Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид 1981 йил 12 январда Андижон шаҳрида таваллуд топган. 13 ёшида Қуръони Каримни тўла ёд олган.
Ҳасанхон қори 2005 йил Саудия Арабистони Қироллиги Маккаи Мукаррама шаҳрида ўтказган халқаро Қуръон мусобақасида қатнашган. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан ўтказилган 19-Қуръон мусобақасининг Республика босқичида биринчи ўринни олди (2009).
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтини тамомлаган (2008).
Ҳасанхон қори “Навоийдан чу топқайлар навое” (Ҳусанхон қори билан ҳаммуаллифликда) китоби муаллифи. “Олтин силсила” мажмуаси таржимонларидан ва муҳаррирларидан бири. 30 жузлик Қуръони карим қироати аудио диски чиқарилган.
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид ҳозирда Тошкент шаҳридаги “Минор” жомеъ масжидида хатмга ўтмоқда.
Ҳасанхон қори билан суҳбатимиз Қуръони карим қироати ва қорилар масаласига бағишланди.
— Қори ака, Рамазон шариф кечаларидаги хатми Қуръонда қироатингиздан баҳраманд бўлмоқдамиз. Аллоҳ рози бўлсин. Албатта, бунга эришишда устозларнинг ўрни беқиёс. Сизга Қуръони каримдан таълим берган устозларингиз ҳақида эслаб ўтсангиз.
— Илк устозимиз падари бузрукворимиз Яҳёхон қори бўладилар. У киши оталари Боқибиллоҳ қорида Қуръони каримни ҳифз қилганлар. Ҳаётларининг сўнги ўн йилида масжидда хизмат қилганлар. Аввал “Девонабой” масжидида имом ноиби, 1983 йилдан “Уйғур” масжидда имом хатиблик қилганлар. 1989 йил оламдан ўтганлар.
Биз отамизда роппа роса икки пора ёд олганмиз. Аввалига ёддан ўқитганлар. Бир пора ёд олганимиздан кейин хат танитганлар. Ўта талабчан, тартибли ва тарбияга моҳир эдилар. Қироатлари гўзал, муҳаббатлари жўшқин, сўзга уста, зарофатли инсон эдилар. У кишини таниганлар ҳозиргача сўзларини эслаб, гапириб юришади. Мулк сурасини тугатганимизда у кишидан ажраб қолганмиз.
Орадан бир ойча ўтгач, онамнинг саъй-ҳаракатлари билан бобомиз Ҳабибуллоҳ ҳожи дада бизни ўз устозлари Қобил Охун домланинг набиралари, марҳум устозимиз Бадриддин қори акага олиб бориб топширганлар. Бир қатор ёдлаб етказгач, такрор ва хатмга тайёргарликда асосан Бадриддин қори акамга ўқиб берганмиз.
Устоз Қуръонга жуда ҳам муҳаббатли, сабрли, тақводор инсон эдилар. Ўша биз таълим олган кезлар 3-4 кунда ҳам хатм қилардилар. Ҳар йили ражаб ойи кириши билан Рамазонга тайёргарлик бўларди, нафл намозларда хатм қилинарди.
2008‒2012 йиллари Пойтахтимиздаги Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтининг «Таҳфизул-Қуръон» бўлимида бошқа илмлар қатори Қуръон илмларидаги билимимизни оширишга муваффақ бўлдик. Шунингдек, устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳузурларида Қуръон илмларига доир бир китобни ўтказиб олиш бахти ҳам насиб бўлди. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу улуғ соатларнинг фазилатини умид қилган ҳолда, муҳтарам ўқувчиларимиздан барча устозларимиз, хусусан, бизнинг қори бўлишимизда, илм йўлига киришимизда бева боши билан бор имкониятини ишга солиб жон куйдирган волидаи меҳрибонимизни дуода ёд этишларини илтимос қилардим.
— Ўзлари қори бўлмаган мухлислар фарзандларини ёшликдан Қуръони каримга муҳаббатли қилиб тарбиялашда нималарга эътибор беришлари керак? Шунингдек, фарзандини қори қилмоқчи бўлганларга қандай тавсиялар бера оласиз?
— Бу жуда ҳам муҳим ва тафсилот талаб қиладиган савол. Қисқача бўлса-да, асосий эътибор бериш керак бўлган нуқталарга тўхталиб ўтсак. Уламоларимиз ва улуғларимизнинг бу борадаги тавсиялари ва тажрибаларини ўрганар эканмиз, фарзанд тарбияси ҳақида ҳали оила қурмай турибоқ ғам қилиш керак. Фарзандини қори қилмоқчи бўлган киши ҳали оила қурмаган бўлса, ушбу ниятига кўмак берадиган жуфт топишга ҳаракат қилиши матлубдир. Оиланинг луқмасига эътибор бериш ҳам муҳим. Солиҳ, қори бўладиган фарзанд тилаб дуода бўлиш керак. Фарзанд ҳомила чоғида онаси кўпроқ Қуръон ўқиши ва эшитиши ҳам яхши натижа беради.
