– Одамият жаннатдан қувилгандан бери ўзининг моҳиятини ахтаради. Бу изланиш эса унга ҳаёт, завқу шавқ ва ҳаловат беради. Инсон ўзини англаш йўлида кўп шарафли йўлларни босиб ўтди. Замон тили билан айтганда юксак тараққиётга, цивилизацияга эришди. Лекин… биласизми, инсоният муаммоларининг кўлами ҳечам ўзгаргани йўқ. Аксинча, бу муаммолар асрдан-асрга улканлашиб, боши берк кўчага кириб бормоқда.
Келинг, кичгинагина бир мисол келтирамиз: тасаввур қилинг, зарурат бўлса бугун экранда танамизнинг ҳар бир ҳужайрасини кузатиш, унинг устида тажриба ўтказиш ва ҳатто ҳаракатланишини таъминлаш имкони бор. Лекин шу аппаратларга яраша касаллигимиз ҳам бор-да! Муаммо ҳамон ўша: хасталикдан қутулиш! Инсоннинг муаммосини ҳал этолмаган “қулайлик” қандай қилиб тараққиёт бўлади? Менинг назаримда, инсоният асли тараққиётдан қуйига қараб ҳаракатланаётгандек.
Шу маънода айтадиган бўлсак, инсониятнинг бадиий тафаккур тарзи ҳам асрдан-асрга саёзлашиб, ғариблашиб, сийқалашиб бораётгандек. Ахир буюк Навоий СЎЗининг қудратини беш асрдан бери шарҳ қиламиз. Ҳазратнинг сўзи ўнлаб, юзлаб адабиётчиларни профессор қилди. Лекин начора, бошқа Навоий туғилмади.
Минг ваҳки, бадиий тафаккурнинг саёзлашиши азалий ўзанларни ҳам ўзга томонларга буриб юбормоқда. Аслида юксак хаёлот маҳсули адабиёт – инсоннинг ҳақир дунё ташвишларидан, шафқатсиз ҳаёт синовларидан ўтишида энг яқин кўмакчи, сирдош ва маслаҳатчидир. Бироқ ХХI асрга келиб, том маънода адабиёт ҳам “ер”га тушди. Тирикчилик манбаига, турмуш дастёрига, ғоявий қуролга ва ҳакозоларга айланиб бормоқда.
Қозоқбой ака, бу тарзда адабиётнинг саёзлашишида адабий танқидчиликнинг ҳиссаси катта десам муболаға қилмайманми? Чунки адабий танқидсиз адабиёт ривожланмайди. Адабий танқидчи, адабий яратувчи ҳамдир.
– Жавобни охирги икки гапингизга тўла қўшилишимни айтишдан бошлаганим маъқулга ўхшайди. Аслида-ку, юқоридаги даъволарингизда анча ошириб юбораётганингизни ўзингиз ҳам билиб турибсиз. Суҳбат сал кескинроқ бўлиши учун шундай журналистик усул қўллаяпсиз, шекилли. Илмий тараққиётнинг жуда шитоб билан бораётгани одам умрининг узайишида, бевақт ўлимнинг камайишида, бир одамнинг ўз умри давомида жуда кўп ишлар қилиб қолиш имконияти ошиб бораётганида кўриб-билиб турибмиз. Эҳтимол, инсон маънавияти борасида таназзул кечаётгани ҳақида гапирилса, жўялидир.
Энди салкам олти асрдан буён бошқа Навоий туғилмаганига келсак, бошқа Навоий ҳеч қачон туғилмайди. Бунинг кераги ҳам йўқдир. Зеро, чин санъат ва чинакам санъаткор бетакрорлиги билан қадрлидир. Бобур ҳам, сиз биладиган Машраб ҳам, Ғафур Ғулом ҳам, Абдулла Ориф ҳам ҳеч қачон қайтарилмайди. Сизнинг бадиий тафаккур саёзлашиб бораётгани борасидаги хавотирингизга ҳам қўшилиш жуда қийин. Негаки, ҳазрат Навоий Алишер Навоийни ўқимай ижод қилган бўлса, ундан кейингилар Навоий бадииятидан баҳра олиб улғайишяпти. Бунинг устига, ҳозирда очун кичрайиб, ахборот олиш осонлашиб, ўзга элларнинг бадиий тафаккуридан ҳам баҳраманд бўлинмоқда. Бу ҳол, сўзсиз, бадиий тафаккур теранлашувига хизмат қилади.
