Мунгли кечмиш ёхуд тарихдан бир сабоқ… (Тарих фанлари доктори Қаҳрамон ражабов билан мулоқот) (2014)

http://n.ziyouz.com/images/qahramon-rajabov.jpg

– Қаҳрамон ака, Сиз кўп йиллик илмий изланишларингизни Бухоро амирлиги тарихини ўрганишга бағишлагансиз. Бугунги ёшларга, журналхонларга қизиқки, Туркистон тарихида 164 йиллик даврни эгаллаган Бухородаги манғитлар сулоласи ўзи қандай мавқега эга бўлган?

– Келинг, ўзаро гурунгимизни энг аввало манғитлар сулоласи эмас, балки “92 бовли ўзбек эли”нинг битта шохобчаси бўлган манғитлар уруғидан бошлайлик.

Тарихдан маълумки, манғитлар туркий қавм бў­либ, улар ХII асрда Дашти Қипчоқда, катта бир қисми эса Волга ва Урал дарёлари оралиғида яшашган. Бу пайтда улар қипчоқларнинг катта таъсири остида бўлган. Қипчоқлар таъсири остида уларнинг бир қисми ўз тилларини унутиб, қипчоқ тилида гаплашганлар.

Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида яшаб келаётган манғитлар қавмининг бир қисми қадимдан деҳқончилик билан шуғулланиб келган ўзбекларнинг таъсири остида аста-секин ўтроқлашиб борган, бир қисми эса ХХ аср бошларига қадар ҳам чорвачилик билан шуғулланиб келган. Улар қоракўл ва жайдари қўйларни боқишган. Манғитлар деҳқончилик ва чорвачиликдан ташқари ҳунармандчилик билан ҳам шуғулланиб, гилам ва турли матолар тўқишган. Хусусан, узун патли гилам-жулхирс машҳур бўлган.

Манғитлар қавми оқ манғит, қора манғит ва тўқ ман­ғит каби шохобчаларга бўлинган. Бухоро амирлигини 1756-1920 йилларда бошқарган манғитлар сулоласи манғит уруғининг тўқ манғит шохобчасидан бўлган.

XVIII аср 40-йилларига келганда Бухоро хонлигида сиёсий ва иқтисодий инқироз кучайган. Аштархонийлар (Жонийлар) сулоласининг сўнгги вакили Абулфайзхон (ҳукмронлик даври: 1711-1747)нинг калтабинларча юритган сиёсати натижасида халқнинг моддий аҳволи оғирлашган, Бухоро хонлиги таркибидан Фарғона водийси ажралиб чиққан ва мустақил Қўқон хонлигига асос солинган, мамлакатнинг бекликларга бўлиниш хавфи кучайган. Бунинг устига Эрон шоҳи Нодиршоҳ (ҳукмронлик даври: 1736-1747)нинг Бухоро давлатига ҳужуми, мамлакатнинг асосий шаҳарлари бўлган Бухоро ва Самарқанднинг улар томонидан эгалланиши ва таланиши оқибатида сиёсий вазият баттар мураккаблашган. Туркистон тақдири ҳал қилинаётган ана шундай қалтис ва нозик бир фурсатда тарих саҳнасига янги сиёсий куч – манғитлар сулоласи кўтарилди.

Шу нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, XVII аср охири ва XVIII аср биринчи ярмида манғитлар қавмининг тўқ манғит шохобчасига мансуб бўлган Худоёрбий оталиқ ва унинг ўғли Муҳаммад Ҳакимбий оталиқ нуфузли манғит бийлари (уруғ бошлиқлари)дан саналиб, улар Аштархонийлар сулоласи бошқараётган Бухоро хонлиги саройидаги обрўли ва нуфузли амалдорлардан бўлган.

Шу ўринда Муҳаммад Ҳакимбий оталиқ (XVII аср сўнгги чораги – 1743) ва унинг ўғли Муҳаммад Раҳимбий оталиқ (1715-1758) хусусида икки оғиз тўх­талиб ўтсак, манғитлар сулоласининг ҳокимиятга қан­дай келганлиги ойдинлашади.

Муҳаммад Ҳакимбий Аштархонийлар саройида дастлаб мирохўр ва парвоначи лавозимларида ишлаган. У қисқа фурсатда Бухоро хонлигидаги манғитлар қавмининг йўлбошчисига айланган ҳамда Абулфайзхон ҳукмронлиги даврида хонликда унинг таъсири ниҳоятда кучайган. Муҳаммад Ҳакимбий кўп сонли манғитлар қавми ва уруғ йўлбошчиларига таяниб, қатағон ва кенагас уруғлари, жумладан, шаҳрисабзлик Иброҳим Ке­нагаснинг қавмларига қарши Бухорода марказий ҳоки­миятни мустаҳкамлаш учун қаттиқ ва муросасиз кураш олиб борган. Тез орада у саройда девонбеги лавозимини эгаллайди. Абулфайзхон томонидан тахминан 1720 йили Муҳаммадбий Ҳакимбий саройдаги барча шаҳзодалар оталиқларининг бошлиғи деб тан олинган ҳамда унга оталиқ унвони берилган.

Муҳаммад Ҳакимбий Эрон шоҳи Нодир­шоҳ­нинг 1740 йили Бухорога ҳужуми пайтида аҳолини босқин­чи­лар қўшинига қаршилик кўрсатмасликка ча­қирди. Бу хизматлари учун Нодиршоҳ уни Бухоронинг тўла ваколатли ҳокими, яъни сарой қушбегиси (Бош вазири) қилиб тайинлайди. Хуллас, Муҳаммад Ҳакимбий оталиқ ва қушбеги сифатида манғитлар сулоласининг Бухорода ҳокимият тепасига келиши учун етарли шарт-шароит яратиб берган. Марказий ҳокимиятга бўйсунишни хоҳламаган амирлар ва турли қавмларнинг етакчиларига қарши муросасиз курашган.

Муҳаммад Раҳимбий отаси тириклик давридаёқ муҳим сарой лавозимларини эгаллаган эди. У Абулфайзхоннинг куёви сифатида 1745 йилдан Бухоро хонлигининг амалдаги ҳукмдорига айланди. 1747 йили унинг буйруғи билан Мир Араб мадрасаси ҳужраларининг бирига яширинган Абулфайзхон ўл­дирилди. Муҳаммад Раҳимбий Бухоро тахтига Аб­дул­мўминхон (ҳукмронлик даври: 1747-1751), Убайдуллахон III ибн Абдулмўминхон (ҳукмронлик даври: 1751-1754), Шерғозихон (ҳукмронлик даври: 1754-1756) каби “қўғирчоқ хонлар”ни ўтқазиб, оталиқ сифатида қарийб 10 йил давомида улар номидан Бухоро мамлакатини бошқарган. Муҳаммад Раҳимбий фақат 1756 йил 12 декабрда Бухоро хонлиги тахтига расмий равишда ўтирган ва Бухоро хони деб эълон қилинган. Хуллас, Бухорода ҳокимият тепасига келган янги манғитлар сулоласи қон ва қилич кучи билан ўз ҳокимиятларини қарор топтиришган. 1756-1920 йилларда Бухоро амирлигини манғитлар сулоласи бошқарган. Муҳаммад Раҳимхон (1756-1758), Муҳаммад Дониёлбий (1758-1785), Шоҳмурод (1785-1800), Ҳайдар (1800-1826), Мир Ҳусайн (1826), Мир Умар (1826-1827), Насруллоҳхон (1827-1860), Музаффархон (1860-1885), Абдулаҳадхон (1885-1910), Саид Олимхон (1910-1920) каби ўнта манғит амирлари Бухоро давлатида 164 йил салтанат тутганлар.

Тарихчилар томонидан манғитлар сулоласи вакиллари бўлган Бухоро амирларига турлича баҳо берилади. Амирларнинг аксарияти золимлик ва ёвузликда айбланади. Бироқ тарихда одил ҳукмдорлар жуда-жуда оз ўтган. Бундай одил ҳукмдорлар манғитлар сулоласи орасида ҳам мавжуд бўлиб, хусусан, “маъсум амир” номи билан шуҳрат қозонган Амир Шоҳмурод ва унинг ўғли Амир Ҳайдар фаолиятини мисол қилиб келтириш мумкин. Бироқ ҳозир ижозат берсангиз Амир Насруллоҳхон тўғрисида бир оз тўхталиб ўтсам.

Амир Насруллоҳхон фаолияти тўғрисида совет замонасида ҳам, бугунги кунда ҳам тадқиқотчилар кўп ёзишган, бироқ “хўп” ёзган эмас. Бу тадқиқотларнинг аксариятида манғитлар сулоласининг ушбу ҳукмдори ҳаёти ва фаолияти бир томонлама кўрсатилиб, Нас­руллоҳхон қиёфаси фақат қора бўёқларда тасвирланган. Аслида тарихчининг ихтиёрида фақат оқ ва қора ранглар ёхуд ижобий ва салбий мулоҳазаларнинг бири бўлмасдан у ҳар қандай тарихий шахсни ўша даврда кечган тарихий воқеалар ичида холис тасвирлаши, тарихий шахсларга баҳо бераётганда замонасозлик қилмасдан адолат посангисини ўта сергаклик билан ушлаши лозим. Насруллоҳхон ҳақида бугунги кунда турли даъволар ва юзаки мулоҳазалар билдираётган (бироқ бу иддаолар бир томонлама айтилаётган ўта кес­кин фикрлардан иборат бўлмоқда) муаллифларнинг аксарияти тарихчилар ўрнига журналистлар, адиблар, адабиётшунос олимлар ва бошқа касб соҳалари эканлиги эса муаммонинг анча жиддийлиги ва чуқурлигидан далолат беради ҳамда Ўзбекистон тарихида, шунингдек, Бухоро тарихида ўзига хос рол ўйнаган бу шахс ҳақидаги бор ҳақиқатни айнан тарихчи олимлар томонидан жамоатчилик ҳукмига тезроқ ҳавола этишни кун тартибига зарурият қилиб қўяди. 2011 йилда менинг “Насруллоҳхон” тарихий рисолам чоп қилинди. Ҳол­буки бу рисола 2006 йил июнь-октябрда ёзилган эди.

