— Истиқлолимиз шарофати билан мустақил Ўзбекистоннинг бугунги тараққиётида фан, адабиёт, матбуот сингари маънавий соҳаларнинг ўрни ва аҳамияти ҳам янада ортди. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек, “Ижтимоий ҳаётимизни ислоҳқилиш ва янгилаш бошланиб кетганлиги боис, маънавий маданиятнинг қудратли қатламлари очилди. Улар халқ руҳиятини ватанпарварлик, миллий ифтихор, бутун дунё учун бағрикенглик томон кескин ўзгартириб юборди”. Хуршид ака, бугунги ўзбек бадиий публицистикасининг халқ руҳиятини, унинг маънавиятини бойитиш борасидаги вазифалар ва шу жанрларда эришилаётган натижалар ҳақидаги фикрларингизни билмоқчи эдик.
— Аввало шуни таъкидлаш керакки, Юртбошимизнинг «Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор» рисоласида бутун адабиётимиз қатори, унинг энг ҳозиржавоб жанри бўлган бадиий публицистканинг ҳам бугунги кундаги долзарб вазифалари белгилаб берилди. Ана шундай эътибор туфайли ҳозирги кунда бадиий публицистка жанрида ҳаётимизда бўлаётган улкан ўзгаришларни акс эттириш бўйича жонланиш пайдо бўлаяпти, назаримда. Публицистика ҳаётнинг ўзидан нафас олади, у билан бирга яшайди. Публицистика — долзарб ҳаётий муаммоларга тезкор жавоб берадиган, замон билан ҳамнафас ижодий жанр. Ҳаётнинг сарҳадлари эса ниҳоятда кенг, публицистиканинг имкониятлари ҳам кенглик борасида ундан қолишмайди, лекин ҳаётда кўз ўнгимизда намоён бўлиб турган барча мавзу-муаммоларни қамраб олиш нуқтаи назаридан публицистика ўз зиммасидаги вазифани бугун етарли даражада бажаряпти, деб айтолмайман. Бунинг сабаби кўп. Муаммо бўладими, таҳлилталаб мавзулар бўладими, одамларнинг руҳини бойитадиган, маънавиятини ўстирадиган, дунёқарашини янгилайдиган даражадаги публицистика етук бадиий асарлар сингари кам яратилади.
Михли Сафаров, Зуҳриддин Исомиддинов, Қутлибека Раҳимбоева мақолалари мавзуга ёндашиш, таъсирчан ҳикоя қилиш, кутилмаган хулосалар чиқаришга ундаш нуқтаи назаридан алоҳида эътиборга лойиқ. Кейинги йилларда Иброҳим Ғафуровнинг“Ҳаё — халоскор” ва “Мангу латофат” деб номланган салмоқли китоблари чоп этилди. Мазкур китобларга турфа мавзулардаги бадиий публицистика намуналари киритилган. Уларнинг ҳар бири ҳақида истаганча мулоҳаза юритиш мумкин. Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг газеталарда эълон қилинган қатор мақолалари адабий-маърифий ҳаётимизда катта воқеа бўлди. “Тафаккур” журналининг ҳар сонида бош муҳаррир Эркин Аъзамнинг публицистик миниатюралари чиқади. Мен уларни катта ёзувчининг микропублицистикаси деб атаган бўлардим. Анвар Обиджон,Нусрат Раҳмат, Матназар Абдулҳаким, Мирпўлат Мирзо, Саъдулла Сиёев,Мурод Абдуллаев, Шодмон Отабек, Ҳаким Сатторий, Ашурали Жўраев, Алишер Файз каби ёзувчиларимиз бадиий публицистикада ҳам самарали меҳнат қилишяпти. Айтмоқчиманки, айтса айтгулик публицистик мақолалар йўқ эмас, бор. Фақат, такрор айтаман, улар бугунги кун талаб қилаётганига нисбатан анча оз.
— Публицистикада муаллиф шахсияти алоҳида масала. Ҳар бир ҳодисада, муаммода публицист муносабати акс этиши зарур. Сизнинг назарингизда, бугунги ўзбек бадиий публицистикасида “публицист нуқтаи назари” етарли даражада бўртиб кўриняптими?
