Раҳматуллоҳ қори Файзуллаев: “Марғинонийлар силсиласи давом этмоқда” (2016)

Раҳматуллоҳ қори Файзуллаев 1973 йил 1 мартда Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида туғилган. Марғилондаги “Саййид Аҳмад хўжа эшон” ўрта махсус билим юртида (1992-1996) ва Андижон вилоятидаги “Саййид Муҳиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юртида таълим олган (2002-2006). Тошкент Ислом Университетида (2000, 2002), Имом ал-Бухорий халқаро марказида (2009, 2016) малака оширган. “Йил имоми – 2014” кўрик танловининг вилоят босқичида биринчи, Республика босқичида учинчи ўринни эгаллаган.

“Марғилон алломалари” туркумидан “Муҳаммад Юсуф Ҳазин Марғиноний”, “Абдуссамад охунд Қоил Марғилоний”, “Рожий Марғилоний” китоблари нашр этилган.

Раҳматуллоҳ қори Файзуллаев ҳозирда Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги «Робия ҳожи она» масжиди имом-хатиби.

Раҳматуллоҳ қори Файзуллаев билан суҳбатимиз домла тадқиқ этаётган Марғилон алломалари ҳақида бўлди.

Қори ака, манбаларда Марғилонни “сундуқул орифийн” дея таъриф этилади. Бу мақом қаердан келиб чиққан? Марғилонни орифларга чашма бўлиш шарафига ноил қилган сабаблар ва салафлар ҳақида маълумот берсангиз.

— Дарҳақиқат, тарихий манбаларда Марғилон шаҳрига “сундуқул орифин” дея юксак баҳо берилган. Албатта, бу бежиз эмас. Чунки Марғилон шаҳри гарчи дунё улкан харитасида дўппидеккина келмаса-да, бу шаҳар ўзида бир неча буюк алломаларни тарбиялаб, вояга етказиб, дунёнинг буюк тарихий шаҳарлари қаторидан муносиб жой олган. Айниқса, Мовароуннаҳр фиқҳий мактабининг шаклланиниши ва унинг тадрижий давомида марғилонлик фуқаҳоларнинг ўрни беқиёс. Имом Абдулазиз ибн Абдураззоқ Марғиноний (ваф.1055), Имом Абу Ҳафс Низомуддин Умар Марғиноний (ваф.1203), Имом Абул Маҳосин Заҳириддин Марғиноний (ваф.1233), Имом Бурҳониддин Али ибн Абу Бакр ибн Абдулжалил Марғиноний (ваф.1197) каби зотлар ушбу диёр фақиҳларининг дунё эътироф этган машҳур вакилларидир. “Марғинонийлар сулоласи” номи билан танилган бу силсила тарихнинг барча даврларида дунёнинг турли мусулмон мамлакатларида изчил давом этган ва унинг машъали авлодлар ўртасида қўлма-қўл бўлиб келган.

Марғилон алломалари тўғрисида Ёқут Ҳамавий (1179–1229), Абу Саъд Самъоний (506/1113-1167/562), Маҳмуд ибн Сулаймон Кафавий (ваф. 990/1582), Ҳожи Халифа (1017-1068 ҳ.), Хайриддин Зириклий (1310-1396 ҳ.), Али ал‑Қорий (ваф. 1014 ҳ.) ва бошқа ўрта аср тарихчи ва адибларининг асарларида маълумотлар учрайди. Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Бухорийнинг “Ал-муҳиту-л-бурҳоний” номли асарида Марғилон ҳақида: “Бу шаҳардан кўплаб фозил одамлар етишиб чиққан”, дейилган.

Шу ўринда энг аввало, Шарқ Уйғониш даври қомусий олимлардан бири, жаҳон маданияти ва илм-фанига беқиёс ҳисса қўшган, Мовароуннаҳарда ҳанафийлик мазҳабини кенг ёйилишига улкан хизмат қилган буюк аллома, шайх ул-ислом Али ибн Абу Бакр ибн Абдулжалил ал-Марғиноний ар-Рошидоний ал-Марғиноний номларини келтириш лозим бўлади. Зеро, бу зоти шарифнинг улкан илмий жасорати ва беқиёс асарлари туфайли Марғилон улкан шарафларга эга бўлган. Алломанинг юксак илмий салоҳиятини муносиб баҳолаган замондошлари “Бурҳонуддин вал-милла” (“Дин ва миллатнинг ҳужжати”) деган шарафли ном билан атаганлари бежиз эмас.