Рухсат берсангиз, Амир Насруллоҳхон ҳақидаги фикрларимни юқорида тилга олинган тарихий рисоланинг хулоса қисмидаги мулоҳазаларим билан давом эттирсам:

Амир Насруллоҳ яшаб ўтган замондан буён қарийб 150 йил ўтди. Ушбу давр ичида нафақат Бухоро тарихида, балки бутун Туркистон минтақасида ҳам катта ўзгаришлар юз берди. ХХ аср охирида Насруллоҳхон орзу қилган Мовароуннаҳр ва Хоразмнинг яхлит бутунлиги қайта тикланди.

Бизнингча, Насруллоҳхонни Туркистон тарихидаги ўрни ва роли қуйидагилар билан белгиланади:

Биринчидан, Амир Насруллоҳ Бухоро давлатида қатъий марказлаштириш сиёсатини олиб борди. Марказий ҳокимиятга бўйсунишни истамаган Шаҳрисабз ва Китоб бекликларининг қаршилигини синдириб, сепаратистик (ажралиш ва таслимчилик) кайфиятларига барҳам берди.

Иккинчидан, амир ўз сиёсатида бутун Мовар­а­ун­­­наҳр ва Хоразмни ягона давлат остига бирлаштиришга интилди. У бу режасини тўлиқ амалга ошира ол­­маган бўлса ҳам, қисқа муддат давомида бутун Мо­вароуннаҳрни ягона давлат сифатида бошқарди. Қўқон хонлиги ҳудудининг Бухоро амирлиги таркибига қўшиб олиниши аслини олганда минтақадаги икки ўзбек давлатчилигини ўзаро бирлаштириш эди. Афсуски, Нас­руллоҳхоннинг бу ҳаракатларини Қўқон тарихнавислик мактаби намояндалари, жадид тараққийпарварлари (Ибрат, Фитрат, Айний) ва Ўзбекистоннинг совет давридаги тарихчилари бутунлай бошқача талқин қилиб, кўп йиллар давомида халқ онгида “даҳшатли ва қонхўр ҳукмдор”, “ботур қассоб”, “қассобнинг ботири” образларини шакллантиришди.

Учинчидан, Амир Насруллоҳ томонидан Бухоро амирлигида ўтказилган турли ислоҳотлар натижасида давлатнинг иқтисодий ва ҳарбий қудрати бирмунча юксалди. Маъмурий соҳадаги ислоҳотлар оқибатида давлат бошқарувига халқнинг турли табақалари орасидан чиққан кишилар келиб қўшилди. Айниқса, ҳарбий соҳадаги ислоҳотлар анча самарали кечди. Айнан ҳарбий ислоҳотларнинг натижаси кейинчалик Россия империясининг тажовузи ва ҳужумига қарши курашда Бухоро амирлигининг учта ўзбек давлати ўртасида нисбатан энг кескин ва қаттиқ қаршилик кўрсатишига олиб келди. Россия империяси босқинига қарши курашда Бухоро амирлиги мағлубиятга учраган бўлса ҳам, мамлакат ҳудудларининг муайян қисми сақлаб қолинди.

Тўртинчидан, Насруллоҳхон ўзининг фаол ташқи сиёсатида қатор ютуқларга эришиб, Бухоро давлатининг яхлит қисми ҳисобланган Балх, Марв ва бошқа вилоятлар ҳудудларини амирлик ихтиёрига яна қайтарди. Бироқ бу ҳудудлар кейинчалик турли сабаб­лар натижасида Бухоро амирлиги таркибидан чиқиб кетган. Бу ҳолат ХIХ аср сўнгги чораги ва ХХ аср биринчи чорагида Туркистон минтақасида кечган ижтимоий-сиёсий жараёнларга, Ўрта Осиёда ўтказилган миллий-ҳудудий чегараланишга ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Хуллас, яқин ўтмишда бўлиб ўтган ушбу геосиёсий ўзгаришлар натижасида бугунги Ўзбекистон Республикасининг сарҳадлари ўзининг тарихий ватанидан анча кичик доирада шаклланди ва ҳозир ҳам шу даражада сақланиб турибди.

Шу билан бирга Амир Насруллоҳ ўз фаолиятида бир қатор жиддий сиёсий хатоларга ҳам йўл қўйди. Давлат миқёсидаги энг муҳим лавозимларга туркий ўзбек қавмларидан ташқари ажнабийларнинг қўйилиши, давлат бошқарувида эроний қуллар бўлган шиаларнинг таъсири ошиши, манғитлар сулоласининг форслашиш жараёни, ўзбек тилининг мавқеи пасайиши ва бошқалар ана шундай жиддий хатолардандир. Бунинг устига Амир Насруллоҳ томонидан Нодирабегимнинг ўлдирилиши унинг обрўсига салбий таъсир кўрсатганлигини айтиб ўтиш жоиз.

– Бу гаплардан кўринадики, Россия империя­сининг Туркистон минтақасига, жумладан, Бухоро амирлигига қарши қаратилган истилочи­лик юриш­ларида Амир Музаффархон, Амир Аб­дула­ҳадхон, Амир Саид Олимхонлар муносиб қар­шилик кўрсатиши мумкин эди?

– Ҳа, мумкин эди. Бироқ Амир Музаффархон бун­дай қаршилик кўрсата олмади. Бунинг сабаблари Сиз ўйлаётгандан кўра ҳам жиддий, оқибатлари эса даҳ­шатли бўлди. Келинг, суҳбатимизни шу оғриқли мавзу атрофида давом эттирайлик.

Амир Музаффархон (1819-1885) шахсияти, унинг Бухоро тарихида тутган фожиали ўрни ҳамда амир фожиасининг Бухоро давлати фожиасига айланиш жараёни ҳақидаги аччиқ мулоҳазаларни билдириш мен учун ҳам осон эмас. Чунки Амир Музаффархон ҳукмронлиги даврида Бухоро давлатининг мустақиллиги бой берилган эди.

Амир Насруллоҳхоннинг ўғли Саййид Музаф­фа­­риддинхон отаси ҳукмронлиги даврида ва­лиаҳд си­фатида Карманага ҳокимлик қилган. У амир Нас­рул­лоҳхоннинг ёлғиз ўғли эди. Бироқ Нас­руллоҳхон ўлими олдидан (у 1860 йил 21 октябрда 56 ёшида вафот этди) Бухоро тожу тахтини ёлғиз ўғли Саййид Музаффариддинхонга эмас, балки кўп сонли невараларидан бирига васият қилиб қолдиради. Эҳтимол, манғитлар сулоласи ҳукмдорлари орасида энг кўп салтанат сўраган ва давлат бошқаруви борасида катта тажрибага эга бўлган Амир Насруллоҳхон ёлғиз ўғли Музаффариддинхонда (бу пайтда у 41 ёшда бўлган) давлат раҳбарларига хос сифатларни ва ҳукмдорлик лаёқатини кўрмаганлиги учун шундай йўл тутгандир. Бироқ воқеалар марҳум амир тириклик чоғида ўйлаганидан сал бошқачароқ ривожланган. Буюк Соҳибқирон Амир Темур 1405 йил февралда вафот этгандан кейин унинг васияти невараси Халил Султон ва бебош амирлар томонидан қандай бузилган бўлса, орадан 455 йил ўтгач – 1860 йил сентябда ҳам Амир Насруллоҳнинг васияти ана шундай бузилди. Ҳар икки ҳолатда ҳам васиятга амал қилмаслик оғир оқибатларга олиб келди…

Машҳур аллома ва давлат арбоби Аҳмад Дониш (1827-1897) ўзининг “Рисола ёхуд Манғитлар хонадони салтанатининг қисқача тарихи” номли рисоласида ўзи гувоҳи бўлган бу ҳолатни қуйидагича тасвирлайди:

“Насруллоҳхоннинг амир Музаффардан бошқа фарзанди йўқ эди. У ўз фарзандининг табиатида ға­разгўй­лик ва шафқатсизликни кўрди. Ўзи раият ва қўшинга ғамхўр бўлганлиги туфайли фарзандининг ўзидан кейин давлат тепасида туришини истамади. Шу туфайли, ўз набираларидан бирини валиаҳдликка тайинлади ва айрим амирларга давлатни унга топширишни васият қилди…

Амир Насруллоҳдан кейин амирлар ва аъёнлар ҳокимиятни набирасигами ёки ўғлигами бериш масаласида иккиландилар. Баъзилар “давлат илгаридан ота мерос” десалар, бошқалари “васиятни бажариш лозим” дедилар. Охири, ўғилни олиб келиш тарафдорлари жамоаси ғолиб келиб, Амир Музаффарни Карманадан чақирдилар. У 1227 (1860 йил) раби ул-аввал ойининг еттинчисида (23 сентябрда) Бухоро амирлиги тахтига ўтирди… ”

Амир Музаффар давлат тепасида мустаҳкамланиб олгандан кейин васият тарафдори бўлганларни илдизи билан қуритди. Меросхўр деб аталган шахс зудлик билан Бухорони тарк этди. Қочишга улгурмаган авлоди, яқинлари, зурриётларини амир қатл қилдирди. Отаси даврида мансаб эгаси бўлган барча аъёнлар, амирлар, вазирларни ҳайдади, уларнинг мол-мулкларини мусодара қилди ва давлат тепасига ўз яқинлари ва тарафдорларини ўтказди. Қўшин ва раиятга зулм қилинди. Амир хизматига Карманадан келганларнинг ҳаммаси разил кишилар эди, чунки Амир Насрулло ўзи рад қилган кишиларни “сенинг хизматингда бўлсин ва қадримизга етсин” деб Карманага (Музаффар олдига) юборар эди.

Улар ўзлари кутмаган ҳолда ногоҳдан юқори мансаб ва амалларга қўйилгандан кейин аҳоли қонини ича бошладилар, қўпол муомала қилар, унча-мунчани назар-писанд қилмас эдилар. Шу жиҳатдан Кармана кишилари Бухоро одамлари наздида шум кўринар эди”.

