Иброҳим Ғафуров: “Ақл ва юрак маъносини излайман…” (2013)

Адабий танқидчилик адабиёт ривожининг, босиб ўтган йўлининг тарихи, бугуни ва истиқболининг ўзига хос солномасидир. Танқид сараламоқдир, деган нуқтаи назаридан келиб чиқадиган бўлинса, адабий танқиднинг жараёндаги ўлчамларини янада теранроқ англаймиз.

Адиб, таржимон, мунаққид Иброҳим Ғафуров билан қуйидаги мулоқотимиз бугунги кун адабий воқелиги, таржимачилик, замон ва адабий жараён каби мавзуларга бағишланди.

— Адабий жараёндан, умуман, адабиётимизнинг бугунги аҳволидан кўнглингиз тўладими?

— Келинг, масалани сиз ўйлагандан ҳам жиддийроқ қилиб қўяйлик. Ҳаётидан кўнгли тўлган одам бормикан ўзи? Одам боласи бугуним кечаги кунимдан, эртанги куним бугунимдан яхши бўлсин, дея яшар экан унинг орзу-умидлари асло ниҳоя билмайди. Бу адабиётга ҳам, ижодий жараёнга ҳам тааллуқли. Демоқчиманки, кўнгил тўлиши — бу бахт, бироқ тўлиқ бахт бор деб ўйлайсизми? Дунёда тўлиқ бахт бўлмаганидек, тўлиқ қаноат ҳам йўқ. Ҳаммавақт, ҳар қандай шароитда ишни, нафасни яхшилаш, кўтариш, янгилаш, ўзгартириш имкони мавжуд. Ҳар қандай қаноат ортидан қаноатсизлик келади. Дунё ҳаёти қарама-қаршиликлар асосига қурилган: муҳаббат тагида қайғу-ҳасрат, висол остида айрилиқ, чексиз бойлик тагида қашшоқлик ва қандайдир риё, қаноат ичида ўта қаноатсизлик бўлади, бундай зиддиятли ҳодисаларни яна чексиз давом эттириш мумкин. Адабиёт шундай зиддиятлар ичида яшайди.

­­­­Мана қаранг, Ҳомернинг “Илиада” ва “Одиссея”(асар номини “Одиссейнома” деб аташ ўринлироқ эди-я.) достонлари ўзбек тилига атоқли таржимон Қодир Мирмуҳамедов томонидан таржима қилиниб нашр этилди. Бу таржиманинг тили ва танланган одатий усули адабиётлар отасининг тили ва улуғвор усулига тўла ҳамоҳанг ва воқеалар ичига шиддат билан олиб кириб кетади. Биринчи марта бу инсоният ҳаёти, тамаддуни, психик интилишларининг ибтидоси, бешиги бўлган асарларни қудратли ўзбек тилида тўлиқ ўқияпмиз. Уларнинг бадиий хазиналарини таржимон тўлиқ сақлаганидан миннатдор бўлаяпмиз. Ҳомерни чуқур билмай, уни севмай, унга мурид тушмай туриб адабиёт, адабиётнинг вакили ўсиши мумкинми? Ойбек бу асарлардан илк бора хрестоматик парчаларни ўзбек тилига кўчириб, унинг битмас-туганмас шукуҳи, ҳаётбахшлигидан баҳраманд бўлиб, “Қутлуғ қон”, “Навоий”ни ёзиш даражасига ўсиб чиққан эди. Данте, Вергилий, Милтон, Шекспир, Ҳёте бу асарлар пойқадамида буюклик мақомини топган эди. Ҳомер!.. Чексиз океан! Жойснинг “Улисс”и ҳам шу вағирлаб, ерни чайқаб, осмонларга булутларини уфуриб турган океандаги яна бир мислсиз, заволсиз тирик кема. Шарқ адаб шайхларимизнинг даҳо “Хамса”лари ҳам Ҳомер достонларига боғланиб кетади, уларга издошлик қилади. Зеро, инсоният узилмас ва доимо янгиланиб борувчи анъаналари билан гўзал!

Ёки мана, ҳассос шоир, тиллар билимдони Жамол Камол Аттор, Румий, Шекспир асарларини аслиятларидан ўзбек тилида қайта яратди.

Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева, Ойдин Ҳожиева, Усмон Азим, Сирожиддин Саййид, Иқбол Мирзо, Азим Суюн, Саъдулла Ҳаким, Хосият Рустамова, Ҳалима Аҳмедова, Маҳмуд Тоир, Ибодат Ражабова, Баҳром Рўзимуҳаммад ва яна қатор-қатор иқтидори замон синовларида ярқираган шоирларнинг овозлари адабиётда Данте, Низомий, Навоий, Бобурнинг нафосат базмлари давом этаётганлигини билдирмайдими? Насрдаги Эркин Аъзам, Аҳмад Аъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад, Нодир Нормат, Назар Эшонқул, Собир Ўнар, Улуғбек Ҳамдам, Луқмон Бўрихон, Абдуқаюм Йўлдош, Исажон Султон, Зулфия Қуролбой қизи каби фаол адибларнинг пайдар-пай чиқиб турган асарлари адабиёт зўр бериб йўл-йўриқ, шакл-шамойил қидираётганини кўрсатмайдими? Ёки қатор-қатор тарихий романлар, қиссалар, ҳикоялар… гарчи савия, консептуаллик, универсаллик, психологизм каби мезонлар билан ўлчаганда бир хил бўлмаса-да, лекин тарихий тафаккур, тарихий саводхонлик сари қадам қўйилаётганлиги хайрли ва номлар ҳам хайрли.

Бироқ қаноат қилиб ўтириш керакми? Аммо қаноат истеъмолчилик дунёсида ғоятда долзарб, аммо ижоднинг ҳар қандай соҳасида қаноат бу турғунлик билан баробар.

— Домла, сиз айтган адабий турғунликни келтириб чиқараётган, адабиётни оқсатаётган омиллар: техник тараққиёт, глобаллашув жараёни, осонига интилиш ва адабий танқидчиликнинг етарли даражада фаол эмаслиги, деб ҳисобланмоқда. Сизнингча, бунга сабаб нима?

— Бу қийин гап. Аммо адабиётни “оқсаяпти” ёки “адабиёт ўляпти” деб бўлармикин? Бундай “башоратларнинг” баҳоси жуда арзон. У енгилтак сенсациядан бошқа нарсага ярамайди. “Худо ўлди”, “Европанинг қуёши ботди”, “Ғарб чуқур таназзулга ғарқ” деганга ўхшаш ўз вақтида шов-шув кўтарган гаплар ҳам таги пуч. Шу гаплардан кейин неча ўн йиллар ўтиб ҳам инсоният тараққиётда, чунончи, бадиий тараққиётда ўз қонун-қоидалари, изланишлари билан илгарилаб бормоқда. Ер юзида ҳам, коинот бағрида ҳам мислсиз кашфиётлар қилинмоқда. Ақл ўсмоқда. Ақл ҳатто ҳиссиётга тазйиқ қилмоқда.

Худди гумона ёш келинчак бағрида ривож олгандай, санъат, адабиёт, илм, ихтиро битта одамнинг ичида ривожланади. Адабиёт — санъат. Илм ёлғиз ўзи ривожланмайди. Уларнинг ўсиши ижтимоий тараққиёт, онг тараққиётининг ажралмас узви. Ва ҳаммаси биргаликда, ўзаро алоқадорликда ўсади. Аммо ўсиш ҳар қачон бир шахсинг ичида кечади.

Адабиётга талаб борми? Адабиёт, санъат доимо ижтимоий талабга қараб қадам ташлайди. Достоевский, Толстой, Тургенев, Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Ғафур Ғуломнинг барча асарлари ижтимоий талабга кўра бирон ғояга ҳомиладор бўлади. Ижтимоий талаб борки, Татъяна Ларина эрга тегади. Анна қобил эрини ташлаб кетади, Зайнаб кундошини заҳарлайди. Ижтимоий талаб борки, уруш адабиёти, модерн ва постмодерн ­адабиёти дунёга келади. Яна ҳали қанча …постлар олдинда. Сиз аввал адабиётга ижтимоий талаб борми, деб сўранг. Сўнг ижтимоий талаб бориб-бориб ўладими ё сўнадими, деб қўйинг саволни.

