Пўлат Саидқосимов: “Санъат фақат тирикчилик воситаси эмас!” (2009)

http://n.ziyouz.com/images/polat_saidqosimov.jpg

Ўзбекистон халқ артисти Пўлат Саидқосимов психологик мураккаб роллар устаси сифатида ном қозонган. Ўзига хос овоз эгаси бўлган санъаткор ярим асрдан ошиқ вақт мобайнида кино ва театрда юзлаб ролларни маромига етказиб ижро этди. У талқин этган образлар cодда ва самимийлиги, ҳаётийлиги, бетакрор нутқи билан ажралиб туради. Актёр ижросидаги Абу Райҳон Беруний, Абдулатиф, Аврангзеб, Мирзакаримбой, Муҳаммад чатоқ каби роллар кино ва театримизнинг ёрқин образлари дея эътироф этилади.

– “Гўдакликдан маълум ҳар одам, Бола бошдан деган гап тўғри…” деб ёзади Сергей Есенин. Пўлат ака, сиз ҳам болаликдан актёр бўламан деб мақсад қилганмидингиз? Ёки санъат оламига тасодифлар олиб келганми?

– Санъатга кириб келишимни тасодиф эмас, тақдири азал деб айтган бўлардим. Кўнгилга санъаткор бўламан деган иштиёқ кўча чангитиб юрган болалик давримда тушган. Ўзбекистон халқ артисти, театримизнинг дарғаларидан бири Қудрат Хўжаев қўшнимиз эди. Маҳалла-кўйда ҳамма бошқача ҳурмат кўрсатадиган бу инсонга ихлосим баланд эди. Шу киши шарофатидан болаликданоқ дунёда театр деган мўъжиза борлигидан воқиф бўлдим. Ўсмирлигимиз Аброр Ҳидоятовнинг Отеллоси роса довруқ қозонган пайтларга тўғри келган. “Отелло” спектаклига кириш учун томошабинлар жой талашиб, бир-бири билан ёқалашишгача борарди. Ўша маҳаллар Ҳамза театрига Шекспир юрти – Англия парламентидан меҳмонлар келарди. Аброр аканинг ижросини кўрган инглизлар ҳайратдан ёқа ушлайди, ҳатто бизнинг мамлакатда ҳам Отеллони бунчалик ўйнай оладиган актёр йўқ деб тан бериб кетишарди.

Бутун зални сеҳрлаб олган актёрларнинг ижросини кўргандаёқ мен ҳам санъаткор бўламан деган қатъий қарорга келганман. Шунинг учун ҳам ўрта мактабни битириб, ҳеч иккиланмасдан Тошкент театр ва рассомлик санъати институтига ҳужжат топширдим. 1954 йили ўқишни битириб, Самарқандга йўлланма олдим. Ҳамид Олимжон номидаги Самарқанд вилоят театрида кучли актёрлар жамланганди. Бу даргоҳда ишлаш менга катта мактаб бўлди.

– Санъат йўлига қадам қўйишингиз қандай кечган? Актёр бўламан деган қарорингизга оилада эътирозлар бўлмаганми?

– Ота-онам соддадил, ҳалол инсонлар эди. Покиза луқма билан, тўғри тарбия беришгани учун ҳам фарзандларидан кўнгли тўқ эди уларнинг. Отамнинг дўконлари бор эди. У киши савдо-сотиқ қилиб рўзғор тебратганлар. Онам эса бутун умрини болалар тар­биясига бағишлаган мунис аёл эди. Актёр бўламан деганимда ҳар иккилари дуо қилиб униб-ўсишимни тилашган.

– Санъаткор ўз йўлини топиши учун устозларнинг сабоғи ва дуосини олиши – “мактаб кўриши” керак. Сиз кимларнинг мактабини кўргансиз?

