Шойим Бўтаев: “Эл қиёфаси… кучли шахсларда ва миллий характерларда намоён бўлади” (2009)

http://n.ziyouz.com/images/shoyim-butayev.jpg

Бугунги дунё ранг-баранг ва серқатламли, у вақт ва макон ҳудудларида ҳам турфа нисбий тушунчаларни намоён этиб бормоқда. Бу жараёнда ҳар бир халқ, ҳар бир миллат миллий маънавияти, маданияти, ўлмас қадриятлари билан умуминсоний тамаддунлар ривожига улуш қўша олади. Глобаллашув ва оммавий маданиятнинг кескин тўқнашувлари, таҳдидлари таъсиридан ўзини, ўзлигини миллий табиати, миллий характерлари орқали асраб қола билади. Шу тариқа кучли шахслар майдонга чиқади.

Истеъдодли Ёзувчи, кинодраматург Шойим Бўтаев адабиёт, санъат, кино ва миллий сериаллар борасидаги саволларимизга жавоб берар экан, эл қиёфаси кучли шахсларда ҳамда миллий характерларда намоён бўлиши зарурлигига алоҳида тўхталиб ўтди.

— Сизнинг ўз ихлосмандларингиз бор. Китобхонлар эътиборини ўзига жалб этган қатор асарларингиз, телесериаллар адабий ссенарийси, ноширлик фаолиятингиз… Хуллас, серқирра ижодий фаолият жараёнида қандай мақсадларни кўзда тутасиз?

— Инсон қайси касбда ким бўлиб ишлашидан қатъи назар, энг аввало ўз ишига садоқатни намоён этиши керак деб ўйлайман. Бунинг кўнгилга ғурур берадиган томони бор. Сиз яқинларингизга, халққа, Ватанга ўз меҳнатингиз билан озгина бўлса-да, наф келтириб яшаётганингизни ҳис этиб турасиз. Бундай ҳис ҳар қандай одамга ҳам катта куч-қувват бағишлай олишига ишонаман. Негаки, унинг ёлғон томони йўқ. “Мен халқимни севаман, юртимни улуғлайман”, деб лоф урсаг-у, унинг учун ҳеч нарса қилмасак, қила олмасак бу ёмон. Улуғ франсуз Ёзувчиси Гюстав Флобер шу маънода “Одамнинг ўзи ҳеч нарса эмас, ҳамма гап унинг меҳнатида” дейди. Биз ХХ асрнинг мудҳиш офати бўлган Иккинчи жаҳон урушидан чиқиб келганларнинг ҳикояларини тинг­лаб ўсганмиз, қадимий урф-одатларимизнинг, удумларимизнинг чимдимгинасини ўз асарига қўшиб шундан ёруғлик чиқармикан, деган умиддаги ижодкорларнинг турли тазйиқ ва таҳдидлар остида не-не изтиробларни чекканига гувоҳ бўлиб улғайганмиз. Биз яна она тилимизнинг олмос қирраларини намоён этувчи сўзларнинг “архаик”, “тарихий”, “ескирган” деган тамғалар билан ўз асарларимиздан таҳрир қилиб олиб, ташланганидан дилимиз вайрон бўлиб қалам сурганмиз. Буларнинг қай бирини айтай? Ва буларни эндиликда эслаб туришнинг Сизнинг саволингизга жавоб бўладиган жиҳати борми? Албатта, бор.