Сизнинг адабиёт тўғрисидаги “…инсоннинг …энг яқин кўмакчи, сирдоши” деган фикрингизга тўла қўшиламан, лекин “маслаҳатчи”лиги борасида шубҳам бор. Асл адабиёт, менимча, маслаҳат бермайди, йўл кўрсатмайди. У кўнгилни излайди, уни тафтиш қилади, кўнгил ҳолатларини билдиради. Шу йўл билан ўқирман кўнглига ҳам таъсир кўрсатади. Қўполроқ қилиб айтгудек бўлсак, одам тирикчилиги учун адабиёт мутлақо кераксиз ҳодиса. Аммо шундай кераксиз нарсаки, усиз одам тўла маънода одам бўлолмайди. Инсон тирикчилиги учун бевосита керак бўлмаган нарсаларга интилгани сари одамлашиб бораверади. Озиқланиш, чанқовни босиш, ухлаш, кўпайиш учун қўшилиш каби тирикчиликка керак нарсани ҳайвон ҳам қилади. Одам ана шулардан бошқа юксакроқ нарсаларга эҳтиёж сезганда, таннинг эмас, кўнгилнинг, руҳнинг талабларини қондириш заруратини туйганда, гўзалликка интилиш маҳсули ўлароқ адабиёт керак бўлади. Шукурки, ҳозир ҳам одамларда шунга интилиш сезилади. Ҳаёт яхшиланавергани сари бу интилиши кучаяверади деб ўйлайман.
Адабиётнинг ўз кўкидан ерга тушиб, “тирикчилик манбаига, турмуш дастёрига, ғоявий қуролга” айланиб бораётгани борасидаги хавотирингизда, афсуски, жон бор. Оламдаги барча нарсанинг икки жиҳати бўлгани каби адабиёт ҳам бундан мустасно эмас. Одамзод ҳамма нарсани ўзига хизмат қилдиргиси келади. Лекин бу муаммони ҳам бўрттириб юбормаган маъқул. Ҳозирги кунда ҳам гўзал бадиий асарлар кўплаб яратилаётганини ўзингиз биласиз.
Энди адабиётнинг саёзлашувига адабий танқид сабабчи деганга ўхшашроқ фикрингизга келсак, унга қўшилмаслигимни айтай. Адабиёт саёзлашаётгани йўқ, аксинча, теранлашмоқда. Олдинлари асарларда кўпроқ қаҳрамонларнинг бошидан ўтган воқеалар тасвирланса, эндиликда одамнинг руҳий тўлғанишлари, кўнгил кечинмалари, сония сайин ўзгариб турадиган сезимлари ҳам кўрсатилаётирки, уни саёзлашиш деб бўлмайди. Лекин адабий танқид – синчилик кўнгилдагидай таъсир кучига эга бўлмаётгани бор гап. Ўзбек синчилиги ўзбек адабиётининг олдида боролмаяпти, ҳатто, ёнма-ён ҳам кетолмаяпти, ортидан бораётир. Аммо бадиий адабиётга етиб олай деб жуда ҳаллослаб югураётгани ҳам йўқ. Чунки кечим ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Йўналтириш, рағбат йўқ даражада.
Бундан кейин бу аҳвол янада оғирлашса керак деб ўйлайман. Чунки келажакда синчиликка тайёрланиши зарур бўлган аспирантлар сони ўта қисқартириб юборилди. Илмий даража учун ёқланадиган диссертациялар йўлига шундай тўсиқлар қўйилганки, кўпчилик истеъдодларнинг уларни бартараф этишга кучи етмай қоляпти.
– Қозоқбой ака, мен цивилизацияни ёки унинг оламшумул имкониятларини рад этмоқчи эмасман. Айтмоқчи бўлганим: биз маҳлиё бўлаётган бу тараққиёт инсоният муаммоси кўламини камайтирмади, кўпайтирди, холос. Ҳазрат Навоийнинг қайта туғилмаслигини эса ҳамма яхши билади. Аммо бу улуғ зотдек сўз санъаткорлари яна пайдо бўлса, бу адабиётимизга “оғирлик” қилмайди. Буни орзу қилиш ва бу истакнинг амалга ошмаётганидан ўкиниш ҳам яхшиликдан нишонадир.
Албатта, айтиб ўтганингиздек эндиликда адабиётнинг теранлашаётгани, инсон руҳиятига кириб бораётгани бор гап. Аммо мен айтмоқчи бўлган саёзлашув олдида бу “теранлашиш” андак ғариб бўлиб қолаётгандек. Сизнинг бунга адабий танқиднинг кўнгилдагидай таъсир кучига эга бўлмаётганини сабаб қилиб кўрсатишингиз, адабий танқид соҳасини бир оз аяганингиздан дарак беради.
