— Шукур ака, олдиндан узр сўрамоқчиман: мен ижодингиз билан батафсил таниш эмасман. “Шарқ”да танланган асарларингиз нашр қилинаётган экан, худо хоҳласа ўша жилдларни астойдил ўқиш ниятим бор. Мени ҳайратга солган нарса “Бойчечак ҳидланг, амаки!” эссеингиз бўлди. Бу ҳақда уч-тўрт йиллар муқаддам — илк танишганимизда — ўзингизга айтганман. Ўша вақтда Сиз билан суҳбатлашиш имконияти туғилган эди. Ҳайрон қолганим: эсседа схематизмнинг умуман кўзга чалинмаганлигидадир. Ҳозир аксарият ёзувчилар, ҳатто модернчилар ҳам схематизмдан батамом қутула олишмаяпти. Сиз бунга қандай эришгансиз?
— Аттанг, менинг ёзганларим билан деярли танишмас экансиз. Таниш бўлганингизда, масалан, “Бойчечак ҳидланг, амаки!”ни ўқиб ҳайрон қолмас эдингиз. Ахир, менинг бутун онгли ҳаётим — ижод бобидаги изланишларим — мумкин қадар соддаликка етишиш, асар воқеаларининг мумкин қадар ҳаётга ва унинг табиий жараёнларига ўхшашлигига, қолаверса, асар ғояси — бадиий ниятнинг ҳам ана ўша воқеа-жараён тизимидан беихтиёр ситилиб чиқиши йўлида кечиб келаётир. Мақтаниш бўлса-да, дангал айтаман: бу изланишларни Синтезга эришиш, деб баҳоласангиз ҳам бўлади.
Энди бу даъвойимни андак мисоллар орқали шарҳлаб берсам, нима дейсиз?
Илло, талабингиз ҳам — шу.
Кимдан мисол келтирсам экан? Келинг, рус адабиётининг отаси — раҳматли Пушкиндан тушайлик. Маълумингиз, Лев Толстой ҳам “Пушкиндек ёзиш керак”, деб орзулаб ўтди. Хотирангизда бўлса, Пушкиннинг “Белкин қиссалари”да бир жўнгина жумла бор: “Ёзги таътил бошланди. Петербург бўшаб қолди. Шаҳарни сўраб турганлар дала-ҳовлиларига кўчиб чиқиб кетишди”. “Ана шундай ёзиш керак, — деб хитоб қилган эди рус насрининг алломаси. — Нақадар содда ва жўн, ва айни ҳақиқатнинг ўзгинаси!” Худди шундай.
Энди Александр Сергеевичнинг бу соддаликка қандай қилиб етишганини кузатар бўлсак, унинг проза ёзмасидан бурун проза-наср ҳақида ёзган айрим мақолалари ёдга тушади. Илкинчи мақоласида у шундай ёзади: “Масалан, тунда қабристонни тасвирлаш лозим бўлса, нега энди: “Осмонда ой кўринмас, булбуллар сайрамас эди”, деб ёзиш керак? (Масалан, Карамзин ҳам шундай ёзар экан.) “Осмон булутли эди, қабристондан чигирткаларнинг чирриллаши эшитилади”, деб борини ёзиш мумкин-ку? — Бу гапдан кейин Пушкин жаноблари чатнаб кетади: — Йўқ, албатта, булбулни, ойни эслатиш керак… — Кейин шундай хулоса чиқаради: Борни бордек қилиб ёзишни ёзувчиларимиз ҳали билишмайди. Энг даҳшати шундаки, рус китобхони ҳам бундай жўн-содда прозани (“голая проза”) тушунмайди…”
Пушкин ана шу изланишлардан кейин, хусусан, Михайловскийда бир-икки йил таъқибда яшаб, озод бўлгач, шу йиллар давомида ўқигани — икки арава китобни (бу китобларнинг аксари инглиз, француз ва немис тилларида бўлади) Масковга жўнатганидан кейин марказда “Литературная газета”ни ташкил этгач, ўз прозасини ёза бошлайди. Ҳа, Пушкиннинг прозаси — содда, жуда-жуда очиқ, қитмирлигу ортиқча психологизмдан (кавлаштиришлардан) холи прозадир. Ва бунга осонликча эришгани йўқ, албатта.
