Мурод Муҳаммад Дўст: «Аждодларни тинч қўяйлик» (2012)

– Мурод ака, суҳбатимизни адабиётдан бошласак. Янги асарларингиз кўринмай қолганига ҳам анча бўлди…
– Одамзод кўп нарсани кўриб-билиб боравергани сайин ёзиши анча қийинлашаркан. Аввал ёзганларим ҳам, энди ёзадиганим ҳам майда, арзимас бўлиб кўринаверади – шуниси ёмон. Балки бунга ёшлик ғайрати, аввалги завқу шавқ йўқолгани  сабабчидир…

Умр бўйи, замона билан баробар одимлаяпман, деб ўйлар эдим. Бугун, ёш бир жойга бориб қолганда кўнглимда эски ақидалар устунроқ эканини англадим. Албатта, янги замонга муносиб эмаслигимдан уяламан, лекин начора… эски қарашлардан буткул халос бўлишнинг иложи йўқ. Қолаверса, янги замонни буюк ҳаяжон билан куйлаётган тенгқурлар ва ёш дўстларимизга етиб олишим жуда қийин. Шу сабаб, очиқ тан олишим керак, янгича қаҳрамонларни, янгича қарашларни қаламга олмасликка ҳаракат қиламан. Албатта, оғизга сув солиб ўтирганим йўқ, кўҳна реалистик йўсинда, оз-оздан бўлса-да,  ёзяпман. Худо умрдан қисмаса, олдинроқ бошлаб қўйилган жиддийроқ нарсаларимни охирига еткизаман. Уч-тўрт ҳикоя ёзиб ташлаб қўйдим. Сал ўтиб, қайтадан ўқиб кўраман. Балки бир-иккитасини чоп этишга журъатим етар…
– Бир қаралса, китоблар ёзилаётгандай, илгаригидай юз минглаб нусхада бўлмаса-да, чоп этилаётгандай.  Лекин барибир адабиётнинг илгариги шашти кўринмайди. Бу нима билан боғлиқ: ижод аҳлининг мавжуд маиший қийинчиликлар оқибатида тирикчилик билан андармон бўлиб қолгани биланми ёки вужудга келган воқеликни қайта баҳолаш қийинчиликлари биланми? Барча замонларда ҳам адабиётнинг ҳаётга муносабат  мезонлари  бир хил бўлмайдими?
– Ижод аҳлининг шахти пастлигининг сабаби битта – моддий қийинчилик. Эски замонда адабиёт ёзувчининг том маънода тирикчилиги, яшаш тарзи эди. Ёзарди, чоп этарди, эвазига қалам ҳақини оларди. Ва айни аснода дилида тугиб юрган бир-икки гапини ҳам айтишга улгурарди. Базиси, устқурмаси, мафкураси ва бошқа – бугунда лаънатдан ўзга нарсага муносиб кўрилмайдиган – бало-қазоларидан қатъи назар, кечаги кунда ёзувчида ўзини адабиётга буткул бағишлаш имконияти бор эди.
Эндиликда адабиётни касб тутган одамнинг кун кечириши қийин. Айниқса – елкасида ортмоғи бўлса. Хотин, бола-чақа ва ҳоказо… Бу аҳвол ўткинчи деб ўйлайман. Жамият маърифати ва ўртача турмуш даражаси ўнгланган пайтда яна ҳаммаси изга тушади.  
Адабиёт, умуман, ҳақиқий санъат – инсониятнинг тузалмас дарди. Ва унинг мезонлари ҳеч қачон ўзгармайди: оқ – қора, яхши – ёмон, адолат – қабоҳат, муҳаббат – нафрат..
“Одиссея” билан “Алпомиш”нинг уйқаш тарафларини бир ўйлаб кўрайлик. Икковининг орасида неча-неча аср ётибди. Дейлик, Томас Манн “Юсуф ва биродарлари” романига қўл урмасдан аввал Инжил ва бошқа насроний матнларни жуда кўп титгани аниқ, лекин “Алпомиш”ни дўмбирага солган саҳройи бахшининг Ҳомерни ўқиши тугул, эшитганини ҳам тасаввур этолмайсиз.