Менинг назаримда, сўнгги йилларда жилд-жилд “Танланган” ва “Сайланган” асарларнинг пайдо бўлишига аслида адабий танқиднинг оқсаб қолгани сабабчидек туюлади. Эндиликда истаган одам роман ёзиши, шеър ёзиши, китоб чиқариши мумкин бўлиб қолди. Ҳатто, бундай тасодифий китобларга катта-катта “Сўзбоши”лар ҳам илова қилинмоқдаки, беихтиёр ўқиётганинг ростдан ҳам “асар” эканига ишонгинг келади. Минг афсуски, бу ҳолатга бизнинг тайёр жавобларимиз бор: ҳаммасини вақт кўрсатади! Вақтнинг кўрсатишини кутиб ўтириш шартмикин? Ахир қачонгача адабий асарларни вақтга саралатамиз. Вақт асарларни саралагунча минглаб китобхоннинг бадиий диди нима бўлади?
Биринчи синфда ўқийдиган қизим бор. Яқинда деразадан ташқарига қараб: “Дада, ана, тентак қор ёғаяпти”, деди. Мен унга дакки бердим: “Қизим, қорни тентакка ўхшатиб бўлмайди”. “Бизнинг “Мусиқа” китобимизда шунақа шеър бор”, деди. Ишониб-ишонмай китобни варақладим:
Деҳқонларга тилак қор,
Пахтаойга керак қор.
Гоҳо мени қувалаб.
Уйга қамар тентак қор.
О-ла! Қайсидир бир кинода қаҳрамон айтади-ку: “Бу оламда нималар бўляпти ўзи?” Ака, дарсликда бундан баттарлари ҳам бор экан. Қолганини айтиб нима қилдик, шунисини “ҳазм” қилиб олайлик. Майли, бу тизмадаги дастлабки икки қаторни бир амаллаб тушунишга ҳаракат қиламиз, аммо одамни “қорнинг қувалаб кетиши”ни, “уйга қамаб қўйиши”ни энг хаёлпараст бола ҳам тасаввур қилолмаса керак. Лекин бу бола ўзи тасаввур қилолмайдиган “шеър”ни қўшиқ қилиб айтишга маҳкум! Эҳтимол, “алдагани бола яхши”дир, лекин бу болалар ўзимизники-ку! Бундай муносабат билан уларни маънавий майиб қилиб қўймаймизми? Ахир болалик қўшиқлари бир умр инсоннинг кўнглига муҳрланиб қолади. Гап ёқмаса, бугун ўқиб эртага ташлаб юбориладиган китоб ҳақида эмас, юз минглаб болаларнинг қўлидаги дарслик ҳақида кетяпти. Тағин китобга нима деб ёзиб қўйибди, денг: “Тўлдирилган 10-нашри”! Яхшиям буниси тўлдирилган(!) экан. “Тўлдирилмаган”лари қанақа бўлган, Худо билади.
Қозоқбой ака, сиз адабий мақолаларингиздан бирида: “…муайян миллатнинг бадиий-эстетик тафаккури дарсликлар ёрдамида шакллантирилади ва шунга мувофиқ бўлади”, – деб ёзган эдингиз. Модомики, масала шу қадар жиддий экан, бу борадаги лоқайдликни қандай тушуниш мумкин? Бунга бугунги адабий савиянинг назоратсизлиги сабаб эмасми?
– Жуда назоратга ҳавасманд йигит экансиз-да, Алишербек! Тараққиёт юксалгани сари муаммоларнинг кўпайиши бор гап ва шундай бўлиши ҳам керак. Одамнинг ақлий-маънавий савияси ўсгани сари унинг талаблари кўпайиб бораверади. Биласизки, талабнинг кўпайиши муаммони урчитади. Бизнинг қишлоқда бир оқсоқол кимга бўлса ҳам: “Ташвишинг кўп бўлсин!” – деб дуо қиларди. Ундан: “Ташвишнинг кўпини нима қиламан?” – деб сўрасак, бобо: “Ҳаёти яхши, соғлиғи жойида одамнинг ташвиши кўп бўлади. Бахтсиз одамда ташвиш битта бўлади: касал бўлса, фақат тузалиш, оч бўлса, фақат тўйиш, қамоқда бўлса, фақат озод бўлиш ташвишини чекади. Ҳаёти яхши одамнинг ташвишида саноқ бўлмайди”, – дердилар. Шунга ўхшаб муаммонинг кўплиги муаммо эмас, уларнинг ечилмаётгани муаммо.