Ёхуд ўтган асрнинг дунё адабиётига метеордек кириб, деярли бутун олам адабиётларида тақлидчилари пайдо бўлган, ўқувчиларни эса дафъатан ҳайрон этган Эрнест Хемингуэйнинг ўтакетган содда насрига назар ташлайлик. Тавба, бутун бошли асар фақат диалогга қурилган дейсиз. Тўғри-тўғри, одамлар одатда шундай гапиришади. Аммо бу гапларни деярли натурал ҳолда ўқиш — бора-бора одамни зериктирар экан. Ва ўқувчи: “Ахир, булар нега ўйламайди ҳеч?!” деб ҳам ҳайрон қола бошлар экан. (“Хемингуэй “айсберг кўринишига қиёсан ёзган”, ҳар бир диалогининг тагида олам-олам маъно бор. Ёзувчи онгли равишда ўша маъноларни англашни ўқувчига ҳавола қилади!” деб кўпириб мақтаган танқидчи-олимларнинг сўзларини бир четга қўйиб турайлик.) Гап шундаки, бу хил — совуқ, диалогга қуриб асар ёзиш кейинчалик Хемингуэйнинг ўзига ҳам ёқмай қолади. Ва: “Мен эксперимент қилган эдим-ку? Тақлидчилар бунча кўпайиб кетди!” дея, ўз камчилигини мана бу тарзда тан олади: “Мен туйғулар оқимини яхши билолмас эдим, шунинг учун уни ёзишдан қочардим. Масалан, ўлим олдидаги кимсанинг ҳолатини тасвирлаш керак бўлиб қолди. Бу нарсага ўша кимсанинг ички оламини тасвирламасдан эришиб бўлмайди. Испания урушига кетишимнинг бош сабаби ҳам шунда…”
Хемингуэй “Чол ва Денгиз”дан кейин очилди. Айниқса, унинг вафотидан кейин чиққан — “Хемингуэй — газетачи” деган мақолалар тўпламига кирган “Мисс Мэрининг арслони” қиссасида (бу қисса ёзувчи ҳаётлигида босилиб чиқмаган) Эрнест Хемингуэй — батамом бошқача, лирикага (лирикага!) йўғрилган, табиат тасвирларини қайта-қайта ўқигинг келадиган, аёлига беҳад меҳрибон ва камсуқум, ўта таъсирчан ва олижаноб бир Инсон-Ёзувчи бўлиб кўринади.
Мободо ўша қиссани ўқиган бўлсангиз, Баҳромжон, эсларсиз. Хемингуэй Кения ҳукумат бошлиқлари билан келишиб, маҳаллий аҳолига кўпдан-кўп зиён етказаётган одамхўр арслон, қоплонларни ҳам отиш учун “сафар”га (қизиқ, ўзимиздаям сафар — сафар, а?) хотини Мэри билан боради ва Мэрига арслонни… оттиради. Аёл сезадики, ўқи йиртқичга тегмайди, “Йўқ, сенинг кейин отган ўқинг уни йиқитди”, деб туриб олади. Хемингуэй бояқиш тавалло қилади: “Йўқ, сенинг ўқинг теккан эди. Лекин қочиб қутилиши мумкин эди, кейинчалик ўлса ҳам. Ана шунинг учун мен ҳам ўқ бўшатдим”, деб ялинади ҳам. Вой, қандай ширин асар. Хемингуэйни бирам яхши кўриб кетасизки!.. Ахир, “Хемингуэй — совуққон одам, шафқатсиз одам! Ёзувчи сифатида ҳам шундай…” дейилган ёрлиқлар ҳамон бор.
Хуллас, Хемингуэй ҳам Ҳаётни ўзидек қилиб тасвирламоққа эришиш учун кўп заҳмат чеккан.
Мен бир замонлар Михаил Шолоховнинг ашаддий мухлиси эдим. “Тихий Дон”ни русчасида ялаб ўқиганман. Учинчими-тўртинчи ўқишимда ғалати ҳолга туша бошладим. Масалан, адиб ёзади: “Ғарбдан — булутлар орасидан шамол эсди…” Демак, Ғарбдан шамол эсибди. Қизиқ, нега Шарқдан эмас? Демак, бу ерда бир гап бор… Кузатиб борсам… ҳеч гап йўқ. Демак, шамолнинг йўналишини тасвирлаганда ҳам Асар воқеасига дахлдорлиги кўзда тутилиши керак, деган хулосага келдим. Кейинги кузатишлардан фаҳмлаб қолдимки, “Тинч Дон” романининг тахминан тўртдан бир қисми табиат тасвиридан иборат экан. Демак, Табиатни у ўзига хос образ даражасига кўтарган. Бу ҳол — ўз-ўзича яхши, албатта. Аммо асар мазмунига қанчалик дахлдорлиги — жумбоқ. Шу тобда устоз Абдулла Қаҳҳорнинг (у киши табиат тасвирига ўта хасис эдилар) мумтоз ҳикояларидан бири — “Минг бир жон”даги табиат тасвир(ча)и ҳақида айтганлари ёдимга тушиб кетди. Эсласангиз, асар қаҳрамони Саида касалхонада оғир ётибди. Ўликранг… Кеч куз. Деразадан булутли осмон кўриниб туради. Қуёш баъзан булутлар ортида кўринмай кетади. Қаҳҳор шу тасвир ҳақида гапириб: “Қуёш булутлар ортидан чиққани менга керак эди. Чунки ўша пайтда Саиданинг мурдаранг қиёфаси яққол кўринади…” Сиз қуёшу булутлар тасвирига шунчаки “куз ҳавоси-да”, деб қарайсиз. Аммо оддий куз ҳавоси ҳам бежиз тасвирланмаган экан… Ёхуд Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романига материал жамғариш асноси эски қабристонда бир тунни ўтказганини эсланг. Бойқушлар… Асар сўнггида жуда керак бўларкан-да.
