Гулчеҳра Асронова. Дардисар (ҳикоя)

Шом пардаси қуюқлашгани сари чолнинг кўнгли қоронғилашади. Ҳайҳотдек уйда бир ўзи, ҳатто мушукнинг ҳам қораси кўринмасди. Ташқарида қоронғилик ғира-шира, ичкари эса зимистон. Ўтирган жойида шом намозини ўқиб олгач, чироқни ёқишга уриниб кўрсамми деди-ю, фикридан қайтди. Нима кераги бор? Барибир, дили ёришмайди. “Ўзлари-ку, ярим тунда келишади. Наҳот биров-яримга тайинлаб ҳам кетишмаган бўлса? – хаёлидан ўтди қариянинг. – Ахир, одам деганлари уйдан чиқиб кетаётиб итига ҳам суяк ташлаб қўяди-ку!”
Келиннинг опаси қиз чиқаряпти. Тўй ҳақида хабар келганидан бери оқсоқол билан ким қолиши устида можаро қилишади. Яхшиям қулоғи оғирлашиб қолган, ўйин-кулгига ўч набираларнинг оғир-аччиқ гапларини чала-чулпа эшитади:
– Барибир, орқаларингдан бораман!
– Овқатини олдига қўйиб кетсак-чи…
– Дадам қолсин!..
Айниқса, келинининг оғзидан ўқдай отилиб чиққан ўша сўз… Келин, эри чиқиб кетган пайт, мен қолмайман деб хархаша қилаётган кенжатойини тинчлантира туриб айтди ўша машъум сўзни. “Уфф, дардисар!” – деди, аниқ эшитди. Аниқ у ҳақда гапирди. Ҳозир бу уйда бу таърифга ундан лойиқ одам йўқ…
Отахон дардини ичига ютди. Оқ йўл тилаб дуо қила-қила уйда ёлғиз қолди. Мана, энди қалбини қаёқдаги совуқ ўйлар ғижимлаб ўтирибди: “Қабрнинг ичи ҳам шунақа зим-зиё бўлса керак. Лекин унда ҳеч кимга дардисар бўлмайсан…”
Кимдир чақиргандек, дарвоза тарақлагандек бўлди. Чол тусмоллаб, қоп-қоронғи бўшлиққа қараб товуш берди:
– Ў-ўв!
Очиқ эшикдан бировнинг шарпаси кўринди. Чироқ ёниб, кўзни қамаштирди. Қаршисида бир қўлида нон тўнкарилган коса, иккинчисида чойнак кўтарган қўшни йигит Абдуқодир турарди.
– Ассалом алейкум, бобо. Мунча, қоронғида ўтирибсиз? – дея баралла гапириб кирди у.
– Ҳа… кўзим кетиб қопти, болам, – деб қўйди чол.
“Ҳарқалай, чора кўриб кетишибди-да”, – ўйлади шу дам. Йигит косани токчага қўйиб, дастурхон ёзишга уннади.
– Мана бу овқатни иссиғида ичволаркансиз, бобо.
Чолнинг қулоғи нимагадир шанғиллаб кетди. “Туриб-туриб очилиб кетяптими, нима бало. Бақирмасаям бўларди”.
– Раҳмат, болам, – деди, ҳамма нарса тайёр бўлгач. – Ке, бир пас ўтир.
Абдуқодир жуда боодоб йигит. Ҳурмат юзасидан этакроққа ўтириб, нон синдирди. Чойдан қуя туриб, яна баланд овозда сўради:
– Ўзи соғлиғингиз анча яхшими?
– Дуруст, – бош ирғади чол. Кейин нимагадир ҳасрат тугунининг бир четини очгиси келди. – Э-э, болам, одам жуда-а қариб кетсаям бўлмас экан. Ахир, тўқсондан ўтиб кетибман. Шукур, лекин осон эмасакан. Айниқса, кампирдан кейин… Ортимда қол, дердим доим Суйди холангга, кўрмайсанми энди. Булар даволатамиз деб дам у ёққа судрашади, дам бу ёққа. Билишмайдики, мени қийнашяпти, холос.
– Унақа деманг, бобо, – деди хижолатомуз бир оҳангда Абдуқодир. – Ҳали тузалиб кетасиз.
Чол маъюс жилмайди. Ғўр бола, ниманиям тушунарди.
У кетгач, яна ёлғиз қолди. Қани томоғидан овқат ўтса. Э воҳ, ёш бола бўлди-қолди-я! Шу ўғли Ғанижон ҳам болалигида жуда чимхўр эди. Унга овқат едиргунча минг кўйга тушарди онаси иккиси. Тиззасига ўтқазиб олиб, чўпчаклар айтиб берар, кези келса, қўшиқ айтиб едирарди: “Мана буни еса, аяжониси хурсанд бўлади! Яшанг ўғлим, энди мени хурсанд қилинг!” Орада алқаб ҳам турарди: “Ҳали ўғлим ка-атта йигит бўлади, мени мошинасида олиб юради, ҳажларга олиб боради…” Бир гал Ғанижон “Катта бўсам, сизгаям овқат едириб қўяман”, деганида тоза кулишган эди.