“Одиссея” айрича, “Алпомиш” айрича туғилган. Протосюжет деганлари шу. Илм аҳли айтишича, сюжетлар, мавзулар сони, нари борса, ўндан ошиқроқ бўларкан. Оғзакию ёзма адабиёт, неча минг йиллардан бери яшаб ўтган ва бугун яшаётган шоир ва ёзувчиларнинг ҳаммаси саноқли сюжетни қайтадан ҳикоя қилиш билан овора. Қуюшқонни узиб ташқарига чиқиб кетгани йўқ. Баҳолашда фарқ бўлиши мумкин. Миллий муҳит, миллий ахлоқ таъсирида берилган баҳо асарнинг қадрини йўқотмайди, лекин мафкура таъсирида берилган баҳо уни ўлдириши мумкин. Исботини узоқдан излаш шарт эмас, биз билган миллий “классик”ларнинг ахлат қутисига тиқиб ташланган том-том асарлари…
Бугунги ёзувчи ва шоирларда журъат етишмайди. Воқеаларга, аниқроғи, Сиз айтмиш воқеликка берадиган баҳоларимиз расмий баҳо ёки талқинга зид келиб қолишидан чўчиймиз, шекилли. Билмаймизки, воқеликка баҳо бериш учун бақириб-чақириш, айюҳаннос солиш шарт эмас. Бунинг учун алоҳида тоифа – ҳуқуқ ҳимоячилари (негадир уларни “ҳуқуқхўр” деб атагим келади) мавжуд. Бизнинг вазифамиз – воқеликни бадиий идрок этиш, холисона, босиқлик билан бадиий идрок этиш. Шўролар замонида ёзилган ва бугун яшаб келаётган кўпчилик яхши асарлар шу йўсинда битилган.
– Яқинда ёзувчи Ҳамид Исмоил бир вебсайтга берган интервьюсида ўзбек адабиётидаги 3-4 та архетип даражасига кўтарилган образлар қаторида “Лолазор” романингиз қаҳрамони Яхшибоевни ҳам санаб ўтди…
– Ҳамид Исмоилнинг Яхшибоевга берган баҳосига менинг ҳам кўзим тушди. Ўйлашимча, Ҳамиджон ошналик юзасидан ошиқча лутф этгандай. “Архетип” ёки “архитип” сўзи ўрисчага “первообраз” дея ўгирилади. “Аввал мисли бўлмаган” деган маъноси бор. Балки Яхшибоев образи маълум даражада янги бўлиши мумкин, лекин бу сифатни талтаймасдан, жўнроқ қабул қилган маъқул. Дунё адабиётида архетип бўлмаган юзлаб гўзал образлар борки,  уларнинг муаллифларини тақлидчиликда айблаш бугун ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Масалан, Шарқ поэзиясидаги Фарҳод образи…
– Бугунги ўзбек адабиёти жаҳон адабий жараёнларидан узилиб қолмаяптими? Оддий бир мисол. Кейинги 4-5 йилда Нобел мукофотига сазовор бўлган Жан-Мари Гюстав Леклезио (Франция), Дорис Лессинг (Буюк Британия) Ўрхон Памуқ (Туркия),  Гаролд Пинтер (Буюк Британия) сингари ёзувчиларнинг асарларини ўқиш у ёқда турсин,  номини эшитган ўзбек ёзувчи ёки шоири ҳам кам. Албатта, мен бу билан уларнинг ҳар бири классик ёзувчи деган фикрдан йироқман…
– Алам қилса-да, тан олишимиз керак: миллий адабиётимиз жаҳон адабий жараёнига фаол қатнашчи бўлиб киролгани йўқ. Албатта, яхши асарларимиз хорижий тилларда чоп этилган, мақтов олган, лекин бирорта шоир ёки ёзувчимиз, дейлик, Чингиз Айтматовга ўхшаб дунё бадиий тафаккурига жиддий таъсир кўрсата олгани йўқ. Эътироз билдирувчилар сон мингта: Навоий, Бобур… эпосимиз… дунёга довруқ таратган яна қанча ва қанча  асарларимиз бор-ку?! Тўғри, дунё адабиётида уларнинг ўрни бор. Лекин Навоий билан Бобурнинг ўтиб кетганига қанча бўлди!