Аттангки, ёши биздан улуғ ёзувчиларимиз ижодидан бунақа мисолларни топиш маҳол. Чунки, назаримда, улар “ЁЗИШ” ҳақида кам ўйлаганлар ва деярли изланмаганлар. Дарвоқе, Ҳамид ака (Ҳамид Ғулом) бир учрашувда шундай дегандилар: “Баъзан табиатнинг чиройли кўринишларини ёндафтарга ёзиб олиш керак. Чунки рўмонингизга бемалол киритиб юборишингиз мумкин…”
Бу гапнинг хулосаси — ўзингизга ҳавола.
Қисқаси, Ҳаётнинг ўзидек қилиб Ёзиш-тасвирлашга зўр машаққатлар, изланишлар оқибатида эришилади. Мен бунга қанчалик эришганман — буям ўзингизга ҳавола.
— Умуман, шунақа саволларни беришимизга боис ёзувчи шахсияти ҳақида кўп ёзгансиз. Одил Ўқубов, Ўлмас Умарбеков, Учқун Назаровларнинг ҳам бошқаларга ўхшамаган жиҳатлари асарларингизда акс этган. Шу ўринда бир қизиқ ҳолат. Ўзбек менталитети бу янглиғ очиқликни қабул қилмасмикан ё? Ана ўша сабаб боис Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Ойбек, Ғафур Ғулом шахсияти жумбоқлари биз учун мавҳум. Ҳозирги катта авлод вакиллари ҳам сирли туюлади. Анчайин сипо. Лекин бундай ҳодисот қачонгача давом этмоғи мумкин? Қачон биз уларни ўзимизга ўхшаган росмана одам эканликларини, дейлик, ишқ-муҳаббат бобида ҳам барқарор эмаслигини ҳаётий фактлар асосида биламиз? Чингиз Айтматов “асрор дафтари”ни очди. Ўзбек ёзувчилари ҳам бир кунмас бир кун “очилармиканлар”?
— Аввало, “ўзбек менталитети” ҳақида. Сиз унинг энг характерли жиҳатига тегиб ўтгансиз ва гапни ёзувчиларга бургансиз… Мен ана ўша “истисно” даражасидаги характерли жиҳат (балки сифат!) ҳақида икки оғиз сўзласам.
Бу “ўзбек” деганингиз юзлаб уруғу қабилалардан таркиб топган бўлса-да, шундай бир муштарак жиҳатга эгадирки, у ҳақда ўйлаб ўйингизга етолмайсиз.
Бу муштарак жиҳатнинг номи-атамаси — нима? Ор-номусми (бу туйғуларнинг беҳад кучли экани ва халқ уни маҳкам тутишимикан)? Ёки “ўзим кал бўлсам ҳам — кўнглим нозик” деганларидек Ғурурнинг (ор-номус ила боғлиқ, балки шу туйғулар замиридаги Ғурурнинг-да) ўта кучли эканидамикан? Ажаб, бу борада асрлар давомида ишланиб, қуйма ҳолга келган мақолу ҳикматлари ҳам сероб. Масалан, “Эр йигитнинг уялгани — ўлгани. Уят — ўлимдан қаттиқ. Уят-е, уят…” ёки “Номуссиз ҳаётдан номусли ўлим афзал. Номусларга ўлдим… Беномусда ҳаё нима қилсин? Оримни олиб келдинг, болам…” ва ҳоказолар.
(Кечирасиз, “эшак эшакдан орқада қолса, қулоғини кес!” деган гап ҳам бор.)
