоҳмалик ва Амир Шайх Нуриддин гувоҳ бўлган.
Зоҳиршоҳнинг қадимий қабрларни очтиришдан асл мақсади бебаҳо муҳрни қўлга киритиш бўлган. Халқининг, халқаро ҳамжамиятнинг кўз ўнгида, ўз даврида ва келажак авлодлар назарида ҳам, бир узук учун Султон Ҳусайн Бойқаронинг руҳини безовта қилибди деган маломатдан ҳимояланиш мақсадида илмий анжуманни сабаб-баҳона қилиб кўрсатган.
Султон Ҳусайн Бойқаро қабрининг очилишида иштирок этган ҳайъат аъзолари марҳумнниг чап қўли кўрсатгич бармоғидаги ғаройиб муҳр-узукка кўзлари тушади ва мазкур ноёб топилма, кутилганидек, шоҳга ҳадя қилинади.
Муҳр Зоҳиршоҳда 1973 йилга қадар сақланган. Аммо, шоҳ Италияга расмий ташриф билан борганида, унинг жияни Муҳаммад Довуд саройда тўнтариш қилиб, Афғонистон тахтини эгаллайди.
Оммавий ахборот воситаларининг хабарларига қараганда, Римда мухожирликда кун кечиришга мажбур бўлган Муҳаммад Зоҳиршоҳ 1974 йили хиёнаткор жиянига қуйидаги мазмунда мактуб йўллайди: “Менинг иш жойимда Султон Ҳусайн Бойқародан қолган бир дона нодир қўлёзма ҳамда бир дона қимматбаҳо узукни ҳузуримга юборсангиз бас. Менга бошқа мулку давлат керак эмас. Сизга ҳурмат ва эҳтиром билан Муҳаммад Зоҳиршоҳ. Рим, 1353 ҳижрий-шамсий йил, 7 жавзо».
– Савол туғиладики, Ҳусайн Бойқаро нега бармоғидаги муҳрли узук, бунинг устига, Соҳибқиронга тегишли буюм билан дафн этилган? Бу аҳли исломга хос бўлмаган одат-ку?
– Бундай саволларга жавобни яна муаррихларнинг асарларидан топиш мумкин. Хусусан, Темурийлар тарихининг билимдони Али Файзийнинг «Ҳусайн Бойқаронинг сирли вафоти» рисоласида бу ҳақида айрим маълумотларни ўқиш мумкин.
Рисолада Султон Ҳусайн Бойқаронинг ҳарбий юришга отланиши ва йўлда, Бобо Илоҳий мавзейига етганда, қўшинини юришдан тўхтатишга қарор қилгани, бунга сабаб Султоннинг бехосдан аҳволи оғирлашиб, тусатдан вафот этгани дарж этилган.
Ҳусайн Бойқаронинг кутилмаган ўлими авомдан сир тутилиб, жасади ўша ернинг ўзида тупроққа берилади. Дафндан олдин, ҳарчанд ҳаракат қилсаларда, ҳукмдорнинг қўлидаги узукни ечиб ололмайдилар. Айримлар бармоқни кесишни таклиф қилади. Аммо уламолар бунга розилик бермайди. Шундай қилиб, узук Султон Ҳусайн Бойқаро
билан кўмилади.
Осори атиқалар билан шуғулланувчи мутахассислардан баъзилари уни Амир Темурнинг узуги десалар, баъзилари, Султон Ҳусайн Бойқаронинг шахсий мулки, деб ҳисоблайди. Олимлар ва тадқиқотчиларнинг қандай фикрда эканлигидан қатъи назар, Темурийлар давлатининг муҳри сифатида, у халқимиз, Ватанимиз тарихидаги энг ноёб ва бебаҳо бойликлардан биридир.
– Дарвоқе, афғон элининг ўша пайтдаги собиқ ва амалдаги шоҳларининг ёзишмаларига қайтайлик. Ўртада бошланган талашув-тортишувда кимнинг қўли баланд келган? Тоғасига вафо қилмаган жиян – Довудшоҳ наҳотки, шундай бебаҳо буюмни Зоҳиршоҳга осонгина бериб қўйган бўлса?
– Кейинги воқеаларни сўрсангиз, ўткир сюжетли детектив фильмларни эслатади. Бировнинг мулки бошқага буюрмайди. Тоға-жияннинг ёзишмалари давом этаётган пайтда Қобулдаги шоҳ саройининг бош қўриқчиси, генерал Муҳаммад Зиё узукни ўғирлаб олади ва хорижга қараб жуфтагини ростлайди. Шундай қилиб, топилма Нью-Йоркдаги “Метрополитен” музейида пайдо бўлади.
– Тўғрисини айтганда, бу тарихий воқеадан ҳам кўра, кўпроқ бадиий тўқимага ўхшаб кетади… Ғаройиб фильм ишласа ҳам бўлади.