Бурҳониддин Марғиноний ҳанафийлик фиқҳи бўйича ўндан ортиқ қимматбаҳо асарлар яратдилар. Тадқиқотчиларнинг айтишларича, улардан олтитаси бизга етиб келган.

Шарқ Уйғониш даврида Бурҳониддин Марғинонийнинг энг катта хизмати бу “Ҳидоя” асари бўлиб, у ҳар бир давр учун энг мураккаб бўлган ҳуқуқий масалаларни тартибга солиб берган  тартибли асардир. Аллома ушбу асарни 1165-1178 йиллар орасида, 13 йил давомида ёзиб тугатганлар.

Ушбу асар ихчамлиги, мукаммаллиги, ҳанафий мазҳабини бошқа суннийлик мазҳаблари билан қиёсий услубда ўрганиб, ҳар томонлама ёритганлиги учун ўзига хос катта назарий ва амалий аҳамият касб этганини уламолар таъкидлашган.

Чор Россияси босқини ва Шўролар ҳукумати ташкил этилишига қадар Марғилонда диний-илмий муҳит қандай эди?

— Дарҳақиқат, юқорида айтганимиздек, Марғилон яқин минг йиллик даврдан бери илм-маърифат ўчоқларидан бири бўлиб келган. Тарихий асарларда ҳам Марғилон XI-XII асрларда Ўрта Осиёнинг энг буюк шаҳарларидан бирига айланиб, илм-фан ва маданият маркази сифатида машҳур бўлгани, кейинчалик Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даврида шаҳар Фарғона водийсидаги мавжуд Андижон, Ўш, Хўжанд, Исфара, Косон, Ахси, Марғинон каби етти қасаба (шаҳар)лардан бири сифатида эътироф этилгани таъкидланган.

Шоҳимардонлик шоир Мулло Ниёзга (1823-1896) кўра, XIX асрнинг охирларига келиб, Марғилон Фарғона водийсининг йирик маданий марказига айланибгина қолмай балки пойтахт шаҳар сифатида ҳам эътироф этилган. Марғилонда асрлар давомида тадрижий равишда ривожланиб борган бу илмий-тарихий-маданий жараён табиийки, шаҳарнинг Қўқон хонлиги даврида ҳам серқирра бўлган. Шаҳар ўз маънавий фаоллиги билан ажралиб туришидан ташқари, бу ерда тармоқлашган таълим тизими ва маҳаллий аҳолининг ўзига хос маданий анъаналари мавжуд бўлган. Бу даврда Марғилонда шариат олимлари билан бирга, тариқатнинг машҳур шайхлари, шоир ва адиблар фаолият олиб борганлар. Улар илм-фаннинг турли соҳалари; тарих, адабиёт, шеърият соҳаларида кўплаб қимматбаҳо асарлар яратганлар.

Бу даврда айниқса, тасаввуф тариқатининг пирлари бўлмиш Махдуми Аъзам, Хожа Лутфуллоҳ, Абдулқодир Гилоний авлодларининг ҳозир бўлиши шаҳарда мусулмончилик анъаналарини янада равнақ топишига катта таъсир ўтказган. Бу хонадон вакилларининг Фарғона водийсида истиқомат қилишлари ва уларнинг халқ орасида ва хусусан, ҳукмрон табақалар ўртасида тутган мавқеи, аввало, бу ерда осойишталикни барқарор туришига хизмат қилди. Улар раҳнамолик қилаётган тариқатларнинг таъсир доираси шунчалик кучли эдики, ҳар қандай ҳукмдор ҳам мамлакатни идора қилишда уларнинг фикр-мулоҳазаларига таяниб иш кўришга интилган.

Чунончи, Қўқон хонлари даврида ҳам бундай диний жамоаларнинг салмоқли ўрин эгаллашлари туфайли уларнинг хоҳиш ва истаклари давлат бошқаруви чоғида инобатга олинган. Норбўтабий ҳам ҳамма соҳа вакиллари билан келишувчилик асосида иш юритиб, давлатнинг равнақига эриша олган.