Бу фикрлар Сизга қандай воқеаларни эслатмоқда? Олис ўтмишда ҳукм сурган сомонийлар, темурийлар, шайбонийлар, бобурийлар, аштархонийлар сулолалари ва қонли жангу-жадаллар эҳтимол Сизни ўйлантираётгандир. Бироқ Ўзбекистон ва жаҳон тарихининг яқин ўтмиши ва энг янги тарихида ҳам бу воқеаларга ўхшаб кетадиган тарихий ҳодисалар тиқилиб ётибди…

– Россия империяси қўшинларининг Сирдарё дашти орқали Бухоро амирлиги ҳудудига кириб келаётганини эшитган халқ ва уламолар таҳликага тушади. Ички ғавғо, исён, даъватлар амир Музаффарни ноилож қўшин тўплашга мажбур этади.

Музаффархон 30 минг кишилик қўшинга Оллоёр девонбегини бош қилиб генерал Романовский қўшинига қарши Сирдарёга чиқаради.

Ўзи Ўратепа яқинидаги Роғун қишлоғига қўниб майишат-ишратни бошлаб юборади. Лашкарбоши Оллоёр девонбегининг энди етилиб келаётган ўн яшар қизини қучоғига келтиришларини буюради. Амирнинг жирканч хатти-ҳаракати натижасида гўдак ўша кечаси нобуд бўлади. Бу мудҳиш хабарни эшитган Оллоёр жанг майдонини тарк этади.

Юрт, халқ, шунингдек, ўзининг тақдири ҳал бўлаётган таҳликали паллаларда ўз лашкарбошисининг норасида жигарбандини зўрлаган ҳукмдорни ким деб ўйлаш мумкин? Менимча мамлакат оёқости бўлишининг энг бурилиш, нозик нуқтаси шу ерда шекилли?

– Келинг, саволингизга жавобни яна ўша давр воқеаларининг бевосита гувоҳи бўлган Аҳмад Дониш фикрлари билан бошласам:

“(Музаффархон) ҳукмронлигининг дастлабки бир икки-йилида отасидан қолган давлатга таянган ҳолда Ҳисор ва Ҳўқанд томон лашкар тортиб, баъзи мавзеларни куч ва шафқатсизлик билан эгаллади ва аҳолисига омонлик бермай, қатлга етказди, яъни аҳвол илгаридек хусумат ва фасодга қайтди. Жангу жадалда икки-уч ғалабадан кейин амирга фиръавн димоғдорлиги йўл топиб, дунёда ўзидан бошқани тан олмайдиган, шариат кўрсатмаларини ўз хоҳишига қараб мослайдиган бўлди.

…Шу тариқа, отаси давридаги амалдорларнинг аксариятини қатл қилди, мулкларини мусодара этиб, ер билан яксон қилди, қабиҳ кишилар ва қулларни халқ бошига кўтарди.

Мовароуннаҳрни Россия томонидан истило қи­лиш бошлангунча шундай давом этди. Қўшинга ҳар тарафлама жабр қилишар, саркардалар ҳимматсиз, ғайратсиз, нодон эди. Аскарлар қулларга хизмат қилишни ор билиб, орқасини ўгириб қочишга юз тутди, шундай қилиб, ҳамма вилоятлар Россия тасарруфига ўтди.

Сабаби шундаки, бир аскарга бериладиган маош тўрт кишига бериладиган бўлди, бир саркардага бериладиган танҳо иккитасига бериладиган бўлди…

Бухоро вазирлиги Муҳаммадшоҳ қўшбеги қўлида эди. Бу одам калтафаҳм, саводсиз, беақл эди, доим касал бўлиб, тўғри сўзни ҳам подшога етказа олмасди. Ҳеч ким давлат фойдасига бирон нарса дейишга журъат қила олмас, шу сабабдан миллат ва давлатнинг ишлари тўлиқ инқирозга юз тутди, қўшин ва халқ ўртасида осойишталик йўқолди. Аслида мамлакат равнақи вазирнинг зийраклиги, қатъиятлиги, тўғри мулоҳаза юритишига боғлиқ. Агар вазир бемулоҳаза бўлса, бундай давлатнинг ҳолига вой”.

Аҳмад Донишнинг Бухоро ҳукмдори ва унинг бош вазири ҳақидаги мулоҳазалари устида кўп мушоҳада қиламан. Буюк алломанинг ёзганларини қайта-қайта ўқиб, бу ерда фақат ўзбек халқининг ХIХ асрдаги оғир тарихини эмас, балки унинг келгуси қисматини ҳам башорат қилганлигини ҳис этаман. Дарҳақиқат, юртда подшоҳ мабодо адолатли бўлиб, вазир золим бўлса ҳам барака бўлмайди.

Келинг, Россия империяси қўшинларининг Бухоро амирлигига ҳужуми тафсилотига ўтайлик. Гап шундаки, кўп манбаларда тарихий саналар ҳам, шахслар ҳам, воқеалар ҳам аралашиб кетган. Бунинг устига факт олинган тарихий манба кўпинча ноаниқ. Фақат бу ерда битта нарса аниқ. Дарҳақиқат, бу жангда Бухоро амири қўшинлари енгилган.

Агар Сиз қарши бўлмасангиз суҳбат маромини ўзбек халқининг кейинги асрлардаги тақдири ҳал қилинган ўша мураккаб XIX аср 60-йиллари ўрталарига қараб бурсак…

XIX аср ўрталарида мустамлакачи икки йирик империя, яъни Россия ва Буюк Британиянинг стратегик манфаатлари Туркистонда тўқнашди. Россия империяси сиёсатдонлари ва ҳарбийлари Буюк Британиянинг Туркистон ўлкаси ва Каспий денгизининг шарқий томонларини эгаллаб олишидан ғоят хавфсираётган эди. Ана шундай вазиятда Ўрта Осиё хонликларининг Россия империяси томонидан босиб олиниши хавфи кучайди. Россия империяси турли экспедиция ва илмий гуруҳларнинг қатнашчилари, сайёҳлар ва олимлар ниқоби остида кўплаб жосуслар, айғоқчилар, ҳарбий мутахассислар ва хуфияларни Туркистонга жўнатган. Хуллас, хонликларни босиб олиш учун Россия империяси катта миқёсда ҳарбий-сиёсий тайёргарлик кўра бошлади.

Россия империяси Туркистон минтақасини босиб олишдан олдин мукаммал режани ишлаб чиққан. Режада асосий зарбани минтақада энг заиф ва ҳудуди жиҳатдан кичик Қўқон хонлигига бериш, айни пайтда Бухоро амирлиги ва Хива хонлигини Қўқон хонлиги билан ўзаро бирлашиб қўшин тузишига, ўзбек хонликларининг биргаликда ҳаракат қилишига имкон бермаслик мақсадида улар ўртасида турли низолар чиқариш ва мавжуд ихтилофларни кучайтириш йўлларини ишлаб чиқишга қаратди. Россия ҳарбий министрлигида ҳарбий ҳаракатларга кетадиган харажатлар, қўшин миқдори ва тури, уруш ҳаракатларида қатнашувчи қисмлар, қуруқлик ва сувда ҳаракат қилувчи воситалар, қурол-яроғ миқдори ва захиралари аниқланди.

Россия империяси қўшинлари 1853 йил Қўқон хонлигининг муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган Оқмасжид қалъасини (ҳозирги Қизил Ўрда шаҳрини) эгаллашди. Рус қўшинлари Қўқон хонлигининг шимолий ҳудудларига икки тарафдан – Орол денгизи бўйи ва Ғарбий Сибирь (собиқ қозоқ жузлари) ҳудуди орқали бостириб кела бошлади. Тез орада Или дарёси водийси эгалланиб, 1854 йил Олмаота қишлоғи ёнида Верний ҳарбий истеҳкоми (ҳозирги Алмати шаҳри) қурилди.

Россия империясининг Туркистон минтақасини эгаллаш учун кенг кўламдаги ҳарбий ҳаракатлари XIX аср 60-йилларидан бошланди. Пишпак (ҳозирги Бишкек), Тўқмоқ шаҳарлари 1862 йил, Сузоқ қалъаси 1863 йил, Туркистон, Авлиёота (ҳозирги Тароз шаҳри), Чимкент шаҳарлари 1864 йил Россия империяси қўшинлари томонидан босиб олинди. Ниҳоят, 1865 йил 17 июнда Тошкент шаҳри ҳам М.Г. Черняев бошчилигидаги рус қўшинлари томонидан қаттиқ қаршиликдан кейин эгалланди. Россия империяси босиб олинган ҳудудларда 1865 йил баҳорда Оренбург генерал-губернаторлигига бўйсунувчи Туркистон вилоятини тузган.

Мустақиллик йилларида нашр этилган “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”нинг 2006 йил босилиб чиққан 12-жилдида ёзилишича, рус қўшинларининг Тошкентни босиб олиши натижасида Россия империяси билан Бухоро амирлиги ўртасида бевосита ҳарбий тўқнашув юзага келган. М.Г. Черняев бошчилигидаги Россия империясининг қўшинлари 1866 йил февралда амирликка қарашли Жиззахни босиб олиш учун ҳужум қилдилар. Бу жангда руслар мағлубиятга учраб, орқага чекинганлар. Музаффархон қўшинлари ҳужумга ўтиб, 1866 йил 5 апрелда Чинозни руслар қўлидан озод қилишган. Россия империяси маъмурияти Черняев ишларидан қониқмай унга жазо бериб вазифасидан олиб ташлади ва ўрнига генерал Романовскийни тайинлади.

Бухоро амири Музаффархон Бухородан 60 000 кишилик лашкар билан Тошкентни эгаллаган руслар устига юриш қилди. Амир қўшини таркибида 5000 ўзбек манғитлари, 30 000 қирғиз ва қозоқлар, 10 000 туркманлар ва 20 тўп бўлган. Бироқ бухороликлар қўшини яхши қуролланмаган, аскарларнинг аксарияти ҳарбий тайёргарликдан ўтмаган эди. 1866 йил 8 майда Жиззах билан Ўратепа ўртасидаги Майдаюлғун мавзесидаги Ержар манзилида (ҳозирги Жанубий Қозоғистон вилояти ҳудудида) Музаффархон қўшини билан генерал Романовский бошчилигидаги Россия империяси ҳарбий кучлари ўртасидаги дастлабки жиддий тўқнашувда Бухоро аскарлари енгилган ва орқага чекинган. Ушбу жангда амир Музаффархон ўзининг ҳарбий лаёқатсизлигини намойиш қилди. Подшо Россияси қўшинлари 1866 йил 24 майда Хўжанд шаҳри ва Нав қалъасини, 2 октябрда Ўратепани, 18 октябрда Жиззахни босиб олдилар. Россия империяси бутун диққат-эътиборини Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлиги ҳудудини тезроқ босиб олишга қаратди. Ўша йили Қўқон хонлиги ҳам Бухоро амирлиги таъсиридан чиқиб, Россия империясига тобе бўлиб қолган.