Умуман, миллий фахр борасида бизга етадиган миллат топилмаса керак. Тарихимизни мақтайвериб, назаримда, аждодларимиз руҳини ортиқ даражада безовта қилиб юбордик. Буюк ўтмишга меҳримиз шу қадар кучлики, баъзида бугунги кун эсимиздан чиқиб кетади. Билмадим, худо каромат кўрсатиб, улуғ аждодлардан бирортаси тилга кирса, балки, биздан бошқа ташвишларинг йўқми, ўзларингни ўйласаларинг  бўлмайдими, бўталоқларим, деб айтган бўлармиди…
Менимча, мавзуни торроқ қилиб, ўзбек ўқувчисининг дунё адабий жараёнидан нечоғли хабардор эканидан гапирганимиз тузук. Ўйлаб кўрсам, Сиз тилга олган ижодкорлардан Леклезионинг “Саҳро” романини анча олдин тасодифан ўқиган эканман. Воқеалари, мавзуси бугун ёдимда йўқ. Лекин Ўрхон Памуқни атай ўқиганман. Ўзимизга яқин билиб, алоҳида меҳр билан ўқиганман. Менга унинг “Қора китоб”и маъқулроқ. Билим, катта меҳнат ва маҳорат билан, катта шавқ билан ёзилган роман. Афсуски, бу яхши ёзувчининг Нобель мукофотига қўйилганидан кейин қилган бир-икки сиёсий баёноти ёқмади. Гап Памуқнинг сиёсий қарашларида ёки берган баёнотлари тўғри-нотўғри эканида эмас, балки бу қарашлар айни Нобель мукофотини бериш арафасида ва охирги рўйхатга кириш илинжида ошкор қилинганида. Қолган икки “нобелчи” муаллифнинг отларини эшитганман, лекин ўқиганим йўқ.
Умуман, сиз ҳақсиз – ёзувчининг қадри Нобель мукофотини олгани билан ўлчанмайди. Аксар ёзувчи мукофот олиш учун эмас, ақалли битта яхши китоб ёзиш учун яшайди. Номлари бизга жуда таниш икки камтар ёзувчи Фозил Искандар билан Грант Матевосянни олинг. Улар қайси нобелдор ёзувчидан кам? Тўғриси, бу машҳур мукофотни беришда ҳам ғирромлик бордай. Асарга баҳо беришда бирёқламалик – бадиий қимматни оврўпоча анъаналарга садоқат мезони билан ўлчаш аниқ сезилади. Адабиётни четга суриб, Бегин ёки Арафатга берилган тинчлик мукофотларини эслаб кўринг, бу ҳолат соғ фикр нари турсин, жўнгина мантиққа ҳам зид эмасми? Улар бошида турган уруш ҳали тўхтагани йўқ-ку?
Шу куннинг китобхони кимларни ўқишини яхши билмайман. Ҳар ҳолда, Пауло Коэльо ёки Харуки Мураками каби пуфлаб шиширилган “даҳо”ларга маҳлиё бўлаётган одамлар кўп деб эшитаман.
Бугунги ўқувчи тасарруфида бизнинг авлод тасаввур ҳам этолмаган катта имконият – Интернет бор. Хоҳлаган тилида хоҳлаган асарини ўқиши мумкин.