– Шукрки, устозлардан ёлчиганман. Уч йил Самарқандда ишлаб, Тошкентга – Ҳамза театрига келган пайтимда Ўзбекистон халқ артисти Этим Бобожоновнинг қўлига тушдим. Этим ака мактабида театрнинг кўп синоатларини ўргандим. Режиссёрлик, актёрлик ва педагогликни бақамти олиб борган бу инсон кўп истеъдодларни рўёбга чиқарди. Ижодий фаолиятим давомида Қудрат ака Хўжаевдан ҳам сабоқлар олдим. Қудрат ака салбий ролларни қо­йилмақом ўйнарди. Роль актёрга эмас, актёр ролга таъсир кўрсатиши керак дейишади-ку. Қудрат ака ана шундай иқтидор эгаси эди.

Аввало, ишончни оқлаб, устозларга шогирд тушиб олишнинг ўзи бўлмасди. Кейин эса шогирд­лик машаққатларига сабр қилиш керак эди. Темир интизом, талабчанлик, тинимсиз репетициялар… Бунга ҳамма ҳам бардош беролмасди. Лекин ана шу қийинчиликларни босиб ўтмасдан туриб, санъатнинг чинакам саройига кириб бўлмасди.

Устозларимиз дили ва тили бир, ижодни эътиқод ва ҳаёт мазмунига айлантирган зотлар эди. Мисоли хазина эди улар. Катта санъаткорлар берган сабоқларни унутиб бўларканми! “Актёр қанчалик маҳорат билан ўйнаётганини билиш учун саҳна билан томошабин ўртасида қалин ойна қўйиш керак” – деганди устозлардан бири. – “Гарчи овози эшитилмаса ҳам, зал унинг ҳаракатларидан воқеликни англаяптими, ана уни моҳир актёр дейиш мумкин”. Ишончим комилки, ҳозир ҳам мазкур мезонга жавоб берадиган актёрлар у қадар кўп эмас.

– Умри театрда ўтиб, кинода роль ўйнолмаган актёрлар бор. Ёки аксинча – кинода шуҳрат қозониб, театр остонасидан ҳатлай олмаган санъаткорлар қанча. Сизга эса ҳам кино, ҳам театрда ўйнаш насиб қилди. Роллар борасида армонингиз қолмаган бўлса керак?

– Фалон роль армон бўлиб қолди десам ношукурлик бўлар. Кинода ҳам, театрда ҳам кетма-кет яхши асарларда иштирок этдим. Бу жиҳатдан ўзимни пешонаси ярқираган актёр деб айтаман. Вақти келганда, битта роль учун ўнлаб даъвогарлар билан беллашган вақтларимиз бўлди. “Гамлет”дан роль олиш жуда қийин эди – менга Герсогни ишониб топширишди. «Мирзо Улуғбек» спектаклида Абдулатиф, “Юлдузли тунлар”да Қосимбек, “Зебунисо”да Аврангзебни ўйнадим. Кинода Беруний, Завқий каби улуғ зотлар образини яратдим. “Қутлуғ қон” фильмида Мирзакаримбой, “Гирдоб”да Муҳаммад чатоқ, “Диёнат”да Отақўзи… Эҳ-ҳе, ёш бир жойга бориб, мундоқ сарҳисоб қилсам, кино ва театрда жуда кўп яхши асарларда ўйнаш насиб қилибди.

– Суҳбатлардан бирида актёрнинг ўзи билан олиб кетадиган роли бўлиши керак дегандингиз. Чиндан ҳам, катта санъаткорларнинг ҳар бири ўз қаҳрамонига эга. Орадан қанча йиллар ўтган бўлса ҳам, Олим Хўжаевни Алишер Навоий, Аброр Ҳидоятовни Отелло, Зайнаб Садриевани Фармон буви, ўани Аъзамовни Мўмин, Обид Юнусовни Ўткурий сиймосида эслаймиз. Сиз қайси ролингизни “ўзимники” деб айтган бўлардингиз?

– Вақт ўтгандан кейин авлодлар актёрни эслаганда битта ёки иккита ролини эътироф этади. Ваҳоланки, у ҳаёти давомида юзлаб образлар яратган бўлиши мумкин.