“Танланган асарлар” ва “Сайланмалар” кўпайиб кетишида мен унчалар қўрққулик жиҳат кўрмайман. Ёзувчи бўлмаган бирор одамнинг “Мукаммал бадиий асарлари” чиқиб қолишидан қўрқса бўлади. Бу муаммога керагидан ортиқ эътибор қаратиш кишини асл масаладан, яъни бадиий асар моҳиятини англатиш заруриятидан чалғитади. Ойдинларнинг иши миллат аҳлини танлаб китоб босишга эмас, балки танлаб китоб ўқишга йўналтиришдан иборат.
Ёшларда бадиий дид зўрлик ёки қоровуллик билан эмас, табиий равишда шакллантирилиши керак. Адабий синчилар жанговарроқ бўлиб, савияси паст асарларни “уриб” туришса, улар камроқ яратилган бўларди деган фикр жуда жўн қарашдир. Ижод эркинлиги истагандай ёзиш ва чиқариш эркинлиги ҳамдир. Айни вақтда ҳар бир ўқирманда танлаб ўқиш ҳурлиги борлиги ҳам эсда туриши керак.
Сизнинг миллат ёшлари бадиий дидини қарор топтириши керак бўлган дарсликларнинг савияси тўғрисидаги куйинишингизда, минг афсуски, ҳақиқат керагидан кўпроқ. Сиз келтирган мисол жудаям қўрқинчлиси эмас. Исталган синфдаги кўпчилик ўқув фанларидан тайёрланган дарсликлар бундан кўра анча аянчли мисолларни келтириш имконини беради. Ҳақиқат шундаки, миллат аҳлининг бадиий савияси дарсликлар савиясида бўлади. Чунки миллатнинг интеллектуал-маънавий қиёфаси шу дарсликлар воситасида шакллантирилади. Бинобарин, дарсликлар нимага хизмат қилиши кераклигини биладиган одамлар томонидан яратилиши лозим. Маълумки, адабиёт – ўқув фани, ёзувчи-шоир тайёрлаш учун ўқитилмайди. Менимча, расм ва мусиқа каби сабоқлар ҳам ёшларда рассомлик ёхуд қўшиқчилик қобилиятини ҳосил қилиш учун эмас, балки уларда расм санъати ва мусиқани тушунишга хизмат қиладиган дидни шакллантиришга йўналтирилиши зарур.
Дарсликлар тендер деб аталмиш усул асосида танланадиган бўлгач, умрида бировга бирор соат сабоқ бермаган одамлар ҳам дарслик ёзадиган бўлиб кетишди. Олдинлари ўқувлик ёзиш методист олимларнинг иши бўларди, эндиликда ишбилармонларнинг “бизнеси”га айланди. Бундайлар дарслик ёзишни қойил қилишмаса ҳам товарни тақдим этиш маҳоратини яхши эгаллаган бўлишади. Натижада, уларнинг дарслиги тендерда ютиб чиқади. Танловга бир нарса деб бўладими?
Энг ёмони, ўқитувчилар тобора дарсликларнинг яхши-ёмонини фарқламайдиган, уларнинг савиясига қизиқмайдиган бўлиб қолишяпти. Улар нимани, қандай ўқитишни ўйлашдан кўра, адоғи йўқ қоғозлар оқими ичида чўкиб кетмаслик тўғрисида кўпроқ қайғурадиган ҳолатга келишди.
Академлицейлар ва коллежларнинг айрим босқичлари учун шу вақтга қадар “Адабиёт” дарслиги яратилмаганини қандай изоҳлаш мумкин? Лекин адабиёт сабоқлари ўтиляпти. ХХI асрда, таълим учун триллионлаб маблағ сарфланаётган юртда адабиётсиз адабиёт ўқитилаётир.
Аҳвол шу даражага етганки, адабиёт ҳафтасига уч соатдан ўқитиладиган тўққизинчи синф “Адабиёт” дарслигининг ҳажми адабиёт предмети ҳафтасига икки соат ўқитиладиган саккизинчи, еттинчи, олтинчи, борингки, ҳатто, бешинчи синф дарслигидан ҳам кичик. Бутун жамият маънавият учун курашиш ҳаёт-мамот масаласи эканини тан олиб турган бир паллада битирувчи синф ўқувчилари адабиётдан маҳрум этилаётир. Тегишли мутахассислардан нега шундайлиги сўралса, ўрта мактаб дарсликларининг оғирлиги нормадан ортиқ бўлмаслиги керак деб жавоб беришади. Лекин тўққизинчи синфдаги ўспиринларга бешинчи синф ўсмирларидан камроқ юк кўтариш белгиланган бундай мантиқсиз нормани бартараф қиладиган бирор одам йўқ.
