Филология фанлари номзоди, навоийшунос Каромат Муллахўжаева билан Ҳусан Мақсудов суҳбати
Инсон яралибдики, у жисмоний ва маънавий-руҳий эҳтиёж қуршовида яшайди. Жисмоний эҳтиёжи қондирилган вужуд қониқиш ҳосил қилганидек, маънан озуқланган қалб (ва албатта тафаккур ҳам) қувватли бўлади, тозаради, юксалади… Таассуфки, бугунги замон кишисига моддият бирламчи бўлиб, адабиёт ва санъат вақтни оладиган бир нарсадек туйилаётгани ҳам бор гап.
Моддият ва маънавият кураши кетаётган шундай даврда мумтоз адабиёт, хусусан, ҳазрат Навоийни ўқиш ва уқиш кўпчиликка эриш туйилаётгани ачинарли, гўё шусиз ҳам яшаш мумкиндай…
Филология фанлари номзоди, навоийшунос олима Каромат Муллахўжаева билан ҳазрат Алишер Навоий ижоди хусусида суҳбатлашдик.
– Каромат опа, суҳбатимиз ёшлар журналида чоп этилишини инобатга олиб, уни бевосита ҳазрат Алишер Навоий асарларини ўрганиш ва ўргатиш масаласига қаратсак.
Бугунги глобаллашув жараёнининг яхши томонларидан кўра кишиларга, аниқроғи, ёш авлодга етказаётган зиёнини кўриб, одамнинг кўнгли сал хира тортади. Шундай эса-да, дилингиз нурафшон бўладиган нарсалар борлигидан хурсанд бўласиз: яхшиям дину диёнат бор, адабиёт бор, санъат бор. Шулар воситасида келажак эгаларини турли маънавий балолардан асрашга ҳаракат қиламиз. Шукрки, Навоий асарларида биз истаган ва бизга маънавий кўмакдош бўладиган барча нарса бор. Зеро, ҳазрат Навоий доим инсонни КОМИЛ кўришни истаган. Кишини нима комил қиладиган бўлса, барчаси Навоий асарларида акс этган. Шундай эмасми?
– Глобаллашув, аслида, инсониятнинг азалий орзуси бўлган. Ватандошимиз Абу Райҳон Берунийнинг Америка қитъаси ҳақидаги фаразлари, испаниялик Христофор Колумбнинг шу қитъага қанча машаққатлар билан етиб бориши, ва ниҳоят, флоренциялик Америго Веспуччи шарафига ушбу қитъанинг номланиши… Бобурнинг Ҳиндистонда ватан қуриши, бизнинг минтақадан кетган олимлар Беруний, Ибн Сино, Фарғоний ва бошқаларнинг араб дунёсида шуҳрат топиб, нафақат мусулмон оламида, балки бутун жаҳонда шуҳрат топиши… Хоҳлайсизми-йўқми, ана ўша даврларда глобаллашувнинг илк куртаклари намоён бўлган эди.