Яна бир муҳим масала. Замона зайли билан ўзбек китобхони жаҳон адабиёти билан асосан рус тили воситасида ошно бўлди. Истибдод замони ортда қолди, лекин рус тили очиб берган эшик очиқлигича турибди. Бизда тил биладиган катта таржимонлар бармоқ билан санарли, лекин русларда уч-тўрт аср давомида шаклланган ва ғоят ривожланган таржима мактаби бор. Маҳдудликка берилиб, бу имкониятдан воз кечмаслигимиз керак. Афсуски, рус тилини биладиган ёшлар тобора камайиб кетяпти – уларнинг инглизчаси, немисчаси ёки япончаси хийла мукаммал. Илгари русификацияни,  яъни руслаштириш сиёсатини ёмон кўрардик. Лекин бугун рус тилининг ўзбек тилига сиёсий рақобати йўқ. Энди у бир восита, керакли восита. Бизда миллий таржима мактаби юзага келиши учун кўп вақт ва маблағ зарур. Ҳозирча, миллий адабиётнинг ўзи тузукроқ ёрдамга муҳтож. “Шарқ юлдузи”, “Звезда Востока”, “Ёшлик” каби адабий журналларимизнинг тақдири омонатроқ бўлиб турганидан билаверасиз.  
– Сиз мансуб авлод вакиллари атрофга фақат айрим ёзувчиларнинг кўзойнаги  билан қарашга ўрганиб қолган адабиётга дунё адабиёти эшикларини очиб берди. Кейин шеърияту насрда турли экспериментлар даври бошланиб кетди.   Ҳалигача ўша таъсирдан қутулолмай тили ўзбекча бўлса-да, фикрлаш тарзи, услуби тақлиддан иборат бўлиб қолаётган ижодкорлар бор.  Дунё адабиётини пухта билишингизга қарамасдан Сизда ўша таъсир умуман сезилмайди. Ўқиган-билганларингизни асарларингизга қандай сингдирасиз?
– Эътибор берганмисиз, Абдулла Қаҳҳор домланинг “мен дунёга Чехов кўзойнаги билан қарадим” деган сўзларида росмана ғурур сезилади. Бугун мен алам билан ўйлайманки, кўзга суртган тўғрисўз ёзувчимиз шу гапларни замонасозлик юзасидан айтганида қанчалар яхши бўларди! (“Аз таҳи дил чўқиндингми ёки мазмуни замонасозлиқми?” – Абдулла Қодирий, “Калвак Маҳзум”.)
Тақлид деганлари дунё тургунча туради. Аслида тақлид ҳам – илмнинг  бир тури, ибтидоий босқичи. Гап бу босқичдан эсон-омон ўтиб олишда. Ёзувчининг китоб ўқиб китоб ёзгани дарров билинади. Лекин мумтоз асарни ўқиб, кейин уни буткул эсдан чиқариб, ана ундан кейин ўзининг китобини ёзса эди, муаллиф бир замонлар тақиб кўрган кўзойнак кимники эканини сезиш қийин бўларди.
Овоз ёзиш жараёнида яхши атамалар бор. Оригинал – мастер-нусха, қолган ҳаммаси – биринчими ёки мингинчими – жўн нусха. Ҳақиқий талант ҳеч қачон аросатда қолиб кетмайди, барибир ўз йўлини топади – иркит ўрдакча кўркам оққушга айлангани каби!
Табиийки, тақлид ва ўрганиш даврини чўзиб юборган ношуд киши оддий эпигонга айланади. Буни аниқроқ тасаввур этиш учун замона ҳофизлари аҳволига бир қаранг. Бири Маъмуржон Узоқов бўлиб, иккинчиси Фахриддин Умаров бўлиб хиргойи қилади, мухлис орттиради, ҳатто унвон олади. Фожиа шундаки, улар ўзларининг оригинал эмас, иккинчи даражали нусха эканликларидан уялиш у ёқда турсин, маромига етказиб тақлид қилишларидан фахрланади.
Шерали Жўраев йўлини тутган бир укамиз бор. Баъзида “бу укамиз Шералининг қўшиғини Шералининг ўзидан зўрроқ айтади”, деб ҳазил қиламиз. Лекин у кинояни сезмайди, пичингни юксак мақтов дея қабул қилади.
Ижодий экспериментлар жуда керак. Уларнинг энг сара намуналари миллий адабиётнинг таркибий қисмига айланиши ҳам мумкин. Бармоқ вазни ўзбек назмига ёт – бегона, деган гапларни бугун ким эслайди?   Ким бугун ғазал шаклида шеър ёзяпти? Майли, ёзаётган ҳам бўлсин, лекин шаклга қайтадан жон берган, янгича мазмун бағишлаган намуналар борми ўзи?
