1. Кимдир адабиётимиз юксалиш палласида деса, кимдир бунинг аксини тасдиқлайди. Сизнингча, қай бири ҳақ ва нега?
2. Ҳозирги адабий жараёндаги қайси муаммо сизни энг кўп ташвишга солади? Ушбу муаммони бартараф этишнинг қандай самарали йўлини кўрсата оласиз?
3. Кейинги пайтда замондош адибларимиздан кимларнинг китобларини ўқидингиз? Қайси асар сизга маъқул келди-ю, қайси асардан кўнглингиз тўлмади? Бунинг сабаблари нимада?
Мазкур анкета ёрдамида бугунги адабий жараённинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида бир қур фикрлашиб олсак, фойдадан холи бўлмас. Ахир, айтадилар-ку, “Кенгашли тўй – тарқамас”, деб. Шундай эзгу ният ила анкетамиз саволларига навбатдаги жавобни эътиборингизга ҳавола этаётирмиз.
1. Бугунги адабиётнинг аҳволи ҳақида қатъий ҳукм чиқариш қийиндир-ку, аммо шу соҳага озми-кўпми алоқадор кишининг бу хусусда ўз мулоҳазаю хулосалари бўлмаслиги ҳам мумкин эмас.
Ҳар кун жилд-жилд китоблар нашр этиляпти, адабиётшунослик уларни тинмай тадқиқ қиляпти, баъзи адибларимиз асарлари дунёнинг турли мамлакатларида чоп этилаётгани ҳақида хабарлар келиб турибди… Айни ҳолат кимгадир юксалиш бўлиб кўринаётган бўлса ажабмас. Аммо бу – ҳали миқдор, холос. Санъат ва Вақтнинг ўз мезонлари бор. Ҳамма замонларда адабиётнинг хос ўқувчилари бўлган. Улар шон-шуҳратниям, мукофоту ёрлиқларниям тан олмайди. Уларга ҳаёт ҳақиқатининг гўзал бадиий талқинию бундан қалбнинг теран ларзага тушишигина муҳим, холос. Дейлик, Румий, Навоий ёки Толстойни ўқиб-ҳис этган ўқувчи “юксалиш палласи” деган иборани қўллашда сахий бўлолмаслиги аниқ.
Бадиий ижод – ўта ичкин, индивидуал ҳодиса, шу боис адабиёт ривожи ҳамиша алоҳида номлар билан боғлиқ. Улуғ асар, буюк ижодкор ижтимоий воқелик билан чамбарчас боғлиқ ҳолда узоқ йиллар, баъзан асрлар бўйи етилади. Ҳа, сўз даҳолари чақмоғи ҳар кун чақнамайди, бу – қонуният. Лекин у чақмоқдан бу чақмоққача кичик-кичик кўтарилишлар бўлиб туриши ҳам айни ҳақиқат.
Бугун халқ улкан тарихий ҳодисалар ичида яшамоқда. Глобаллашган дунё, тез-тез ўзгараётган ижтимоий идеаллар, тобора юксалаётган моддият байроғи, ҳидоят ва залолат оралиғида тебраниб турган инсоният… – миллий адабиётимиз шуларнинг бари ҳақида ўз сўзини айтишга масъул.
Адабиётнинг асл моҳияти – дунёни, инсон фикри ва қалбини ўзгартирувчи куч эканидадир. Бу асл моҳият яланғоч шиорларда, қуруқ даъват ва тарғиботда эмас, одамлар қалбида эзгулик ва гўзалликка муҳаббат уйғотиш орқали жамиятнинг мўътадиллашувида ифода топади. Ҳаёт ҳақиқатларини кўрсатиш орқали Инсонга ўз ҳаққини танитувида ифода топади.
