(Туркийшунос олима Ия Стеблева билан суҳбат)
Ўзбек адабиётининг хорижда ўрганилиши муайян ўринга эга. Чет эллик олимлар меросимизни ўрганишга муттасил ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Шулар сирасидаги яққол сиймолардан бири туркийшунос олима, филология фанлари доктори Ия Васильевна Стеблевадир. Мен олима билан 2019 йил ёзда, унинг Москвадаги хонадонида учрашдим.
Ия Васильевна Стеблева 1930 йили Одесса шаҳрида туғилган. 1953 йили М.В.Ломоносов номли Москва давлат университети филология факультети туркийшунослик кафедрасини тамомлаган. Бутун умр туркий шеър назариясига доир тадқиқотлар олиб борган.
И.Стеблева ҳозирда 90 ёшга кирган бўлиб, Москва шаҳрида истиқомат қилади. Туркийшунослик, айниқса, туркий шеър назарияси бўйича бир қатор китоб ва кўплаб мақолалар билан фан оламида машҳур. Масалан, “Туркий тилли мумтоз шеъриятда ритм ва маъно” (Москва, 1993), “Туркий адабиётларнинг Россияда ўрганилиши. ХХ аср” (Москва, 1998), “Исломдан аввалги давр туркийлари ҳаёти ва адабиёти” (Москва, 2007), “Туркий поэтика. Ривожланиш босқичлари: VIII–XX асрлар” (Москва, 2012) кабиларни киритиш мумкин.
Мен Ия Стеблевани илк дафъа 1983 йили Тошкент давлат университети ўзбек филологияси факультети талабаси бўлганимда кўрганман. Ўшанда олимани факультет ўқитувчи ва талабалари билан учрашувга профессор Анвар Ҳожиаҳмедов таклиф қилиб олиб келганди. Ия Стеблева Бобур шеърияти ҳақидаги “Бобур ғазаллари семантикаси” номли монографияси рус тилида 1982 йили эндигина Москвада нашр этилган эди. Айни китоб муаллифини кўриб, у билан суҳбалашиш, Бобур ҳақидаги фикрларини тинглаш биз талабалар учун жуда қизиқ эди. Учрашув якунида иштирокчилардан бири ўзбек мумтоз адабиётини ҳар тарафлама ва тўлақонли таҳлил қилиш учун ислом ва тасаввуфни билиш керак. Бизда ҳатто уларнинг номини ҳам тилга олиш мумкин эмас, сизларда эса ислом ва тасаввуф фалсафаси бўйича китоб ва мақолалар чиқариш эркинроқ, деб савол ташлади. Совет замони, коммунистик мафкура ва совуқ уруш авжига чиққан палла – 1980 йиллар боши учун бундай саволнинг уйғониши табиий эди. Шунда Ия Стеблева ҳақиқий олимона жавоб қайтарди: бизда, Москвада ислом ва тасаввуф ҳақидаги нашрлар нисбатан чоп этилиб турибди. Сизлар мана шу бизда чиққан китобларга мурожаат қилиб, ислом ва у билан боғлиқ адабиёт ҳақида ёзаверинглар. Бу асрлар давомида ислом билан боғлиқ бўлиб келган бизнинг маданият ва адабиётимизни бор бўйича кўрсатиш учун олима томондан берилган “кўрсатма” ва қутқариш йўли эди.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Ия Стеблева билан учрашганимда, у киши ўзбек олимларидан фақатгина шогирдим, филология фанлари доктори Насим Раҳмон келиб мендан хабар олиб туради, деди. Академик Азиз Қаюмов билан баъзида мулоқот қилиб турганларини таъкидладилар. Олима ёзган китоблар ҳозирга қадар ҳам биз, ўзбекистонлик ўқувчиларга етиб келиб турибди. Аммо, афсуски, кейинги даврларда биз меросимиз бўйича аввалда қилинган ишлар, шу жумладан, хориждаги тадқиқотларни, билиб туриб ҳам, кам эслайдиган ёки умуман ёдга олмайдиган бўлиб қолдик.