Бундан ташқари, умумтаълим мактабларининг адабиёт дастурларига истисносиз ҳар йили ўзгариш киритилади. “Адабиёт” дарслиги журнал мақоласи, мактаб тажриба майдони, ўқувчилар синалувчи объектлар эмаслигини таълим тизими мутасаддилари тушунгилари келмаётганга ўхшайди. Кечирасиз, адабий кечим ва адабий синчилик ҳақида гапираётиб, ўқитиш ташвишларига ўтиб кетдик. Начора, бу жуда муҳим муаммо-да!
– Муаммо, таъбир жоиз бўлса хумда турган мусалласга ўхшайди. Мусаллас қанча кўп вақт турса унинг таъсир кучи шунча ортади. У шунчалик ортадики, бир кун келиб хумни ёради. Бундан чиқадики, ҳар бир муаммо вақтида англаниши ва ўз вақтида ҳал этиш мақсадга мувофиқдир.
Қозоқбой ака, “…миллат аҳлини… танлаб китоб ўқишга йўналтириш…” тадрижий таълим-тарбия маҳсулидир. Савиясиз ижод намуналари билан “озиқланиб” улғайган болани танлаб китоб ўқишга йўналтириб бўлмайди. Шундай экан, кечирасизу, барибир яна ўша гапга келамиз: бу масалада том маънода адабиётшуносларимизнинг фидойилигига муҳтожмиз.
Яқинда Қаҳрамон шоирларимиздан бири айтиб қолди: Абдулла Қаҳҳор вафот этишидан сал аввалроқ ўзига яқин ҳамкасбларидан бирини чақириб: “Менга қара, менинг бу дунёда дўстим ҳам йўқ, душманим ҳам йўқ. Нима қилган бўлсам, адабиёт учун қилганман”, дебди. Ҳа, ҳар бир соҳа, жумладан, адабиёт ҳам ўзининг фидойилари билан барҳаёт. Адабиётдаги фидойилик ХОЛИС эътирофдир.
Мен юқорида тасодифий китоблар ва уларга ёзилаётган катта-катта “Сўзбоши”лар ҳақида айтаётганимда, мана шу холис эътирофнинг йўқлигини назарда тутган эдим. Бу иддаога кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин. Ҳатто, сизнинг ижодингиздан ҳам. Сўнгги йилларда “Сўзбоши” ёзиб берган ўнлаб китобларингизнинг биридаги мана бу сатрларга ва унинг шарҳига диққат қиламиз:
Қирқ бешга жимгина, ёлғиз, бенаво,
Хотиржам киряпман, лоқайд, бепарво
Кирган каби худди қабрга…
“Қабрга кирадиган жасадгина ёлғиз, бенаво, лоқайд, бепарво бўлади. Қирқ бешга кираётган одамнинг шундай хусусиятларга эгалиги улкан умр фожиасидан далолатдирки, уни тасаввур қилиш ва бу ҳақда бирор тўхтамга келиш ўқирман шахснинг қанчалик баландлигига боғлиқ”.
Айнан шу мисралар таъсирида яна шундай теран мулоҳазаларни баён қилгансизки, рости, шахсан мен шеърдан эмас, сизнинг таҳлилингиздан кўпроқ таъсирландим. Айтганингиздек, эҳтимол бу сатрларни тушуниш ҳар кимнинг “баланд”лигига боғлиқдир. Лекин бу мисралар мени ҳаяжонга эмас, ташвишга солди. Негалигини айтайми?
Аввало, мени мутаассибликда айбламассиз деган умид билан айтмоқчиман: инсон зоти борки, қабрга хотиржам, бепарво ва лоқайд бўлиб кирмайди. Қабр – инсон учун энг кўп ташвишланадиган, энг кўп диққат бўладиган бир манзил! Бу манзилда ҳеч бир зот бепарво, лоқайд бўлолмайди. Биз бунга сидқидилдан ишонамиз ва шунинг учун ҳам мусулмонмиз. Менимча, бу сингари мисраларни фақат ҳиссиётга таянган ҳолда шарҳлаш унчалик тўғри эмас. Қўшимча маънолар ахтариш эса зўрма-зўракиликка ўхшаб кўринади. Чунки бу мисраларга “объект” бўлаётган қабр масаласида ҳақиқат битта! У ҳеч қачон иккита бўлмайди. Бу ўринда сиз шарҳингизда айтмоқчи бўлган “Руҳий манзара…” ҳаққоний эмас.