Бугун “тамаддунлар тўқнашуви”ни ҳам келтириб чиқараётган глобаллашув бизнинг ўзимиз яшаётган олам ҳақида кўпроқ билишга бўлган қизиқишларимиз, орзуларимизнинг маҳсули. Битта сайёрада яшаб туриб, унда кечаётган воқеалардан бехабарликни бугун кўпчилик тасаввур ҳам қилолмайди. Ер юзида кечаётган воқеаларни, инсонлар ҳаёти, турмуш тарзи ва бошқа икир-чикирларигача кириб боришга бугунги кундагидек ҳеч қачон яқинлашмаганмиз. Баъзан, бутун дунё кичик бир шаҳарча, тўғрироғи, қишлоққа айланиб қолгандек туюлади. Ҳамма воқеалардан тонгдаёқ (уйқудан кўз очиб-очмай) хабардор бўлиб улгурасан. Телевидение, радио ва асосийси, интернет туфайли. Бу қайсидир маънода қизиқ ҳам. Чунки дунёдаги қанча-қанча воқеалардан, улкан кашфиётлардан бир зумда хабар топасан. Айни пайтда, ҳар куни негатив хабарларни эшитиш, агрессияга тўла зўравонликлар, ахлоқсизликка ундовчи рекламаларни томоша қилиш, ўқиш ҳар биримизнинг руҳиятимизга таъсир қилади. Кўп вазиятларда бўлганидек, глобаллашувнинг ҳам салбий ва ижобий томонлари бор. Шу боис, биз ҳар сафар унинг нозик таъсир кучига эга бўлган оммавий маданият билан боғлиқ жиҳатларига эътибор беришга мажбурмиз. Балки тез-тез ижобий воқеаҳодиса ва масалаларга эътибор қаратсак ва уларни кўпроқ тарғиб этсак, фойдалироқ бўларди. Чунки ҳар бир мамлакатнинг сиёсати, иқтисоди ва бошқа соҳалари билан бирга маданияти, мумтоз санъати ва адабиёти бор. Ҳар бир инсонда руҳий юксакликка ундайдиган маънавий руҳоний эҳтиёжлар бор. Айниқса, тарбиячилар, муаллимлар, ва албатта, ота-оналар инсон тарбиясида шу жиҳатга кўпроқ эътибор қилишлари зарур. Инсонни камолотга етказишда, аввало, унинг шахс сифатидаги хусусиятларини шакллантириш масаласи муҳим ўрин тутади. Тарбияда бош масала шу. Чунки шахс сифатида шаклланган инсон ўз фикрига эга бўлади, ҳар бир воқеа-ҳодисага ўз муносабатини билдира олади. Ҳар кимга эргашиб кетавермайди. Эҳтимол, бугун бот-бот такрорлаётганимиз маънавий иммунитетни шакллантиришнинг бир йўли мана шудир. Адабиёт, шу жумладан, ҳазрат Алишер Навоий ижоди бу масалада яқиндан ёрдам беради, албатта. Чунки Навоийнинг ўзгалар хизматида, сўзнинг хизматида кечган умри, агар масаланинг моҳияти англаб етилса, ҳар бир инсон учун ибрат бўлади. Тўғри таъкидлаганингиздек, Навоий асарлари қаҳрамонлари камолотга интилиши билан ажралиб туради. Уларни ҳаётдан узоқ бир мифга, қўл етмас орзуга айлантириб қўймаслик керак. Ҳар бирида инсоннинг бахти ва бахтсизлиги билан алоқадор туйғуларни ҳис этиш, китобхонни шу туйғуларни кечиришга, яшаб ўтишга ўргатиш керак ва мана шундагина бирор натижага эришиш мумкин. Бунинг учун Навоий асарларини ўқитаётган муалллимнинг – раҳнамонинг ўзи шахс сифатидаги хусусиятларга эга бўлиши керак. Агар биз Навоийни тушуниш даражасига яқинлаша бошласак, кўплаб муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетарди, деб ўйлайман.
– Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид бир шеърида: “Ҳазрат Навоийга етмоқ-чун, эй, дил, Яна беш юз йиллар юрмоқ керакдир”, деб ёзган эди. Шоир шу ўринда Алишер Навоий ижодий оламининг кенглигига ишора қилиб, инсон боласи бу зоти муборакнинг асарларидаги маъно-мазмунни тўлалигича англай олмайди, демоқчи. Аммо бу сатрлар бизнинг ҳазрат Навоийдан борган сари узоқлашаётганимизга ҳам ишорадай туйилади. Улуғ мутафаккир шоиримиз ижоди ҳақида ёзилган китобларни, тадқиқот ишларини жамласак, каттагина кутубхона бўлса керак. Аммо барибир Навоий халқнинг, айниқса, ёш авлоднинг кўнглига бор бўй-басти билан кириб бормаётгандек…
– Ҳақрост, Навоий ҳақида кўп тадқиқотлар олиб борилган, юзлаб китоблар, минглаб мақолалар ёзилган. Бундан кейин ҳам ёзилаверади. Айтиш мумкин бўлса, улар Навоийни тушуниш, тўғри идрок этиш йўлидаги уринишлар. Албатта, ушбу китоб ва мақолаларнинг муайян қисми Навоийни тушунишга кўмак беради. Бироқ биз Навоий асарларини, иложи бўлса, аслиятда ўқишга ўрганишимиз керак. Луғат билан, ёрдамчи изоҳ ва шарҳлар билан бўлса-да, Навоий қаламидан тўкилган сўзларни англашга уринишимиз лозим. Меҳнат қилишдан чўчимаслигимиз керак. Мактабларда ўқувчиларни шунга йўналтириб тарбиялаш, таълим бериш бурчимиздир.
– Ҳозирги мактаб ўқувчиларига “Алишер Навоийнинг қайси шеърларини биласиз?” деб савол берсангиз, деярли барчаси “Келмади”, “Санга” радифли ғазаллари ва “Ғурбатда ғариб…” деб бошланувчи рубоийсини айтишади, холос. Бунинг сабабларини ўзимча англагандай бўламан: неча йиллардан бери у дарсликдан бу дарсликка бир хил ғазаллар ва бир хил таҳлиллар кўчиб ўтяпти; мумтоз адабиёт, хусусан, Алишер Навоий асарларини таълим жараёнларида ўқитишда яхши тизим яратилмаётгандек… Умуман, мактаб дарсликларидаги мумтоз адабиёт, хусусан, Навоий ижодининг ёритилиши қониқарли даражадами?
– Бир пайтлари профессор Натан Маллаевнинг мактаблар учун яратилган дарсликларини бугун тез-тез эслайдиган бўлиб қолдик. Муайян системага эга бўлган бу дарсликларда материаллар боланинг ёш хусусиятлари билан боғлиқ ҳолда тақдим этиларди. Юқори синфлар учун адабиёт дарслари икки асосий китоб – назарий масалалар ўз ифодасини топган махсус дарслик ҳамда манбалар саралаб жамланган хрестоматияга асосланиб ўтиларди. Ўқитувчи учун ҳам, ўқувчи учун ҳам ишлаш осон кечарди. Бугунги адабиёт дарсликларини қўлга олганда, нафақат ўқувчи, балки ўқитувчининг ҳам ҳафсаласи пир бўладиган ўринлар талайгина. Нега бу аҳволга тушиб қолдик? Катта-катта олимларимизнинг меҳнати нега самара бермаяпти? Нега мактабда, лицейда ўқиётган ўқувчининг четдан қўшимча дарс олишга эҳтиёжи ҳаддан ортиқ кучайиб кетди, бундай “таълим” учун хусусий йўл билан қўшимча “дарслик” ва “қўлланмалар” чоп этиляпти? Қўшимча дарсларнинг ҳаммаси, у адабиёт бўладими, математиками, бунинг фарқи йўқ, таълим-тарбия билан бирга олиб борилмайди, керак бўлса, кўп фанлардан фақат ёдлатиш йўли билан мақсадга эришилади. Қарабсизки, шундай усулда ўқиб, олий ўқув юртига юқори балл билан кирган талаба ҳамма нарсани қайтадан бошлаши кераклигини тез орада тушуниб етади. Назаримда, қўшимча дарсларга ружу қўйиб ўқишга кираётганларда муайян тизим йўқ, улар кўпинча фанлараро интеграцияни ҳис қилмайдилар. Чунки улар фанни билимли бўлиш учун эмас, фақат имтиҳондан ўтиш учунгина ўзлаштирадилар.