Ижодкор аҳли қалам ва қоғоз билан танҳо қолар экан, ўз виждони билан юзма-юз туради. Ҳақиқий ижодкорнинг виждони ва имони ўзи туғилиб ўсган юрт камоли, ўзи мансуб ­хал­қнинг қувонч-ташвишлари билан чамбарчас боғлиқ бўлиши керак. Унга Яратганнинг инояти шундай. Жиллақурса, у ўзида ана шундай туйғуни шакллантира бормоғи керак. Одимба-одим бу туйғуни шакллантириш баробарида ижодкор ўзини, ўзлигини инкишоф этади ва бу билан умуммиллат руҳий дунёси хазинасига улуш қўша олади. Бу жуда ноёб, ҳеч нарса билан алиштириб бўлмайдиган туйғу. Энди айтинг-чи, ана шу туйғу кўксингизга муборак муштини уриб ҳамиша сизни безовта қилиб турса, нималарнидир шипшиса, айтса, бундан хулоса чиқаргингиз келмайдими? ЙОза бошлагунча бўлган ҳис-туйғулар сизнинг ўзингизники эди, бироқ ёза бошладингизми у сизнинг ихтиёрингиздан чиқади. Шу чоғда қаршингизда жиддий нигоҳ-ла боқиб турган Инсонни унутманг: бу Инсон асрлар мобайнида халқ тарихини, қалбини, урф-удумларини, қадриятларини елкасида кўтариб келаётган китобхон ёки томошабинингиз. Унинг туйғулари билан ўйнашиш хавфли, ўзини ва ўзлигини ҳурмат қилмасликдир.

— Аммо минг афсуски кўп ҳолларда ана шундай “ҳурматсизлик”ка дуч келиб қолишга ҳам тўғри келади…

— Ҳар бир ишни ўзининг устаси қилгани маъқул. Бир маҳаллар, шеър ёзишни ҳамма ўзи учун фахр деб биладиган ва шоирларни авлиё даражасида кўришадиган замонларда давраларда муносиб баҳосини олган, эътироф этилган яхши шеърлар шаҳар дарвозасининг кўринадиган жойига катта қоғозга катта-катта ҳарфлар билан ёзилиб, осиб қўйилар экан. Шаҳарга кирган ҳам, шаҳардан чиққан ҳам уни ўқиб баҳраманд бўлар экан. Шаҳар дарвозасида шеъри “кўринган” шоир ҳозирги пайтда китоби чиққандаги каби ҳолатдан ҳам кўпроқ ҳаяжонни бошидан кечираркан.

Бир куни Абдураҳмон Жомийнинг ҳузурига яхши кийинган, басавлат бир киши тавозе билан кириб келиб, у билан қуюқ сўрашибди ва ўзининг ҳали сиёҳи қуримаган шеърини ўқишга ижозат сўрабди.

Ҳазрат Жомий бош ирғаб ижозат берибди.

Ҳалиги киши ўқий бошлабди. Ҳазрат Жомий дуппа-дуруст кўринган одамнинг бир зумда тентакка айланганини кўриб ҳайрон қолибди. Чунки унинг оғзидан қофияга солинган бўлса-да, боди кириб, шоди чиқмоқда экан.

У шеърини ўқиб бўлиб, қалай, дегандек Абдураҳмон Жомийга қарабди.

— Дуруст, — деб қўйибди Абдураҳмон Жомий унинг кўнглини ранжитмаслик учун.

— Шу шеъримни катта ҳарфлар билан ёзиб шаҳар дарвозасига осиб қўйсам бўладими? — деб сўрабди ҳалиги “шоир” қувониб кетганча.

— Албатта бўлади, — дебди Абдураҳмон Жомий унга жавобан. — Фақат, айтинг, шеърингизнинг ёнига ўзингизни ҳам осиб қўйишсин…

Бу ривоятдан ҳам кўриниб турибдики, сўз айтиш ҳаёт ё мамот масаласи билан тенг бўлган.

Кейинги пайтларда хизмат тақозоси билан турли-туман нашриётларда чоп этилган ўнлаб китобларни кўриб чиқишимга тўғри келди. Тўғри, уларнинг кўпчилиги “ўз ҳисоби”дан чоп этилган. Аммо бундай китобларни чоп этган ана шу “ҳисоблар” бошқа ишларга, айтайлик, қўли қисқа ёки бева-бечораларга ёрдам тариқасида ишлатилса ёки ўз оиласи эҳтиёжларига сарф этилса фойдалироқ ва савоблироқ бўлар эди.