Жамият ўз аъзоларини тарбия қилишдан ҳар томонлама манфаатдор. У тарбияга муҳтож. У ўз ҳаётий манфаатларидан келиб чиқиб ақлларни, юракларни, дид-фаросатларни, ахлоқни тарбия қилишни мақсад қилиб қўяди. Тарбияда эса адабиётсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Адабиётга ижтимоий талабни мана шу тарбияга эҳтиёжмандлик юзага чиқаради. Тарбияга эҳтиёж йўқолса, адабиётга ҳам эҳтиёж қолмайди ва ана ­ўшандагина “адабиёт ўлади”.

Ижтимоий талаб ва адабиёт устида ўйланиб ўтирарканман, қора майна ток сўрисига сайраб қўнди. У учиб келган томонга бошимни кўтариб қарадим. Бизнинг қўноқ атрофларида бўладиган зағизғон Гоша майнанинг буталар қоронғулигидаги уясига қанотларини тапирлатиб кирмоқчи, шўрликнинг ушоқ полапонларини ўғирлаб қочмоқчи бўларди. Аммо чангалларни ёриб ўтмасди. Майна эса жон ҳолатда боягидай чирқилларди. Зағизғонни кесак отиб ҳайдаб юбордим. Қора майна бироз ўзига келди шекилли, “чўқ-чўқ-чўқ-чўўўқ”, деб чулдираб полапонлари олдига ўзини урди. Қора майна зўриқиб сайраганда, орқаси бўртиб, қизариб чиқади. Шунча зўриқмаса ичидан сайроқ чиқмайди. Шу тобда Америка постмодерн объективист шоири Майкл Палмернинг шеърлари, поэзияга қарашларини қизиқиб мутолаа қиламан. Майкл Палмер поэзияни қисмат деб билган, унга том маънода эътиқод қўйган, инглиз-америка, ғарб адабиётларини сув қилиб ичиб юборган, шу дунёларни ўз маданий дунёси деб эъзозлайди. Мандельштам, Пастернак, Хлебниковларни роса ўрганган, Роман Якобсондан шеър техникаси таълимотини олган шоир; унинг шеърида сценография, хореография ғалати-я! Янги музикалар, рақсларнинг топилмалари қай бир йўсинда бўлмасин ўз аксини топади. У шеърий формалар ва шеър субъекти мутлақо эркин бўлишини ёқлайди.

Палмер мансуб бўлган шеърий оқимга нисбатан контрпоэтика, антипоэзия, буквализм каби ғарб шеърияти тушунчаларини ҳам қўллашади ва буларнинг нималигини кенг муҳокама қилишади. Мен бир катта шайхимизнинг янги тафсирини диққат қўйиб ўқирканман, илоҳий мазмунлар ичига шўнғиб, миям, фикру-хаёлим бир ўзанга тушиб қолмасин ва бошқа ўзанларга менсимай боқмасин деб, Палмерни ҳам, ўзбек шоирларини ҳам ўқийман-да, булар ҳам шеър оламида фаол яшаётган қаламкашлар дейман. Палмердан бир мисол келтирай:

Сен дейсан,
Самолар мўъжизаси
Сен дейсан
Ҳар қалай қандай ажойиб,
лекин мен бари бир кўзим қамашар
Худди фазолардаги тўрғай каби шодумон
Сен дейсан
Заррача дард йўқ, на унинг ўзи
Менда ва на даштдаги жуссамда
 
Ҳаммаси қандай ажойиб, бироқ, кўзим қамашар
Тирик қолмоқлик, бемаъниликми ахир?
Тунда мени йўқлашди
Соқолдор алвастилар, қалам кўтарган малаклар
Деразалардан тушишди
Устимга ёпирилишди
Ёмон нарсами бу
Ё умуман борми
Тун бўйи миямда лолалар унади
Баргларин қайиради тонг чоғи
Неки бўлди, бошқа бўлмайди энди
Илтимос, қўлимни суриб қўй.