Марғилон хонлик таркибида нафақат Фарғона музофотида, балки, бутун Ўрта Осиёда обод ва аҳолиси гавжум шаҳарлардан бири саналган. Шунингдек, Марғилон хонлик маркази бўлмиш Қўқон билан чамбарчас боғлиқ ва ажралмас шаҳар сифатида катта аҳамият касб этар эди. Шу сабабдан ҳам Қўқон хонлиги тарихида Марғилон аҳли бирон мартаба хонларга қарши чиқишлар қилмаган, аксинча, Марғилон хонлар учун вақти келса, бошпана вазифасини ўтаган.

Бу фикрларни Марғилонга ташриф буюрган сайёҳ Мир Иззатулло ҳам тасдиқлайди. У 1812 йилда Ҳиндистондан Қашқар орқали Марғилонга келиб, бу ерлик аҳоли тўғрисида жуда самимий фикрларни билдирган эди. У жумладан: “Марғилонликлар эътиқод бобида энг аввалги қаторда турадилар. Шаҳарнинг ўзи жуда хушманзара бўлгани сабаблими, унинг одамлари ҳам хушахлоқ ва сертавозедир. Уларнинг катта-ю кичиги шариат аҳкомига тўлиқ амал қиладилар”, деб қайд этади.

Марғилон Чор Россияси томонидан босиб олинганидан кейин  бу ердаги ижтимоий-маънавий аҳвол аста-секин бўлса-да, ўзгара бошлаган. Чунки Русия Қўқон хонлигини тугатгандан сўнг (1876 йил 16 феврал) унинг ҳудудида Фарғона вилояти тузилиб, у бир неча уезд ва волостларга бўлиниб идора қилингани тарихдан маълум. Марғилон 1876-1926 йилларда Фарғона вилоятининг уезд шаҳри бўлган, сўнгра Фарғона округи миқёсидаги шаҳарга айлантирилган. Бу даврда ҳам аҳолининг диний таълим олишга рағбати доимгидек кучли бўлган. Гарчи хонликка қарашли ҳудудларда мустамлакачилар ташкил этган рус-тузем мактаблари очилган бўлишига қарамай, аҳолининг асосий қисми мадрасалар, шунингдек, эски усул мусулмон мактаблари, қорихона, отин ойи мактабларида таҳсил олишда давом этаверган.

Чор армияси зобити М.Терентьевнинг қайд этишича, 1869 йилда Сирдарё, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида 6331 маҳаллий – мусулмон ўқув юртлари билан бир қаторда, атиги 89 рус-тузем ўқув юртлари бўлган. Бундан мактаб ва мадрасаларнинг тутган ўрни ва аҳолининг ислом илмларига нисбатан муносабати ўз-ўзидан маълум бўлади.

Бинобарин, ўша даврда Марғилон диний муассасалар – мадраса ва мактаблари сони жиҳатидан Туркистон генерал-губернаторлиги ҳудудида Фарғона водийсида жойлашган йирик шаҳарлар Қўқон, Андижон, Наманган, Хўжанд ичида юқори салоҳиятга эга бўлган.

Мамлакатда пайдо бўлган хилма-хиллик аниқки, маърифат ва зиё аҳлининг фаолиятига ҳам жиддий таъсир кўрсатган. Уларнинг эрк ва ихтиёри тўла-тўкис ўзида бўлмаган. Ҳар жиҳатдан Оқ подшо маъмурлари билан муроса қилишга тўғри келган. Бу эса табиийки, улар фаолиятини қийинлаштирган.

Лекин мазкур вазият олдида Туркистон зиёлилари, шу жумладан, марғилонлик маърифат аҳли оқилона ва тадбирли иш кўришга эриша олганлари ибратли.