— Сиз интервьюларингизнинг бирида “бир бекатда сотиб олиб, иккинчи бекатда ташлаб юборилса ҳам ана шу икки бекат оралиғида бу нашрлар ўз вазифасини ўтаб бўлади”, деган эдингиз…

— Тўғри, агар адашмасам, унда суҳбат мавзуси кўнгилочар газеталар ҳақида эди. Кўнгилочар адабиёт ҳам, кинолар ҳам бор. Бироқ профессионал маънода уларнинг ҳам маҳорат билан ёзилганлари мавжуд эканини унутмаслигимиз лозим. Масалан, Шерлок Холмс ҳақида ҳикоялар ҳам кўнгил­очар, бироқ Артур Конан Дойлнинг усталиги унга ҳамон ҳаёт бағишлаб келмоқда. Унинг сирини билиш учун эса санъат илмидан, адабиёт илмидан бохабар бўлиш керак. Баъзи шов­возлар кўзига биринчи қарашда бу жуда оддий ва жўн бўлиб кўринадими, билмадим, ишқилиб, умрида бир қатра ёхуд лавҳани қойиллатмай туриб, дарҳол “катта асар”лар, “катта ссенарий”лар ёзиб ташлаб, шунинг мумтозлигини даъво қила бошлашади. Бундайларнинг “адабий орзулар”­ини қўллаб-қувватловчилар, ҳайбаракаллачилар, ҳаттоки, амалга ошириб берувчилар ҳам дарҳол топила қолгани кишини ажаблантиради. “Энди ҳавас қилиб бир ёзиб кўрибдилар майли-да, ахир ёмон иш қилганлари йўқ-ку, қўлига қалам ушлаган одам барибир эзгуликни кўзлайди-ку!”. Шунақа гапларни ҳам эшитганмиз-да. Бунақа “езгуликни кўзлаш” миллатнинг асрлар мобайнида мис­қоллаб тўплаган маънавий дунёсига, бадиий тафаккурнинг кўз илғамас чўққиларига ҳақорат бўлиб тушиши мумкинлиги ҳайбаракаллачиларнинг хаёлларига келмайди. Чунки уларнинг ўзлари ҳам эҳтимол бундан бехабардирлар.

Ижодкорнинг вазифаси дидни ўстириш. Шунда бадиий тафаккурнинг ёрқин шўълалари миллат руҳини, қалбини ёритади, бугунга, эртага, келажакка нафи тегади, инсонга кўзгу тутиб, ўзингга, ўзлигингга, шу ҳаётга муносиб бўл, дейди. Бу нақадар улкан ҳодисалигини тасаввур этиш қийин. Куни кеча ўз қалбини улуғ аждодларнинг мунаввар сўзлари билан чароғон этганларнинг авлодлари оммавий маданиятнинг Чингиз Айтматов “Қулаётган тоғлар” романида катта куюнчаклик билан келтирганидек “лимузин, лимузин, лимузин” қўшиғи билан алмаштириб олишса қай аҳволга тушишади?

Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарининг “Маънавиятга таҳдид ўзлигимиз ва келажагимизга таҳдид” деб номланган учинчи бўлимида даврнинг бундай долзарб масалаларига атрофлича ва чуқур муносабат билдирилган. “Табиийки, “оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эготсентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди.

Ҳозирги вақтда ахлоқсизликни маданият деб билиш ва аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити деб қараш билан боғлиқ ҳолатлар бугунги тараққиётга, инсон ҳаёти, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солмоқда ва кўпчилик бутун жаҳонда бамисоли бало-қазодек тарқалиб бораётган бундай хуружларга қарши курашиш нақадар муҳим эканини англаб олмоқда”.

— Айтиш мумкинки, санъатнинг бошқа турлари қаторида замонавий жанр сифатида телесериаллар тобора оммалашиб бормоқда. Пешма-пеш экранларимизда намойиш этилаётган чет эл телесериаллари, ўзимизнинг маҳсулотлар… Сиз кинодраматург сифатида миллий телесериалларда давр­нинг муҳим ва долзарб масалалари қай тариқа акс этмоқда деб ўйлайсиз?

— Мен миллий телесериалларни давр коньюктурасини ўзида мукаммал мужассам эта оладиган имконият деб биламан.

— Нега энди имконият?