Аслида, роллар ҳам фарзанддек гап. Шу маънода барча – катта-ю, кичик образларим бирдек қадрли. Аммо одамлар ёдида қолган ёрқин роллар сифатида Абу Райҳон Беруний, Мирзакаримбой ва Муҳаммад чатоқни айтаман. Айниқса, Мирзакаримбой образи қи­йинчиликлар билан рўёбга чиққани учунми, жуда кўнгилга яқин. Очиғи, 42 ёшимда 68 яшар кекса бой образини очиб бериш осон бўлмаган. Аммо меҳнатга яраша ижро ҳам ёмон чиқмаган, чоғи. Ҳозиргача мухлислар мени Мирзакаримбой деб чақиришади.

– Миллий театр хусусида… Узоқ йиллар ана шу даргоҳда ишлаган санъаткор сифатида театрнинг бугунги ҳолатидан қониқасизми?

– Яшириб нима қилдим, миллий театрнинг бугунидан қониқмайман. Театримизга миллий мақом берилган. Демак, саҳнага олиб чиқилаётган спектакллар ҳам ана шу рутбага муносиб бўлиши керак. Тўғри, аҳён-аҳёнда бўлса-да, “Дарахтлар тик туриб жон беради”, “Бир қадам йўл”га ўхшаган яхши саҳна асарлари қўйилаяпти. Лекин умуман олганда, театр томошабин савиясини кўтариш ўрнига тобора ўтмаслашиб бораётган дидга мослашаётгандек. “Агар пьеса кучсиз бўлса, унинг саҳнадан тушишига ёрдамлашиш керак. Ким билади, балки саҳнага чиқиб олгач, тушишга кучи етмаётгандир” дейди театрнинг дар­ғаларидан бири. Ҳазиломуз айтилган бу гапда аччиқ ҳақиқат бор…

Устозларимиз белгилаб берган мезонлар жуда баланд эканми ёки ўзимиз ҳам жуда талабчан бўлиб кетдикми, санъатга янги кириб келаётган ёшлар орасида туғма талантлиси, ярқ этиб кўзга ташланадигани кам. Аслида-ку, актёрлар анча кўпайиб қолган. Давраларда ҳеч кимга гап бермаётган ёшларни кўриб қоламиз. Ким экан бу деб суриштирсак, у “машҳур” санъаткор бўлиб чиқади…

Устоз санъаткорлар спектакль бошланишидан беш-олти соат олдин келиб унга ҳозирлик кўришарди. Ҳозир-чи? Айрим актёрлар ўн дақиқа қолганида амал-тақал қилиб етиб келиб, ролини ўйнайди-ю, кейин тўйга шошади. Тўй ор­қали таниламан, санъатда бирор натижага эришаман деган одам адашади. Бунақа йўл билан фақат омонат обрў-ю, ўткинчи давлатга эришиш мумкиндир. Аммо санъат фақат кун кўриш, пул топиш воситаси эмас!

Назаримда, санъатга кириб келаётган ёшларга ижро маҳоратидан ҳам аввал саҳна масъулияти, ижодкор хулқ-атвори каби муҳим жиҳатларни ўргатиш керак.

– Бугунги кино санъатига қандай баҳо берасиз? Бир марта намойиш этилар-етилмас экрандан тушиб кетаётган арзон-гаров фильмлар ўрнига дунё кино бозорига чиқадиган умрбоқий фильмлар яратиш вақти келмадимикин?

– Классика даражасида янги кинокартиналар яратиш керак, албатта. Амир Темур ҳақида бадиий фильм олинди. Картина учун давлат томонидан каттагина маблағ ажратилганди. Лекин… Амир Темур – дунё тан олган саркарда! У ҳақда олинган фильм ҳам жаҳон тан оладиган савияда бўлиши керак! Тарихимизда фильм қилиш мумкин бўлган, тайёр киноматериаллар кўп. Масалан, қўрқмас саркарда Жалолиддин Мангуберди тўғрисида бақувват фильм ишлаш мумкин.