Агар ўша биқиқ ва теран туйғунинг номини “Ор-номус” деб дангал атайдиган бўлсак, бунинг шарҳига мисоллар тўлиб-тошиб ётибдики, ҳар қадамда учратамиз ва олимона фикр қилсак: “Ҳа, ўзбек менталитетининг асл белгиси шу-ёв!” деганимизни билмай қоламиз. Мана, Сизга бир неча мисоллар келтираман. Чунончи, бир фақир оилани кўз олдингизга келтиринг. Уйига меҳмон келди. Уй хўжасию бекаси нима қилади? Шошиб, ҳаяжонга тушиб, дастурхон тузаш тараддудини бошлайди. Уйида бир кафт уни йўғ-у, қўшнидан бир жуфт бўлса-да зоғора нон олиб чиқиб, дастурхонга қўяди. Агар бир ёвғон пиёва пишираётган бўлса, ўлганнинг кунидан қозонга ярим чойдиш обжуш қуйиб юборади. Ва меҳмон беражак одатдаги саволларга: “Яхши, жуда яхши…” деб жавоб беради. Ўзининг камбағаллигини билдирмайди, аниқроғи, йўқсиллигини яширади… “Вой, бу қандай оила бўлди?” деб ҳайрон қоласан киши. Нима, бир замонлар бу оила — бағоят бой, дастурхони ашир-нашир эди-ю, энди фақирликка тушиб қолибди ҳамки, отсиз чавандоздек эгардан тушмас эканми? Бу ерда уят ҳисси ҳам бор: илло, камбағаллигини… уят қилиб кетмасликларини истайди. Во, ажаб!
Яна шундай меҳмондўстлик ҳам бор: меҳмоннинг келиши маълум бўлса, бир ҳафта бурун ҳозирлик кўра бошланади: қарз-ҳавола қилиб, барча ноз-неъматлар муҳайё қилинади. Келган тансиқ меҳмон бу хонадонга… қойил қолиб кетиши мумкин (айниқса, у хорижлик бўлса). Мезбонлар хурсанд бўлиб, уларни кузатиб қолишади. Кейин, кейин эса, ойлаб қарз-ҳавола тўланади. Ўша кезлар хонадонда қозон ҳам қайнамайди: қозон сувга ташлаб қўйилади.
Вей, нега бундай қилар экан-а?
Энди денг, тўйларни олиб кўрайлик. Тўй, тўй, тўй… Ўзбекнинг нимаси кўп — тўйи кўп: ўғил тўйи, қиз тўйи, бешик тўйи… Ҳатто бир замонлар ўсмирларнинг мўйлаби қирилиши-да маросим бўлиб, тўйчуқ берилган. Ҳатто бир кимсанинг ўғли бошқа бир кишининг ўғли билан дўст киришар экан, бу ҳам маросим тусини олиб, бўлажак жўраларга бошдан-оёқ сарупо кийгизилар, росмана тўйча берилар экан. Табиийки, ундай дўстлик том айлангунча эмас, абадий бўларкан. Навоий бобо билан Ҳусайн Бойқаронинг дўстликлари эсга тушиб кетди-е… э, нималар деяпман? Алпомиш билан қалмоқ фарзанди Қоражоннинг дўстлигини эсланг. Тушида Алпомишга ихлос қўйиб, у ила дўст киришган ва ўнгида ҳам шу ҳол содир бўлган Қоражон дўсти учун… ўз қалмоқларига қарши туради, ҳатто улар билан сўкишади. О, яна эсга тушди: ҳув ривоятдаги дўстни эслаб кўринг. Айбдорнинг — яъни, дорга тортилиши лозим бўлган йигитнинг ўрнига ким осилишга рози бўлади, деб пошшо савол ташлаганда, оқибат, ким ўртага чиқади? Айбдорнинг дўсти.
Қизиқ, қадимги грек-юнонларнинг тилида “дўст” деган атама бўлмаган экан. Аммо шундай тушунча мавжуд бўлиб, у “қариндошлик” деган маънони ифодалар экан.
Ҳа, гапимиз тўй ҳақида эди. Баҳромжон, гапни чўзмасдан айтиб қўя қолай: “Элга катта тўй бераман” деб бели майиб бўлган миллатдошларимиздан нечасини биласиз?.. Ҳа, биларкансиз. Тўғри, энди бугунги бозор иқтисоди шароитида, аниқроғи, “тежамлилик шарт ва зарур” бўлиб қолган шароитда катта тўйлар ортиқча сарф-харажатлари боис матбуотда, телевизорда танқид остига олиняпти. Маҳаллаларда “ўртача тўйлар қилиш” афтидан урфга кираяпти.
Маъқул, дуруст… Аммо мени шу тобда бунақанги тўй-маъракаларга у ёки бу даражада муносабат билдириш эмас, балки… шу урфларнинг ижро этилиши ила боғлиқ Одат, унинг моҳияти, унинг миллий характердан келиб чиқаётгани, пироварди, бу ҳол – миллий менталитетнинг азалий белгиси экани қизиқтиради.
Энди, Баҳромжон ука, Сиз санаган мумтоз адибларимиз — Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Ғафур Ғуломларнинг ўзлари ва ёр-дўстлари ҳақида деярли очиқ ёзиб қолдирмаганларига келсак, бу “жумбоқ”нинг сири ҳам ўша “менталитет”да эмасми, деб ўйлаб қолдим.