Бундан бир неча йил олдин Мисрдаги халқаро Қуръон мусобақасида 5 ёш ҳофиз ғолиб бўлди. Шу ёшда Қуръони Каримни тўлиқ ёд олдиришга қандай эришишгани ҳақида берилган саволга отаси қуйидагича жавоб берган эди: «Мен никоҳ кечаси хотинимга плейер совға қилганман. У ҳомиладорлик пайтида ўша жиҳозда ҳамиша Қуръон эшитиб юрди. Чақалоқни эмизиш даврида ҳам Қуръон ўқиб ёки эшитиб юрди. Боланинг тили чиққанда айрим сураларни ўқитсак, худди олдин ўқигандек бирпаста ёдлаб олаверди. Мен унинг тез ёд олишини онасининг кўп Қуръон эшитишидан деб биламан».
Болага кўпроқ Қуръон эшиттириш, ёш қориларнинг тиловатларини кўрсатиш, қориларнинг ҳаётларидан сўзлаб бериш мурғак қалбда Қуръон муҳаббатини шакллантиришга ҳам хизмат қилади.
Қуръонни болага, Ибн Сино раҳматуллоҳи алайҳ таъкидлаганидек, тили равон бўлиши билан ўқитишни бошлаш керак. Аввалига кичик сураларни оятма-оят ёдаки ўқитилади. Янги оятни олдингилари билан қўшиб борилади. Ҳар бир сура тугаганда сура жамлашга бир-икки кун ажратилади. Оятларни ёдлатишда ва сураларни жамлашда телефон ё бошқа жиҳозларда ёдланаётган оят ё сурани қайта-қайта эшиттириш ишнинг осон кўчишини таъминлайди. Ёдланган сураларни ҳар куни ёки оракунда такрорлаб туришни ҳам унутмаслик керак.
Беш ёшдан кейин ҳарф танитиш мумкин. Бунинг учун алифбо ҳарфлари, сўнг эса калималарни ўқитиб, ёздирилади. Бу борада энг яхши қўлланма ҳаммага маълум бўлган «Муаллими соний» китобидир. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бугунги кунда ушбу қўлланма овозли шакли билан ҳам нашр қилинди. Ҳозирда унинг Android тизими учун ҳам, Apple тизими учун ҳам электрон дастури бор, ўшандан фойдаланиш жуда ҳам қўл келади. Ҳарфларни таниб, сўзларни мустақил ўқиш малакаси ҳосил бўлгач, ёдлаган кичик сураларини хатдан қайта ўқитилади. Бунда саводхонлик жуда ҳам осон тарзда ошиб боради. Кейин бир кунда икки-уч қатордан бошлаб, бир саҳифагача, балки ундан ҳам кўпроқ ёдлаши мумкин. Тоқати етса, ўтган сураларни такрорлаб туради. Бир қатор ёдлаб тугатгач, иккинчи бор бир четдан қайта такрорлаб тиклаб чиқади ва шуниси қулайроқ. Буларни бажаришда ота-онадан қунт ва меҳнат талаб қилинади. Муҳими ‒ фарзанд ҳаққига ҳамиша дуо қилиб туришни унутмаслик керак. Шунингдек, ёши улуғ қори бувалар, олим ва дуогўй инсонларнинг зиёратига олиб бориб, боланинг ҳаққига дуо олиб туриш ҳам улуғ аждодларимизнинг энг самарали тутумларидан бири ҳисобланади. Ушбу тартибда қунт билан, интизомли равишда ҳаракат қилиб борилса, жуда яхши натижаларга эришса бўлади, иншооллоҳ.
Фарзандларни ўқиш учун уриб-сўкиш, қийноққа солиш ярамайди. Зеро, болаларимизнинг қори бўлиши шарт эмас, аммо Қуръонга муҳаббатли бўлиши фарздир. Айрим ота-оналар фарзандидан ҳофизи Қуръон бўлишни қаттиқ талаб қиламан деб уни бездириб қўйишади, бу яхши эмас албатта. Балки, қизиқтириш, тушунтириш йўлини топиш ва фурсат бериш билан ёндашиш керак. Ҳар бир ишда мўътадиллик лозим, жуда бўш қўйиш ҳам, тоқатдан ортиғини талаб қилиш ҳам дурустмас. Шу билан бирга, яхши гап, таълим-тарбия билан қаттиқ қўллик ила эришиб бўлмайдиган чўққиларни забт этиш мумкинки, буни ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди.
Болаларнинг Қуръонга муҳаббатини оширишда уларни вақти-вақти билан совғалар билан сийлаб туришнинг ҳам аҳамияти катта. Ҳар бир сура учун озгинагина қант-қурс, ўйинчоқ олиб берилса, каттароқ марралар учун яхшироқ совғалар, сайллар ташкил қилиб борилса, бола ўқиш чарчоғини ҳам унутиб юборади. Шундоқ ҳам олиб бериладиган кийим-кечак, озиқ-овқатларни ҳам боланинг ниманидир ўзлаштиришига боғлаб қўйилса, жуда кўп яхши муваффақиятларга сабаб бўлади, иншооллоҳ.