Ўғли катта бўлди, у эса бола бўлиб қолди… Лекин унга овқат едириб қўйиш шарт эмас. Энди унинг озиғи – меҳр. Буни улар қаёқданам билишсин. Тушунишмайди. Боя айтди ўғлига, жойимни боғдаги каравотга кўчириб бериб кетинглар, уй ичи дим, нафасим қисяпти деб. “Хўп” деб қутулди. Ҳозир шунча қийналмасди. Кейин юлдузларга термили-иб ётарди. Юлдузларга қараса, нимагадир енгил тортади. Худди кампирига ўхшайди улар, индамайгина тафтини олади.
Косадаги мошхўрдани бир-икки кавлади, димоғига урилган ҳиддан андак иштаҳаси қўзғалгандек бўлди. Татиб кўрди – мазалигина. Лекин кампирининг пиширганлари бошқача эди-да. Булар Суйди ишлатган масаллиқнинг тўрт бараварини солсаям, кўнглидагидек чиқмайди. Эҳтимол, ҳаммаси яхши-ю, ўзи инжиқ бўлиб қолгандир? Умуман, эркакнинг жуфтсиз қолиши жуда оғир экан…
Овқатнинг қолган ярмини ёпиб қўйди. Одатига кўра ёстиғи остидаги дориларни пайпаслади. Бунисидан яримта ичиши керак. Манавини қайноқ сувда эритиши керак эди… Чойнакни ушлади, совиб қолибди. Ўзи… шартми ичиш? Барибир, фойдаси йўқ. Тезроқ ҳаммаси тугагани яхши. Бу кўҳна жисмни энди тупроқдан бошқаси суймайди…
Шу асно жимжитликка қулоқ тутганча узоқ ўтирди. Келишмади… Майли, бир амаллаб ташқарига чиқиб келса, ётиб олади. Токчага суяниб, қаддини ростлагунча қора терга ботиб кетди. Бунисиям майли, одам бўйи зинадан тушишни ўйлаб, юраги орқага тортди.
Пойгакда тўнкарилиб ётган калишини ҳассаси билан тўғрилаб кийди. Цемент зинадан пастга қараб, ўзини худди осмону фалакдагидек ҳис қилди. Мунча баланд қуришмаса-я, бу уй деганни! Ерда юргилари йўқ буларнинг.
Даҳлиздаги чироқ зинага қия тушарди. Чол аста қадам ташлади. Нимагадир оёғи ерни ҳис қилмаётгандек. Тавба, ҳар куни туппа-тузук чиқиб-тушарди, нима бўляпти унга?
Боши оғирлашди. Оёғи остидаги зиналар сон-саноқсиз бўлиб кўрина бошлади. Қай бирига оёқ қўйса экан? Ё Раб, энди кўзи ҳам ҳунар кўрсатмаса гўргайди! Бир зумга мувозанатини йўқотди-ю, навбатдаги пиллапояга оёғи тегиб-тегмай бир томонга оғиб кетди.
– Во-ойй!
Чолнинг аянчли овози бу сафар зим-зиё бўшлиқни титратиб юборди. У ерда чалқанча ётганча, осмонга ҳайрат билан боқар эди. Ажаб, ҳеч қаери оғримаяпти. Бу яхшилик аломати эмасдир-ов. Ҳушдан кетгандир. Унда нега юлдузларни кўряпти?
 Фурсат ғанимат. Ўзини билиб турганида ўнгланиб олиши керак, эртага уни деб болаларига гап тегиб турмасин тағин. “Бир ўзини ташлаб кетишган экан, йиқилиб ўлибди”, дейишса… Жуда хунук гап бу.
Чол минг уринмасин, қимирлай олмади. Наҳот қарийб бир асрлик ҳаёти шу қадар ожизлик билан тугаса? Наҳотки, сўнгги дамда тиргагувчиси йўқ унинг?
Қариянинг ўнг чаккаси бўйлаб иссиқ томчилар оқиб ўтди. Наҳотки, бу… Майли, ҳамма нарсанинг охири бор, дунё бебақо.
“Тавба, юлдузлар илгари ҳам шунчалар кўпмиди? Ё ҳаммаси бошимга тўпландимикан? Ғуж-ғуж-а. Нурлари бирам қип-қизил… Ие?”
 Чолнинг нурсиз кўзлари катта-катта очилди.
“Суйди? Кампирим тушмагур-ей, мунча баландга чиқиб олмаса! Қулаб тушса борми? Йўқ, унинг ёнида бўлишим керак. Ҳозир бораман, ҳозир. Ҳозир…”
 Аста-секин хира торта бошлаган фалак чироқчалари қорая-қорая, ғойиб бўлишди…

“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 6-сон