Қолаверса, “очиқ-ошкор” эсселар битиш ўшанда расм бўлмаган. Аммо, биродари азиз, улар бу хусусда бошқача йўсинда ёзганлар. Масалан, Фитратнинг “Ҳинд сайёҳи саргузаштлари” асарига кўзингиз тушгандир. У ҳинд сайёҳи тилидан бор борлиғини, дарду ҳасратини очади. Хўш, Бобурни эсласангиз-чи? Балки Шарқда “очиқ ёзиш” мумкинлигини ул буюк ҳақиқатчи бошлагандир-у… Қаранг, Бобур ўзининг энг ёмон одатларини ҳам қоралаб ёзган-а? Қайси бир бозорда қандайдир бир ўсмирнинг орқасидан тушгани эсингиздами?
О, унча-мунча реалист ҳам тилга чиқармайдиган сир эди-ку!.. Бошқа мумтоз адибларимиз ўзлари хусусида бадиий асарларида ёзиб қолдиришган. Ойбекнинг “Болалик” асарини эсланг. Ҳатто Қодирий ҳам “Ўтган кунлар”да асар воқеасини тўхтатиб қўйиб, ушбу воқеаларнинг маълум бир қисмини ўз отасидан эшитгани ҳақида сўзлаб кетади…
Ул мумтозлардан кейинги авлод ёзувчилари бу борада батамом мум тишлаб келишларини… ўзим ҳам тушунмайман. Аммо, назаримда, улар бир-бирлари ҳақида ёзса, фақат қоралар эди. Ва табиий, ўзларини оппоқ қилиб кўрсатишар эди…
Мана, Саид Аҳмад ака бу йўриғда бир неча хотиралар ёздилар. Миртемир домла ҳақида, Туроб Тўла ҳақида, яна… Аммо ўзлари ҳақида деярли оғиз очмадилар. Назаримда, оғиз очмайдилар ҳам. Ҳатто бир-икки ойлик қамоқдаги ҳаётлари ҳақида ҳам тузукроқ бир нима битмадилар. Ўриснинг Солженицини эса нақ эпопея яратиб қўйди… Йўқ, бизникилар ундайлардан ҳам ибрат олишмайди… Дарвоқе, Озод Шарафиддинов бу борада анча дадил ва ростгўй чиқдилар. “Эътиқодимдан қайтишим…” асарини эсланг.
Шу тобда бошқа бир факт эсимга тушди. Бундан беш-олти ой бурун домламиз Лазиз Қаюмовнинг “Биз билмаган Ҳамза” номли мақоласини “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”да ўқидим. Ҳақиқатан ҳам биз билган Ҳамза – деярли тўқилган Ҳамза экан.
Лазиз акам ўз “кашфиёт”ларини шундай мисоллар орқали исботлайдилар, Ҳамзанинг шунақанги “туркона” шеърларини мисол қилиб келтирадиларки, ёқа ушлайсан киши.
Аммо мақоланинг бирон жойида, масалан, “Мен шу нарсани билардим. Аммо вақти замонида айтолмасдим”, деган анчайин иловани ҳам учратмаймиз!
Ахир, Лазиз Қаюмов “Биз билмаган Ҳамза”ни бугун кашф этмадилар-ку! Ахир, у кишининг деярли бутун ижоди, илмий фаолияти Ҳамзага бағишланган эди…
Очиқ ёзсалар, қандай суюмли бўлардими!
Бу тарзда кўнгил очмасликни… нима деб баҳолаш мумкин? Ички сирни кўчага чиқармасликми бу?
Балки бундай ҳаракатнинг-да илдизи… “миллий менталитет”дадир? Ҳай-ҳай, ундай эмас-ов, дегинг келади… Ахир, Озод ака ҳам — шу ўзбек халқининг (Бобур каби) фарзанди. Дарвоқе, Матёқуб Қўшжоновнинг “Дегиш” деган хотираларига кўзингиз тушдими? Каттагина китоб. Айтиш мумкинки, таржимаи ҳолга ўхшаб кетадиган эсселар тўпламидан иборат. Домла унда ўзининг қайсарлиги, ҳатто бир қиздан “…Ўлганинг яхши!”, деган қарғиш эшитганларини ҳам очиқ ёзган… Яна ёзаётир…
Айтмоқчи, бу йўриғда яна бир мисол. Олим ва драматург Иззат Султон (Худо раҳмат қилган бўлсин) бундан неча йил ҳам муқаддам Ўзувчилар боғида менга бир китобча тутқаздилар. “Яссавий тариқати ҳақида. Қирқ йил ўйлаганман, ана шунинг ҳосили. Бир ўқиб кўр-чи”, дедилар. Домла илгари бунақа китоб-питоб бермагандилар менга. Дарҳол тадқиқотни ўқий бошладим. Вай, ўзим бошқа олимлар, диншунослар асарларидан ўқиб билганларим… Тўғри, яна нималардир бор. Таҳлиллар ҳам учрайди. Эртаси куни домлага йўлиқдим. “Ўқиб чиқдим, — дедим. — Лекин ўзингиз йўқ-ку, асарда?” “Как это так?” — деди у киши. “Вот так, — дедим мен. — Изландим, ўрганиб юрдим, деган гапларни оғзингиздан эшитдим, холос. Асарингизда бу гаплар йўқ. Ахир, сиз Яссавийни бир шахс, Совет олими сифатида ўшанда қандай қилиб…” “Тушундим, тушундим, — дедилар домла. — Сен менга яхши мавзу бердинг. Иккинчи китобим ана шунга бағишланади. Яссавийни қабул қилиш жараёнимни… Қизиқ асар бўлади”.