Бизнинг авлод вакиллари кўп ўқигани рост. Шу сабаб, биримиз Ҳэмингуэй, биримиз Селинжер, яна биримиз Гарсиа Маркес бўлиб ёзган чоғларимиз кўп бўлган. Аполлинер, Бодлер, Нозим Ҳикмат, Гарсиа Лорка, Уитмен, Элиот ва бошқа ўнлаб-юзлаб гўзал ёзувчи ва шоирлар ақлимизни олган пайтлар эди. Ажнабий ёзувчилар четда турсин, ўзимизнинг Шукур Холмирзаев ёки Ўткир Ҳошимовга ўхшаб ёзадиган “хашакироқ” (биз шундай деб ўйлардик) ошналаримиз қанча эди. Янглишмасам, Шукур аканинг ўзи ҳам бир фасл Эрнест Ҳемингуэйнинг “телеграф” услубини ўзбекча ислоҳ қилишга уриниб кўрган эди. Йўқ, устозимиз кейин яна ўзининг сурхон улусига, чорибой ва панжибойлар даврасига қайтди ва жуда тўғри қилди. Ва бугун бизлар Шукур акадан жуда кўп нарсаларни ўргандик, деб айтмасак гуноҳи азим бўлур эди. Умуман, Шукур ака раҳматлининг энг катта хизмати ўзбек насрини осмондан ерга олиб тушганида.  
Менинг тақлиддан қутулишим осон кечган. Москвада ўқиб юрардим. Шавкат Раҳмон ёки Собит Мадалидан бошқа суҳбатлашадиган одам йўқ. Исфандиёр эса фақат ўрисча гапиради. Начора, ёлғизликдан зерикиб, ёзган нарсаларимни овоз чиқариб ўқишни ўргандим. Жиддийроқ қулоқ тутсам, баъзи жумлалар ўрисчадан таржима қилингандай… яна бир жумланинг оҳанги ғалатироқ… хуллас, қаҳрамонларимнинг одамга ўхшаб гапирадигани кам экан. Бор-йўғи шу. Ўшал замондан бошлаб, қаҳрамонларимни одамга ўхшаб гапиришга ўргата бошладим.
Раҳматли Машраб Бобоевнинг битта зўр гапи бор эди. Жумлада ғализлик топса бас, “Энди, оғайни, ўзбек бундай гапирмайди-да”, деб куюнар эди. Шу сабаб, янги нарсани аввал Машраб акага ўқитиб олардик. Раҳматли Ваҳоб Рўзиматов домла беўхшов жумлани ўқиса бас, авзойи ўзгариб, ортидан бир “сасирди”ки, унинг ғазабидан қўрқмаган ёзувчи зоти йўқ эди. Айтган гапи ёқмасди, лекин сабоқ ўрнига ўтарди. Сўзни жуда теран ҳис этадиган зукко ва шинаванда муҳаррир Низомхон ака Комилов ҳам ёшлигимизда бизга кўп марҳамат кўрсатган. Ваҳоб Рўзиматовнинг садоқатли шогирди, қадрдон дўстим ва “қаттол” муҳарририм ёзувчи Эркин Аъзамов билан алоҳида “ҳисоб-китоби”миз бор. У мен фақирга турфа азоблар бериб, опкелган қўлёзмаларимдан бутун-бутун бобларни олиб ташлаганки, бугун энди миннатдор бўлиб эслайман.
– Асарларингизда киноя устувор. Бу, айниқса, зикр этилган қаҳрамонингиз Яхшибоев образида бўртиб кўринади. Лекин қўғирчоқбоз Яхшибоев билан Олиянинг “бир-бирини кўзёшига беланиб суйиши” романнинг гўзал, шу билан бирга Яхшибоев характерига унчалик мос бўлмаган бобларидан биридир…
– Тўғрисини айтсам, “Лолазор” романи, бор-йўғи, икки жумлага жой топиш учун ёзилган. Биринчиси – “осмон мезонлардан йилтираб ётарди”, иккинчиси – Сиз иқтибос этиб келтирган гап: “алар бир-бирини кўзёшига беланиб суйдилар”. Ҳар икки жумла ҳам романдан олдин туғилган. Уларни юракка маҳкам босиб, асраб-авайлаб юрганман. Вақти келиб, бирига роман муқаддимасида, унисини ўзим энг яхши кўрган бобга тушириб, ортидан дунё топган тентакдай қувонганман.