Қозоқбой ака, адабиёт борасида сиз билан баҳслашмоққа журъат қилолмаймиз ва бунга ҳатто маънавий ҳақимиз ҳам йўқ. Аммо бир истиҳолам бор: “фалон китобга Қозоқбой Йўлдошев сўзбоши ёзган экан” дейилса, адабий жамоатчилик дарҳол ҳушёр тортади. Чунки адабиёт майдонида сизнинг эътирофингизнинг ўз қиммати бор. Аксарият ижодкорлар сизнинг эътиборингизга тушишни исташади. Адабиёт ва адабиётшунослик борасидаги фикрларингиз ҳам бошқалардан фарқ қилишини биламиз. Аммо сўнгги пайтларда бадиий асарлар ва уларнинг ижодкорлари ҳақида фикр билдирганда, бир оз муболағага ва юзхотирликка берилаётгандексиз…
– Менда гурунгимизнинг шу вақтигача бўлган қисми мана шу гапларни айтишингизга тайёргарлик, менинг этимни “ўлдириб”, эътирозларингизни билдиришга ҳозирликдай бўлиб туюлаётир ва ўз соддалигимдан нечанчи бор хижолат тортаётирман. Балки, адашаётгандирман, аммо менга бизнинг ўзбек ёппасига бир-бировини эшитишни истамайдиган улус бўлиб туюлаверади. Ўрисда: “Ҳеч қачон ҳеч қачон дема”, – деганга ўхшаш нақл бор. Биз ҳамма нарсани дарҳол ё у ёқлик, ё бу ёқлик қилиб ташлагимиз келаверади. Мана, сиз ҳам ҳадеб: “Ҳар бир масаланинг ҳақиқати битта бўлади”, – деяпсиз. Нега энди битта бўларкан? Ўша масаладаги сиз топган битта ҳақиқат сизнинг ҳақиқатингиз. Лекин мен нега унга риоя қилишим керак? Мен бошқача ҳақиқатни топган бўлсам-у, у бировларга маъқул келмагани учун ўзгартирайинми? Ҳақиқат битта бўлади дегани, бутун миллатга битта бош етарли деганга ўхшаш гап. Ҳақиқатнинг битталигини фақат Яратганнинг битталигига нисбатангина ишлатиш ўринли. Бошқа ҳар қандай шароитда ўйлайдиган одам нечта бўлса, ҳақиқат ҳам ўшанча бўлади.
Сиз мен учун хижолат бўлган шеърий сатрлардан мен топган фазилатлар сизга ўтиришмаган бўлса, қарашларимдан воз кечайми ёки сизга таъсир қилишга уриниб кўрайми? Сизда Қозоқбой домла айтган бу гапларни “Сўзбоши” ёздирган шоирнинг ўзи ўргатган ёхуд уни мажбур қилган деган шубҳа борми? Шоир ёзганида мен айтганларни ўйлаганмикан ўзи? Бунга кафолат беролмайман. Лекин бир ўқирман сифатида шу сатрларда мен шу руҳият мавжларини туйдим ва туйганимни туйганимдай ёздим.
Сиз: “…инсон зоти борки, қабрга хотиржам, бепарво ва лоқайд бўлиб кирмайди”, – деб жуда тўғри айтасиз. Лекин сиз тирик одам ҳақида гапираётирсиз. Жасадга эса, жойида ётгани-ку тузук, лекин қаёққа олиб кетилаётганининг фарқи йўқ. Руҳидан айро тушган жасад буни ўйлай олмайди. Шоира айнан ўлмай туриб, жасадга айланган, ёлғиз, бенаво, лоқайд ҳолича умр манзилининг қирқ бешига етиб келган аёлнинг оғир бир руҳий ҳолатини манзаралаштирган.
Менинг адабиётдаги ўрним тўғрисидаги илиқ гапларингизга қуллуқ қилган ҳолда сўзбошиларимнинг бирортаси учун хижолатлик эмаслигимни айтаман. Сиз айтганларга ўхшаш эътирозларни, синчи касбдошларим-ку майли, ҳатто, сўзбоши олган баъзи ижодкорлар ҳам айтишади. Лекин эътирозларини ўзгалар ҳақида ёзилганларига қаратади, ўзларига эмас. Бизнинг адабиётимиз бошидаги улкан фожианинг илдизи айнан шу ерда, деб ўйлайман. Яъни бизнинг бировни тушунишни билмаганимиз бир сари, аммо тушунишни ҳам истамаганимиз, тушунтиришларини ёқтирмаганимиз даҳшат.