— Албатта, бадиий публицистиканинг биринчи шартларидан бири — бу муаллифнинг нуқтаи назари. Ҳар бир публицистик асарда сўз юритилаётган муаммога нисбатан, умуман, ҳаётда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга ва жамоатчиликнинг фикрига нисбатан муаллифнинг позицияси, муаллиф “мен”и бўртиб кўриниб туриши керак. Ана шуниси билан публицистик руҳнинг таъсирчанлиги ортади. Акс ҳолда, яъни муаллифнинг позицияси, унинг фикри тайинли бўлмаса, унинг ўзини етук публицистик, ёзган нарсасини публицистик асар, деб айтолмаймиз. Бу борада ҳам аҳвол бирдек эмас. Айрим мақолаларда публицистнинг нуқтаи назари шундоққина бўртиб кўриниб туради, айрим бирларида эса тескари ҳолатни кўриш мумкин. Муаллиф мавзунинг панасида қолиб кетган, нуқтаи назари, “мен”и факт ва рақамлар гирдобига ғарқ бўлиб кетган мақолалар кўп учрайди. Бунинг бир сабабини муаллифнинг тажрибасизлигига йўйиш мумкин, бошқа бир сабаби эса ёзувчининг услубига бориб тақалади. Бир хил ёзувчиларимиз кескинроқ ёзади, бир хиллари ётиғи билан ёзади, бир хилларида танқидий руҳ кучли бўлса, бир хилларида сатирик руҳўйнаб туради, бошқасида таҳлилий ёндашув кучли бўлади. Шунинг учун ҳам бу масалага муаллифнинг шахсияти ва услубидан келиб чиқиб ёндашиш зарур.
— Публицистик ижод ёзувчининг етук бадиий асарлар яратиши учун реал замин бўла оладими?
— Албатта, публицистик ижод билан бадиий асарлар яратиш ўртасидаги алоқа қандай, уларнинг бир-биридан фарқи, бир-бирига таъсири борми, деган савол туғилиши табиий. Бадиий асар ёзишда ҳам, публицистик асар ёзишда ҳам қарийб ўхшаш тайёргарлик босқичи ўтилади. Мен андижонлик машҳур Миркомилбой ҳақидаги тарихий манбаларни ўрганиб юриб, дастлаб публицистик мақолалар ёзганман. Шу аснода Миркомилбой бадиий образ сифатида кўриниш бера бошлади. Натижада публицистик мақолаларимда тасвирланган тарихий фактлар бадиий талқинга айланди ва “Қазо бўлган намоз” номли ҳикоя яратилди. Мен ҳатто Миркомилбой ҳақида роман ёзишга киришгандек эдим, бироқ бу режа амалга ошмади.
Яккабоғдаги оддий оила бошига тушган кулфатни батафсил ўрганиш мақсадида у ерга қайта-қайта бордим, аллақанча одамлар билан дардлашдим — мақолалар ёздим. Сўнг ўша таассуротларимни “Соф ўзбекча қотиллик” қиссасида, кейинроқ “Чаёнгул” бадиий филми сценарийсида бадиийлаштиришга ҳаракат қилдим. Кўряпсизми, ихчам-ихчам публицистик мақолалар вақт-соати етиб бадиий асарга арзигулик хомашё беряпти. Айтмоқчиманки, бадиий асар билан публицистика ўртасида Берлин деворини чегара қилиш тўғри эмас. Чунки публицистика бадиий асарнинг “укаси”. Кези келса ва қалови топилса, илҳом билан ёзилган публицистик мақолани салгина ишлов бериш билан бадиий асарга айлантириш ҳеч гап эмас. Фақат битта хавф бор, бу — публицистик руҳнинг бадиий асарга айнан кўчиб ўтиши. Бу бадиий асар оҳорини, ширасини тўкиб қўядиган хавф. Бунга ҳушёр бўлиш керак.