Масалан, И.Стеблева “Бобур ғазаллари семантикаси” монографиясида Бобур бир юз ўн тўққиз ғазаллари матнини эски ўзбек ёзувида эълон қилиб, ўз вақтида матншунослик фаолиятини олиб борган. Бобур ғазаллари матнининг бир неча нусхалардан олинган, ўзи умумлаштирган вариантини бермоқчи бўлган. Мазкур китоб нашридан қирқ йил ўтиб ҳам биз уни ҳали ўзбек тилига таржимасини амалга оширмадик. И.Стеблеванинг туркий, жумладан, ўзбек мумтоз шеърият матнлари ва шеършунослиги билан боғлиқ фаолияти, етарлича баҳосини топмади. Мана шу мулоҳазаларнинг барчаси бизни шахсан Ия Стеблева билан суҳбатга чорлади.
– Ия Васильевна, сизни Ўзбекистонда Бобур ижоди тадқиқотчиси сифатида яхши билишади. Бироқ сизнинг туркийшунос олим сифатидаги илмий тадқиқотларингиз кўлами кенг бўлиб, энг қадимги давр туркий шеърият хусусиятлари ҳам илмий фаолиятингизда катта роль ўйнаган. Ўз илмий ҳаётингиз ва ижодингиз, хусусан, ўзбек мумтоз адабиётини ўрганишга бўлган қизиқишингиз тарихи ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Менинг шарқшунослик соҳасига келишим болалик тақдирим билан боғлиқ. 1941 йили уруш бошланганида мен ўн ёшда эдим. Мана шу даврда отам полковник эди ва ҳарбий академияда кафедра мудири бўлган. Бу академияни аввалига Нижний Новгородга, кейин эса Самарқанд шаҳрига эвакуация қилишган эди.
Мен ота-онам билан 1941–1943 йиллари Самарқандда яшадим. Сўнг шаҳар мактабига бордим. Мактабимизда ўзбек синфи ҳам бор эди. Ўша кезлар ўзбек маданияти ва тили муҳитида яшадим. Кейинчалик 1948 йили махсус М.В.Ломоносов номли Москва давлат университети филология факультетининг шарқшунослик бўлимига ўқишга кирдим. У ерда иккита – туркийшунослик ва эроншунослик кафедралари бор эди. Мен туркийшуносликни танладим. Бунда болалигим ўтган Самарқанд шаҳрига бўлган муҳаббат ва у юртнинг соғинчи катта роль ўйнади. У ердан олган ҳайратлар ҳали ҳамон мени тарк этмайди. Самарқанддаги ҳаётим худди “Минг бир кеча” эртагидагидек сирли ва мафтункор эди.
Китоб ўқишни анча эрта бошлаганман. Ўн ёшимдаёқ анча-мунча китобларни ўқиб қўйгандим. Шарқ эртакларини яхши билардим. Самарқанд шаҳри ва унинг муҳити ўша эртакларда тасвирланган воқеликни эслатарди. Яқинда бир илмий конференцияга борганимда, ҳаётимдаги энг ёрқин таассуротлар ҳақида сўрашди. Мен Самарқанддек ажойиб бир шаҳарни бошқа ерда кўрмаганман. Менга унинг камчиликлари ҳам билинмасди. Айниқса, Самарқанднинг эски шаҳар ҳудуди менга ёқарди. 1940 йиллар ўрталари, онамнинг касби шифокор бўлганлиги учун, у эртадан кечгача ишда бўларди. Отам эса Саратов шаҳридаги ҳарбий мактабга раҳбарликка жўнатилганди. Ҳатто, якшанба кунлари ҳам фронтга жўнатилаётган жангчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш учун онамни олиб кетишарди.