Санъат – покиза тушунча, унга пул, таъма, ғараз аралашдими, у тижоратга айланди деяверинг! Хусусий студияларнинг енгил-елпи кинолари кўпаяётганидан мен ҳам ташвишдаман. Пул тикаман деган ҳотамтой топилса бас, съёмкага тушиб кетишаяпти. Натижада “хонтахта” дейсизми, “тижорат”ми – бир марталик фильмлар кўпайиб бораяпти. Фильмларнинг тезкорлик билан олинаётганини айтмайсизми! Ҳалигача оҳорини йўқотмаган, катта-ю, кичик томошабинни ҳайратга солаётган фильмлар, дейлик, “Нас­риддин Бухорода” картинаси бир неча йил давомида олинган. Ҳозир эса уддабурон ижодкорлар бир бадиий фильмни ўн беш-йигирма кунда олиб қўйишаяпти. Фильм шошма-шошарлик билан олингач, савия ҳам шунга яраша бўлади-да. Киноижодкорлар кўпайгани яхши. Аммо кинони конвеерга айлантириб юбормаслик керак.

– Гап айланиб, режиссурага келиб тақалмоқда. Актёр сифатида ҳали йўлини топиб улгурмасдан режиссёрликда ўзини синаб кўраётганлар бор. Бу эса мухлислар тасаввурида режиссёрлик ҳар ким эплай оладиган иш экан-да, деган қарашни шакллантираётгандек…

– Актёр агар режиссурада кучини синаб кўрмоқчи экан, майли, бир кўрсин соҳанинг паст-у, баландини. Аммо режиссёрлик даъво қилаётган валломатнинг одамларга айтадиган сўзи йўқ бўлса, унда ўзини ҳам, томошабинни ҳам овора қилмагани маъ­қул. Одам бирор университетда ўқиб шоир ёки Ёзувчи бўлиб қолмаганидек, санъат институти дипломини олиш билан ҳам режиссёрга айланмайди. Туғма истеъдод эгаси, кўнглида дарди бор ҳассос одамдангина чинакам режиссёр етишиб чиқади. Комил Ёрматов, Наби ўаниев ана шундай ижодкорлар эди. Сўнгги йилларда Зулфиқор Мусоқов яхши асарлар олди. Ёшлардан Аюб Шаҳобиддинов, Ёлқин Тўйчиев ўз йўлини топишга интилаяпти.

– Киноасарнинг муваффа­қияти кўп жиҳатдан унинг адабий негизи – ссенарийга боғлиқ. Яхши картиналар учун балки маҳорат билан ёзилган ссенарийлар етишмаётгандир?

– Илгари катта Ёзувчилар ҳам киноссенарийга минг бир истиҳола билан қўл уришарди. Ҳозир осон бўлиб қолдими, ул-бул машқ қилиб юрган бошловчи ижодкорлар ҳам ссенарий ёзишга тушиб кетишди. Авваллари адабиётда шов-шув бўлган асарлар тез фурсатда кино ва театрга кўчарди, улар асосида спектакль ва кинокартиналар яратиларди. Адабиёт ва санъат аҳли жуда яқин ижодий ҳамкорликда ишларди. Назаримда, бугун ана шу ҳамкорлик анча сусайиб қолгандек.

Аммо сўнгги йилларда Ёзувчи Эркин Аъзам асарлари асосида яхши фильмлар олинди.

Кино ривожида мунаққидликнинг ҳам ўрни катта. Худди адабиётшуносликда бўлганидек, кинода ҳам бадиий фильмларни таҳлил қиладиган, сарагини саракка, пучагини пучакка чиқарадиган, актёрнинг ютуғи-ю, камчилигини кўрсатиб берадиган холис танқидчилар сув ва ҳаводек зарур.

Абдул Босит суҳбатлашди

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).