Таниқли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Пиримқул Қодиров пойтахтимиз марказидаги юксак арғувонлар қуюқ соя бериб турган шинам ҳовлилардан бирида истиқомат қилади. Истиқлол шукуҳи кезиб юрган улуғ айём арафасида севимли адибимизни байрам билан қутлагани бордик. Салом-аликдан сўнг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси муштарийларининг қутловларини айтиб, муҳтарам адибимизни суҳбатга чорладик.
— Истиқлол халқимизни, миллатимизни ёруғ манзилларга, жаҳон узра янада юксак поғоналарга олиб чиқди, — деб бошлади Пиримқул ака ўз сўзини. — Мана, ўн саккизинчи довонга ҳам етиб келдик. Бу кунларни кўриб турганимиз, шундай улуғ айёмларга етганимиз учун Яратганга беадад шукрона айтамиз.
Ўтган ўн саккиз йилнинг ҳар бир довонида она Ўзбекистонимиз иқтисодий тараққиёт борасида ҳам, маънавият ва маърифат соҳасида ҳам катта ютуқларни қўлга киритиб, бу катта салоҳиятни изчиллик билан мустаҳкамлаб бораётганига гувоҳмиз. Ёнилғи-энергетика манбалари ва ўзимизни ғалла билан таъминлаш каби ғоят муҳим стратегик масалаларда мустақилликка эришганимиз, темир йўл ва автомобил йўлларини ривожлантириш бўйича Буюк Ипак йўлининг қадимги мавқеини тиклаб, жаҳонга ўз йўлларимиз билан чиқаётганимиз кимнинг ҳавасини келтирмайди, дейсиз!
Мамлакатимизнинг иқтисодий қудрати қай даражада ўсганлигини пойхтахтимиз ва вилоятларимизда ўтган ўн саккиз йил мобайнида бунёд этилган ва ҳамон кун сайин кенг қулоч ёйиб бораётган янги қурилишлар, шаҳар ва қишлоқларимиз ободончилиги соҳасидаги мисли кўрилмаган ўсиш-ўзгаришлар ҳам яққол намоён этиб турибди.
Мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузи ошиб боришига монанд ҳолда маънавий-маърифий жабҳада эришган ютуқларимиз ҳам ҳар биримизни қувонтиради. Энг аввало, ўтмишда яшаб ўтган буюк аждодларимиз — соҳибқирон Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби жаҳон тан олган саркардаларимиз, Мирзо Улуғбек, Аҳмад Фарғоний каби улуғ алломаларимиз, Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Мотурудий, Имом Термизий, Ал-Ҳаким ат-Термизий каби тасаввуф алломаларининг маънавий меросидан халқимизни баҳраманд этиб, уларнинг таваллуд саналарини катта тантаналар билан нишонладик. Шўролар даврида унутилиб, ғубор қоплаган маънавий қадриятларимиз тикланиб, жаҳон цивилизацияси тараққиётига бемисл ҳисса қўшган қадимий шаҳарларимизнинг кўп асрлик тарихий саналари ЮНЕСКО ҳамкорлигида кенг нишонланмоқда.
Айниқса, Юртбошимизнинг адабиётимиз ва адабиёт аҳлига ғамхўрлиги бизни ғоят мамнун этади. Негаки, яхшилик ва эзгулик табиатан адабиётнинг моҳиятида мавжуд бўлса-да, адабиёт яхшиликдан яшнайди. Юртбошимизнинг яқинда миллий адабиётимизни ривожлантириш ва адабий жамоатчилик олдида турган долзарб вазифалар юзасидан айтган фикр-мулоҳазалари истиқлол йилларида Президентимиз томонидан адабиётимиз равнақи йўлида кўрсатиб келинаётган ғамхўрликнинг изчил давоми бўлди. “Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор” деб номланган ана шу фикр-мулоҳазаларда билдирилган ва илгари сурилган муҳим ғоялар, ўйлайманки, барча ижодкорларимиз қалбидан чуқур жой олди. Юртбошимизнинг истеъдод ва унинг тарбияси борасида айтган мана бу гаплари янада ибратлидир: “Менинг фикримча, ёзувчилик — бу оддий касб эмас, худо берган истеъдоддир. Бу — қисмат, пешонага ёзилган тақдир. Бу касбга ҳеч қаерда ўқитиб, ўргатиб бўлмайди. Ёзувчиликнинг мактаби ҳам, дорилфунуни ҳам битта. У ҳам бўлса, бир умр ҳаётнинг ичида бўлиш, ўз халқи билан ҳамдарду ҳамнафас бўлиб яшаш, ҳақиқат ва адолатга садоқат билан хизмат қилишдир”.