— Сизнинг сафар таасуротларингиз асосида яратилган “Тошкентни соғинган кунларим” туркумини ўқидим. Айтинг-чи, сиз бўлган чет давлатлардаги матбуотнинг ўзига хослиги нималарда кўринади?
— Хориж сафарларида, албатта, матбуот тажрибаларини ўрганишга ҳаракат қиламан. Ғарб матбуотининг тажрибалари бизникидан фарқли, албатта. Мисол келтирай. Таҳририят ходими ўз хонасидаги компютер ва телефон олдидан жилмайди. Унинг тўрт-бешта ахборот ташувчи “югурдак”лари бўлади. Ўшалар фалон жойда фалон воқеа содир бўлди, деган мазмунда компютерга тафсилотлар жўнатади. Таҳририят ходими тафсилотлардан мақола ёки хабар ясайди. Бу қабилдаги иш тарзи менга унчалик маъқул келмади. Чунки газетада чиққан хабар, мақола воқеанинг бевосита гувоҳи томонидан эмас, иккинчи ё учинчи шахс томонидан ёзиляпти. Натижада қуп-қуруқ ахборот бор-у, жонли эҳтирос, ҳаяжон йўқ. Бизда ундай эмас. Таҳририят ходимларимиз воқеа жойига ўзи боради, ўз кўзи билан кўради ва ўзи ёзади.
Хориж газеталарининг бир тажрибасидан ўрнак олса арзийди. Бу — ҳар бир нашрнинг, ҳатто аксарият саҳифаларнинг ўз муаллифлари бор. Тасаввур қилинг, газетанинг 80-саҳифасидаги ўнг устун йил мобайнида битта муаллифга тақдим этилади. Дунё воқеаларидан хабар берадими, уларни таҳлил қиладими, шарҳлайдими, фаразларини илгари сурадими, баҳслашадими — унинг ихтиёри! Газетхонни зериктирмаса бас!
Бунинг афзаллиги, биринчидан, кенг омма орасида ўша устундаги чиқишларнинг ихлосмандлари кўпаяди, иккинчидан, битта муаллиф ўй-мулоҳазаларининг мунтазам эълон этилиши кенг омма қарашларини мунтазамлаштиришга хизмат қилади, бунинг ижтимоий-тарбиявий аҳамияти беқиёс, учинчидан эса, нуфузли газетадан доимий минбарга эгалик журналист ё шарҳловчининг шахс, фуқаро, интеллектуал публицист сифатидаги қадр-қимматини, салоҳиятини тоблайди, оширади ва чархлайди.
— Мақолаларингиздан бирида: “Ҳар қандай катта-кичик ҳодисалар, хотиралар, ҳолатлар, ҳатто бир оғиз сўз ҳам тафаккурни ўзгартиришга, янгилашга, дунёқарашни ларзага солишга қодир…”, дея фикр билдиргансиз. Лекин кичик бир мақола ёки публицистик мақола шундай катта ижтимоий вазифани бажара оладими?
— Яхши бир мақолани ўқиб, одамнинг тафаккури ўзгариб қоладими-ўзгармайдими, унинг мезонини белгилаб бериш қийин, албатта. Мақола сизни ўйлантириб қўйдими, шу вақтгача билган нарсангиз ҳақида сизга янги маълумот бериб, мушоҳада қилишга ундадими, демак, у ўз вазифасини ўтаган ҳисоб. Мен бошқа бир ҳолатга эътиборни қаратмоқчи эдим. Назаримда бир мавзу, бир муаммога бағишланган туркум мақолалар ёзиш камайиб кетди. Телесериаллар оммалашмоқда, нега туркум бадиий публицистик мақолалар ёзмаслик керак?! Бунинг учун бугунги ҳаётимизда қанча-қанча қизиқарли мавзулар бор.
Бу хилдаги публицистик мақолаларда таҳлил чуқурлиги талаб этилади. Таҳлил профессионал малакани, катта маҳоратни талаб қилади. Ҳозирги публицистикамизнинг энг катта нуқсони ҳам — профессионал таҳлилнинг етарли эмаслиги!