Афсус, ўша суҳбатдан кейин ҳам уч-тўрт йил яшадилар. Аммо ёзмадилар. Менимча, ёзолмас ҳам эдилар.
Баҳромжон, саволларингизга бирмунча жавоб бериб бўлдим. Энди, охирги гапингиз — “…уларнинг (адибларнинг) росмана одам эканликларини, дейлик, ишқ-муҳаббат бобида ҳам барқарор эмаслигини ҳаётий фактлар асосида қачон биламиз?” деб сўрайсиз.
Сизга қарши савол: “Шуларни билишингиз жудаям шартми, ука?”. Одатда, ундай сирлар — кўнгилнинг мулки бўлади. Уни ҳадеганда бозорга чиқаришавермайди. Хусусан, биз — Шарқ эркаклари. Борингки, буям ўша “миллий менталитет”га кирар?..
Энди, Чингиз Айтматовнинг “асрор дафтари”га келсак, камина уни мутолаа қилаётиб, кўп бор хижолат тортдим… Вей, биродар, Адибнинг қалбида китобгаям чиқмайдиган қандайдир муқаддас сирлар қолиши керак-ку?!
Лекин, дўстим, бошқа бир ҳақиқат – том ҳақиқатдир. Яъни, ёзувчи-адибнинг барча беқарорликлари ҳам унинг асарларида (йўли билан) акс этади.
Бу ҳол, айниқса, Шоирлар ижодида яққол кўринади. Сиз Миртемир домланинг “Сурат” поэмасини ўқигандирсиз? Ўша – бўлган воқеа. Ҳе, бошқа шоиру шоираларингизнинг ҳам ёзганларини чинакамига ўқиб ва уқиб таҳлил этилса, уларнинг-да барча ишқий саргузаштларини бемалол билиб олса бўлади.
— Ўша саволларнинг узвий давоми: халқ эртакмонанд ёзилгани боис “Ўтган кунлар”ни берилиб ўқиган. Ҳозир ҳам шундай. Қодирий маҳоратига заррача тил теккизмаган ҳолда айтиш мумкинки, росмана турмуш бундай кечмайди. Мисол тариқасида “Кеча ва кундуз” романини тилга оламиз. Мирёқуб — ҳақиқатан ҳам яшаган, яшаётган одам. Ана энди савол туғилади: Қодирий ва Чўлпон адабиётни тушуниш жабҳасида ўзаро мухолиф бўлмаганмиканлар? Масалан, Фридрих Ницше идеал одамни тан олмаган. “Қанақасига? Буюк одам? Мен унинг тимсолида ўз идеалини қойил-мақом қилиб ўйнаётган актёрни кўраман”, деб ёзади у…
— Мен муддаонгизни тушундим. Айтинг-чи, Сотти Ҳусайн билан Қодирийнинг мунозарасини ўқиганмисиз? А-а, мен ўқигансиз экан, деб ўйловдим. Ўшанда, “Ўтган кунлар” романи эълон қилинганидан кейин ўша замоннинг зукко танқидчиларидан Сотти Ҳусайн романда фавқулоддаликлар ва мантиқан асосланмаган ўринлар ҳам борлигини танқид қилиб, “Қизил Ўзбекистон” газетасига мақола ёзади. Унинг изидан Абдулла Қодирий ҳам чиқиш қилади. Мунозара жиддий тус олиб, бир қанча вақт давом этади. Қодирийнинг битта калимаси, масалан, менга роман услубию воқеалар баёни ҳақида деярли батафсил маълумот берган. “Мен романни Оврупо-модерн (яъни реалистик йўлда) усулида ёзишим мумкин эди, — дейди А.Қодирий. – Аммо мен асарни эртак ва достон ўқиб юрган халқимга (мослаб) ёздим…” (Кўчирмада бирон сўз хато кетган бўлса, айб менда — Ш.Х.) Демак, ушбу изоҳотдан очиқ-ойдин кўринадики, Қодирий қандай ёзаётганини, демак, айрим ўринларда реалликдан чекинганини ҳам (эртаксимон асарлар оҳангида атай ёзаётганини ҳам) яхши билган… Ушбу усулга анчайин содиқ қолганини муаллифнинг асарга ёзган қисқагина сўзбошисидаги ушбу жумладан ҳам билиб олса бўлади. Яъни, “Ҳар бир замоннинг ўз Тоҳир-Зуҳралари бўлади. Биз ҳам…”
Бутун тарихни, оқибат, севги саргузаштларига қурилишининг ҳам сабаби шунда. (Баъзан реал тарихнинг анчайин фон бўлиб қолишининг-да сабаби шунда, деб ўйлайман.)
