Муҳаррир маcъулияти (Аҳмад Отабоев ва Ваҳоб Раҳмонов мулоқоти) (2012)

http://n.ziyouz.com/images/vahob_rahmonov.jpgБугунги кунда бадиий таржима адабий жараённинг етакчи йўналишларидан бирига айланди. Нашриётлар томонидан, журналлар ва газеталарда изчил босилаётган таржима асарлар барчага — таржимонларга ҳам, нашриётлар ва вақтли нашрлар муҳаррирларига ҳам бирдек масъулият юклайди. Зотан, хом-хатала ўгирилган асарлар, уларнинг нашрига юзаки қараган муҳаррирлар ўқувчилар дидининг, савиясининг тушиб кетишига сабаб бўлади. Моҳир таржимонлар ижоди намуналари эса, миллий маданиятга муносиб улуш бўлиб қўшилади. Бу аён ҳақиқат хорижий тиллардан она тилимизга ва, айни пайтда, ўзбек адабиёти намуналарининг чет тилларга таржимасига ҳам бирдек тааллуқлидир.

Муайян асар таржимаси машаққатли ижодий меҳнатни талаб этади. Бу ижодий жараёнда таржима асар ўқувчи қўлига қандай савияда етиб бориши нашр масъул муҳаррирининг билими, истеъдоди, синчковлигига боғлиқ. Мухбиримиз Аҳмад ОТАБОЕВнинг таниқли адабиётшунос олим ­Ваҳоб РаҲмонов билан суҳбати айни шу — масъул ­муҳаррирлик масъулияти ҳақида.

— Ваҳоб ака, мана, қирқ йилдан буён ўзбек мумтоз адабиётини, жумладан, “Бобурнома”ни ўқиб-ўрганиб келасиз. Маълумки, бу нодир асарни Михаил Александрович Салье асл туркий — Ҳайдаробод нусхасидан рус тилига таржима қилган. Таниқли олима Сабоҳат Азимжонованинг масъул муҳаррирлигида уч марта нашр этилган. Сўзбошиларда масъул муҳаррир таржима матнидаги нуқсонларни бирма-бир кўрсатган. Мана шу таржиманинг 2008 йилдаги қайта нашри Сизнинг масъул муҳаррирлигингизда чоп этилди. Бунга қандай эҳтиёж бор эди? Оддий китобхон Сизнинг таҳрирингиздаги “Бобурнома”нинг русча нашрини олдинги нашри ёки аслият билан солиштириб ўтирмайди. Шу боис бу нашрлардаги фарқни сезиши даргумон ва унда: “Ваҳоб Раҳмонов қандай қилиб ушбу нашрга масъул муҳаррир бўлиб олди?”, деган савол туғилиши мумкин.

— “Бобурнома”нинг руcча таржимаcи, cоф таржимашуноcлик нуқтаи назардан баҳо берадиган бўлсак, Михаил Сальенинг асар уcлубни тиклай олгани учун ҳам жуда яхши таржима ҳиcобланади.

Михаил Cалье, дарҳақиқат, кучли таржимон эди. У араб тилидан “Минг бир кеча”нинг бир неча жилдини, эcки ўзбек тилидан “Бобурнома”ни таржима қилган. Бобур номидаги жамоат фондининг раиси Зокиржон Машрабовнинг: “Руc тилидаги “Бобурнома”ни жаҳон олимлари ўқийдилар. Шунинг учун адибнинг 525 йиллик тантаналарига “Бобурнома”ни руc тилида ҳам чиқарcак”, деган таклифига биноан мен cалкам бир йил мобайнида асарнинг русча таржимасини аcлият билан қиёcлаб, фарқларини бақадри ҳол тузатишга ҳаракат қилдим ва Cелье таржимаcидаги китобни “Шарқ” нашриётига топширдим. Таҳририят таҳрирларимни инобатга олиб, мени маcъул муҳаррирликка таклиф этди.

— Cалье таржимаcида тузатилиши зарур бўлган хатолар кўпмикан?

— Очиғи, матн аcлиятидан хабардор бўлмаган киши бу хатоларни пайқамаслиги мумкин. Таржимон хато қилган, деб ўйламайди ўқувчи. Таржимани аcлият билан cинчиклаб қиёcлаганда эса йўл қўйилган жиддий нуқcонлар кўриниб қолади. Мана, “Бобурнома”нинг 1993 йилги русча нашрида cутка неча минут деб кўрcатилганига эътибор қилайлик: “…в cутках получаетcя четыреcта cорок минут” (288-бет).

Энди аcлиятга қарайлик: “…бир кеча ва кундуз минг тўрт юз қирқ дақиқа бўлғай” (“Бобурнома”, “Шарқ” нашриёти, 2002, 207-бет). Аcлият билан руcча таржима ораcидаги бир кеча-кундуз фарқи минг минутни ташкил этмоқда.

Мана, яна бир мисол. Аслиятда ўқиймиз: “Адолати бу мартабада эдики, Хитой карвони келадурганча Андижоннинг шарқий тарафидағи тоғларнинг тубида минг ўйлук карвонни андоқ қор бостиким, икки киши қутулди” (37-бет).