— Чунки кечаги ашаддий ғазалхонни, садоқатли китобхонни ҳам зангори экран юмшоққина қилиб, бебилиски тарзда ўзига тортиб олмоқда. Энди кечагина Саъдий ва Ҳофиздан, Навоий ва Машрабдан юзлаб сатрларни адашмай ёддан ўқийдиганлар бугун телевизор қаршисида ўз номларини зўрға эслаб туришибди. Улар энди минг уринишмасин, Навоийнинг тўрт сатрини ҳам ёдда олиб қолишолмайди. Чунки қалбнинг бунга эҳтиёжи йўқ. Шу сабабли телевидениенинг ва умуман, бугунги юксак замонавий технологияларнинг, интернетнинг кўз илғамас имкониятларидан ҳақиқий маънодаги халқчил асарларни, тарихни, урф-удумларни, қадриятларни эгаларига етказиш, уларнинг эсига солиб туриш учун фойдаланиш лозим. “Ҳо-ой, бу сеники, буни унутиб юборма, буни унутиб юборсанг бошқалар сени танимай қолади”, дея қайта-қайта таъкидлаш, огоҳ этиб туриш айниқса, ёшларимизда ўз халқига, миллатига нисбатан фахр-ифтихор туйғуларини қўзғатишга сабаб бўлади…Бу жуда муҳим ва жуда кучли туйғулар.

Биз она тилимизда дунё адабиётининг дурдоналаридан баҳраманд бўлганмиз. Данте, Шекспир, Гёте, Сервантес, Толстой, Достоевский ва бошқа ўнлаб буюк даҳоларнинг асарларини ўгириш жараёнида таржимонларимиз она тилимизнинг имкониятларини, ҳар қандай тушунчани ифода этишнинг энг унғай усулларини намойиш этишган. Энди айтинг-чи, шу буюк лисонда экрандаги қаҳрамон аллақандай чучмал гапларни айтиб турса, ғашингиз келмайдими? Дунё фалсафасининг бешигини тебратган буюк мутафаккирлар бизнинг заминимиздан чиққанини эътиборга оладиган бўлсак, экранда намойиш қилаётган қаҳрамонларимиз ҳам ўзига яраша фикр-мулоҳазасига, ҳаёт фалсафасига эга кучли шахслар бўлиши, бадиий тафаккурни юксалтириб, миллатнинг ифтихорига айланади.

— Сиз Баҳодир Аҳмедов режиссёрлигида яратилган “Боғ” кўп қисмли телефильмнинг адабий ссенарийсини ёзгансиз. Бу телефильмда ҳам юқорида тилга олганингиздек, халқимизнинг ўлмас қадриятлари, меҳр-оқибати Улғай эна исмли ёлғиз кампир ва унинг боғи орқали кўрсатиб берилган. Ўзбекистон телевидениесининг турли каналларида йиллар мобайнида бу фильм қайта-қайта намо­йиш этилмоқда. Шу фильм адабий ссенарийсининг ёзилиш жараёнига тўхталсангиз.

— Бир пайтлар “Кунботардаги боғ” номли қиссам “Шарқ юлдузи” журналида эълон қилинганида ўша пайтдаги “Ўзбекфильм” киностудияси раҳбари “бу асарингизда фактура кучли экан, адабий ссенарийсини ёзиб берсангиз, бадиий фильм ишлардик”, деганди. Бу таклифни баъзи бир сабабларга кўра амалга ошира олмагандим.

Орадан йиллар ўтиб таниқли кинорежиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Баҳодир Аҳмедов ўафур ўулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти томонидан чоп этилган қиссалар тўпламимда шу асарни ҳам ўқиб қолиб, менга кўп серияли телефильмга ссенарий ёзиб бермайсизми, деб қолди.

Бу вақтга келиб, ссенарий ёзиш фикри пишиб бўлганди. Менинг муддаом, ҳар ким ўз боғида, ўз томорқасида астойдил меҳнат қилса, бу унинг Ватан равнақига қўшган ҳиссаси ҳисобланади, деган ғояни томошабинларга етказиш эди. Улғай эна сингари ота-боболари яратган боғни яхши кўриш, уни парваришлаш, ҳимоялаш, келгуси авлодларга бус-бутун етказиш рамзий маънода юрт тимсолида олиб қаралади.Халқнинг ўзлигини асраш иммунитети шу туфайли соғлом бўлади, бу иммунитет соғлом бўлса, Ватанни севиш, ардоқлаш, уни авлодларга гўзал ва фаровон қолдириш сингари юксак маънавий туйғулар шаклланади, бу туйғулар шаклланса, халқимизнинг азалий маънавий қадриятларининг ботиний мағзи намоён бўлади.