Энди, Чўлпон билан Қодирийнинг “ўзаро мухолиф бўлмаганмикан” деган тахминингизга келсак, йўқ – асло мухолиф бўлмаганлар. Аслида жуда яқин маслакдош-улфат бўлишган. Ҳатто Қодирий Чўлпоннинг “Тонг куйлари” шеърий тўпламига сўзбоши ёзган… Аммо ижод бобида, аниқроғи, асар ёзиш усули йўлида уларнинг орасида анча-мунча фарқ бўлгани шубҳасиз.
Дейлик, Қодирий роман мавзуини ҳам “олис, қора ўтмиш”дан олади. Ва бир қадар эртакнамо унсурлардан-да фойдаланиб асарни яратади. Қизиқ, шу тобда менинг ёдимга Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар” китоби тушди. Эртаклар эмиш… Ҳа, муаллиф асарга Турсуной аямикан – бир аянинг шу сўзларини эпиграф қилиб олган. Ҳим, шундай воқеалар ўтган эдики, сизларга эртак бўлиб туюлади… Тахминан шундай.
Чиндан ҳам бизга мозий воқеа ва ҳодисалари эртаксимон бўлиб туюлади…
Хўш, яна бир гап: Абдулла Қодирий роман ёзишга киришишдан олдин материал тўплаш бобидаги изланишларини қисман ёзиб қолдирган-у, роман ҳақида, пироварди, дунё романчилиги, дунё адабиёти ҳақида ўз билганларидан жуда ҳам оз нарсани айтиб кетган. Масалан, Қодирийнинг Араб дунёси ва романчилигидан хабардорлиги ҳаммамизга маълум…
Энди, Чўлпоннинг наср бобидаги изланишлари ҳақида гапирадиган бўлсак, унинг биргина “Буюк ҳинду” мақоласини ўқиш бизга кўп нарса беради. Унда улуғ шоир тотор адабиёти, турк адабиёти, озор адабиёти билан ҳам яхши танишлигини ёзиб, ниҳоят ҳинд адабиёти – Тагорга келганда, “қонганини” айтади ва Робендранат Тагорнинг ижодини улуғлаб: “У – Ғарб билан Шарқ орасидаги кўприкдир”, дейди.
Хўш, бизга яхши маълумки, Тагор ҳинднинг миллий озодлик йўлидаги изланишу курашларини илкинжи ёзувчи-санъаткор сифатида баён этган. Унинг “Гоурмаҳон” (Оқ ҳинду) романи бу борада – энг буюк асари ҳисобланади.
Маълумки, Қодирий ҳам, Чўлпон ҳам миллатимизнинг озодлиги йўлида курашиб ўтдилар. Лекин, ўйлашимча, Чўлпон бу борада анча илдамлик қилган: унинг барча шеърлари бунга далил. Қолаверса, у ўзининг “Кеча ва кундуз” романида соф миллий уйғониш бобидаги изланишларни тасвирлайди. Тагорга ўхшаб кетадими? Албатта… Қолаверса, Чўлпоннинг инглиз адабиётидан ҳам бохабар эканини биламиз. Чунончи, яқинда “Ҳамза” театри саҳнасида яна ўйнала бошланган “Гамлет”ни ўзбекчага илк бора Чўлпон таржима этган. Аммо, раҳматли санъаткорларимиз Шукур Бурҳоннинг қатъий эътирофича, ўша ўттизинчи йиллардан бери “Гамлет” Чўлпон таржимасида ўйналар экан… экан-у, ўзингизга маълум сабабларга кўра, бошқа муаллифларнинг таржимаси бу, деб кўрсатиларкан.
Энди, Баҳромжон, файласуф Ницшенинг “идеал одам ҳаётда бўлмаслиги”, “идеалман деганлар… анчайин актёрдир” дейишига келсак, ҳа, ғоядаги, яъни инсоният орзусидаги “Идеал одам” – идеаллигича, идеялигича қолиб келаверади. Оддий инсонлар эса… унга интиладилар, холос. Аммо лекин, бизнинг Шарқда “идеал инсонлар ўтган-ов” деб ҳисоблайман. Масалан, ўзимизда Мансур Ҳалложу Машраб, Кулолу Робия бонуларнинг қандай “идеал одам”дан кам жойи бор? Улар – идеал-ов. Демак, улар суперодамлардир…
Қодирийнинг, Чўлпоннинг асарларидан кейин нечук бўлиб Фридрих Ницшенинг “идеал одам” ҳақидаги фикрини эслаб қолдингиз? Назаримда, Қодирийнинг Отабеги… идеалми, идеал эмасмикан, деб сўрамоқчига ўхшаб туюляпсиз.