Энди шу парчани 1993 йилги русча таржима нашридан ўқийлик: “Справедливость его достигала высокой степени. Однажды когда из Китая шел караван то у подошвы гор к востоку от Андиджана караван из тысячи людей так засыпало снегом, что спаслись только два человека” (34-бет). Бу ўринда диққатимизни “ўйлук” сўзига қаратайлик.

Энди 2008 йилги менинг таҳриримдаги “Бобурнома” русча нашри матнини ўқийлик: “Справедливость его достигала высокой степени. Однажды, когда из Китая шел караван, гнавший тысячу голов крупного рогатого скота, то у подошвы гор к востоку от Андиджана караван так засыпало снегом, что из надсмотрщиков спаслись только два человека” (15-бет).

Асарнинг туркча таржимасида Рашид Раҳмати Арат ҳам бу иборани “бинг кишилик карван”, деб ўгирган.

“Ўй” сўзи ҳар қандай олиму таржимонни ҳам ўйлатиб қўйиши тайин. Ҳақиқатини билишдан аввал бир ўйлаб кўрайлик: “Минг кишилик карвон Хитойдан нега Андижонга келмоқда? Минг кишилик карвон ҳам бўладими?”

Энди “ўй” сўзининг изоҳига келганда айтиш жоизки, “Бобурнома”нинг рус, хитой, қозоқ, уйғур, араб каби йигирмадан ортиқ тилдаги таржимонлари, ҳатто инглиз олими Аннета Сюзанна Бовериж хоним ҳамда “Бобурнома”нинг илмий танқидий матнини яратган япон тадқиқотчиси Эйжи Мано ҳам “ўй”ни “одам, киши”, деб талқин қилишган. Бундан уч нафар мутахассис мустасно: Гарвард университети профессори Уилер Макинтош Текстон, француз Жан Бакйе Луи Граммонт ва камина. Биз “ўйлук” сўзи “қорамол” маъносини ифодаловчи “ўй” сўзи ўзагидан ясалган деб ҳисоблаймиз ва бу матнда ифода қилинган фикр мантиғига мос келади.

Шу ўринда тағин бир мисолга мурожаат этайлик: “Ҳар чандиким вориси ҳозир йўқ эрди, бовужуди эҳтиёж сахлаб, бир-икки йилдан сўнгра Самарқанд ва Хуросондин ворисларини тилаб, молларини солим топшурди” (“Бобурнома”, “Фан”, 1960, 64-бет). Ушбу парча 1993 йилги русча таржимада шундай берилган: “Хотя наследников налицо не было. Омар Шейх мирза сберег товара не смотря на то, что сам нуждался. Год или два спустя он вызвал наследников из Самарқанда и Хорасана и выучил им их товары в целости” (34-бет). Савол туғилади: Фарғона вилояти ҳокими шу қорамолларга муҳтожмиди?

— Бобур ёзяпти-ку “бовужуди эҳтиёж” деб, бўлса бордир-да!

— Келинг, “Бобурнома”нинг “Шарқ” нашриётида 2002 йили чоп этилган нашридан айнан шу гапни ўқийлик: “Ҳар чандиким вориси ҳозир йўқ эрди, бовужуди эҳтиёт сахлаб…” (37-бет). Қаранг, муҳаррир ёки мусаҳҳиҳнинг эътиборсизлиги боис, қўлёзмадаги “т” ўрнига “ж” ёзилиб кетгани учун Умаршайх Мирзодай ҳоким савдогарлар молига зор киши бўлиб чиққан. Шунга кўра асарнинг 2008 йилги русча нашри таҳририда матн қуйидаги ҳолатга келтирилди: “Хотя наследников налицо не было, Омаршейх мирза сберег товары. Год или два спустя он вызвал неследников из Самарқанда и Хорасана и вручил им их товары в целости” (15-бет). Демак, бу нашрда 1993 йилги нашрдаги “не смотря на то что сам нуждался”, деган ёлғон гап йўқ.

— Ваҳоб ака, мулоҳазаларингиздан аён бўляптики, мумтоз адабиётимиз намуналари таржимасига масъул муҳаррирликни зиммасига олган киши матншунос ҳам бўлмоғи керак экан… Таржимон Михаил Салье гарчи таржимани “Бобурнома”нинг Ҳайдаробод нусхасидан ўгирганини айтган бўлса-да, асарнинг 1960 йилги нашрига ҳам мурожаат этиб, хато қилган экан-да. Таржимада Сиз юқорида келтиргандай жиддий нуқсонлар кўпми?

— Ҳа, кўп. Назаримда таржимонга асарнинг ўзбекча нашр нусхасига қарамагани панд берган. Бир мисол. Маълумки, Бобур иккинчи марта Самарқандни саҳарда эгаллаб олган. “Им в руки опять достался город, и каждый искал сокровищ в каком-нибудь углу” (102-бет). “Бобурнома”нинг 1960 йилги нашрида ўқиймиз: “Янги шаҳр иликка тушубтур. Ҳар ким кунжковлиққа бир гўшада машғул”.