Бизнинг асримизда адабиёт асл моҳиятидан тобора узоқлашиб, ҳавасгами, эрмакками айланиб қолаётгандек… Тўғри, кимлардир сўз санъатининг асл моҳиятини сақлаб қолишга жон-жаҳди билан ҳаракат қиляпти. Адабиётни жамиятнинг ҳавотозалагичига айлантиришга уриняпти. Бироқ аксар битикларда жонсиз бир баён, не бир асарлару адиблар “соя”си бордек. Сиртида адабиёт бор-у, аммо ичида адабиёт йўқдек. Недир бир зўриқиш, зўрма-зўракилик; тўқима воқеалару ҳиссиз… ҳис-туйғулар бордек. Адабиётнинггина зийрак кўзлари илғайдиган воқеликлар йўқдек. Ўқувчигами, сўзгами писандсизлик бордек. Акс ҳолда, бугунги адабиёт аёл гўзаллигини “Атлас кўйлак-лозим кийган, ялтираб турган сочи тақимини ўпадиган, оппоқ юзли, киприклари узун-узун, жисми нозиккина…” қабилида нўноқ бир ҳикоячидек наридан-бери тавсифлашдан истиҳола қилган бўларди. Бу каби ғариб ифодаларни яқин-яқинларда ҳам “Анойининг жайдари олмаси”, “Олис Артек хотиралари” каби юксалишлари бўлган ўзбек адабиёти номидан тақдим этишга шошилмаган бўларди.
Дарвоқе, “Анойининг жайдари олмаси”да ҳаётнинг шундай бир кўз илғамас фожиаси қаламга олинганки, ҳикояни ўқигандан сўнг анча вақт ўтгач ҳис этасиз уни: бу шафқатсиз дунёда покиза тийнатинг ҳам бошингга бало бўлар экан!
Дарвоқе, “Олис Артек хотиралари” ҳам инсоннинг руҳий шижоатини билдирмай синдирадиган осуда фожиа ҳақида…
Дарвоқе, булар – сўз санъати!
2. Албатта, бадиий ижодда истеъдод – бош масала ва у бизнинг ихтиёримиздан ташқаридаги ҳодиса. Қолганлари ҳақида эса гапириш мумкин. Адабий жараёндаги деймизми, адабиётдаги деймизми – муаммо шуки, Яратган яхшигина истеъдод билан сийлаган адиблар ҳам бугун ижодга енгил-елпи қараётгандек туюлади. Балки замоннинг шиддаткорлиги сабабдир. Балки муваққат бир нималар ноғораси асл ҳодисалар овозини босиб кетаётгани сабабдир. Билмадим. Мен адабиётни тўла-тўкис тасвир, ижодкорни сўз мусаввири деб англайман. Назаримда, бугунги адабиётимиз мушоҳада майдонига айланиб қолгандек. У ғоя гегемониясидан ҳалиям халос бўлолгани йўқ; негадир адабиётшунослик, танқидчиликни ҳам кўпроқ ғоя, сўзга моҳирлик қизиқтираётир.
Албатта, бадиий сўз ижтимоий, ахлоқий ёки шунга ўхшаган мазмунсиз мавжуд бўлолмайди, азал-азалдан шундай. Аммо адабиёт, тарих ёки дидактикадан фарқли ўлароқ, тирик борлиқдир. Бу борлиқ жибиллий дард, сўз туйғуси, ёрқин тасвир, ҳаёт тафсилотларидан нафас олади; билъакс, у ўлади ёки пажмурдага айланади. Узлуксиз изтироб чекиб яшамоқ, дунёни фожеий идрок этмоқ, ҳаётни майда икир-чикирларигача ўрганмоқ; сўзда сурат чизмоқ, бешафқат таҳрир қилмоқ – бадиий сўз тириклигининг асосий шартидир. Ваҳоланки, бугун насрда сюжет драмаси, шеърда туйғу драмаси етишмаяпти. Насрниям, шеърниям қуруқ баён фалаж этиб ташлагандек…
Бугунги адабиётда “ТИРИКЛИК” муаммоси бор ва уни, менингча, “Ижод – азобу машаққатдан бошқа нарса эмас”, деган адибларгина еча оладилар. “Адабиёт ўзингча ўта муҳим деб билганинг бир ғояни ўйлаб чиқиб, унга попугу шокила тақиб чиқиш эмас, адабиёт ўша ғояни аччиқ ичакдай чўзиш эмас, адабиёт тор шахсий кечинмалардан иборат минғир-синғир эмас”, деган адибларгина еча оладилар бу муаммони. Ҳаётнинг бошқа барча лаззатларини Адабиётга қурбон қилганлар еча оладилар. Хуллас, неки муаммо бўлса, ечими – шарт-шароитда, танқидчида, ўқувчида эмас, айнан ИЖОДКОРдадир.