Шу боис мен кўп вақт уйда бир ўзим қолардим. Самарқанддаги истаган жойимга борардим. Шаҳар кўчаларида менга ҳеч ким ёмон гап гапирмасди. Ўзбек болалари билан дўстлашгандим. Улар бироз русча тушунардилар. Самарқандда ўзбек муҳитига яқин бўлиб яшадим, ундан баҳра олдим. Биз – эвакуция қилинганлар шаҳар марказида, Гўри Амирдан узоқ бўлмаган жойда яшардик. Деярли ҳар куни у ерга борардим.
– Сиз Самарқандда қайси тилдаги мактабда ўқигансиз?
– Мен рус тилидаги мактабда ўқиганман. Лекин бизда ўзбек тили дарси бор эди. Менга бу дарс жуда ёқарди. Бошқа болалардан фарқли тарзда, мен ҳамма нарсани тез ўзлаштирар ва ёдлаб олардим. Урушдан кейин кўпгина ҳарбийларнинг қизлари Москва ва Ленинградда филология факультетига ўқишга киришга интилишган. 1948 йили Москва давлат университети филология факультетига имтиҳон топширдим. Лекин кейинчалик шарқ бўлимига ўтиб кетдим. Чунки у ерга кириш конкурси енгилроқ эди. Шунга қарамай, имтиҳон баҳолари юқори бўлиши керак эди. Туркология кафедрасида ўқий бошладим…
Кафедрамиз мудири Николай Константинович Дмитриев (1898–1954) эди. У бизга туркий тилларни ўргатарди. Гуруҳимиз талабалари ичида туркий халқлар вакиллари кўпчилик эди. Русийзабонлардан фақат мен, бир арман қизи ва бир яҳудий йигит бор эдик. Н.Дмитриев бизларга туркий тиллар назариясидан дарс берар, бирор туркий тилдаги сўзни айтар ва уни бошқа тилда шу каби сўз билан қиёслаб тушунтирарди. Унинг дарси назарий томондан қизиқарли бўлиб, билимларимизни оширишга катта хизмат қиларди. Бир дарсида у битта сўзни мисол тариқасида келтирганида, шундай деб у киши билан суҳбатлашганим ёдимда:
– Мен бу сўзнинг ўзбекчаси қанақа бўлишини биламан.
– Қани айтинг-чи, – деди.
– Мен мактабда ўқийман, – деб ўзбекча гап туздим.
– Бу феълни туслай оласизми? – деб сўради.
– Ҳа, – деб жавоб бердим.
Ўқитувчи ўзбекчамдан ҳайратга тушиб, мендан сўради:
– Сиз ўзбек тилини қаердан биласиз?
Мен эвакуация вақтида Ўзбекистонда, ўзбек тилидаги мактабнинг рус синфида ўқиганлигимни, ўзбек тилидаги кўп сўзларни билишимни маълум қилдим.
Мен университетда туркийшунослик бўлимига кириб ўқишни бошлаганимда, туркийшунослик бўйича тасаввурим мавжуд бўлганди. Шарқ бўлимидаги барча “Минг бир кеча” китоби орқали Шарққа мафтун эдилар… Мен қайта ва қайта Самарқандни хотирлайман. Бу дунёдаги ҳеч нарсани Самарқанд ҳавоси билан тенглаштира олмайман. У – мен учун беқиёс нарса.
– Бу шаҳарнинг аураси бошқачами? Нима деб ўйлайсиз?
– Ҳа, шундай деса ҳам бўлади. Мен Самарқанд осмонидаги сингари ҳаво рангини дунёнинг бошқа жойидан топмадим.
– Туркийшунослик бўлимидаги ўқишингиз шундан кейин қандай давом этди? Қачон ўқишни тамомладингиз ва қаерда илмий фаолиятингизни бошладингиз?
– Дастлабки икки курсда турк ва қирғиз тилларини ўргандик. Ундан кейинги икки йилда туркман ва уйғур тилларини ўзлаштирдик. Шу дарсларда ўзбек тилидаги тажрибам менга доим ёрдам берарди. Бу тилларни ўрганганим билан уларни тушунардим, аммо ўзбек тилини билганимдек, сўзлашувда фойдалана олмасдим.