Гап шундаки, эски ёзувда “кунж” ва “ганж” сўзлари шаклдош. Салье “кунж”ни “ганж” деб ўқиб янглишган. Бу гапни яхшироқ тушуниш учун асар табдилига мурожаат этамиз: “Эндигина шаҳар қўлга олинди. Ҳар ким бир гўшада қизиқсиниб сўраб-суриштириш билан машғул”. Форсийда “кунжкови” — қизиқсиниб сўраб туришни, “ганжкови” хазина излашни англатади. “Бобурнома”нинг 2008 йилги русча нашрида юқоридаги гап қуйидагича таҳрирда берилди: “Нам только что в руки опять достался город, каждый с любопытством спрашивал о случившимся” (56-бет).

— Сальенинг таржимасида ­Бобур фикрининг тескари чиққан жойлар ҳам борми?

— Бор. Аслиятда: “Сизга ҳам маслаҳат эмаским, қотилғайсиз” (“Бобурнома”, 1960, 326-бет). Русча 1993 йилги таржимада: “Вам тоже следует с ним соединяться” (259-бет). 2008 йилги русча таржимада: “Вам тоже не следует с ним соединяться” (152-бет).

Мен ўттиз йилдан буён ўнлаб китобларни таҳрир қилган бўлсам, масъул муҳаррирларнинг учта нуқсонини кузатдим. Биринчиси, масъул муҳаррир нашрга тайёрловчига ишониб, қўлёзмани ўқиб чиқмайди. Нашриёт муҳаррири матнни ўқимаган масъул муҳаррирга ишонади. Иккинчиси, масъул муҳаррир матнни юзаки ўқийди, енгил назар ташлаб ўн-ўн беш нуқсонини тузатган бўлади, холос. Учинчиси, ўзи мутахассис бўлмаган соҳа адабиётига масъул муҳаррирлик қилади.

— Сизнинг жиддий таҳрирингиздан кейин “Бобурнома”нинг рус тилидаги 2008 йилги нашрини ҳар жиҳатдан пишиқ-пухта, десак бўладими? Мабодо, орадан ўтган вақт мобайнида ўзингиз таҳрир этган китобдан ҳам камчилик топдингизми?

— Бўлмасам-чи! Сиз айтаётган русча “Бобурнома”ни варақлаганимда ўзимдан ҳам ўтиб кетган, сезмаган нуқсонларимни кўриб, хижолат чекканман. Бу нуқсонларнинг бир қисми муаммоли — кўпчилик маслаҳати, муҳокамасига қўйиладиган ҳолатда. Масалан: Хожаги Хожа — рус тилида Ходжака ходжа ҳолида кетганки, буни ўзбек киши ўқиса “Хожиака ҳожи” бўлса керак, деган хато тасаввурга боради.

Тузатилиши шарт бўлган хатолардан яна бирини кейинчалик сездим. Бу жиддий хато! Мен буни ўтган йили Қозоғистон ва Россия бўйлаб қилган сафаримиз чоғида сезиб қолдим. ­Жезқазғандан юз километрча шимолда жойлашган Улуғ тоққа етганимизда буюк Соҳибқироннинг 1391 йили бу ердан ўтаётиб тош битик ёздирганларини эслаган эдик. Кўнглимдан: “Ие, Улуғтоғ бу ерда-ку? Ўрта тепа Даҳкатида нега Улуғтоғ номи бор эди русча таржимада?”, деган фикр кечди. Сафардан қайтибоқ, ўзим таҳрир этган китобга боқдим: “Дихкет — селение у подножья гор Ура-Тепа, оно находится под Улуг Тагом”, деб ёзилган. Кўряпсизки, мен “баланд тоғ” тушунчасини ифодаламай, атоқли отни хато тасдиқлаганман. Агар таҳрир давомида юзлаб жиддий тузатишлар қилган бўлсам, энди такрор ўқишда ўнга яқин тузатилиши зарур хатоларга дуч келдим. Юқорида шулардан иккитасини айтдим, холос.

— Агар ушбу нашрга сўнгсўз ёзиб, буларнинг ҳаммасини қайд этганингизда, китобхонлар ­“Бобурнома” нашрларидаги фарқларни билиб оларди. Қолаверса, бу таржимашуносликдан бир амалий сабоқ ҳам бўларди…

— Бу гапингиз жуда асосли. Мен икки сабабга кўра бундай қилмадим: биринчиси, масъул муҳаррир сифатида бурчимни бажардим, холос. Иккинчиси, ўша таҳрирларни бирма-бир айтсам худди мендан заҳматкаш таржимон Михаил Салье руҳлари азият чекадигандай туюлди. Мен бу таҳрирларни улуғ таржимон хизмати шарафига бағишладим. Чунки ўша русча таржима ўз даврида хитой, қозоқ ва бошқа ўнга яқин тиллар таржимонларига аслият вазифасини ўтаган эди…

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 25-сон