Бугунги адабиётда “Тикти кўксим чокину, тийғин танимда қилди гум, / Эл эшикни қулф этиб туфроққа кўмгандек калид” (Алишер Навоий) каби синчков нигоҳни, оддий эл турмушига ичкин, қизғин муҳаббатни соғиндик…
Бугунги насрда “Раънонинг сочи гунгурт-қора, яъни қуёшсиз жойларда қора кўринса ҳам, қуёшда бир оз сарғиш бўлиб кўринар эди” (Абдулла Қодирий) қабилидаги бадиий сўзга ўлмас жозиба, ҳароратли нафас бағишлайдиган инжа кузатувларни, ҳаётнинг жонли манзараларини соғиндик…
Бугунги шеъриятда “Анор донасидек қаторинг ўртаб / Бағримдан ситилиб кетдинг-ку, болам” (А.Орипов) сингари ёрқин чизгини, “ўртаб”, “ситилиб” янглиғ ўтлиғ нафаси юзимизга урилиб турган сўзларни соғиндик…
3. Кейинги пайтларда кўпроқ ёшлар ижодини ўқияпман. Профессионаллар ўта профессионаллашиб кетгандек туюляпти. Адабиётни қисмат деб биладиганлари саралангунга қадар — ҳозирча улар жуда кўпчилик ва ёшликнинг баланд завқу шавқи билан ижод қилмоқда.
Жавлон Жовлиевнинг ҳикояларида инсон ҳаётининг фожиа ва драмалари кўзёшдек тиниқ лиризм билан уйғунлашиб кетган. Ифода услубида бошқаларда кўрилмаган порлоқ самимият, дарё каби табиий равонлик бор. Асл адабиёт кўнгилочар қиссаю романларга бериб қўйган қизиқарлилик бор.
Мадина Норчаева ҳам ёниб-ёниб ёзяпти. Мадина ҳаётни драматик идрок этади, оламни кутилмаган образларда кўради.
Жонтемирнинг шеърларини ўқияпман. Унда Бобурнинг қизғинлигини, Лермонтовнинг шиддатини, Есениннинг ҳурриятини, Рауф Парфининг куюк бағрини ҳис этяпман. У тортинмай, овозини баралла қўйиб куйлаяпти. Жонтемирда оламнинг турли жабҳаларига оид анча чуқур билим, тафаккур ҳам бор. Дарвоқе, шоирлик учун қарийб унутилаёзган нарса бу… Дарвоқе, Абдулла Орипов “Мусо илтижоси етди-ю гўё / Ҳақ тур тоғи узра кўрсатди жамол” деб ёзганда неча ёшда эди?
Ёш дўстларимнинг кўпини ўқисам, ғалати ҳис ичида қоламан. Уларда адабиётга дахлдор ҳамма нарса бор, лекин… юрак жунбишга келмайди. Ўйлаб топилган образлар, чиройли парадокслар, ақлли гаплар, сўз ўйинлари бор; аммо Қалбни чирмаб олганча гулзорга айланувчи гулхан йўқ – тахминан шундай деса бўлади. Ўз хочини кўтариб ўулқоф сари бораётган Исо изтиробини туймай туриб, шоир бўлиш даргумон. Нечунким, шоирлар ҳам қутқарувчилардир…
Нодира Афоқова, филология фанлари доктори
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2018 йил, 44-сон