Мактаб дарсликларида Алишер Навоий ижодининг тақдим этилишида муайян система йўқ. Боланинг ёш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда оддийликдан мураккабликка қараб боришдек энг муҳим принцип бузилган. Қўпол бўлса ҳам айтиш керак, такрорлар, ўринсиз тақдим этилган матнлар ҳар бир синф дарслигида учрайди. Бугун таълим-тарбияни боғчадан мактабгача, яъни тарбия муассасаларидан бошлаш муҳим масала сифатида кўтарилган пайтда, керак бўлса, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ва олий таълим мутахассислари биргалашиб мумтоз адабиёт бўйича мавзуларнинг узвийлигини таъминлаш бўйича дастурларни биргаликда тузиб олишлари, уларнинг концепциясини пухта ишлаб чиқишларига жиддий эҳтиёж туғилган. Шунда Алишер Навоий ижодига ҳам шу нуқтаи назардан махсус мурожаат қилиш имконияти туғилади.
Энди, сиз айтгандек, Навоийнинг фақат “Келмади”, “Санга” радифли ғазаллари ва “Ғурбатда ғариб…” деб бошланувчи рубоийсининг оммалашиб кетишига келсак, бу айрим ўқитувчилар “меҳнати”нинг самараси. Аслида, болаларимизнинг имкониятлари жуда баланд. Айниқса, ёдлаш қобилияти. Яқинда Сурхондарёнинг Сариосиё туманидаги 12-мактабда бўлдик. Навоийдан, бошқа мумтоз шоирларнинг асарларидан юздан ортиқ шеър ёд олган ўқувчиларни кўрдик. Ғазалхонликдан мусобақа бошланди. Иштирокчилар орасида бошланғич синф ўқувчилари ҳам бор эди. Ҳатто шоирнинг катта-катта достонларини ёд олганлар бор. Тумандаги бошқа мактаблардан ҳам вакиллар келди. Ҳайратда қолдик… Бундай муваффақиятлар ортида ўз касбини севадиган, фидойи ўқитувчилар бор эди. Менимча, ўз касбини севиш, ҳалол меҳнат қилиш, бу оммавий ҳайқириқларни бир четга қўйиб, кўнгилнинг тубига чўкиб, ватанни севиш демакдир. Шу нарса аниқки, ўқувчининг нечта ғазал ёдлаши-ю, қайси китобни ўқиши, энг аввало, ўқитувчига боғлиқ. Яхши ўқитувчи ўқувчига қанот беради. Навоийдек буюк инсонларни шунчаки эмас, балки асарлари орқали, ибратли ҳаёт йўлини англатиш орқали севишга ўргатади. Балки ватанни севишга шу йўл билан борилар…
– Шу ўринда бир воқеа ёдимга келди. Талаба пайтимиз, аниқроғи, ўзбек тили ва адабиёти йўналишининг иккинчи босқичида таҳсил олиб юрган чоғларимиз эди. Биз семинар дарси деб атайдиган, маърузалар ўқиб бўлингач, ўзлаштирилган билимлар алоҳида баҳолаб бориладиган якка тартибдаги дарс машғулотимизни мумтоз адабиётдан унчалик узоқ бўлмаган бир фан номзоди олиб борарди. Мавзу Навоий “Хамса”сидаги “Лайли ва Мажнун” достони, унинг мазмун-моҳияти ҳақида эди. Хуллас, талабаларнинг фикридан унчалик қониқмади шекилли, устозимизнинг ўзи достондаги ошиқлик, жунунлик ҳақида сўзлай кетди: “Мажнун шундай севганки, унинг кўзига ҳеч нима кўринмай қолади, бошқа нарсаларда ҳам у Лайлининг жамолини кўргандай бўлади. Мана, масалан, йигитлар қайсидир қизни севиб қолса, ҳатто автобусдаги чиптачи ҳам унга ўз севгилиси бўлиб кўринади, чипта олинг, деса, унга тикилиб тураверади. Севги шундай бўлади”, деган мазмундаги гапларни айтди ҳамда ишқи илоҳийни ўқувчиларга шундай содда, замонга мослаб ўргатиш керак деган нуқтаи назарни бўлажак тил ва адабиёт мутахассисларига уқтирди. Хўш, аслида бу қанчалик тўғри? Сизнингча, Навоий наздидаги ИШҚни қандай тушунмоқ ва тушунтирмоқ лозим?