Тушунмаганимиз учун бир-биримизни билмаймиз, билмасдан туриб, тан олмаймиз, инкор қиламиз. Кейин: “Нега ўзбек адабиётини дунё танимайди?” – дея чин дилдан ўксиниб ҳам қўямиз. Биз ўзимизни ўзимиз туймасак, тушунмасак, тушунтирмасак, танимасак, ким бизни танийди? Қандай қилиб ва нега таниши керак? Мисол учун, бизда Ўктамой деган шоирани кўпчилик билмайди. Билганларнинг бир қисми тан олгиси келмайди. Ҳолбуки, кейинги тўрт-беш йилда Ҳиндистонда шу шоира қизнинг инглиз, панжоб ва ҳинд тилларида учта китоби кўп нусхада чиқди. Ҳатто, адабиёт масалалари билан шуғулланадиган Ҳиндистон Сахитя академияси Ўктамойнинг инглиз тилида чиққан китобининг юзочди (тақдимот) маросимини ўтказиб, ўз ҳисобларидан шоирани таклиф ҳам қилишди. Ҳозир шу шоира интернетга киритилган олтмиш уч минг дунё шоирлари орасида 50- ўринда турибди. Кўринадики, бизда бир-бирини тушуниш ва тан олиш деган муаммо ҳам бор…
Ўйлайсизки, мен қалам чархлаб, енг шимариб ким янги китоб чиқарар экан-у унга қачон сўзбоши ёки тақриз ёзиб берар эканман деб пойлаб турибман. Мен бир нарсани биламан: ҳар қандай одам тушунилгиси келади. Айниқса, ижодкор. Уни ижод қилишга ундаган нарса ҳам айнан бошқалар томонидан тушунилиш истаги эмасми?! Синчининг, умуман, адабиёт танувчиликнинг вазифаси ўқирманга ёзарман битигининг диққатга лойиқ жойларини кўрсатиб, нимадан, нима учун, қандай таъсирланишга йўналтириш деб ўйлайман. Ҳамма гап бадиий асардан нима қидиришда, ундаги бор гўзаллик ва эзгуликни кўра ва кўрсата билишда. Мен ҳеч қачон, ҳеч бир ижодкорнинг ҳеч қайси асар тўғрисида ўзимча, кўкка қараб фикр айтмадим. Ҳамиша матнга, фақат матнга таяндим ва ундан келиб чиқдим.
Ўйламанг, Йўлдошев домла ҳар қандай китобга сўзбоши ёки тақриз ёза олади деб. Кўп бўлмасаям, ҳеч нарса ёзолмаган ҳолатларим бўлган. Лекин Қаҳҳор домла айтмоқчидек, тухумдан тук қидириб, ёзувчининг бошига чертиб мақола ёзолмайман. Қандай асар ҳақида ёзган бўлсам, уни яхши кўриб қолгач, ёзишга арзийдиган жиҳатларини топгачгина, қалам сурганман.
Адабиётга фидойилик унинг дарвозасида таёқ кўтариб соқчилик қилиш эмас, деб ўйлайман. Адабиёт сиёсатнинг югурдагига айланган, ўқирманлар савияси бошқарувга муҳтож даврларда соқчига эҳтиёж бўлган. Шунда ҳам юқоридаги бошқарувчилар учун. Энди бадиий асар ва унинг ижодкорини тушуниш ва тушунтириш, асарни жозибали қилган жиҳатларга ўқирман диққатини қаратиш даври келди. Мен фидойиликни шу жабҳада кўраман. Ҳали дунё тажрибасида талантсиз адибни танқид қилиб, талантли қилолган синчи ё ёзувчи бўлган эмас. Фидойилар кўп бўлган замонларда ҳам талантсизлар улардан камроқ бўлмаган. Кейин адабиёт синчи ёки адабиёт танувчининг маҳрига тушган мулк эмас, у гўзаллик чечакзори. Сайр қилгиси келган кишики бор, унга киргиси келади ва бунга ҳақдор.
– Қозоқбой ака, сиз бир оз қизишган мана шу нуқтада мулоқотимизни хотималасак. Лекин айтиб қўяй: сизнинг сўнгги мулоҳазаларингизга унчалик қўшилолмайман. Сиз “…негадир ўзбек ёппасига бир-бировини эшитишни истамайдиган улус бўлиб туюлаверади” деб жуда тўғри айтасиз. Мана сизни олайлик, баъзи бир шарҳларингизни озгина ноўринроқ эмасмикин деб фикр билдирган эдик, дарров айблашга ўтиб кетдингиз. Чунки сиз ҳам эшитишни истамайдиган шу улуснинг типик вакилисиз-да!