– Гапингизда жон бор. Токи темурийшунос олимларимиз Соҳибқирон ва унинг авлодлари ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ бундай воқеаларни илмий жиҳатдан асослаб ёки рад этиб бермас экан, айни фараз ҳам яшашга ҳақли, деб ўйлайман. Айтилганларига қўшимча сифатида яна бир олимнинг асаридан иқтибос келтирмоқчиман. Филология фанлари доктори, профессор, таниқли шарқшунос Аҳмаджон Қуронбеков «Амир Темур ҳаёти ҳикоялари» китобида шундай ёзади: “Мен, Амир Темур, йигирма бир ёшимда қутбил ақтоб Зайниддин Абубакрга иродат қўлимни бердим. Шайх камаримни шоҳлик ёғдуси билан боғладилар. Ўз бош кийимларини бошимга қўйдилар ва ақиқ кўзли бир узук бердилар, унинг кўзида «Рости русти» (“Куч – адолатда”) сўзлари нақш қилинган экан. Дедиларки, яқин кунларда давлат тонги ёришади, менинг кўнглимга аён қилиндики, Муҳаммад авлодидан бир киши сенга мададкор бўлади, ҳозир уни кўришинг маъқул эмас, кейинроқ кўрасан”.
Айрим манбаларда қайд этилишича, Соҳибқироннинг қимматбахо тошлар билан безатилган олтин қиличи Эроннинг Машҳад шаҳридаги музейда, салобатли совути эса Туркияда, «Темур тузуклари» ва Мирзо Улуғбекнинг «Зижжи Жадиди Курагоний» асарларининг асл нусхалари Франциядаги Ротшильд музейида сақланиб келинаётир.
Шу ўринда Амир Темурнинг вафотидан сўнг узук кимларнинг қўлига ўтган ва қай ҳолда сақланган? Сўнг қандай қилиб Султон Ҳусайн Бойқаронинг қўлигача етиб борган? (Етиб боргани рост бўлса, албатта!) Бундай саволларга ҳам ҳали илмий асосланган жавоблар йўқ.
– Энди ҳозирги замон ўзбек заргарларининг “саргўзаштлари”га қайтсак?
– Бунда ҳеч бир саргўзашт йўқ. Борики, илм, меҳр, изланиш, сабр-тоқат ва заҳмат. Касбимиз-ҳунаримиз талаб қиладиган бурчу вазифалар. Шу ўринда бир гапни алоҳида таъкидлагим келади. Халқимизнинг бой тарихи, буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси билан боғлиқ не-не осори атиқалар бутун дунё бўйлаб сочилиб кетган. Уларни топиш, илмий асосда ўрганиш, иложи бўлса, асл ҳолича Ватанимизга қайтариш – бугунги истиқлол фарзандларининг муқаддас бурчидир. Биз, ҳунарманд-усталарнинг Амир Темур муҳрли узугининг нусхасини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни ана шу йўлдаги бир уриниш дейиш мумкин.
Аслини олганда, мамлакатимиздаги ва хориждаги кўплаб музейларда сақланаётган не бир бебаҳо топилмалар юртимизда, айниқса, Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Хива, Қўқон, Шаҳрисабз каби қадимий шаҳарларимизда заргарлик санъати азалдан юксак ривож топганидан далолат бериб, жаҳон аҳлини бугун ҳам ҳайратга солиб, ҳавасини қўзғаб келмоқда. Уларда давр муҳити, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари, анъаналари ўз инъикосини топган.
– Соҳибқирон ва темурийлар даври асл заргарлик буюмларининг ўзига хос жиҳатлари нималарда кўринади?
– Ўн учинчи-ўн тўртинчи асрларгача асл заргарлик буюмларида кўпроқ жониворлар шаклидаги безаклар тасвирланган бўлса, кейинчалик уларнинг ўрнини араб имлосидаги ранг-баранг композициялар эгаллаган. Айни ёзувлар бир томондан нақш вазифасини ўтаган бўлса, иккинчи томондан, катта маъно-мазмун касб этган. Бундай юксалишга айнан Амир Темур ва темурийлар даврида асос солинган.
Россиянинг Санкт-Петрбург шаҳридаги Эрмитаж давлат музейида сақланаётган темурийлар даврига оид заргарлик буюмларидан иккита муҳрли узукнинг нусхасини яратиш бизнинг мазкур йўналишдаги илк изланишларимиз сирасидан. Улардан биринчиси Шоҳруҳ Мирзонинг севимли рафиқаси Гавҳаршод бегимга атаб асл сариқ олтиндан Ҳиротда ясалган. Бодом нусха қимматбаҳо яшил яшма тош ўрнатилган кўзхонаси ўттиз тишли. Тошга “Гавҳаршод бинти Ғиёсуддин Тархон” сўзлари ва узук ясалган сана – ҳижрий “802” йил ўйиб ёзилган. Унинг узук қисми – бармоққа тақиладиган тилла балдоғи бизнинг давримизгача етиб келмаган.