Шўролар ҳокимияти даврида ҳам Марғилонда илм сарчашмалари қайнаб турган, қийинчилик билан бўлса-да, масжидлар фаолият юритган, Рамазонда хатми Қуръонлар адо этилган экан. Мушкул замонларда ушбу илм меваларига боғбон бўлган уламолар ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Тўғри, Шўролар ҳокимияти даврида ҳам Марғилонда илм сарчашмалари қайнаб турган, қийинчилик билан бўлса-да, масжидлар фаолият юритган. Лекин бу осонликча бўлмаган. Чунки собиқ совет ҳукумати ҳокимиятни қўлга олган даврдан бошлаб дин уламолари, эшону саййид ва хўжаларга нисбатан аёвсиз кураш бошлагани тарихдан маълум. Кейинчалик қатағон даврида дин вакилларини оммавий тарзда қирғин қилиниши тарихимизнинг энг оғир нуқтасидир. Қатағон даврига доир архив ҳужжатларига назар солар эканмиз, Марғилон шаҳри ва унга яқин ҳудудлардан юзлаб кишиларнинг тақдири нақадар аянчли бўлганлигининг шоҳиди бўламиз. Уларнинг қанчаси отилган, яна қанчаси олис юртларда оғир меҳнатлар, доимий хўрланишлар, очлик азобидан ўлимга дучор этилиб, кафансиз кўмилганлар. Бу ҳақда гапиришга ҳам, тинглашга ҳам инсоннинг сабр-бардоши етмайди…

Шундай маънавий танглик бўлишига қарамай маҳаллий аҳоли ўртасидан етишиб чиққан уламолар турли услуб ва воситалар орқали кишиларни яхшиликка чақириш, илм-маърифат тарқатиш ишини давом эттирганлар. Бугун халқимизга етиб келган улкан илм омонати ана ўша аждоларимизнинг оғир меҳнатлари эвазига етиб келгандир. Улар қаторида биргина Марғилон шаҳри мисолида Мулла Муҳаммаджон Асака домла (ваф. 1937 й.), Мавлоно Ҳожи Каримжон домла (ваф. 1944 й.), Абдулмўмин қори домла (ваф.1940 й.), Зайнобиддин махдум домла (ваф. 1935 й.), Абдулҳамид махдум (ваф.1950 й), Фозилжон махдум домла (ваф. 1955 й.), Мулла Ёқубжон Абдулҳошим ўғли (ваф. 1951 й.), Охунжон қори Водилий (ваф. 1959 й.), Мулла Аббосхон қори (ваф. 1960 й.), Миряҳё қори домла (ваф. 1961 й.), Абдулкарим махдум домла (ваф. 1962 й.), Нуриддин махдум домла (ваф.1962 й.), Абдулкарим махдум (ваф. 1962 й.), Зикриё қори домла (ваф.1966 й.), Мулла Умаржон сўфи домла (ваф.1968 й.), Абулқосим охунд домла (ваф.1968 й.), Акрамхон Тўрам (ваф.1968 й.), Мулла Алижон Охунд (ваф.1970 й.), Абдуссамад охунд Қоил Марғилоний (ваф. 1973 й.), Соли қори домла (ваф. 1973 й.), Мулла Тоштемир охунд (ваф. 1973 й.) Мулла Аҳмадали охунд домла (1974 й.), Соли Ҳожи домла (ваф. 1974 й.), Мулла Муҳаммадали махдум (ваф.1974 й.), Охунжон қори домла (ваф, 1974), Абдулғофур охунд домла (ваф. 1981 й.), Нусратуллоҳ охунд Абдуллажон ўғли (ваф. 1982 й.) ва бошқалар номини келтириш мумкин.

Турли услуб ва воситалар орқали кишиларни яхшиликка чақириш вазифасини бир дам ҳам тўхтатмаганлар. Турли мажлис ва анжуманлардаги иштироклари чоғи кишиларни яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтаришни ўз вазифаларига айлантирган эдилар. Бошқача айтганда улар ўз даврида маънавий жасорат кўрсатиб амалий ва назарий фаолиятлари, суҳбат ва асарлари орқали маҳаллий халқ маънавий тараққиёти ва ривожига сезиларли даражада ҳисса қўша олган ва мазкур ҳудудда шаклланган бу соҳадаги маънавий муҳит соғломлигини оз бўлса-да, “ушлаб” туришга эриша олган буюк жасорат соҳиблари эдилар.

Аслида бизни “Марғилон алломалари” рукни остида чоп этаётган китобларимизга туртки берган сабаб ҳам мазкур зотларнинг маънавий жасоратлари эди. Улар шундай қийин ва оғир шароит бўлишига қарамай, буюк хизматлар қилганлар. Биз бугун уларнинг номини унутишимиз мутлақо инсофсизлик бўлур, деган хулосалар бизга қувват берган эди.