1953 йили Москва давлат университети шарқ бўлимнинг туркийшунослик йўналишини аъло баҳоларга битирдим. Лекин мени аспирантурага юборишмади. Ўша кезлари Эмир Наджип (1899–1991) деган машҳур туркийшунос олим ўрта аср туркий шеърияти бўйича дарс берар эди. У менга Бобур шеърияти билан шуғулланишни таклиф қилди. У менинг ўрта аср туркий шеъриятига қизиқишим ва уни яхши тушунишимни қадрлади. Ўша кезларда “Навоий замондошлари” китоби ва ундаги Атоий, Саккокий шеърларини ўқирдик. Эмир Наджип ўз раҳбарлиги остида “Бобур шеърияти тили” номли диплом иши ёзишни таклиф этди. Олим тилшунос бўлгани учун уни кўпроқ Бобур тили масаласи қизиқтирарди. Мен рози бўлдим. Яъни, 1982 йилда “Бобур ғазаллари семантикаси” номли монографиямнинг “илдизлари” 1953 йили ёқлаган диплом ишимга бориб тақалади.
Илмий раҳбарим Э.Наджип мен учун Бобур ғазалларининг А.Самойлович томонидан 1917 йилда Петербургда нашр этилган “Император Бобур шеърлари тўплами” китоби фотонусхасидаги матнини Санкт-Петербургдан олдириб берди. Бу китобни ўша кезда Москвадан ҳам топиб бўлмасди. У киши бошчилигида Бобур ғазалларини эски ўзбек ёзувида ўқиб, рус тилига таржима қилиб чиқдим. Шоирдан қилинган мана шу таржималаримни ҳозиргача, салкам етмиш йилдан бери сақлаб келаман. Йиллар мобайнида бу таржималаримнинг баъзи жойларини ўзгартириб, янгилаб бордим. Лекин ҳозиргача улар тўлиқ нашр этилмаган. Уларнинг катта қисми “Бобур ғазаллари семантикаси” китобим ичига киритилган. Кейинчалик Москвадаги Ижтимоий фанлар бош кутубхонасига ишга жойлашдим. Бу кутубхонага бутун дунёдан хорижий тиллардаги жуда кўп китоб ва журналлар келиб турарди. Масалан, ўзбек, қозоқ ва қирғиз тилларидаги. Бу нашрлар умумий мазмунини мен рус тилида қисқа маълумотнома – аннотация ёзиб тушунтирардим. Бу маълумотномалар кутубхона бюллетенида нашр қилинарди. Бу даргоҳдаги мен бажарган иш илмий фаолиятимга катта ёрдам берди. Айни пайтда туркий тиллардаги матнлар билан яқиндан ва муттасил танишиб туриш учун менда қулай имконият пайдо бўлганди.
Шундан кейин мен бир неча йил уйда ишладим. Москвада чиқадиган “Хорижий (Чет эл) адабиёт” (“Иностранная литература”) журнали учун турк тилидан рус тилига таржималар қилардим. Мен Радий Фиш каби туркчадан энг яхши таржима қилувчи санала бошландим. Айни пайтда туркий шеършунослик назарияси бўйича кўп изланишлар олиб борардим. Бунинг натижаси ўлароқ, “Араб-форс вазнининг туркий адабиётларга кириб келиши” ва “Қадимги турк адабиёти поэтикаси ва унинг илк классик даврдаги трансформацияси” мавзусида номзодлик ва докторлик диссертацияларини ҳимоя қилдим. Кейинчалик Москвадаги Шарқшунослик институтида илмий ходим бўлиб ишладим.
– Сиз Бобурнинг аруз ҳақидаги “Рисолаи аруз” (“Мухтасар”) асарини 1972 йили Москвада, қўлёзма матни фотоси, матни ва изоҳлари билан нашр қилгансиз. Шу жараён қандай амалга ошди?