— Эшитишимизга қараганда Ўзбекистон телевидениеси “Тошкент” телеканали буюртмасига асосан “Ўзбектелефильм” студиясида Сизнинг ссенарийингиз асосида 30 қисмли “Қалдирғочлар яна қайтади” телесериалининг суратга олиш ва монтаж ишлари адоғига етибди. Айтинг-чи, бунда ҳам Сиз ўз ижодий тамойилларингизга собит қолганмисиз?

— Ҳар қандай фильм ҳам кўпчилик, яъни ижодий жамоанинг меҳнати, изланишлари самараси ўлароқ дунёга келади. Бугун телесериалчиларимиз катта йўлларни шиддат ва ғайрат билан босиб ўтишаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Шу шиддат ва ғайратга яраша мақсадни бугунги Ўзбекистоннинг ўз тараққиёт ва ривожланиш йўли, фуқаролар онгидаги эврилиш-янгиланишлар таъминлайди. Буни амалга оширишда, яъни маҳорат масалаларида иккиланишлар, янглишишлар бўлиши ҳам табиий жараён. Бироқ юқорида таъкидлаганимиздек, мақсад тўғри бўлиш керак, жиллақурса, ўз қўшнингизнинг, қавму қариндошингизнинг, ҳамқишлоғингизнинг, миллатдошингизнинг қайсидир жиҳатларини экранни тўлдириб юрганлардан бировининг қиёфасида, қош-кўзида, гапиришида топа олсангиз ҳам бу мукаммаллик сари қўйилган қадам бўлади. Акс ҳолда эса жонсиз қўғирчоқлар меъдангизга тегиб, ҳиссиётларингизни тўмтоқлаштиради. Яратилаётган ушбу сериалнинг бош қаҳрамони ҳам кўпчилик сингари шаҳарга интилади, унинг мақсади эзгу, ёлғиз қизини шаҳар мактабларида ўқитиб жамиятга муносиб қилиб тарбияламоқчи. Шаҳарда ҳам у турфа инсонларга дуч келади, ҳаёт бир тарзда кечмаслигига гувоҳ бўлади ва қалдирғочлар қачонлардир ўз уйларига қайтгани каби маълум вақт ўтгач у ҳам ўз туғилган қишлоғига қайтади, қишлоғи тараққиёти ва ривожланиши учун ўзи жон куйдирмаса, бу ишларни биров келиб қилиб бермаслигини англаб етади.

— Энди айтинг-чи, газетамизни ҳам ўқиб борасизми?

— Албатта. Ундаги ранг-баранглик менга маъқул. Бир хил савиядаги, бир жойда қотиб қолган газета-журналларнинг даври ўтганини “Ҳуррият”чилар илғашгани муштарийларни ҳам қувонтириши шубҳасиз. Бугун одамларнинг онгида, тафаккурида эврилиш-ўзгаришлар юз бермоқда, улар ҳаётга янгича қарашади, бу янгича муносабатларнинг шаклланиш жараёнларини кузатиш ҳар қандай ижодкорга катта озуқа беради. Ижодкор ўзини қийнаган, ташвишга солган нарсаларни ўртага олиб чиқса, халқнинг ўзи сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиб олади. Ҳар қандай нарса эсланишга ва унутилишга маҳкум. Бизнинг санъатимиз, адабиётимиз, матбуотимиз катта йўлни босиб ўтган, бу йўлда не-не буюк зотлар етишган, карвон ўтаётганида атрофида неки содир бўлиши керак ҳодисалар содир бўлаверган, шу боис, бунга муносиб бўлиш катта масъулиятни талаб қилади.

Суҳбатдош: Ҳосил Каримов

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).