Бу хизмат улар учун мутлақо осон бўлмаган. Ўша даврлар улар учун қандай кечганин Абдулазиз Ғолиб Марғилонийнинг қуйидаги мухаммасида яққол тилга олинган эди:

Ўзин юртида мискин аҳлида бегоналарданбиз,
Мусофир ўз уйида ғам билан овораларданбиз,
Зану фарзандларига нотаниш афсоналарданбиз,
Азални соқийси сунган ўшал паймоналарданбиз,
Тинимсиз жўш урар майхонада ғамхоналарданбиз.

На кечган ҳолимизни Тангридин ўзга киши билмас,
Ўзи раззоқимиздур бошқа бизга битта нон бермас,
Биза ҳеч ким ачинмас бир назар шафқат билан боқмас,
Кўриб зоҳир хароби ҳолимизни кўзига илмас,
На зоҳир балки ботин ҳам вале вайроналарданбиз.

Жаҳон боғида сўлган гул каби гулзоримиз йўқдур,
Харидорсиз матои дунёда бозоримиз йўқдур,
Ҳамиша ўзимиз бирлан бировга коримиз йўқдур,
Таваккул Ҳаққа қилган бошқаларга коримиз йўқдур,
Худовандо, паноҳ бергил ўзинг бехоналарданбиз.

Кўрар кўзга агарчи муфлису хору залилларбиз,
Чумолидек оёқ остида қолдик лек филларбиз,
Бало зимнида роҳат излаган бекому дилларбиз,
Ҳақиқат шарҳибиз барчага соҳиб далилларбиз,
Садафдек кўксини чок айлаган дурдоналарданбиз.

Ҳаммадин жабр тортиб ҳеч кима озоримиз йўқдур,
Кўнгиллар шарҳа-шарҳа ғам билан дилдоримиз йўқдур,
Худодан ўзга билмас ҳолимиз дамсозимиз йўқдур,
Азал тақдирига рози бўлиб овозимиз йўқдур,
Бало майдонида соҳибқирон мардоналарданбиз.

Маломат таъналарнинг захмидан дилёраси битмас,
Фиғону ноламиз сандин бўлак ҳеч кимсага етмас,
Агар авф этмасанг шафқат билан дил занглари кетмас,
Раҳимо, раҳм қилгин сандин ўзга бизга раҳм этмас,
Ўзини ўтга урган бехирад парвоналарданбиз.

Қабул этгил Худовандо, ғарибларнинг дуосини,
Ўзинг даф айлагил охир замон дажжол балосини,
Билур ким сендан ўзга бенаволарни навосини,
Ўзидекларни Ғолиб шарҳ қилди муддаосини,
Узатдик қўл карам қил, ё Карим, девоналарданбиз.


Марғилон алломалари ҳақида туркум илмий ишлар қилдингиз. Табиийки, ушбу китобларнинг юзага келишида катта илмий меҳнат ётибди. Бу туркумнинг юзага келиш жараёни ҳақида эслаб ўтсангиз.

— Асосий сабаб уларга бўлган ғоибона муҳаббат эди. Бу муҳаббат эса кичик пайтимизда боболаримиздан, талабалик пайтимизда устозларимиздан Марғилонда ўтган улуғ алломалар ва уларнинг ибратли ишлари ҳақида эшитган суҳбатларимиз орқали шаклланган эди. Секин-аста бу муҳаббат зиёда бўлиб, уларнинг номларини аниқлаш, асарларини тўплаш ва ибратли ҳаётлари ҳақидаги маълумотларни йиғишга олиб борди. Шунга кўра, Марғилонда ўтган уламоларни кўрган, улар билан бевосита ёки билвосита суҳбатлашган, ё уларга шогирд бўлган кишиларни излаб топиш ва улар билан суҳбатлашиш вазифамизга айланди. Қаерда катта ёшли кишилар борлигидан хабардор бўлсак, дарҳол улар зиёратига боришдан, улар билан ўзлари кўрган ва билган маҳаллий уламолар ҳақида суҳбатлашишдан эринмадик.