– Типик-ку эмасман, аммо шу улуснинг вакили эканим чин. Бинобарин, унинг фазилату иллатлари менга ҳам бегона эмасдир. Лекин қизишмадим, балки фикримни қизғинроқ исботламоқчи бўлдим. Лекин мен ўзгаларда ўзгачароқ фикр бўлишига асло қарши эмасман ва бошқачароқ фикрлашни айб санамайман.
– Тўғри, айтганингиздек ҳар бир инсоннинг ўз ҳақиқати бор. Аммо бу ҳаётда инсоннинг ақл-заковати билан ўлчанмайдиган ҳақиқатлар ҳам бор-да. Инсоннинг шахсий дунёқараши дахл қилолмайдиган масалалар мавжуд. Қабр ана шундай масалалардан биридир. Бу масала ақида илмига хос бўлиб, аввало, шунга ўхшаган сўзларни ёки ўхшатишларни келтираётган ижодкор бу муҳташам илмдан озгина хабардор бўлиши талаб этилади.
– Инсоннинг ақл-заковати билан ўлчанмайдиган ҳақиқатларга амал қилинмагани учун инсонларни айблаш қанчалик ақлдан бўлади? Шоир бечора қабрни эмас, ўз кўнглининг ўлгани борасида ёзғирган.
– Шоир дўстларимиздан бири матбуотда эълон қилган шеърларидан бирида маҳбубасининг ҳаётида ўзини “парвардигорман” дебди. Яна бири маҳбубасини Расулни севгандек севишини иддао қилибди. Тўғри, бир қараганда ошиқ шоирларни тушунса бўладигандек, бироқ ҳар қандай муболағада мантиқ, ўхшатишда асос бўлиши керак. Афсуски, сўнгги пайтларда айрим ижодкорларимизнинг ижод намуналарида илоҳий атамаларни қўллаш урф бўлиб қолди. Бу ҳол масъулиятсизликдан бошқа нарса эмас.
Сиз айтасизки, инсон зоти қабрга хотиржам киролмаслиги тўғри, лекин “…сиз тирик одам ҳақида гапираётирсиз. Жасадга эса, жойида ётгани-ку тузук, лекин қаёққа олиб кетилаётганининг фарқи йўқ. …Шоир эса айнан ўлмай туриб ўликка айланган, …лоқайд …руҳий ҳолатини манзаралаштирган”. Аввало, тирик билан ўлик учун бошқа-бошқа қабр бўлмайди. Ҳар икки ҳолатда ҳам кўз олдимизда бир хил манзара ҳосил бўлади. Айнан шу бир хилликдан эса икки хил хулоса чиқариб бўлмайди. Қолаверса, ўлик тан учун қаёққа олиб кетилаётганининг жуда фарқи бор-да! Агар бу ҳақда гаплашсак, ўзимиз ҳам мукаммал билмаган соҳаларга ўтиб кетамиз.
– Тўғри айтасиз, ўзимиз билмаган соҳаларга ўтиб кетмаганимиз маъқул. Алишербек, гап баҳсда ютиб чиқишда эмас, балки халққа фойдаси тегадиган фикрга келишда. Шунинг учун ҳам менинг айтганларимдан ўлик ва тирикка бошқа-бошқа қабр бўлади деган маъно келиб чиққан бўлса, демак, мен фикрларимни тушунтириб беролмабман.
– Дарҳақиқат, адабиётнинг миллат қалби ва руҳияти билан боғлиқлиги хусусида, жамият ҳаётида адабиётнинг ўрни нечоғлиқ эканлиги ҳақида ҳамма замонларда баҳслар, тортишувлар бўлган. Бундан бир неча йиллар муқаддам марҳум адибимиз Шукур Холмирзаев “Адабиёт ўладими?” деган савол билан матбуот орқали сўз аҳлига мурожаат қилганини яхши биламиз. Аммо адабиётнинг умри узун бўлишини, янаям тўғрироғи, бу умрнинг мангуликка дахлдор бўлишини истаган, ҳаётини шу мақсадга сафарбар этган инсонлар хоки туробга айланди ҳамки, адабиёт яшашда давом этаётир ва яшаяжак. Аммо мана шу жараёнда адабий танқидчиликнинг ҳам ўз вазифаси борлигини унутмаслик керак. Бу вазифа эса китобхонга чинакам адабий асарларни саралаб беришда кўзга ташланади.
Суҳбатдош: Алишер НАЗАР
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 1-сонидан олинди.