Машҳур тарихчи олим, йирик хаттот ва мунший Мирзо Абдулазим Сомий Бўстоний (1839-1908) Бухоро амирлиги билан Россия империяси ўртасида бўлган жангларда воқеанавис сифатида бевосита иштирок қилган. “Тарихи салотини манғития” (1906-1907) асарида муаллиф Бухоро амирлигининг манғитлар ҳукмронлик қилган даврини танқидий нуқтаи назардан баҳолайди. Мирзо Абдулазим Сомий Ержар жанги сифатида машҳур бўлган Майдаюлғун воқеасини (тарихчи ибораси) ўз китобида қуйидагича кўрсатиб ўтади:

“У (Музаффархон) панжшанба куни жиҳод йўлида оёғини жиҳод узангисига қўйиб, кўп сонли лашкари ҳам беҳисоб ғозийлар ила Бухорои шарифдан қўзғалиб, йўлга тушди. У бутун қурол-яроғлари-ю, шон-шавкатини кўз-кўз қилиб, (узоқ) йўл босиб, (ўз) тасарруфидаги Ўратепага етди. Сайхун дарёси қирғоғида ўринлашмиш ва бир кенг саҳродан иборат бўлмиш Майдаюлғун мавзеида тўхтаб ўрду ясади.

Жинирол Кауфман бу воқеа хабарини эшитиб, душман ҳақида маълумот олиш мақсадида Черняев – тўра қўмондонлиги остида бир даста ўрис қўшинини сафарбар қилди. Насроний қўшинининг илғор дастаси ғозийлар кўзига кўрингач, булар (даҳшатдан) ранглари ўчиб, бир зум ўйлашиб қолдилар. Милтиқлардан отилган ўқларнинг кучлигина шовқини ҳали қулоқларига чалинар-чалинмас, (бухороликлар) тўплар сурони таъсирида хаёл уйқусидан уйғониб, қочмоқни мўлжаллаб қолдилар. Майдаюлғун воқеаси (янада) батафсилроқ баёнга муҳтождир, аммо ҳозир бунинг ўрни эмас. Баъзи бир вазиятларни сир сақлаш андишаси мени мазкур ишдан четга тортадурки (мени) кечирсинлар… (Эҳтимол, муаллиф юқорида сиз тилга олган шармандали ҳолатни тилга олишдан ор қилаётгандир).

Ғозийлар қочганидан кейин насронийлар қўшини ташлаб кетилган қурол-яроғ, тўпу тўфанг, нарса-буюмларга эга чиқиб олиб, сўнг Ўратепани ён атрофдаги барча мавзелари билан қўлга киритди-да, Чинозга қайтди. У бу ерда бир неча кун туриб, Бухоро билан сулҳ ҳамда дўстона муносабатлар ўрнатиш ва элчини озод қилиш борасида яна бир бор уриниб кўрди. Аммо (бу иш) ҳеч қандай натижа бермади”.

Бу ўринда Мирзо Абдулазим Сомий рус армияси қўмондонлари сифатида янглиш тарзда Кауфман ва Черняевнинг номларини тилга олади. Аслида бу жангга рус армиясини генерал-майор Д. Романовс­кий бошлаб кирди. Генерал К.П. Кауфман Туркистон ўлкасининг би­ринчи генерал-губернатори сифатида Тошкентга фа­қат 1867 йил июлда келган эди. Полковник М. Черняев бўлса 1864 йил бошидан то 1866 йил март ойигача Туркистонда бўлиб, Тошкент босиб олингандан кейин орадан кўп ўтмай у Санкт-Петербургга чақириб олинган ҳамда ўрнига генерал-майор Д. Романовский тайинланган эди.

Мазкур жанг тафсилотлари ва унда Бухоро қў­шинининг шармандаларча мағлубиятга учраш са­баб­лари ўша воқеаларнинг яна бир иштирокчиси Аҳмад Дониш томонидан батафсил тасвирланади.

“Умуман олганда, русларнинг Тошкент устидан ғалаба қилиши ва у ерни истило қилишларидан кейин Бухоро сарҳадига ўтишда Самарқандга кириш дарвозаси бўлган Жиззахни ҳимоя қилиш зарурлигини анг­лаб, бу борада юз минг танга сарфладилар ҳамда мудофаа деворини қурдилар. Русларнинг олға юришига тўсқинлик қилиш учун кўп сонли илғор гуруҳни қалъага гарнизон сифатида юбордилар.

Шу даврда умрида милтиқдан отилган ўқ овозини эшитмаган, уруш маъракасини, жанг майдонини кўрмаган амир ғуломларидан бири Яъқуб қушбеги лашкарбоши этиб тайинландики, энг оддий навкар ҳам унинг лашкар бошлиғи этиб тайинланганлигидан ор қилар эди.

Россия Жиззах устига юриш қилмасдан бир оз ав­вал Бухоро шаҳрида мадраса талабалари, уламолари жи­ҳод қилиш фарз деб сағиру кабирларни кофирлар устига ташланишга чақириб, катта ғавғо кўтардилар. Амир бу ҳодисадан қийин аҳволда қолиб, иложсиз лашкар тортиш, жиҳод асбобларини тайёрлашга фармон берди.

Катта қўшин, ўттиз олтита тўп, бир неча туяга ортилган артиллерия анжомлари билан саросима ва ҳа­дикда шаҳардан чиқдилар. Душман билан юзма-юз кел­ганда эса порох ва тўп ўқлари, ўқ-дорилар Бухорода қолгани, ҳамма уруш жиҳозлари яроқсиз ҳолда эканлиги маълум бўлди. Ўқ-дорилар шу даражада эдики, уни алангалатиш, шуъла бериш учун бир лаган оташ керак эди…

Икки ой деганда Сирдарё бўйига етиб келиб, Сас­сиқкўл деган жойда тўхтадилар…

Руслар душманнинг ҳақиқий аҳволини билмас эдилар. Улар ўз китоблари орқали Темур салтанати ва ўзбек қўшинининг куч-қудратидан хабардор бўлиб, бутун даштни мўру малахдех эгаллаб келаётган сипоҳларни кўриб сулҳ тузишга рози эдилар. Улар ўзларига катта шикаст етишидан хавотирда эдилар. Ҳар қанча одам юбормасинлар, хат ёзмасинлар, давлат амирларидан бахт-омад юз ўгирганиданми уларга сўз уқтириб бўлмади, эҳтимол улар (хатларнинг) маъносини тушунмагандирлар ва бу билан амирни ишонтира олишмагандирлар.

… Рус аскарлари бир ярим-икки мингдан ошмаса-да, темир девордай келар эдилар. Бизнинг аскарлар орқага чекиниб бостириб келаётган рус аскарларини ноқулай жойга тушириб, ўраб, асирга олмоқчи эдилар.

Амир тўхтаган жойда шоҳона чодир қад кўтарган эди. Жанг майдони ундан тахминан бир фарсаҳ келарди. Ноғора овози унинг чодирига етиб келарди. Амир чодир соясида шахмат ўйини билан банд эди. Бир тўда ҳофизлар ғазал ўқир эдилар. Амир ноғоранинг бир маромда урилишига мослаб оёғини тақиллатиб ўтирарди. Бироқ шу вақт рус қўшинлари ҳужумга ўтиб тўпларни эгалладилар ва ислом ғозийлари томон икки-уч марта тўпдан сочма ўқ уздилар, ҳамма гўё қочишга мунтазир бўлиб тургандай, тўп-тўп бўлиб қоча бошлади… Шу вақтнинг ўзида амир ҳазратларига “лашкар бевафолик қилди, орқага чекинди” деган хабар келтирдилар. Амир саросимага тушиб, довдираган ҳолда шахмат устида туриб, тўни ва салласини ҳам кийишга улгурмай, эгарланмаган отга миниб қочиб қолди.

… Барча мулк, беҳисоб анжомлар, пуллар, ҳатто товоқларга солинган тайёр таомлар, тўшаклар устига терилган косаю пиёлалар ҳам ўша жойда қолди. Лекин рус аскарлари бунга эътибор беришмади. Даштлик қирғиз ва қозоқ элатлари келиб, ҳеч ким ҳисобига етмайдиган бу ашёларга эгалик қилди.

Амир қочаётган вақтда заҳар танг қилиб, ҳожатини чиқаришга вақт тополмай, эгар устига ёзилиб иштонини ҳўл қилиб қўйди. Ховос қишлоғига келиб отдан тушди ва етиб келган бир неча хизматкорларга либосларини ювиб қўйишларини буюрди. Эртаси куни тонгда ҳузурига айрим амирлар йиғилди, амир эгнига тоза либослар билан оройиш бериб, Самарқандга етиб келди. Беш юзга яқин киши амир хизматига келди, тахминан икки юз мингга яқин аскар уйларига тарқалиб кетди. Уларни илгари ҳам ўйламай жам қилган эдилар, яна ўйлаб-нетиб ўтирмай уни тор-мор этилишига йўл қўйиб бердилар. Ҳеч ким “қаердан келдинг”, “қаерга кетаяпсан” деб сўрамади.

Бу парокандаликнинг сабабчилари Амирнинг эл ва улус уларга хизмат қилишдан ор қиладиган мактабдош ғуломларидан иборат лашкарбошилардир. Элатия жангчиларининг оладиган хизмат ҳақлари 20 танга эди. Шу ҳам кўпинча бир неча кунга кечиктирилиб, тўлиқ берилмасди. Бозорлардаги нархлар ўзгарувчан, баланд бўлганлиги туфайли хизмат ҳақлари баҳодирларга етишмас эди. Шу билан бирга, нон учун жон қурбон қиладиган оч ва муҳтожлар жуда кўп эди.

Агар қўшин бошига ҳақиқий жангчи тайинланганда, хазина эшиклари очилиб, ҳар қайси жангчига 60 дирҳамдан ҳақ берилганда, бозордаги нархлар тартибга солинганда одамларнинг шавқи синмас ва душман билан жон олиб, жон бериб курашар эдилар”.