Умуман, мен муҳаббат борасида ёзмасликка ҳаракат қиламан. Муҳаббат деганлари шу қадар буюк ва нозик туйғуки, унга муносиб қаҳрамонлар ва улар айтадиган сўзларни топиш ўзи қийин. Камтарликдан бўлмаса ҳам иқрор бўлишим керак: Сиз айтмиш бобдаги Яхшибоев  аслида мен ўзимман.
Мен Яхшибоевни фош этиш учун ёзган эмасман. Тўғри, ундан кулган пайтларим бўлган, лекин ҳеч қачон мазах қилмаганман. Умуман, матнда ҳам ошкор айтилганки, “Лолазор” – ўнгланмаган тақдирлар романи. Яхшибоев ҳам, Ошно ҳам бошқача одамлар бўлиши мумкин эди. Уларда танлов ҳуқуқи бор эди ва улар бугунги тақдирини танладилар. Яхшибоевни оқлайдиган ягона нарса –Олияга муҳаббати. Бу муҳаббатда ғирром йўқ. У Олияни қутқариш учун ўзини сотди – Ошно ва бошқалар (Муҳсина хоним, Муяссар хоним ва ҳоказо бугунгача яшнаб-яшаб келаётган давлат хонимлари) танлаб берган йўлдан чиқиб кетолмади. Кўнгилда катта алам қолди. Балки шунинг учун ҳам кейинчалик Яхшибоев қўғирчоқбозга айланиб, ҳаттоки Ошнонинг ўзини ҳам қўғирчоқ қилиб ўйнатгандир?..
Бир нарсада Сиз ҳақсиз. Олия билан Яхшибоев муҳаббати бобида киноя камроқ. Бунга мен айбдорман, муҳаббат тавсифига берилиб кетиб, романнинг асосий оҳангини унутиб қўйганман. Балки шуниси тўғри бўлгандир – киноя аралашган жойда муҳаббат ўлади. Ўлмайди, дейдиган мард, ана, маҳбубасига ишқини пичинг аралаш изҳор этиб кўрсин.
– Бугунги ижодкорга мутолаа маданияти керакми? Умуман, ўзингиз қандай мутолаа қиласиз?
– Бу саволга жўялироқ жавоб беролмайман. Менинг китоб ўқишимда ҳеч қандай тартиб йўқ. Агар ёнимда бадиий китоблар бўлмаса, тунукачи ёки қадоқчи касби ҳақидаги китобни ҳам ўқийвераман. Электр ёки пластик пайванд, сантехника, бўёқчилик, мисгарлик, темирчилик бўйича қўлланмалар… Буларнинг ҳаммаси бирдай қизиқ ва мароқли. Кейин жарроҳлар ёзган китобларни (улар бизга ўхшаб, драматик ҳолатларни ўйлаб топмайди), отлар билан итлар ҳақидаги китобларни яхши кўраман.
– Сизнингча, бугун сўзнинг, санъатнинг бозорга солиниши, тўғрироғи, улардан фақат бойлик орттириш воситаси сифатида фойдаланиш қанчалик зарар   келтиряпти? Ёки бизда ҳам Ғарбдагига ўхшаш, буниси ҳақиқий санъат, буниси эса кўча маданияти деб ажратиб қўя қолиш керакмикин?
– Табиийки, бозор муносабатлари ўзига мос нарсаларни юзага чиқарди: бозор адабиёти, бозор санъати… киноси, куй-ашуласи, рақси… Бу суррогат шакллар катта даромад келтиради. Албатта, уларнинг ўз мухлислари бор. Боргина эмас, жуда кўп – минглаб, милёнлаб. Бир сўз билан айтадиган бўлсак – масскульт, яъниким оммавий маданият.