— Сизнинг “Кафтдаги чизиқлар”, “Ақлли кулги ёхуд кулгили ақл”га киритилган ҳаётий тажрибаларингиздан саралаб олган фикр-мулоҳазаларингиз ҳам паремик санъат намунаси ҳисобланади. Уларнинг номланиши ўзбек адабиётида яратилган кундалик сатрлардан сал бошқача? Бу бадиий публицистик қайдларингиз ҳам аслида кундаликка битилган сатрлар эмасми?
— “Кафтдаги чизиқлар” талқинига келсак… Бу тўғрида мендан кўп сўрашган. Ҳар бир инсоннинг кафтида чизиқлари бўлади. Ана шу чизиқлар одамнинг босиб ўтган йўлидан ва келажагидан айрим дараклар беради. Нима иш қилган бўлсак, кафтимизда чизиқ сифатида ёзиб қўйилибди. Фақат биз уни ўқишни билмаймиз. Кафтимдаги чизиқлар — менинг кундаликларим. Таржимаи ҳолим.
— Кўпгина мақолаларингизда Шарқ ва Ғарб дунёсини ёки Шарқ ва Ғарб адабиётини қиёсий ўргангансиз, уларни таққослаб, муаммолар моҳиятини таҳлил ва тадқиқ этгансиз. Бундай бадиий публицистик услубда ижод қилишингизнинг сабаби нимада?
— Жуда оддий, жўн ҳолатларни каттароқ, кенгроқ ракурсда кўришга ҳаракат қилиб кўрайлик. Бир ҳолатга ўзбек қандай ёндашади, қозоқ, рус, инглиз, япон-чи, деган саволга жавоб излайлик, жуда қизиқ хулосалар чиқади. Масалан, Бальзакнинг Гобсеги, Айнийнинг Қори Ишкамбаси, Қодирийнинг Солиҳ Махдумини бугунги ҳаёт талабларидан келиб чиқиб қиёсан таҳлил қилайлик, фавқулодда хулосалар чиқиши муқаррар! Япон ёзувчиси Акутагава Рюноскэнинг “Расёмон дарвозаси” асари билан Ғафур Ғуломнинг “Менинг ўғригина болам” ҳикоясини қиёслашга ҳаракат қилдим. Эҳтимол, булар бир-биридан жуда йироқ асарлардир, лекин уларни чоғиштириш мумкин бўлган яқинлик топилди. Яна Акутагаванинг битта новелласи билан Ойбекнинг шеърлари ўртасида қандайдир бир яқинликни топгандек бўлдим. Ёки бўлмаса, “Жимжитхонага йўл” деган ҳикоямни атоқли итальян адиби Дино Буцатининг“Етти қават” ҳикояси билан қориштириб, яратишга ҳаракат қилдим. Бадиий хулоса ҳам, публицистик хулоса ҳам, ҳаётий хулоса ҳам бошқача, кутилмаган ечимлар берди назаримда.
— Хуршид ака, қалбингиз сезган, аммо ёзолмай қолган мақолангиз борми? Ёки дилингизда нимаики бўлса, ҳаммасини ўз вақтида ёза олганман, дея оласизми?
— Суҳбатимизнинг бошланишида айтганимдек, ҳаётнинг пульси билан публицист юрагининг пульси жўр овоз. Публицист бугуннинг энг долзарб муаммоси ҳақида ёзмаса, ҳаловат бўлмайди. Албатта, ижодкорнинг кўнглидан жуда кўп гап ўтади, жуда кўп руҳий ҳолатларга тушади у. Лекин ҳаммасини ёзиб улгуролмайди.Чунки ҳар қандай изтироб ҳам, аввало, бадиий шаклга айланиши керак. Агар кўнгилдан ўтган гап бадиий шаклга айланмаса, ёзиш қийин. Ёзаман деган фикр келади-ю, уни ривожлантира олмайсиз. Яхши ният сифатида битта-иккита жумладан нарига ўтолмайсиз. Катта режалар амалга ошмаганда, сиз айтган паремиялар туғилади.
Суҳбатдош: Саида Қурбонова,
ЎзР ФА Тил ва адабиётинститути тадқиқотчиси
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 17-сонидан олинди.