Хуллас, Аҳмад Дониш манғитлар сулоласи тарихи тўғрисидаги ўз рисоласида ўткир киноя ва аччиқ кесатиқ билан ўзи хизмат қилган Амир Музаффарнинг бутун шахсий “сифатлари” ва “саркардалик” лаёқатини очиб беради. Бу сўзларга яна нимани қўшимча қилиш мумкин, ахир…

Шу ўринда Сиз тилга олган лашкарбоши Оллоёр девонбеги ҳақида бир оз тўхталиб ўтсак. Аслида Оллоёр девонбеги лашкарбоши, яъни муайян миқдордаги қўшин қўмондони бўлмай, балки у Жиззах ҳокими эди. У ҳам худди Бухоро амирлари сингари ўзбекларнинг манғит уруғига мансуб бўлган.

Мирзо Абдулазим Сомийнинг ёзишича, Май­даюл­ғун ҳодисасидан кейин Амир Музаффар “Жиззах­да эканлигида манғитлардан Оллоёр девонбегини ҳоким­ликка тайинлаб, Жиззахдаги эски қўрғон атрофида яна бир девор қуриб, уни мустаҳкамлаб, шу ерда амирлашкарлар бошчилигида ўрду тарзида катта бир лашкар қолдиришни буюрдики, гўё бу тадбир ила у ўз кўнглида насронийлар қўшини йўлида мустаҳкам тўсиқ бино қилгандек эди…

Муҳосарада қолган амирлардан Оллоёр девонбеги манғит, Одил додхоҳ хитой, Абдусаттор Иноқ Ҳусанбий, Жуёнхожа тўқсабо, жинирол Искандархон ва (бошқа) талай амирлашкарлар шаҳид бўлдилар… Ўлим соати кечиктирилган амирлар, хусусан, Ёқуб қўшбеги ва бошқа баъзи бир кишилар мағлубиятга учраб, уст-бошсиз, пиёда Самарқанд қочиб, олиймақом пойига етиб келдилар. Улардаги (сабоқ) шон-шуҳ­рат­нинг қолган-қутганларидан ва Майдаюлғун во­қе­асидан кейин (ҳамон) сақланиб қолмиш куч-қуд­ратдан асар ҳам қолмаганди.

…Жиззах воҳаси ва (унда) лашкари мағлуб бўл­ганлиги хабари (олинган)дан кейин жаноби олийлари Самарқанддан чиқиб, Карманага келдилар ва шу ерда муқим туриб қолдилар. Ғузор ҳокими Абдулмалик Тўрани, Ҳисори Шодмон ҳокими Раҳмонқул парвоначини, талай қалъа лашкарларини, қўнғирот лашкарларининг қолган-қутганини, Миёнқол лашкарини, Бухоро навкарларини, (бошқа) вилоятлардаги ғозийларни Самарқандда қолдирди ва Ғишткўприкни мустаҳкамлаб, бу ерда ҳам ўрислар йўлини тўсиш учун лашкар қўйди”.

Маълумки, Жиззах шаҳри Россия империяси қў­шинлари томонидан 1866 йил 18 октябрда босиб олинди. Тарихчи Сомий худди шу жараённи ўз асарида тасвирлаб, Жиззах ҳокими бўлган Оллоёр девонбеги шаҳарни ҳимоя қилиш жараёнида мардларча ҳалок бўлганлигини таъкидлайди. Руслар албатта Жиззахни босиб олгандан кейин Бухоро амирлигидаги иккинчи муҳим марказ – Самарқанд шаҳрини эгаллашга асосий эътиборни қаратишади. Аҳмад Донишнинг ёзишича, бу пайтда Самарқанд ҳокими Шерали иноқ эди. Амир Музаффар Самарқанд мудофаачиларига ёрдам тариқасида ўз ўғли Катта Тўра номи билан машҳур бўлган валиаҳд шаҳзода, Ғузор ҳокими, 18 ёшни тўлдирган навқирон Абдулмалик Тўра (1848-1909) бошчилигида бир гуруҳ қўшинни қолдирди.

Аҳмад Дониш томонидан Жиззах ва Са­мар­қанднинг ўрислар томонидан босиб олиниши эса қуйидагича тасвирланган: “Бир сўз билан айтганда, ўзбек қозонининг қопқоғи очилди, олтин дейилгани мис бўлиб чиқди, руслар керакли даражада уларнинг аҳволидан хабардор бўлди. Улар шу вақтнинг ўзида Жиззах устига юриш қилдилар. Жиззахни мудофаа қилиш учун ўн икки минг аскар бир неча лашкарбоши амирлар бошчилигида Самарқандга юборилди. Ҳамма саркардалар бир-бирларига мухолиф эдики, агар бири дам берса, бошқаси юриш қилар, агар бирининг оти лойга ботиб қолса, ҳеч қайсиси ёрдам бермас эди. Улар орасида мунтазам аскарлар ҳам бор эди, қўмондонлари афғонлардан бўлиб, тартибли жанг қилиш таъмини олган, катта маъракаларда иштирок этган эдилар…

Руслар Жиззахни эгаллагандан кейин амир Самарқандда ортиқ туришни хоҳламади ва Бухоро томон отланди. Уламолар ҳақиқий аҳволдан хабарсиз муллалар ва авом одамларнинг кўпини Самарқандга йиғдилар. Амир томонидан Самарқандга ҳоким қилиб қолдирилган Шерали Иноқ эса “шуларнинг шумлиги, иғвоси билан қанча жанг, фитналар содир бўлди, бу муллалар қатл қилинмаса, омма тинчимайди” деб йиғилганларни қатл қилишга буюрди. “Аслида ғазот суннийларни ўлдиришдан иборат, шунда биз тинч бўламиз”, деди. Ўз амалларининг хатоси бўлмиш фармонни бир тўда мусулмонларнинг қони билан безадилар. Самарқанд фуқаролари бу бедодликни Шералидан кўриб, бутун аҳоли, мусулмон талабалари, эркаку аёл Самарқанд гарнизони аскарларига қарши кўтарилдиларки, кўчаларда одамлар қони оқа бошлади. Бу хабар дам-бадам душман қулоғига бориб етарди ва улар “қаерда ўлдирилмасин, бу бизнинг фойдамизга” дер эдилар. Ўшанда Самарқандда бўлган бухоролик айрим саркардалар енгил ваъдалар билан бу фитнани тинчлантириш йўлинини топдилар.

Ҳеч ким ҳеч замон бу мамлакатда бўлганидек тартибсизликни кўрмаган…

Руслар Самарқанд дарёси ёқасига келганда тўп­ларимизнинг баъзилари Чўпонота қирига чи­қарилган эди. Тўпдан икки-уч марта отилди, бироқ ўқ-доримиз олов олмади. Руслар сочма ўқ отиб, қийинчиликсиз шаҳарга кирди ва Кўктошни эгаллади. Ҳамма хаёлпарастлар ўша замон Бухорога қадар қочиб борди. Шу тариқа, чору ночор сулҳга рози бўлдилар. Асиримиздаги рус зодагонини текинга озод қилишди, амир русларга бир юз етмиш минг динор қизил олтин беришга мажбур бўлди. Бухоро ери Самарқанддан чегара чизиғи билан ажратилди…

Русларга қилинган ҳарбий харажатларни қоплаш ва биз томон ҳужумларни тўхтатиш учун яна шунча миқдорда товон тўладик, итоат интизомини бажарамиз деб ушбу маблағ билан Бухоро шаҳзодасини элчилар билан бирга рус императори пойтахтига юбордик”.

– Лекин халқ ўз ҳукмдорининг нодонлигига қараб ўтирмайди. Амир Музаффарнинг ўз ўғли Абдулмалик тўра босқинчиларга қарши бош кў­тармоқчи бўлган оммани бошқаришга, ға­ним­нинг йўлини тўсишга ҳаракат қилди. Аммо отаси бу хатти-ҳаракатларни кўриб, душманни эмас, ўз ўғлини, ватанпарвар, халқпарвар бир ин­сонни йўқ қилишга киришди, охир оқибат рус лашкарбошилари билан тил бириктириб гўё “мақ­садига эришди”. Амирни айнан ўз ўғли билан адоватлашишига нима сабаб бўлган эди?

– Дарҳақиқат, Катта Тўра номи билан машҳур бўлган валиаҳд шаҳзода Абдулмалик Тўра (1848-1909) Россия империясининг босқинчилик сиёсатига қарши кураш олиб борган жасур инсон эди. Хусусан, бу пайтда Ғузор беги бўлган Абдулмалик тўранинг жасорати Самарқанд қўзғолони даврида яққол кўринди.

Самарқанд қўзғолони 1868 йил 1-8 июнда кў­та­рилган. Қўзғолон, бир томондан Россия империясининг босқинчилик ва мустамлакачилик сиёсатига қарши, иккинчи томондан, маҳаллий амалдорларнинг зулми ва ўз халқига нисбатан хоинлигига қарши қаратилган эди.

1868 йил 2 майда Россия империяси қўшинлари Самарқандни эгаллагач, генерал К.П.Кауфман шаҳар ва унинг атрофида жойлашган вилоятлардаги маҳаллий амалдорлар ўз ўринларида қолдирилганини, халқ бунгача мавжуд бўлган солиқларни Россия империяси хазинасига топширмоғи лозим эканлигини эълон қилган. Ўша йилги солиқлар тўла ундирилганига қарамай, подшо ҳукумати аҳолига қайта солиқ солишни талаб қилган. Зарафшон округида (у 1886 йилда Самарқанд областига айлантирилди) генерал Н.Н.Головачёв бошлиқ ҳарбий-бюрократик ҳокимият ташкил қилиниб, меҳнаткаш аҳолининг амалдорлар ва Россия империяси маъмурияти томонидан эзилиши Самарқанд қўзғолонига сабаб бўлган.