Мамлакатимиз Йўлбошчисининг бу фикрларида ёзувчилик истеъдоди, ёзувчининг меҳнати ва қобилиятига муҳим эҳтиёж сифатида қаралиб, истеъдоднинг жамият ҳаётидаги ўрни ниҳоятда теран ифода этилган. “Ёзувчилик — қисмат, пешонага битилган тақдир”, деган сўзларнинг ниҳоятда топиб айтилганига менинг олтмиш йиллик ижодий изланишларим ҳам бир мисол бўла олади. Халқимизда “Оққан дарё яна оқади”, деган доно нақл бор. Шу маънода ёзувчиларга ижодий шароит яратишнинг зарурлиги алоҳида таъкидланиб, бунинг энг тўғри йўллари кўрсатиб берилгани ҳам айни кўнгилдаги муддао бўлди. Бу адабиётимиз келажаги учун катта ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир. Ёзувчиларга қилинган яхшиликлар уларга қанот бағишлайди. Бу қанотлар адабиётни янги юксакликларга олиб чиқади. Шу жараённинг изчиллигини таъминлаш келгусида улуғ ёзувчилар етишиб чиқишига замин ҳозирлайди. Келажакда халқимиз орасидан Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек каби буюк адиблар етишиб чиқишига ишонамиз. Президентимизнинг адабиётимиз равнақи йўлида кўрсатаётган улкан эътибори бу ишончимизга асос бўлади.
— Пиримқул ака, Президентимизнинг Сизга таваллудингизнинг саксон йиллиги муносабати билан йўллаган табрик хатлари орқали давлатимиз раҳбарининг адабиётимиз ва унинг заҳматкашларига эҳтиромлари ниҳоятда чексиз эканлигининг гувоҳи бўлган эдик. Ушбу табрикда собиқ шўро мафкураси тазйиқлари ва қаршиликларига қарамай, сизнинг халқимиз тарихининг ёрқин саҳифаларидан бўлмиш буюк темурийлар даврини, дилбар шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодларининг мураккаб, машаққатли ҳаёт йўлини ҳаққоний акс эттирган “Юлдузли тунлар”, “Авлодлар довони” сингари гўзал асарлар яратганингиз ва улар адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин олиб, халқимизнинг маънавий мулкига айлангани алоҳида эътироф этилган.
Мазкур хатдаги “Истиқлол руҳи Сизнинг ижодингизга янги куч-қувват ва илҳом бергани сўнгги йилларда ёзилган асарларингизда яққол намоён бўлиб турибди. Хусусан, шу улуғ ва таббаррук ёшда ҳам ҳормай-толмай ижод қилиб, “Тил ва эл”, “Амир Темур сиймоси” сингари пухта изланиш ва тадқиқотларга бой китоблар яратганингиз ёш адиблар учун ибрат намунаси бўлиб хизмат қилади“, деган ҳароратли сўзлар эса мухлисларингизни беҳад севинтирди.
— Юртбошимизнинг саксон йиллигим муносабати билан йўллаган ушбу табрикларини эслаганингиз учун Сизга раҳмат. Бу юксак эътиборни нафақат менинг камтарин ижодимга, балки бутун адабиётимиз намояндаларига бўлган катта эҳтиром сифатида қабул қилиб, ғоятда севинганман. Мактуб саксон йиллик умримнинг энг масъуд дамларида етиб келганлиги учун тақдирга шукрона айтганман. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбарига ёзган мактубимда Юртбошимизнинг қанчалик банд бўлишларига қарамай менинг камтарона роман ва қиссаларимни ўқиб чиққанлари, уларга заршунослик нигоҳи билан қараб, теран маъноли фикрлар билдирганлари учун чин қалбимдан чексиз миннатдорлигимни билдирдим. Мустабид тузум даврида бизни иккинчи даражали инсонлар деб камситишларига қарши Абдулла Қодирий ва Чўлпон қаламни қурол қилиб, Отабек, Анвар, Кумуш, Раъно, Зеби каби ажойиб қаҳрамонларни яратдилар. Аслида бундай жозибали инсонлар ҳар бир халқда бор. Мен ҳам шуни ҳисобга олиб, халқимиз орасидан етишиб чиққан маънавий етук ва гўзал шахсларни қисса ва романларнинг бош қаҳрамонлари қилиб тасвирлашга интилдим. Бу китобларда миллий туйғуни уйғотадиган муаммолар кўтарилгани мустабид тузум мафкурачиларига ёқмас эди. Бунинг устига Бобур Мирзо ва Акбаршоҳ дилбар шахслар қиёфасида тасвирланган эди. Ўзингиз биласиз, бу романлардан бири олти йилгача йўли тўсилиб, босилмай ётди. Иккинчиси яна уч йил тақиқ остида тўхтатиб қўйилди. Босмахонада нашрга тайёрлаб қўйилган бу асарларнинг ҳарфлари икки марта сочиб ташланди. Ислом Абдуғаниевич йўлбошчиси бўлган истиқлолнинг ғалабаси мени бу оғир аҳволдан қутқарди. Салкам ўн йил тақиқ остида бўлган ушбу романлар мустақиллик йилларида яна қайта-қайта нашр этилди.