– Менинг турмуш ўртоғим Сергей Сергеевич Цельникер “Шарқ адабиёти” нашриётида ишларди. У аввалига шу нашриётда муҳаррир, кейинчалик эса нашриёт директори бўлди. У мен каби туркийшунос олим бўлгани учун илмий китоблар чоп этувчи мана шундай нуфузли ва машҳур нашриётда ишлаб келарди. Айни нашриётда сиз сўраган ўша мен тайёрлаган Бобурнинг аруз ҳақидаги “Рисолаи аруз” китоби илмий китоб сифатида босилиб чиқди. Бу китоб ҳам менинг арузшунос сифатида туркий тилли халқлар адабиётларидаги арузни ўрганишимдан, таъкидлаш керакки, ҳам Бобур шеъриятига бўлган ихлосимдан келиб чиққан самара эди. Қайд этганим “Шарқ адабиёти нашриёти” ўша даврларда анча машҳур бўлиб, илм учун катта аҳамиятга эга матнларни чоп этарди. Шу муносабат билан Бобурнинг “Рисолаи аруз” асари нашр бўлди.
– Кейинчалик яна Бобур ижодига мурожаат қилдингиз ва Бобур ғазаллари семантикаси ҳақида китоб ёздингиз. Бунга фақат талабаликда ёзган диплом ишингиз сабаб бўлдими?
– Мен бутун умр Бобур шеърияти ошиғи бўлиб келганман. Ҳатто, туркий халқлар шеъриятини рус тилидаги таржимасида ҳам мен туркий шеъриятни ҳис қиламан, уни ардоқлайман. Бунинг илдизлари болалигимга бориб тақалади. Мен туркийшуносликка кичкиналигимдан қизиққанман. Ҳали Самарқандга келмасимдан, яъни, 1943 йилдан аввалроқ отам уйимизга радиоприёмник олиб келгандилар. Радио доим ёқиқ турар ва унда шеър, эртак ва афсоналар бериб туриларди. Бир марта “Қўзи кўрпеш ва Баён сулув” эпосини беришган. Бу асар менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Унинг шеърий услуби гўзал, воқеалари ажойиб эди. Бу асар ҳаммаси рус тилида бўлса ҳам жуда яхши жарангларди. Ўша вақтларда Россияда туркий асарларни рус тилига таржима қилиш билан жуда жиддий шуғулланишган. Масалан, қирғиз эпоси “Манас”нинг айрим қисмларини ҳам ўша даврларда таржима қилишган. Мана шуларнинг барчаси, ҳатто русча таржимада бўлса ҳам, менда туркий тиллар, адабиёт, хусусан, туркий шеъриятга бўлган қизиқиш туғдирган эди.
– “Бобур ғазаллари семантикаси” китобингиз сўнгида эски ўзбек ёзувида Бобурнинг бир юз ўн тўққиз ғазали матнини келтиргансиз. Уларни қайси қўлёзма манбалар асосида жамладингиз?
– Мен бу ғазаллар матнини тузишда асосан Париж, Истанбул ва Рампур кутубхоналаридаги Бобур ғазалларидан кирган қўлёзмалардан олинган нусхалардан, А.Самойловичнинг Бобур ғазаллари матни нашрларидан фойдаланганман. Мақсадим китобхонларни Бобур ғазаллари аслият ёзувидаги матни билан таништириш бўлган. Талабалик давримда бошлаган ишимни 30 йилдан кейин “Бобур ғазаллари семантикаси” китоби шаклида тугаллаб, уни 1982 йили Москвада рус тилида нашр эттирдим. Мен Бобурни, унинг шеъриятини ҳеч қачон тарк этмаганман. Мен худди Бобур билан хаёлан доимий ҳамроҳман. Мен доим Бобур билан биргаман. Биз у билан дўстмиз. У мени доим қўллаб-қувватлаб туради.
Афтондил Эркинов суҳбатлашди
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2020 йил 2-сон