Тарихчи Азим Маликовнинг ёзишича, 1868 йил 1 июнда Амир Музаффарнинг тўнғич ўғли Абдулмалик тўра бошчилигидаги қўшинлар Шаҳрисабздан Са­марқандга йўл олишган. Уларнинг етиб келиши билан Самарқандда русларга қарши қўзғолон бошланган. Қўзғолонда ўзбек халқининг турли қавмлари: ман­ғит­лар, хитой-қипчоқлар, найманлар, туёқлилар, шунингдек, самарқандликлар, ургутликлар, панжикентлик­лар ва қорақалпоқлар қатнашган. Қўзғолончилар даст­лаб Чўпонота тепалигида йиғилганлар. Улар 2 июнда қалъага (шаҳарга) ҳужум қилишган. Ўша даврда Са­марқанд қалъасининг иккита дарвозаси бўлган. Асосий жанглар жанубда Руҳобод мақбараси тарафида жой­лашган Бухоро дарвозаси атрофида бўлган. Баъзи маълумотларга қараганда, жангларда ватанпарварлардан 6000 дан зиёд одам қатнашган.

Қўзғолонга дастлаб Шаҳрисабз ва Китоб беклари Жўрабек ва Бобобек, кейинчалик Абдулмалик тўра раҳбарлик қилишган. Қўзғолончилар рус аскарлари жойлашган қалъага қаттиқ ҳужумлар уюштиришган. Бутун шаҳар аҳолиси қўзғалган. Бироқ амир қўшинлари Зирабулоқ жангида руслар томонидан тор-мор келтирилганини эшитгандан сўнг ва 4 июнь куни руслар Шаҳрисабзга юриш бошлаганлиги тўғрисида ёлғон миш-мишга ишонган Китоб ва Шаҳрисабз беклари Самарқанддан чиқиб кетишган. Бу ёлғон миш-мишлар ва ваҳимали хабарларни русларнинг рубли ва дабдабали ваъдаларига сотилган айрим сотқинлар ва хоинлар тарқатишган эди. Уларнинг номини ҳатто бу ерда келтиришдан ор қиласан киши… Афсуски, Туркистон ва Ўзбекистон тарихида кўпинча ана шундай сотқин ва қўрқоқ одамлар ҳамда уларнинг авлодларини ошиғи олчи, пичоғи мой устида бўлган… Дарвоқе, 1865 йил май ойида рус қўшинини ана шундай сотқинлардан бири қирғиз миллатли Шобдон ботир Жонтой ўғли йўлбошловчи сифатида Тошкент шаҳри устига бошлаб келган эди…

Самарқанд қўзғолонига кейинчалик Ибод Салимбоев, Тўхтахўжа Налчор, Зокирбой Раззоқбоев, Абдушариф Абдулфаттоев бошчилик қилишди. Кучларнинг заифлашишига қарамай самарқандликлар қўзғолонни тўхтатмай уни 7 июнгача давом эттиришган, лекин қўз­ғолончилар уюштирган ҳужумлар анча сусайган. Икки кун мобайнида Россия қўшинининг 150 аскари сафдан чиққан. 8 июнь куни Россия қўшинига ёрдамчи илғор қисмлар етиб келгандан кейин қаттиқ жанг бўлиб, Са­марқанд шаҳри руслар томонидан қайта ишғол қилин­ган.

1868 йил 8 июнда Кауфман буйруғи билан Са­мар­қанд шаҳри бирваракайига тўпга тутилди. Ша­ҳар­ни батамом ёқиб юбориш ҳақида буйруқ олган рус аскарлари қирғин бошлайдилар. 9 июнда минглаб тинч аҳолининг ёстиғини қуритган Самарқанд фожиаси бошланади. Қатли ом уч кун давом этади. Минглаб одамлар ҳеч қандай тергову суд ва сўроқсиз отиб ташланади. Қўзғолон фаолларидан 19 киши қўлга олиниб, Сибирга сургун қилинади. Умуман олганда Самарқанд қўзғолони тарихда муҳим ўрин тутади.

Садриддин Айнийнинг фикрича, Абдулмалик тў­ранинг ҳаракати ва қўзғолончиларнинг жасорати туфайли Туркистон ўлкасининг генерал-губернатори К.П.Кауфман пойтахт Бухоро шаҳрига ҳужум қилишдан воз кечган ва сулҳ тузишга мажбур бўлган.

Хуллас, 1868 йил 23 июнда Самарқандда имзоланган Россия-Бухоро сулҳ шартномасига кўра, Бухоро амирлиги Россия империясига тобе бўлиб қолган. Зирабулоққача бўлган ҳудуд руслар бошқаруви остига ўтган.

Амир Музаффархон шахсиятидаги айрим иллат­лар: худбинлик, бошқалар фикрини назар-писанд қил­маслик ва ўзига ҳаддан ташқари бино қўйиш, ҳарбий соҳадаги лаёқатсизлик ва буни тан олмаслик, манмансирашлик касали ва шуҳратпарастлик кайфияти, ҳатто душман олдидаги журъатсизлик ва қўрқоқлик, одам танлай билмаслик ва бошқарув илмини тушунмаслик каби камчиликлар Бухоро давлати ҳарбий кучларининг Россия империяси қўшинларидан мағлубиятга учрашига олиб келган субъектив омилдир. Шу билан бирга Бухорода ҳарбий иш ва қўшин аҳволи бу даврда ҳароб ҳолатда эканлиги, Амир Насруллоҳ даврида бошланган ислоҳотлар тўхтаб қолганлиги, минтақадаги учта ўзбек давлати ташқи душман – Россия империясига қарши курашда ўзаро бирлаша олмаганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Бухоро амирлиги Россияга тобе бўлиб қолгач, амирликдаги баъзи сиёсий ва ҳарбий кучлар Абдулмалик тўра атрофида бирлашдилар. Абдулмалик тўра, бир томондан Россия империясининг босқини ва мус­тамликачилик зулмига қарши, иккинчи томондан, душманга қарши курашда ожизлик ва қўрқоқлик қилган отаси Амир Музаффархонга қарши Ғузор, Шаҳрисабз ва Китобда қўзғолон кўтарди. Уни ушбу ҳудуд аҳолиси ҳамда вилоятлар ҳокимлари Жўрабек ва Бобобек қўл­лаб-қувватлайди. Пойтахт Бухорода ҳам Абдулмалик тў­рани қўллаб-қувватловчилар топилади, унинг атрофи­га тўпланган беклар, саркардалар ҳамда оддий аҳо­ли вакиллари уни Шаҳрисабзда амир деб эълон қилишади.

Айнан шу ҳолатлар Амир Музаффархоннинг ўз ўғли билан ёвлашишига олиб келди. Музаффархон ўғлига қарши қўшин тортди ҳамда мағлубиятга учраб чекинди. Бу ҳолат қашқадарёлик журналист ва ёзувчи Самар Нурийнинг “Қора тонг” (2003) романида ўз ҳаққоний ифодасини топган.

Мирзо Абдулазим Сомий ўзининг “Манғит султонлари тарихи” асарида Абдулмалик тўра жасоратини кўрсатиш билан биргаликда у йўл қўйган хатоларни, баъзи сарой амалдорлари ва саркардаларнинг ота-бола (амир ва валиаҳд) ўртасини бузишга интилгани, шу билан бирга, Амир Музаффархон лаёқатсиз ҳукмдор эканлигини очиқ кўрсатиб ўтган.

Хуллас, Бухоро амири Музаффархон ўғлига қар­ши қўшин тортди. Жангларда мағлубиятга учрагач, Россия империясининг Туркистон ўлкасидаги маъмурларидан ҳарбий ёрдам сўрашга шошилди. Зарафшон округи ҳарбий губернатори генерал Абрамов бошчилигидаги рус қўшинлари 1868 йил 23 октябрда Қарши шаҳри устига юриш қилиб, шаҳарни Абдулмалик тўрадан тортиб олиб, Амир Музаффархонга топширди. Абдулмалик тўра атроф-теваракдан куч тўплашга киришган, хусусан, Хива хони Муҳаммад Раҳимхондан мадад истаб борган, сўнгра Ҳисор вилоятидан ва туркманлардан қўшин тўплаб, Қаршини яна отасидан тортиб олган. Генерал Абрамов қўшинлари 1870 йилда Абдулмалик тўранинг кучларини тор-мор келтириб, Шаҳрисабз, Китоб ва Қаршини Амир Музаффарга қайта олиб берди. Айнан генерал Абрамов буйруғи билан Россия империяси қўшинлари томонидан Шаҳрисабздаги машҳур Оқсарой ва бошқа ёдгорликлар тўплардан ўққа тутилиб, вайрон қилинди. Бироқ бу тарихий ҳақиқат ҳозиргача илмий тадқиқотларда холис кўрсатилмаяпти. Ҳатто академик Бўрибой Аҳмедов бундан анча йиллар олдин Шаҳрисабздаги Оқсаройни Бухоро хони Абдуллахон II буздирган, деган нотўғри маълумотни ўйлаб топди ҳамда ўз китобларидан китобларига бу фикрни кўчириб ўтказиш билан шуғулланди.

На отасидан, на Хива хонидан, на халқдан, на дўсту ёрларидан рўшнолик кўрган Абдулмалик тўра Бухородан чиқиб Афғонистонга, сўнгра 1873 йилда Кошғарга жўнаб кетишга мажбур бўлди. Кошғар Хитой томонидан босиб олингач, у Ҳиндистондан паноҳ топди. Абдулмалик тўра 1909 йилда Пешовар шаҳрида вафот этди. Хуллас, ўзбек халқининг яна бир жасур ўғлони хоки бугунги Покистон давлати ҳудудида қолиб кетди…

Энди, гапнинг мавриди келиб қолди. Тарихчи олим ва бир куйинчак зиёли сифатида мени бир нарса кўп ўйлантиради. Туркий халқлар ўртасида, хусусан, биз мансуб бўлган ўзбек халқи орасида нега азалдан бирлик бўлмаган. Тарқоқлик ва ўзибўларчилик (буни биз ўзига бек деб лоф урамиз), ҳокимият тепасида ўтирган аксарият амалдорларнинг Ватан ва Халқ манфаатини эмас, балки ўзи ва оиласи манфаатини ўйлаши, юрт ҳукмдорларининг душман олдида ожизлиги ва қўр­қоқ­лиги, хусусан, юртини ўрисга бой берган Бухоро амири Музаффархон, Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II, Қўқон хони Худоёрхон (бир пайтнинг ўзида битта халқнинг учта давлат ҳукмдорлари) биз учун ўта пасткаш ҳукмдорлар ҳисобланади… Гапираверсанг, ҳали гап кўп.

Амир Музаффархон ҳақида фикрларимизни яна Аҳмад Дониш асарларидан олинган иқтибос билан якунласак: “Амир бутунлай ичкилик, бузуқлик, шаҳ­воний нафсга берилиб кетди. Қаршидан Кешгача ҳудуддаги унга бўйсунадиган қалъаларда ғавғо ва фасодга йўл очилмасин деб, паст табақали одамларни оқсоқол қи­либ тайинлади. Иззат-обрўлиларини эса олиб ташлади. Бу вилоятларга кўнгил очиш мақ­садида борганда шу ердаги оқсоқолларнинг ҳар куни таъзим бажо келтиришларини талаб қилар ва вилоят қизларини мендан қочирмасин деб йил давомида уларга шоҳона тўнлар кийдирарди…

…Худди шундай ўнлаб араваларда вазирнинг махсус одамлари, мулозимлари Бухородан келар эди. Улар қизларни топиб, амир қаерда бўлса, кечаю кундуз ўша ерга олиб боришар эди. Ўн минг аскар – хизматкорлари билан йигирма мингга етарди. Улар ўша диёр хотинлари, фарзандларига кўз олайтирар, ҳайвоний ҳирсга берилар эди. Уларинг Бухорода қол­ган 20000 хотинлари эса ҳар оқшом 20000 одам билан яқинлашарди. “Аллоҳ асраганлари бундан мустасно, албатта”. (Қуръони карим, 7, 142-145)

Хуллас, Мавороуннаҳрнинг Бухоройи шариф жой­лашган қисми ялписига Лут Шаҳристонига айланди. Фисқу фасод, тартибсизлик шунчалик кучайдики, мамлакат фиръавнлари Мисрга ўхшаб “фосиқлар шаҳри” номи билан машҳур бўлди. Лут шаҳарларига ўхшаб ифлос маконга айланишидан қўрқиш керак эди. “Аллоҳим, бу ер одамларини бу фасоддан сақла”. (Қуръони карим, 15, 74)

Амир Музаффар бошқаруви замонида ўрнатилган тартиблар жумласига гулхан атрофида базму томошалар, болалар рақси, масхарабозларнинг чиқиши, дорбозлар ўйинининг жорий этилиши, ҳамма вилоятларда ноғора, карнай овозлари янграб турганини қўшиш мумкин. Ҳамма жойда тинчлик ҳукмрон, фитнаю фасод тугатилган деган фикр ҳосил бўлиши учун шундай қилинарди. Агар давлатга хавф-хатар туғилгудек бўлса, амир бу қадар хотиржам бўлмасди, доира овозини эшитиб ўтирмасди, деган хулоса ҳосил қилиш учун ҳам шу тахлит масхарабозлик қилинарди. Шаҳар аҳолиси сувсизликдан, нархларнинг баландлигидан жон бераётган бўлсалар ҳам, сурнаю карнай ва ноғора овозлари пасаймасди, дорбозлар, раққослар ўз ўйинларини давом эттирар эдилар. Зарафшон тўлиб оққанда, осмондан ёмғир ўрнига ғалла ёққанда шундай севиниш мумкин эди. Бўлмаса, жўшқин тантана, зиёфатлар нима учун қилинаяпти? Тавба қилиш, кечирим сўраш вақти, билъакс, асло рақс, дорни томоша қилиш вақти эмас эди. Чору ночор баъзилар шунчаки ёки оч қолсалар томошага борар эдилар.

Амир Музаффар даври узлуксиз байраму зиёфатлар замони бўлди. Масалан, агар янги йил (Наврўз) кирса, икки ойча айшу зиёфат тўхтамасди. Кейин Рамазон Қурбон ҳайити, келарди. Агар бу байрамлар тугаса, келин тўйлари, шаҳзода ва маликаларнинг никоҳ тўйлари уюштириларди. Олийҳимматли кишилар бу зиёфату байрамларда ўзларини бадном қилмас эдилар. Бу маъракаларда тубан, хасис одамлар, масхарабозлар, ўйинчилар, бесоқоллар совғаларини халталаб уйларига ташир эди. Саройга қизлар, фоҳишаларни етказиб берадиган қўшмачи кампирлар ҳаммадан кўп олар эди”.

– Қизиғи шундаки, кейинги амирлар ҳам худди шу йўлни тутишди. Амир Олимхонни олинг, бегуноҳ халқни эзгани етмагандай, юртнинг қайси гўшасида чиройли қиз бўлса, келтириб ор-номусини топтади, ҳарамини тўлдириб, хотинбозликдан бўшамади. Ўриснинг найрангига учиб, Файзулла Хўжаевни душман деб билди.

Ўз навбатида Ф.Хўжаев ҳам душман ҳийласига кўра Олимхонни энг хавфли ғаним ҳисоблади.Айтинг-чи, бу ҳукмдорлар учун Ватан тақдири шу даражада арзимас юмуш эдими?

– Келинг, энг аввало саволимизга озгина ойдинлик киритиб олайлик. Манғитлар сулоласининг сўнгги ҳукмдори Амир Саид Олимхон (1881-1944) билан БХСР ва Ўзбекистон ССР ҳукуматларининг дастлабки раиси Файзулла Хўжаев (1886-1838) ўртасида ҳар жиҳатдан катта фарқ бўлган. Бироқ бир нуқта уларни ўзаро туташтиради: ҳар иккаласи ҳам Бухоронинг фарзанди, шу буюк заминда таваллуд топишган эди. Бироқ уларнинг ҳар иккаласи ҳам юртидан узоқда: бири Мос­ква ўрмонларида 1938 йилда, иккинчиси эса афғон тупроғида – Кобулда 1944 йил вафот этишди. Ҳар икки шахснинг ўлими фожиа билан якунланди. Ҳар иккиси ҳам юрт дийдорига талпиниб, мусофирликда жон берди. Бу тарих оғир, аянчли ва мунгли тарихдир. Тарих сабоқлари эса ундан-да оғир. Шунинг учун дадил айта оламанки, бу зотлар учун Ватан тақдири, хусусан, Файзулла Хўжаев учун “арзимас юмуш” эмас эди! Файзулла Хўжаев, ҳатто Амир Олимхон ҳам Ватан тақдири, Бухоро ёхуд Туркистон, умуман айтганда Ўзбекистон тақдири учун қайғуришган.

Бироқ ҳар иккаласи ҳам қаттиқ адашди, жиддий хатоларга йўл қўйишди. Амир Олимхон ўзининг кичик замондоши, йирик савдогарнинг ўғли бўлган Файзулла Хўжаевга паст назар билан қарамасдан унинг фикрига қулоқ тутганда, Бухорода конституцион монархия ўрнатилганда большевизм балосига қарши жиддий курашиш мумкин эди. Лекин мен тарихчи сифатида шуни айта оламанки, Бухоро амирлиги ҳам, Бухоро Халқ Совет Республикаси ҳам Россия ва СССРнинг ҳарбий ва сиёсий тазйиқлари остида мустақил фаолият юрита олмас эди. Совет ҳокимияти Шарқда бу “мустақил давлатлар” мавжуд бўлишига индамай қараб тура олмас, уларни йўқотиш ва аввал Совет Россияси, сўнгра Совет Иттифоқи (СССР) таркибига киритиш учун барча жирканч воситалар ва имкониятлардан фойдаланиши сир эмас эди. Аслида ҳам шундай бўлди. Дастлаб – 1920 йил сентябрда қизил армиянинг ёрдамида Бухоро босиб олинди ва амирлик тузуми куч билан ағдариб ташланди. 1924 йил охирида Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказилиши натижасида Туркистон АССР ва Хоразм ССР сингари Бухоро Совет Социалистик Республикаси ҳам сиёсий йўл билан тугатилди.

Уч минг йиллик тарихга эга бўлган ўзбек халқи ва унинг давлатчилик тарихининг икки асосий ўчоғи – Бухоро ва Хоразм сиёсий саҳнадан йўқотилди. 1925 йил февралда Ўзбекистон ССР ташкил топди ва у орадан кўп ўтмай – 1925 йил май ойида СССР таркибига киритилди.

Келинг, суҳбатимизни тарихий далиллар билан эмас, балки Ўзбекистоннинг ХХ аср тарихида муҳим роль ўйнаган ҳамда Сиз тилга олиб ўтган мазкур икки тарихий шахс ҳақидаги фикрлар билан давом эттирсак.

Амир Саид Олимхон манғитлардан Абдулаҳадхон хонадонида 1881 йил 18 декабрда (ҳижрий 1288 йил муҳаррам ойининг 15 куни) Кармана шаҳрида туғилган. Олимхоннинг энаси Давлат Бахт ойим исмли гўзал аёл бўлган. Олимхон ёлғиз ўғил сифатида алоҳида меҳр-муҳаббат ва эҳтиромга лойиқ ҳолда вояга етган. Уни ёшлигидан бошлаб Тўражон тўра деб эъзозлашган.

Амир Абдулаҳадхон 1910 йил 22 декабрда Кармана яқинидаги Хайробод чорбоғида 54 ёшида вафот этгач, Кармана ҳокими бўлиб турган Мир Саййид Олимхон тўра отасининг дафн маросимидан кейин Бухоро шаҳрига келиб, 1910 йил 24 декабрда 29 ёшида амирлик тахтига ўтирди.

Амир Саид Олимхон дастлаб Бухоро амирлигида маъмурий, иқтисодий ва ҳарбий соҳада ислоҳотлар ўтказилишига уринган. У 1910 йил 30 декабрда махсус фармон чиқариб, ислоҳотлар дастурини эълон қилган. Фармонга кўра халқдан олинувчи турли солиқлар камайтирилган ва хирож тартибга солинган, амалдорларнинг пора олиши таъқиқланиб, уларга хазинадан маош белгиланган. Ҳарбий ишни қайта қуришга киришилган. Навкарлар ва сарбозларнинг маошлари икки-уч баробар оширилади. Амир Саид Олимхон ва аркони давлатнинг бу ишларини Бухоро жадидлари, хусусан, Фитрат катта олқишлар билан қаршилаган. Бироқ орадан кўп ўтмай Амир Олимхон қадимистик йўл тарафдорлари бўлган баъзи уламоларнинг тазйиқлари натижасида бу ислоҳотларни тўхтатиб қўйган. Ёш бухоролик жадидларга нисбатан хайрихоҳона сиёсатни ҳам ўзаро адоват ва нафрат эгаллаган.