– Фан номзоди деган номни кўтариб юрган бу ўқитувчингиз Навоийни жуда жўн тушунтирибди, деган гапни фақат мен эмас, бу воқеани эшитган ҳар қандай одам айтиши мумкин. Албатта, сизлар унинг саёз гапирганини билиб тургансиз.
Навоий асарлари мазмун-моҳиятини ташкил этган ишқни мукаммал тушуниш учун унинг асарларини тўлиқ ўқиш керак. Шоирнинг асарлари тизимли адабий олам. Ундаги бир масалани тушуниш учун иккинчисига мурожаат қилиш ва учинчисидан асосли шарҳ топиш мумкин. Шоир бир достонида: “Бўлмаса ишқ икки жаҳон бўлмасун, Икки жаҳон демаки, жон бўлмасин”, деган бўлса, бошқасида “Эй ишқ ғариб кимёсан…” деган фикрларини беради. “Маҳбуб ул-қулуб”да ишққа мукаммал таъриф бериб, унинг даражаларини кўрсатади. Булар Навоийнинг бошдан-оёқ ишқнинг сирларига кўмилган минглаб ғазалларини тушунишда бир очқич вазифасини ўташи мумкин.
Навоийнинг барча асарларини мукаммал ўзлаштиришни ҳаммадан талаб қилиб бўлмас, бироқ шоир ижоди билан шуғулланаётган, унинг асарлари юзасидан тадқиқотлар олиб бораётган ходимлар бунга амал қилиши керак. Чунки тўғри хулосага келиш учун Навоий бадиий оламидан, унинг дунёқарашидан яхши хабардор бўлиш керак, зеро, тадқиқотларнинг натижалари Навоий асарларини ўқитиш ва англатишга хизмат қилиши зарур.
– “Хамса” достони Ҳазрат Навоий ижодининг юксак чўққиси. Ушбу “панж ганж”нинг бутун ички ботиний маъно-мазмунини ўқувчиларга очиб бериш борасида, айниқса, истиқлол йилларида кўзга кўринарли ишлар амалга оширилди. Кутубхоналарда доим бир нарсага кўзим тушади: ёшлар (ҳатто тил ва адабиёт мутахассислиги талабалари ҳам) “Хамса”нинг замонавий ўзбек тилига табдил қилинган (дейиш мумкин бўлса) ёхуд насрий ҳолда баён этилган, фақат сюжет тизимидан иборат талқинини ўқишмоқда. Шу китоблар воситасида Навоий уларнинг кўз ўнгида гавдаланмоқда. Бу хавотирли ҳол, деб ўйлайман. Негаки, бундай китоблар ёшларни Навоийдан узоқлаштиради, ҳазрат айтмоқчи бўлган мақсад-муддаолар йўқолиб кетади, ошиқларнинг Ёрни кўриб, ҳушдан айрилишлари кулгили, хаёлий ҳолдай кўринаверади…
– Навоий асарларини, жумладан, “Хамса”ни тушуниш фақат бугун эмас, ҳамма замонларда ҳам осон кечмаган. Бунинг кўп сабаблари бор. Жумладан, шоирнинг ўзи ҳам “Хамса”нинг яратилиш сабаблари ҳақида гапирганида, унча-мунча одам унга яқинлаша олмаслигини башорат қилган эди. Албатта, шоирнинг ушбу фикрлари унинг тақлидчиларига қаратилган бўлса-да, “Хамса” ботинидаги мазмундан кўпчиликнинг ақли шошиб қолиши ҳақидаги гаплари ҳам бежиз айтилган эмас. Демак, “Хамса” ёзилишидан олдинроқ, унинг тарҳи тузилаётган пайтидаёқ мукаммаллик ва теранлик мақсад қилиб олинган. Бу Навоий даҳосининг ҳосиласи. Шунинг учун ўз замонидаёқ Навоий асарлари луғати тузила бошлади. Биламиз, шоир асарларининг тили анча мураккаб. Чунки шоир “Хамса”да туркий тилнинг бутун имкониятларини, жумладан, сўз ўзлаштириш имкониятларини ҳам кўрсатган эди. Қадимги туркий тилдаги, керак бўлса, шевалардаги сўзларнинг, арабий, форсий ва бошқа тиллардан ҳам ўзлашган сўзларнинг қўлланилиши туркий тилнинг ва, албатта, Навоий имкониятлари улканлигининг намойиши. Шу боис ўша даврдаёқ луғатлар яратилган. Бугун ҳам уларни тушунишда қийналаётганимиздан қўрқмаслигимиз, луғатлар билан ишлаётганимиздан уялмаслигимиз керак. Бироқ масаланинг иккинчи томони бор. Бу асарлар мазмун-моҳиятини тўғри тушуниш масаласи. У идрок этиш билан, тафаккур билан боғлиқ жиҳат. Эътибор қилсак, Навоийдан кейин ХХ аср бошларигача бўлган вақт мобайнида яратилган адабий манбалар ичида шоир “Хамса”сининг насрий баёнлари асосида махсус асарлар, муаллифи маълум ёки номаълум бўлган алоҳида-алоҳида достонлар, китоблар вужудга келди. ХХ асрда ва бугун ХХI асрда ҳам шоир асарларини китобхонларга яқинлаштириш учун турли нашрлар амалга оширилмоқда. Бир пайтлари Садриддин Айний бошлаган, китобхонга “Хамса”ни осон тушунтиришга мўлжаллаб яратилган нашр бугун ҳам долзарблигини йўқотмаган. Академик Ғафур Ғуломнинг “Хамса” достонларидан бири – “Фарҳод ва Ширин”ни табдил қилиши китобхонни Навоийга яқинлаштириш истагидаги ҳаракатлар эди.
Бугун “Хамса” достонларининг байтма-байт насрийлаштирилган нашрлари, табдиллари ҳамда насрий баёнлари китобхонларга етиб борган. Сиз айтмоқчи, бу нашрлар баъзан китобхонни Навоийдан узоқлаштириб қўйиши ҳам мумкин.
Албатта, тўғри бажарилмаган табдил ва насрий баёнлар шундай хулосага олиб келиши мумкиндир. Аммо устоз Айний ва академик Ғафур Ғуломдек илмий-бадиий тафаккур соҳиблари бу ишга қўл ураётганда ниманидир ўйлагандир. Русларнинг “Игор жангномаси” деб номланган китоби бор. Ўша китобнинг ўнга яқин янгича табдил, таржима нашрлари мавжуд. Бу саноқ мен билганларим. Яна қанча нашрлари бордир. Айтмоқчиманки, муайян асарни тушуниш учун бу каби тажрибалардан чўчимаслик керак. Ахир асарни музей учун сақлаб қўймаймиз-ку! Бироқ ҳар қандай ишда бўлгани каби бу ўринда ҳам муайян принципларга риоя қилишимиз, Навоий даҳосининг ҳурматини ўз ўрнида сақлашимиз керак. Шунда ҳар хил чалғитувчи фикрларга йўл қўймаймиз.
Бугун фақат биз эмас, балки бутун дунё Навоийдек даҳоларнинг асарларига эҳтиёжманд. Шундай экан, Навоийни ўқишдан, уқишдан ҳеч қачон чарчамайлик.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Сиз ҳам Навоий асарларини ўқитишда, халққа яқинлаштиришда хизмат қилишдан толманг.
«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 2-сон