Эронлик заргарлар меҳнатининг меваси бўлмиш иккинчи муҳрли узук Соҳибқироннинг учинчи ўғли Мироншоҳ Мирзога тегишли. Бодом нусха тўқ яшил яшмадан иборат. Қимматбаҳо тошга “Амирул-умарои Озарбойжон Мирзо Мироншоҳ бин Соҳибқирон Амир Темур Кўрагон” сўзлари ва “725” рақами ўйиб ёзилган.
Ушбу осори атиқалар нафақат темурийлар даври ҳунармандчилигининг ноёб намуналари, балки ўз замонасининг муҳим аҳамиятга эга ҳужжатларини тасдиқловчи юксак қудратга эга муҳрлар ҳамдир. 2011 йили биз, ҳамкасбимиз Меҳриддин Холиқов билан бирга улардан нусха олиб, юртимизда қайта яратиш шарафига муяссар бўлдик. Муҳрли узуклар Темурийлар тарихи давлат музейидан жой олди.
– Уларни янгидан, бунинг устига, қимматбаҳо тошлардан ясаш осон бўлмагандир? Арабий ёзувлар, тимсоллар, шакллар, рақмларни данакдек тошга ўйиш, ёзиш… Айтишга осон!
– Очиғини айтсам, иккиланган, қўлимиз титраган пайтлар ҳам бўлди. Аммо интилганга толе ёр. Заргарлик, умуман, ҳунармандлик жуда катта сабр тоқат талаб қиладиган ғоят майда иш. Сизга ишониб топширилган фалон миллионлик тошни синдириб қўйсангиз нима бўлишини тасаввур қилинг. Товон тўлашга бир умр топган-тутганингиз етмаганидан ташқари, номингиз тавқи лаънатга қолади. Жарроҳ кўзни операция қилар экан, деярли ҳар гал бир хил ҳаракат ва амалиётни бажаради. Чунки ҳамма одамнинг кўз тузилиши, томирлари, асаб толалари қарийб бир хил. Санъаткор заргарнинг иши эса деярли бетакрордир. Қимматбаҳо тошлар, дейлик, олмос, зумрад, яшма, феруза, дурни бутлаш ёки кавшарлашнинг ҳеч иложи йўқ. Тошга тегишли шакл бериш, муайян ёзув, тасвир ёки тимсолларни тушириш учун неча бор уни қўлга олиш, ўлчаш, чамалаш, йўниш, ўйиш, силлиқлаш, пардозлаш лозим. Бундай ўта нозик ишга қўлга уришдан аввал қимматбаҳо тошларнинг ўзига хос кимёвий хосса-хусусиятларини ўрганиш, билиш зарур. Санъаткор заргарлар, аввало, энг яхши кимёгар, физик ва математик ҳамдир. Шунинг учун бу касбнинг этагини тутганларга олий ва ўрта таълим муассасаларида, бошқа илмлар қаторида, кимё, физика, геометрия, рангтасвир, биология каби фанлар ҳам пухта ўргатилади. Заргар ўз ишида неча хил кислота, қай хил туз ва қандай қўрғошиндан фойдаланишни билиши керак-да.
– Темурийзодаларнинг муҳрли узукларини янгидан ясаш учун Сиз шогирларингиз билан ишни нимадан бошладингиз?
– Уламолар, тарихчи олимлар, ҳаттотлар билан мулоқотдан бошладик. Чунки, муҳрларга ўйилган қадимий битиклар, шакллар ва тимсолларнинг тарихи ва мазмун-моҳиятини пухтароқ билишимиз даркор эди.
– Соҳибқироннинг узуги-чи? Узоқ Америкага бориш ва Метроплитендек нуфузли музейдаги қимматбаҳо экспонатни ўрганиш осон кечмагандир?
– Тўғри айтасиз. Бундай ишлар, одатда, давлатлараро келишув асосида амалга оширилади. Биз эса музейга эл қатори – оддий томошабинлар сифатида кирдик. Муҳрли узукни суратга олдик. Ўзимизча тахминлар, фаразлар қилдик. Ҳозирча, олиб келган суратларимизни мутахассислар билан ўрганиш жараёни давом этмоқда.
Умид қиламанки, умид нима, қатъий ишонаманки, вақти келиб, Ватанимизнинг бой тарихи, буюк аждодларимизнинг бунёдкорликка йўғрилган ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ бундай бебаҳо осори атиқалар қаторида, Соҳибқирон бобомизнинг ва у зоти муборакнинг авлодларига тегишли муҳрли узук ҳамда бошқа асл буюмлар мустақил мамлакатимизга қайтарилади. Миллий музейларимиз хазинасидан жой олади.
Қулман Очилов суҳбатлашди.
“Ҳуррият” газетаси, 2018 йил.