Бугун истиқлол байрами арафасида такрор бўлса ҳам айтайин, Юртбошимизнинг адабиётимизга кўрсатаётган катта ғамхўрликлари бизни юксак ижодий камолотга ундайди. Бошқа адиблар қатори мен ҳам бутун умримни, бор куч ва қобилиятимни миллий маънавиятимиз ва унинг узвий қисми бўлган адабиётимизни ривожлантиришга сафарбар этаман.
— Пиримқул ака, Сизнинг “Олмос камар” романингиз Тошкент зилзиласидан кейин шаҳарни қайта қуриш йилларида ёзилган эди. Сиз бу жараёндаги муаммоларни тилга олиб, хусусан, Тошкентнинг шарқона шаҳар сифатида таркиб топган тарихий қиёфаси, маҳаллаларидаги ўзига хос табиий муҳитни сақлаб қолиш борасида меъморлар ва қурувчилар ўртасида бўлиб ўтган зиддиятларни тасвирлашга ҳаракат қилган, бир жонкуяр адиб сифатида Тошкент каби йирик шаҳарлар архитектураси ўз жўғрофий ўрни, иқлими ва миллий анъаналарга ҳам мос бўлиши зарурлигини дадил кўтариб чиққандингиз. Агар янглишмасам, бунга кўп жиҳатдан, ўша йиллари Тошкентда уй-жой ва боғ-меъморчилиги борасида халқимизнинг миллий анъаналари, асрлар мобайнида шаклланган ўзига хос яшаш тарзи шўро меъморлари томонидан ҳисобга олинмасдан бир хил қолипга кирган андозалар асосида иш тутилиши, Осиёнинг қайноқ қуёши остида бетондан қурилган каталакдай уйларда яшашга маҳкум этилганимиз ҳам сабаб бўлганди. Мана, орадан қирқ йил ўтиб, Тошкентимиз бутунлай бошқача қиёфага кирди. Истиқлол йилларида миллий меъморлик санъатимиз ҳеч бир тўсиқсиз ривожланди. Ўз юртимиз, ўз иқлимимиз, миллий анъаналаримизга мувофиқ қилиб қурилган гўзал иморатлар Тошкент ва бошқа шаҳарларимизга узукка қўйилган кўздай ярашиб турибди. Истиқлол даврида миллий меъморчилик ва уйсозлик соҳаси ҳам катта ўзгаришларга юз тутди. Айниқса, Тошкентнинг 2200 йиллик тўйи арафасида пойтахтимиз жамолига боқиб тўймайсиз.
— Сиз шу кунларда менинг кўнглимдан кечиб турган ҳислар, фахр-ифтихор туйғуларини яна бир бор ёдга солдингиз. Мен сиз айтиб ўтган “Олмос камар” романимнинг қаҳрамонлари — ўз шаҳарларининг асл шарқона ва миллий қиёфаларини яратишни орзу қиладиган ва бу орзуни рўёбга чиқариш учун имкон қадар кураша олишга қодир бўлган Аброр ва унинг севиклиси Вазира образлари орқали шу зарур муаммони ўша вақтда айтишга ҳаракат қилган эдим. Ўзингиз биласиз, ўша даврларда Аброр ва Вазира каби ҳалқимизнинг миллий меъморчилиги тақдирига жонкуярлик билан ёндошадиган меъморлар етарли эмас эди. Борларининг ҳам имконияти чекланган бўлиб, Европа шаҳарсозлиги анъаналарига оғиб кетиш урф бўлганди…
Мустақиллик бизга барча соҳаларда эркинлик берди. Миллий меъморчиликнинг гуллаб-яшнагани фақат қадимий меъморий обидаларимиз таъмирланиб, ўз гўзал қиёфаларига қайтганидагина эмас, Тошкентда ва вилоят марказларимизда бунёд этилаётган янги биноларда ҳам рўй-рост кўриниб турибди. Тошкент ва бошқа шаҳарларимиз истиқлол туфайлигина ўзининг бетакрор шарқона қиёфаларига эга бўлди. Меъморий иншоотлардаги мовий гумбазлар кўзимизни яшнатиб, дилимизга қувват бўлаётир. Айниқса, пойтахтдаги Миллий боғимиз, Алишер Навоий ҳайкали мажмуининг гўзал қиёфаси, “Шаҳидлар хотираси” хиёбони ҳамда Мустақиллик майдонидаги “Эзгулик аркаси” ҳайратимизга ҳайрат қўшади.