Адашмасам, “Мустафо” деган қиссада қадим файласуфи Зуннун Мисрийнинг сўзларидан иқтибос келтирган эдим. Маъноси шуки, илм одамлардан тортиб олинмайди, аммо билгувчилар йўқолади. Билгувчилар йўқолгач, нодонлар тепага чиқиб оладилар. Улар ўзлари адашгани етмагандай, ортларидан бошқаларни ҳам етаклаб кетади…
Ўзбек оммавий маданияти кимларнинг етовида эканини аниқ  билмайман. Албатта, етакда кетаётган одамларга ҳавас қилиб бўлмайди. Лекин бу жараённи тўхтатиш мумкин эмас – ўртага пул, катта сармоя тикилган. Эстрада савиясини кўтариш борасида қанча қарор қабул қилинди, лекин савия сабил ҳали-ҳануз тош асри даражасида собит турибди. Фақат бир нарса – Россияда ҳам, Туркияда ҳам, Қозоғистону Тожикистону Қирғизистонда ҳам аҳвол шу экани таскинга зор кўнглимизни озгина юпатади. Бошқа тилларни тушунмайман, лекин ўзимча тусмол қиламанки, биз ҳавас билан қарайдиган Мағриб мамлакатларида ҳам аҳвол бундан ортиқ эмас. Яъники, кўпга теккан касал.  Недир янги ва кўпроқ даромадли ўйин ёки томоша турлари ўйлаб топилса, бугунги нағма ва муқомлар тез орада ўтиб кетиши ҳам мумкин.
– Бир суҳбатингизда ўзингизни нафосатни, гўзалликни қадрловчи амалдор, деб атаган эдингиз. Бугун кечаги тушунчаю мезонларнинг яшин тезлигида ўзгараётгани нафосату гўзалликка бўлган муносабатга таъсир этмаяптими?
– “Нафосатни, гўзалликни қадрловчи амалдор” иборасида ўша замондаги аҳволимга нисбатан – ёзишга имкон йўқлигидан афсус аралашган озгина пичинг бор эди.
Инсон кўнглидаги гўзаллик туйғуси муқим қолади, албатта. Мезонлар ҳар кун ўзгариши мумкин. Айниқса, аёл чиройи борасида. Аслида, Рубенс чизган семиз хонимлар билан бугун саҳналарда муқом қилиб юрадиган қилтириқ моделлар ҳам бирдай гўзал. Умуман, хунук аёлнинг ўзи бўлмайди. Менинг бир ажойиб синфдошим маҳбубасига шундай баҳо бергани ёдимда: “Роса чиройли, оғзи тўла тилла тиш, ҳар бармоғида иккитадан тилла узуги бор!”  Мен ўша пайт ичимда кулган эдим. Лекин бугун ўйлаб кўрсам, у ҳам ўзича ҳақ экан. Яъниким, ҳар кимники ўзига, ой кўринар кўзига…
– Зардуштийлик динида  ҳозир ҳам долзарблигини йўқотмаган “эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал”  триадаси бўлган. Кўпчилик мавжуд қийинчиликлардан нолийди-ю, лекин уларни енгиш учун, аввало, фикр ва сўз тузалиши шарт эканини ўйлаб кўрмайди. Бунинг учун нима қилиш керак деб ўйлайсиз?
– Дунёда тўкис одамнинг ўзи йўқ. Бировда эзгу фикр, эзгу сўз бўлиши мумкин, лекин амалга келганда оқсаб қолади. Бугунги оташин ислоҳотчиларнинг ҳаммаси шундай. Фикр ва сўзни тузатиш мумкиндир (балки сўзни тузатиш шарт ҳам эмасдир, негаки ҳамма  – ўғри ҳам, тўғри ҳам – жуда эзгу сўзларни гапиради), лекин моддий ғаразни енгиш жуда қийин. Эзгу амалнинг асосий кушандаси – нафс. Жамият мукаммал бўлишини, ҳалол меҳнат кунлик  эзгу амалга айланишини кутамиз энди.

Фахриёр суҳбатлашди