Бошдан оёқ сир-синоатга тўла вазият. Ёки боши ҳам, охири ҳам йўқ синоат. Мия ўта яллиғланган. Рўёлар тинимсиз бостириб келади. Чамаси, шеър субъекти ўта босинқирайди (қўли тагида қолган). Самоларнинг мўъжизалари сатрларнинг шаклида ва предметига айланган. Қандай қилиб буни шайхнинг янги тафсири билан қиёсламай ва қандай қилиб Баҳром бундай ҳолларда образлар издиҳомлари ичида тили синоатдан лол тутилаётганига боқмай, қандай қилиб узоқ Америка, Европа, Марказий Осиёнинг ўртасидаги ва унинг юраги бўлган Ўзбекистон фикр шалолалари қитъалар оша деразалардан тушиб келиб мияларни ўз комига тортаётганига бефарқ қарай.

Ахир сиз, биз, ҳаммамиз биламиз-ку, аудиториянинг лоқайдлиги, бефарқлиги, сустлиги, бўшанглиги адабиётнинг фожиаси, шеърга талабнинг йўқолганлиги – унинг ўлими. Аммо шеърнинг – бадиий сўзнинг талаб ва тараб (яъни кураш) майдони йўқолмаган. Шеър энди қайда бўлмасин, Америкадами ё Осиёда шу ўзига талаб йўқолмаслиги учун курашади. Ва ўқувчидан карахт бўлиб қолган қўлини кўтариб қўйиш – жонлантиришни сўрайди.

— Ижтимоий бурилишлар ҳамиша адабиётга янги ҳаво, катта тўлқин олиб кирган. Тарихни олиб қарасак, дейлик Наполеон юришлари Европани ағдар-тўнтар қилиб юборди. Ҳаёт бу оламшумул ўзгаришлардан қаттиқ таъсирланган эди. Ўтган аср бошларида ёки Мустақиллик арафасида миллий адабиётимизда ҳам ўзига хос кўтарилишлар бўлган: эрк истаги. Озодлик эпкини! Мустақилликка эришганимизга ҳам йигирма йилдан ошди. Шундай буюк воқеликдан кейин ҳам адабиётимизда қандайдир осудалик… ёки чиндан ҳам асар фақатгина дарддан туғиладими? Масалан, замон қаҳрамони образи намунасини берадиган, ўқувчини ўзига мафтун этадиган бирор ­асарни эслоласизми?

— Бир тузумдан тамомила бошқа тузумга ўтиш осон эмас. Биз бугун тарихан, буткул янги давр ва муҳитда яшаяпмиз. Бу янги жамият, янги дунёқараш, янги идеаллар, янги дунёқарашдаги одамлар дунёси. Турмуш-тарзи, ўй-фикрлари, орзу-армонларигача янги бўлган бир давр одамларимиз биз. Гарчи, инсонга хос абадий муаммолар ва тушунмовчиликлар, зиддиятлар, курашлар моҳияти ўзгармай қолса-да, бу масалаларнинг барчасининг замини, заминки, янги замини катта аҳамиятга эга. Шу эркинликни, озодликни қўмсаган халқ фарзандларининг орзуси рўёбини топиб, янги даврга қадам қўйгач, унинг адабиёти ҳам янгиланмоғи табиий. Озод одамлар қалб кечинмаларининг ифодасини бутун бўй-басти билан ифодалаш ижодкордан ҳам қалбан янгиланишни тақозо этади. Адабиётга эътибор миллат маънавиятига, маданиятига эътибор даражасига кўтарилган бугунги кунда бу ­хусусда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ изланишимиз заруратдир.

Миллий шеъриятимизда бу жараён сезиларли даражада ўсди, ҳосилини берди. Бир-биридан ажойиб ҳикоялар, драмалар ҳам яратилгани бор гап. Аммо ижодкорларимиздан замон қаҳрамонининг бутун қиёфаси акс ­этган йирик романларни кутяпмиз.

Замон қаҳрамонлари ёки антиқаҳрамонларини яратиш учун ижодкорлар халқ ичидан ўсиб чиқади. Шундай бўлмагунча, халқ ичидан ўсиб чиқмагунча сизнинг идеалингиздаги ёзувчи бўлиш қийин. Бизда роса етишган одамни “ичидан пишган” дейишади. Жуда маънодор гап. Ичидан пишган одам оз – халқ ичида – унинг қайғулари, қувончлари даражасида пишган. Бу иборани ўтмиш тегирмонларидан чиққан барча зиёли маърифатпарварларимизга нисбатан айтиш мумкин.