Шу билан биргаликда Амир Олимхон ҳукмронлиги даврида Бухоро амирлигини Россия империясига қарамлиги тобора кучайди. Унинг фармони билан та­раққийпарвар кучлар, аввало, Ёш бухороликлар қаттиқ таъқиб қилинди. Биринчи жаҳон уруши даврида Россия императори Николай II уни генерал-лейтенант ҳарбий унвони билан тақдирлаган ва ўзининг генерал-адъютанти қилиб тайинлаган (1915 йил декабрь). Чунки амир уруш пайтида Россия давлатига катта миқдордаги маблағ билан моддий ёрдам берган эди.

Амир Олимхон Бухоро мамлакати учун масъулиятли бўлган бир давр – 1917-1920 йилларда тўғри сиёсат юритиш ўрнига жабр-зулмни кучайтирган. Бухорода 1917 йил апрелда бўлган намойиш, хусусан, Колесов воқеаси (1918 йил март)дан кейин у амирлик ҳудудида 3000 кишини жадид деб айблаб, ноҳақ қатл қилдирган.

Туркистон ўлкасида 1917 йил кузида совет режими ўрнатилгач, Хоразмда Жунаидхон ҳамда Фарғона водийсида Мадаминбек, кейинчалик Шермуҳаммадбек билан қизил армияга қарши курашда иттифоқ тузилган бўлса ҳам Амир Саид Олимхон уларга етарли даражада ҳарбий ёрдам кўрсатмади. Бухоро қўшинини замонавий қуроллар билан таъминлаш ишлари ҳам охирига етказилмади. Олимхон мамлакат аҳволини яхшилаш ўрнига асосий вақтини дабдабали турмуш кечириш ва айш-ишратга сарфлаган. Бухородаги айрим мутаассиб уламоларнинг кучли таъсири остида бўлган улуғвор бир туркий давлат – Бухоро амирлиги таназзулга учраб, парчаланиб кетишида Олимхоннинг калтабинлиги сабаб бўлган.

1920 йил августида Туркистон фронти қўшин­ла­рининг Бухорога қилган босқини натижасида Саид Олимхон тож-тахтдан маҳрум бўлди. Бухорода амирлик тузуми ағдариб ташланди. Қизил аскарлар томонидан Бухоро шаҳри вайрон қилинди, амирлик хазинаси тўла равишда Москвага ташиб кетилди. Амирликнинг 118 кишидан иборат ҳарами 1920 йил сентябр ойи бошларида Хожа Ориф (ҳозирги Шофиркон)да қизил аскарлар томонидан қўлга олинган. Сентябр ойининг ўрталарида собиқ амир Шарқий Бухорога бориб ўрнашди. Хуллас, Бухоро фожиалари Саид Олимхоннинг шахсиятида кес­кин ўзгаришлар ясади. Бироқ душманга қарши кураш учун асосий фурсат бой берилган эди. Шундай бўлишига қарамасдан Олимхон Бухоро халқининг босқинчи қизил армиясига қарши олиб борган мустақиллик курашига раҳбарлик қилишга уринди.

Саид Олимхон Ҳисор вилоятини ўзига қароргоҳ (марказ) қилиб, олти ой давомида қизил аскарларга қарши курашади. У Ҳисорда сарой аъёнлари ва ма­ҳаллий амалдорлардан иборат янги ҳукумат таш­кил қи­лади, бухороликларнинг қизил аскарларга қарши олиб бораётган жанг ҳаракатларини му­вофиқлаштиришга ин­тилади. Янги ҳукумат фаолиятида Ҳисор ҳокими Авлиёқулбек (1922 йили ҳалок бўлган) муҳим рол ўйнайди. Бироқ бир қатор жанг­ларда мағлубиятга учрагач, 1921 йил 4 мартда Саид Олимхон ўз яқинлари ва сарой аъёнлари билан Амударёнинг Чубек кечувидан Афғонистонга ўтиб кетган.

Кобул шаҳрида Олимхонни Афғонистон амири Омонуллахон (ҳукмронлик даври: 1919-1929) қабул қилиб, доимий яшаши учун унга пойтахт яқинидаги Қалъаи Фотуда махсус қароргоҳ ажратиб берди. У Кобулда муқим яшаса ҳам Бухорода истиқлолчилик ҳаракатига ғоявий жиҳатдан раҳбарлик қилишда давом этди, қўрбошилар ва уламоларга турли мактублар ва қимматбаҳо совғалар жўнатиб, уларни большевиклар ва қизил армияга қарши курашга илҳомлантирди.

Олимхон қолган бутун умрини Кобулда ўтказди. У Хорижда ҳам Бухорони большевиклардан озод қилиш фикридан воз кечмади. 1929 йил 4 июнда “Манчестер-Гардиан” (Англия) газетасида Олимхоннинг “Большевикларнинг Ўрта Осиёга компанияси” номли жаҳон халқларига мурожаатномаси эълон қилинди. Бу мурожаатномада совет Россиясининг 1917-1922 йилларда Марказий Осиёда юритган мустамлакачилик сиёсати, Бухоронинг қизил армия томонидан босиб олиниши, амирлик хазинасининг талон-тарож қилиниши ва Мос­квага олиб кетилиши, истиқлол жанглари ҳақида муҳим маълумотлар мавжуд. Собиқ ҳукмдорнинг ёзишича, Туркистон минтақасида қизил армияга қарши курашаётган мужоҳидлар сони бу пайтда 60000, қизил армия жангчиларининг сони эса 100000 киши (фақат Бухоронинг ўзида 40000 нафар қуролли қизил аскар) бўлган.

Саид Олимхон Кобулда ўзининг “Бухоро халқининг ҳасрати тарихи” номли машҳур эсдаликларини ёзган. Бу мемуар ва унинг Миллатлар Лигасига ёзган расмий баёноти ўзининг махсус вакили генерал Ҳожи Юсуфбек Муқимбой ўғли орқали 1927 йил сентябрда Женевадаги бу ташкилот раҳбарларига топширилди. Мурожаатнома Женевадаги Миллатлар Лигасидан ташқари Гаагадаги халқаро трибуналга, Буюк Британия, АҚШ, Япония ва бошқа давлатларнинг раҳбарларига жўнатилди. Бухоронинг собиқ амири томонидан тайёрланган ушбу расмий ҳужжат жаҳон аҳлини жунбушга солди. Франция, Италия, Швейцария, Германия, Англия ва Эрон давлатларида бу мурожаатнома қизғин муҳокама қилинди.

Саид Олимхон муҳожирликда юрт дийдорига талпиниб яшади. Унинг Бухорога қайтиб келиш ҳақидаги илтижоларига СССР давлати раҳбари И.В.Сталин қатъ­ий рад жавобини берган. Умрининг охирида унинг кўзлари хиралашиб, ўзи оғир дардга чалинди. 1944 йил 28 апрелда Саид Олимхон узоқ давом этган хас­таликдан сўнг 63 ёшида Кобул атрофидаги Қалъаи Фотуда вафот этди. У Кобул яқинидаги Шаҳидони ислом (ислом шаҳидлари) қабристонига дафн қилинган. Унинг дафн маросимига деярли барча ислом мамлакатларидан вакиллар келган. Олимхон қабри устига катта мармардан хотира тоши ўрнатилган.

– Қаҳрамон ака, Сиз билан биз бир асрнинг нарёғидаги тарих ҳақида сўзлашиб ётибмиз. Нима бўлганда ҳам бу кечилган тарих. Қандай ху­лоса чиқаришимиздан қатъи назар у ўзгармай қо­­ла­­веради. Бугуннинг, Мустақил юртнинг ҳаво­сидан баҳраманд бўлаётган, тинч, осойишта замоннинг кўнгли тўқ фуқароларимиз. Улуғ Истиқ­лолимизнинг 23 йиллик шодиёнаси яқин. Биз унинг қадрига етиш маъносида тарихнинг, Қодирий таъбири билан айтганда “қора ва кир” саҳифаларига мурожаат қилдик, эсладик. Бу ҳам беҳудага эмас. Кечаги кунни мутлақо эсламаслигимиз ҳам мумкин. Бироқ улар ҳам аждодларимиз. Улар қўрқоқлик қилмаганларида Ватаннинг бегуноҳ фуқаролари беҳуда нобуд бўлмаган, азоб кўрмаган, улуғ маърифатпарварларимизнинг ёш жонлари қирчинидан қийилмаган бўлармиди, ма­даниятимиз, адабиётимиз бундан кўра улуғ чўқ­қи­ларга эришмасмиди, юртимиз бундан ҳам чандон гўзалроқ бўлармиди, деб ўйлайсан-да одам.

Суҳбатимизнинг чин маъноси ҳам шу ўзи: армон. Бошқа нарса эмас.

– Дарҳақиқат шундай.

Келинг, ўзаро суҳбатимизга ҳозирча нуқта қўйиб, уни Аҳмад Донишнинг қуйидаги фикрлари билан якунласак:

“Амир Темур дунёнинг тўртдан бир қисмида жасорати, мардлиги билан ном қозонган бўлса, Бухоро амирлари бадахлоқликлари, иродасизликлари, қўр­қоқ­ликлари билан ўз номларини бадном қилдилар.

Бухоро ва Самарқанд адолат, инсоф, дину диёнат, илму амали билан дунёга довруғи кетган ша­ҳар­лардандир. Булар ушбу шаҳарларни шунчалик бад­ном қилдиларки, бунинг шармандалиги қиёматгача қолади, тарих варақларидан ўчмайди…

Турон мамлакатини бошқариш хотинлар даражасидан паст одамнинг қўлига ўтса-я?!. Мусулмон амирининг қабоҳат, разилликларини хотиржам кузатувчи кўз қайда бор?!”

Манғитлар ўтмиши ҳам бизнинг, ўзбек халқининг тарихидир. Тарихдан эса воз кечиб бўлмайди. Фақат сабоқ чиқариш мумкин. У шунинг учун ҳам муҳимдир…

Суҳбатдош: Собир Ўнар

“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 5-сон