Отабек — албатта идеал қаҳрамон эмас. У – ўз даврининг илғори-қаҳрамони, холос.
Яна Ницшега қайтгим келиб қолди. Маълумингиз, Ницше оламдаги барча-барча эътиқоду тушунчаю ақидаларни Шубҳа остига олган ва бу йўриғда ўз мулоҳазаларини айтиб кетган файласуфдир. Эсласангиз, у ҳатто эр-хотиннинг оилада – бирга яшашларига нисбатан айрим-айрим яшашлари фойдалироқ бўлади, рўзғорларининг бузилиб кетишидан асрайди, деб ҳам ёзган…
Бу гап энди — нима десам экан, уйланмасдан бўйдоқ ўтган файласуфнинг “ҳазили” дегим келади. Ахир, бу ақида… инсониятнинг бешиги бўлмиш — оилага шак келтирмоқдирки, одам боласининг ақлига сиғмайди бу гап.
Ницше “Санъат — иллюзиядир” деган гапниям айтганлар… Дарвоқе, мен унинг Зардуштий ҳақидаги поэма-рисоласини ўқиб, ҳеч нарсани тушунмадим. У эса, Зардуштга сиғинади ва ўзи билан ул пайғамбар орасида кўпдан-кўп яқинликларни кўради.
Бас!
— Табиийки, Ницше каби файласуфлар, Камю, Сартр каби ёзувчилар хос адабиётга мансуб даҳолардир. Буларнинг ёзганлари ўз замонида торгина доирада ўқилган. Лекин барибир дунё адабиётини шу шахслар феномени белгилаб берган. Айни вақтда биз адабиёт мавқеини оммавий мутолаага қараб аниқлаймиз. Сизнинг “Адабиёт ўладими?” номли мақолангизда ҳам шу ҳадик-хавотир аксини топган эди. Адабиёт такомилида оммавий мутолаа қай вазифани адо этади? Одамлар китобга қизиқмаса, омма орасида ёзувчи шахсиятига қизиқиш сусайса, адабиёт ўлиши мумкинми? Ўки бу адабиётнинг тамомила янгиланиш жараёнини кўрсатадими?
— Шу савол-мулоҳазангизга жавобни қисқа қилайин. Майлими? Хўш, Адабиётга, демак, “хос адабиёту оммабоп адабиёт”га муносабат ҳам менга қандайдир модага қизиқишни эслатади. Ва, аминманки, бу ҳолнинг сабаби — мавжуд тузуму яшаш шароитининг тақозосида юз беради… Дейлик, Бугун ўзбек китобхонининг кўпчилиги олди-қочди – детектив асарларга қизиқиб, уларни мутолаа қилаётган бўлса, эрта-бурускун жиддий-хос адабиётга ҳам нигоҳини қаратади.
Тарихда бундай “тўлқинлар”, эврилишлар кўп бўлган. Истиқболда ҳам бўлади…
“Ўзувчи шахсиятига қизиқиш…” сусаядими дейсиз? Ҳа, балки ҳозирги пайтда — ёзувчилар фақиру ҳақир — назардан қолган замонларида уларга қизиқиш сусайгандир. Ҳа, рост-рост: мен бир неча йилдан бери телевизору радиою матбуотда ёшларимизнинг касб эгаллаш хусусидаги орзуларини тинглаб, ўқиб келаётирман. Деярли ҳамма касблар тилга олинади. Аммо бирон шоввознинг… “Мен ёзувчи бўламан!” деганини эшитганим йўқ. Майли. Кунлар келар — орзумандлар чиқар…
Аммо, Баҳромжон, бир нарсани Сизга уқтириб айтишни бурчим деб ҳисоблайман: масалан, ўз қадрини биладиган анчайин қаламкаш ҳам ўз шахсига қизиқиш сусайганидан зиғирча ғам емайди. Масалан, менга келсак, парвойим палак.
Мени буткул унутсалар ҳам – ғам емайман. “На чора?” деб қўя қоламан ва “илҳом келса” – Тагорнинг энг сўнгги романи, яъни, ўзини унутаётган ёшлар ҳақида ёзган “Сўнгги достон”идек бирон нарса битиб қолдирарман.
Суҳбатдош: Баҳром Рўзимуҳаммад
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 32-33-сонидан олинди.