Ахир қаранг, Ҳалималарнинг, Ойдиннинг, Ибодатнинг, Усмон Азимнинг шеърлари – шеърий ҳодисалари бизни мафтун қилмаяптими? Уларда безовта қалбларнинг улуғ садолари эшитилмаяптими? Агар эшитмаётган бўлсак, айб бизда, қулоғимизда, қамашаётган кўзимизда (Палмер ибораси!) эмасмикин? Эвоҳ, “оммавий маданият” деган ҳар ёқни қамраган оқим ҳамма нарсаларни бирдан бир қозонга ташлаш, истеъдодни ҳам, истеъдодсизликни ҳам, лаёқатни ҳам, лаёқатсизликни ҳам, қадрни ҳам, қадрсизликни ҳам битта қозонга ташлаш, бир хил кўриш, бир тусда сийқалаштиришга мойил. Жаҳон адабиёт ва санъат майдонида шундай сийқалаштириш шиддатли оқим тусига кирди.

— Сермаҳсул таржимонлик фаолиятингиздан келиб чиқиб, ўзбек таржимончилиги эришган кейинги ютуқлар ва сиз долзарб деб ҳисоблайдиган жиҳатларга тўхталсангиз?

— Бадиий таржима соҳасида кейинги ўн беш-йигирма йил давомида Қодир Мирмуҳамедов, Жамол Камол, Низом Комил, Амир Файзулло, Абдулла Шер, Мирзаали Акбаров, Сулаймон Раҳмон, Тоҳир Қаҳҳор жуда катта маданий қатламларни ўзбек тили ва маданияти доирасига киритишди. Аттор, Румий, Шекспир, Достоевский, Жойс, Маркес, Кафка, Байрон, Есенин хазиналари ичига ҳозирги ўқувчи энди она тили муҳитида бемалол кира олади. Булар энг теран ҳаёт ва илоҳиёт мактаби ва мангу илҳом сарчашмалари. Улар келажак таржимонларини ҳамиша қўллайди. Улар ҳақида доим фикр юритиш, таҳлил ва талқин қилиш, ўзи учун ибрат олиш муваффақиятларга гаров ва зиёлининг виждон иши ҳисобланади.

— Таржималарингизда тилимизда аввал учрамаган сўзларни ҳам учратиб қоламиз…

— Бадиий таржимани мен доим Сўз ичига, Сўз маънолари ичига, образ ичига, образ оламлари ичига чуқур кириш деб ҳисоблайман. Таржимон бунда жуда юксак иқтидорли, хотираси маҳсулдор актёрга ўхшайди. Актёр образ ичига чуқур кирибгина ўз санъатини яратади. Сохталик, ясамачоқлик, жўнликлардан қутулади. Образ ичига чуқур киролмаган актёр томошабин кўз ўнгида аҳмоқ бўлиб қолади. Таржимон ҳам худди шундай. Мен доим ўзимга Достоевский “Иблислар”ни ўзбек тилида қандай ёзарди? деб савол қўяман. Тасаввурларимда бу саволга жавоб топишга, ўзбекча Достоевскийча жумлалар яратиш, поэтика тизимини шакллантириш пайида бўламан. Анча вақт, куч, меҳнат, диққат кетади бунга. Алоҳида ноёб сўзлар фақат керак жойда эстетик, бадиий қиммат касб этади. Бўлар-бўлмасга “ноёб” сўзларни қўллайверишнинг ҳеч маъноси йўқ. Менга бир катта ёзувчи ўз вақтида “Осень патриарха”ни “Падарнинг таназзули” деб олинг дегандай қимматли маслаҳат берган эди. Қандай яхши! Аммо яланғоч поэзия йўқ. Қидириб-қидириб бизнинг халқимизнинг тарихида, Шош, Самарқанд, Пайканд сингари улуғ маданий шаҳарларнинг илк дунёга келиши, шуҳрати дунёга ёйилишида Афросиёбнинг – Алп Эр Тўнганинг ўрни ҳақида ўйлаб ўтириб, хаёлимга бирдан “бузрук” деган сўз келди. У “куз” деб ички оҳангдорликни ҳам топди. Рамзий-символик қиммат касб этди. Ва Г. Маркеснинг “Бузрукнинг кузи” романи ўзбек ўқувчиси қўлига шу ном билан етиб борди. Сўзнинг қиммати, эстетик гўзаллиги фақат керак ўринда, унга талаб бўлганда очилади.