Аввалига ҳаваскорлик маъносида бошланган ҳаракат доираси тез фурсатда кенгайиб, тадқиқот иши каби жиддий мавзуга айланди. Шу туфайли, улар қолдириб кетган илмий мерос – турли қўлёзмалар, девон ва баёзлар, мактублар, тарих-марсиялар, шажара ва насабномалар ва у зотга алоқадор бошқа маълумотларни излаб топиш ишига ҳам алоҳида эътибор қаратдик.

1996 йилда бошланган бу жараён ҳозир ҳам давом этмоқда. Бу даврда маълумот йиғиш учун Марғилон ва унга қўшни туман ва шаҳарлар, жумладан, Тошлоқ, Қува, Марҳамат, Асака, Андижон, Олтиариқ, Қўқон, Хонқиз, Водил, Аввал, Полмон, Шоҳимардон, Ёзёвон, Наманган, Андижон, Қўқон, Тошкент, қўшни Қирғизистоннинг Новқат ва Аравон туманларида яшовчи уч юздан ортиқ кишилар билан суҳбатлашиб, бир мунча қўлёзма ҳужжатлар ва тарихий қимматбаҳо маълумотларни топишга эришдик. Ваниҳоят 2013 йилда Муҳамад Юсуф Хонақоҳий ҳазрат Марғиноний ҳаёти ва фаолиятига бағишланган дастлабки китоб “Шарқ” нашриётида чоп этилди. Қисқа фурсат ичида тарқаб кетган китоб ўша йилиёқ яна иккинчи марта чоп этилишини халқимизнинг ўз аждодларига нисбатан самимий муҳаббати сифатида мулоҳаза қилдик. 2014 йилда эса марғилонлик яна бир аллома Абдуссамад охунд Қоил Марғилонийга бағишланган иккинчи китоб нашр этилди. Учинчи китобимиз — Хожажон қози домла Рожий Марғиноний рисоламизнинг чоп этилиши ҳимматимизни янада зиёда қилибгина қолмай, бу хайрли иш кўламини янада кенгайтириш масъулиятини юклади.

Бугунги кунда ҳам халқимизнинг маърифатини юксалтиришга хизмат қилаётган, илмий ва таълимий фаолият билан шуғулланаётган марғилонлик олимлардан кимларни эътироф этасиз?

— Бугун ҳам шаҳримизда бир қанча уламолар фаолият олиб бораётганлари қувонарли. Улар асосан, масжидларда хизмат қилаётган устоз уламолар ва улар ёнида елкама елка туриб уларга қувват бўлаётган ёш имом-хатибларимиздир. Улар мазкур аждодларимизнинг бевосита давомчилари сифатида эътирофга лойиқдирлар. Зеро, улар аждодларимиздан бизгача келган гўзал урф-одатлар, диний қадриятларга мос ва хос ҳолда фаолият олиб боришлари, суҳбат ва ваъзларида улар номини тез-тез тилга олиб ўтишлари шуни кўрсатади.

Менимча шунинг ўзи билангина кифояланиб қолмай, шаҳримизнинг, балки юртимизнинг ҳар бир қарич тупроғида ётган ўнлаб юрт фарзандлари – уламолар ва фузалолар ҳақида алоҳида тадқиқот ишларига киришиш ҳам жуда зарурдир. Шундагина уларга муносиб ворис бўла оламиз. Чунки бугунги ёруғ кунлар уларнинг меҳнат-машаққатлари, тинимсиз кўзёшлари эвазига келган. Улар қилган меҳнатлар натижасини Аллоҳ таоло уларнинг набираларига насиб этди. Қолаверса, дарахтнинг меваси ширин бўлиши учун унинг томирига кўп сув юбориш керак. Бизнинг маънавий илдиз-томирларимиз эса аждоларимиз экани ҳақиқатдир. Зотан Абдуссамад охунд Қоил Мағилоний айтганларидек:

Қадамни ончунон қўйғилким, ўтганлар ризо бўлсун,
Қилиб қоим сени ўрниға кетганлар ризо бўлсун,
Жаҳонда сен учун ғусса ютганлар ризо бўлсун,
Дуо айларму деб кўз санга тутганлар ризо бўлсун,
Бўлур роҳат аларга орқасидан туҳфа борғони.

Давронбек Тожиалиев тайёрлади.