Ўзининг 2200 йиллигини нишонлашга тараддуд кўраётган Тошкент энди асл шарқона Тошкентга ўхшади. Бугун истиқлол йилларида қурилган Темурийлар тарихи давлат музейи, Ёшлар ижод саройи, санъат галереялари, спорт саройлари, миллий театримиз ва консерватория бинолари, Олий Мажлис ва Олий Мажлис Сенати биноларига бир назар солинг-а. Уларнинг шарқона ва миллий меъморий услубларга ҳамоҳанг қиёфаларидан қанчалар завқ-шавқ оласиз. Шу кунларда Соҳибқирон бобомизнинг муҳташам ҳайкаллари салобат тўкиб турган хиёбон ёнида қад ростлаган янги Анжуманлар саройи эса Тошкентимизга янада катта улуғворлик бахш этаётир.
Бу ўзгаришларнинг бош ижодкори ҳам истиқлолимизнинг бош меъмори Юртбошимиздир. Ўтган ўн саккиз йил мобайнида қад кўтарган меъморий иншоотларнинг ҳар бирини мен истиқлол йилларининг буюк дастхати сифатида баҳолагим келади…
— Она тилимизнинг қадр топгани ҳам истиқлол даврининг буюк неъматларидан бири бўлди. Сизнинг “Тил ва эл” деб номланган илмий бадиангиз эса мумтоз адабий тилимизнинг кўп асрлик шаклланиш жараёнлари тадқиқ этилгани билан қадрлидир. Бу китоб қандай эҳтиёж маҳсули сифатида майдонга келди? Шу ҳақда ҳам сўзлаб берсангиз.
— Агар ёдингизда бўлса, анча йиллар аввал ёзилган “Халқ тили ва реалистик проза” номли тадқиқотимда ранг-баранг, бой ва гўзал халқ тилининг янги ўзбек прозаси шаклланишида, хусусан, унинг ХХ аср бошидаги реалистик тамойиллари қарор топишидаги аҳамиятини кўрсатишни мақсад қилгандим. “Тил ва эл”да она тилимиз, адабиёт, маданият, маънавиятимиз тарихи ҳақида фикр юритиб, бу маданиятни яратган буюк сиймоларимиз асарларига тўхталишга, уларнинг бебаҳо фазилатларини кўрсатиб беришга, Алп Эр Тўнга — Афросиёб, Билге ҳоқон, Култегин, Маҳмуд Кошғарий, Аҳмад Яссавий, Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобурларнинг мумтоз адабий тилимизни яратишдаги буюк хизматларини кўрсатиб беришга ҳаракат қилдим. Негаки, “Билге ҳоқон ва Култегин” достони, “Алп Эр тўнга жангномаси”, “Қутадғу билиг”, “Девону луғатит турк”, Аҳмад Яссавийнинг ҳикматлари, Хоразмийнинг “Муҳаббатнома”си, Қутб Хоразмийнинг “Хусрав ва Ширин” достони, Сайфи Саройининг “Гулистон бит турки” асари каби бадиий обидалар, шунингдек, соҳибқирон Амир Темур давригача яратилган кўпгина асарларда ўзбек мумтоз адабий тилимиз шаклланган эди. Олтин Ўрданинг адабий тили ҳам бизнинг мумтоз ўзбек адабий тилимиз эди.
Шунга қарамай, шўро тилшунослигида бу давр адабий тили “Чиғатой тили”, “Олтин Ўрда адабий тили”, “Чиғатой адабиёти” каби қандайдир сиёсий мақсадларни кўзлаган, илмийликдан йироқ иборалар билан аталиб келган эди. Мен бир адиб ва олим сифатида “Тил ва эл” китобимда ана шу ҳақиқатни исботлашга ҳаракат қилдим. Эндиликда “Чиғатой тили” ёхуд “Чиғатой адабиёти” каби иборалар ўрнига ўзбек мумтоз адабий тили ва ўзбек мумтоз адабиёти атамаларини қўллаш мақсадга мувофиқдир.
Истиқлолимизнинг шарофати, истиқлол берган катта имкониятлар биз ижодкорларни мана шу каби маънавий қадриятларимизни тиклашга илҳомлантирди. Бу катта имконият бизни халқимизнинг онгу тафаккурини кўтариш, она тилимизни, халқимизнинг бадиий тафаккурини ривожлантириш, маънавиятни юксалтиришга илҳомлантириши зарур, деб ўйлайман.
— Улуғ байрамимиз арфасидаги мазмунли суҳбатингиз учун газетхонларимиз номидан ташаккур айтамиз.
Суҳбатни Мурод АБДУЛЛАЕВ ёзиб олди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 34-сонидан олинди.