— Бугун дунёда бутун-бутун миллатлар, қадриятлар, анъаналар оммавий маданият ўпқонига, глобаллашув гирдобига тортилиб кетмоқда. Айримлар буни мутлоқ демократия, эркинлик деб ҳисоблаётир. Ҳайрат сўниб, диднинг саёзлашиб бораётгани ҳам, афсуски бор гап…

— Диднинг ўтмаслашиб бориши бу — фаросатсизлик-да, тўғрими? “Оммавий маданият” шунга эришди. Энди саёз, пуч, шақилдоқ “асарлар”, “танланган асарлар” билан ҳақиқий бадиий қимматга эга асарларни фарқлаб ўтирмаса ҳам бўлаверадиган аҳвол вужудга келди. Ушбу бефарқлик, бўшанглик, сустлик чин адабиётнинг заволи. Дид, фаросат ўлган бўлса, бунда концептуаллик ва тагмаъно ҳам ўлди.

— Ҳозирда стадионни тўлдирган одамлар қаршисида шеър ўқишнинг иложи йўқ. Аммо “Божалар” гуруҳининг ­­“Зўр-зўр” қўшиғига зал жўр бўлиб гувилламоқда. Бу ҳам табиий ҳолми?

— “Оммавий маданият” таомилларида ҳа, бу табиий ҳол. “Оммавий маданият” бошқача бўлади деб ўйлаш соддалик. “Масс-медиа” бундан кейин бор қудратли кучи билан бундай саёзликларни авж олдиради. Ҳамма нарсаларни сохталаштиради, натижада одамлар ўртасида ғайритабиий муносабатлар ҳам “табиий”, “инсон шуни истаса, ­қилаверсин” деган ҳоллар авж олади.

— “Ўзбекчилик” деган сўзни баъзан жиддий, баъзан киноя билан тилга ­оламиз. “Ўзбекчилик”дан қийналганмисиз, ғурурланганмисиз?

— Барча халқларда ҳам ўзига хос “… чиликлар” истаганча топилади. Булар тарихан шаклланган менталитетнинг пўпанаклари. Халқ ўзини бошқа халқлар қаторида чуқур англаб борган сари бу пўпанаклардан бирин-сирин халос бўлади. Халқ ўз “…чиликлари”дан кулиб хайрлашади. Аммо баъзи “…чиликлар”, чунончи, шовинизм, такаббурлик, фақат қурол кучига ишониш – эндиги замонларда фақат тузалмас фожиаларга олиб боради. Шукурким, “ўзбекчилик”да бундай кенг ёйилган иллатлар йўқ. “Ўзбекчилик” соддароқ одамнинг яхши яшаш истаги, холос. Аммо у шовинизм эмас.

— Қилмаса бўлмайдиган, лекин вақт ажратолмаётган, бирор ҳамкасб шогирдингиз амалга оширса хурсанд бўладиган иш деб нимани айта оласиз? Шу ёшда нимани орзу қилган бўлардингиз?

— Дунё адабиётлари, фалсафий, ижтимоий, илмий тафаккурини амалиёт манфаатлар учун қиёсан кенг миқёсда ўрганиб бориш келажак учун улуғ самаралар беради. Доим дунё билан бўйлашайлик. Ҳар ким ўз ишини охиригача ўзи қилиши керак. Ақл ва Юрак ҳаётнинг барча ҳолу ҳолатларида тўхтовсиз маъно касб этишини орзу қиламан. Юрак ва Ақл маъно касб этса, ҳамма соҳада тараққиёт ва тараққиётда маъно бўлади. Бу романтик гап эмас. У коинот воқелиги тақозоси.

— Бир тилак айтинг.

— Дилимиз, тилимиз, тилагимиз билан бир бўлсин! Худо — меҳрибон!

Шодмонқул Салом суҳбатлашди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 38-сонидан олинди.