— Қуръони карим ҳофизлари хатм давомида энг аввало қайси жиҳатга аҳамият беришлари керак?
— Аввало ниятга катта эътибор бериш лозим. Хатмга ўтмоқчи бўлган қори аввало соф, тўғри, холис ният қилиб олиши керак. Бу нафақат қори учун зарур, балки хатмнинг файзли бўлишида, одамлар ибодатдан чинакам баҳра топишида, мақсадлар ҳосил бўлишида катта аҳамият касб этади. Зеро, қорининг руҳий оламидаги ҳолнинг жамоатга таъсири жуда катта бўлади. Қуръони Каримни ўнлаб, юзлаб кишиларга эшиттира олиш қори учун энг улкан имконият ва шараф бўлиши лозим. Ҳар бир тингловчига берилган ажрларча бекаму кўст савобга эга бўлишдан ортиқ яна қандай фойда бўлиши мумкин? Буни ҳар биримиз яхши тушуниб етишга, қалбимизга сингдиришга ҳаракат қилмоғимиз керак. Иложи бўлса, ҳар гал намозга киришишдан олдин ниятни янгилаб олинса, жуда ҳам яхши бўлади.
Ризқ Аллоҳнинг зиммасидадир. У Зот тақдир қилганидан ортиғи насиб бўлмайди. Шунингдек, мақбуллик ва машҳурлик ҳам Аллоҳ берадиган нарса, чунки азиз қиладиган ҳам, хор қиладиган ҳам Унинг Ўзи. Бу ҳақиқат ҳар бир мўмин киши иймон келтириши лозим бўлган тушунчадир. Қорилар ниятнинг тўғри бўлиши учун ушбу ҳақиқатни ҳаммадан кўра кўпроқ эсга олишлари лозим. «Ниятингизни таҳлил қилиш учун эса сизга бирор кимдан манфаат етганда қалбингизга назар солинг. Агар етган неъмат учун қалбингизда аввал Аллоҳга шукр келтириш туйғуси уйғонса, бу яхши. Аммо аввал бандага ташаккур айтиш хаёли устун келса, унда аҳволни ислоҳ қилиш лозим», дейишади руҳий тарбия уламолари.
— Хатми Қуръонда тажвид қай даражада бўлмоғи керак? Баъзида қориларнинг оҳанг ёки тез ўқишга берилиб, тажвидга беэътибор бўлганларини ҳам кузатамиз.
— Ҳар бир Қуръон ўқувчи қори қироатнинг вожиби бўлган тажвид қоидаларига риоя қилиши лозим. Бугунги кунда қориларнинг тажвидлари аввалгидан кўра анча ўнгланган бўлса‑да, ҳали кўпчиликларида ҳолат мақтарли даражада эмас. Тажвид илмини ўзлаштирганлари кам, билганига амал қилишга уринаётганлари ундан ҳам кам.
Шуни яхши англаб олиш лозимки, Қуръони Карим фасоҳатли араб тилида нозил қилинган. Тажвид ва қироат илмида ўқитиладиган деярли барча қоидалар Қуръон нозил бўлган даврдаги араблар учун катта янгилик бўлмаган, чунки идғом, иқлоб, изҳор каби қоидалар изчил ва қатъий равишда бўлмаса‑да, оддий сўзлашувда ҳам қўлланилган. Хўш, Қуръон тилининг ўша пайтдаги араб тилидан фарқи борми? Қироат уламоларининг таъкидлашларича, Қуръони Каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобаи киромлар сўзлашган араб тилидан ажратиб турувчи хусусияти асосан учта бўлган:
1. Мад, яъни чўзиқ унлиларни икки ҳаракатдан ортиқ чўзиш;
2. Ғунна – «мим» ва «нун» товушлари иштирок этган айрим ўринларда товушни бир муддат димоғда ушлаб туриш.
3. Оҳанг. Қуръонни оҳанг билан тиловат қилиш таълими ҳадисларда ҳам, бошқа ўринларда ҳам кузатилмайди. Шу билан бирга, Қуръондаги оҳангдорлик ҳам бошқа жойда топилмайди, унинг ўхшашини келтиришга инсон ожиз. Қуръондаги оҳанг ашула, мусиқа ёки бошқалардан олинган эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тортиб, бугунгача қорилар қалбига илқо қилинаётган, Қуръоннинг назми бахш этадиган оҳангдир. Бу хусусият ҳам фақат Қуръонга хос. На араб адабиётида, на ҳадисларда, на бошқа жойда бу қоидалар йўқ, бўлмаган ҳам.
Бунга қўшимча сифатида, идғом, иқлоб, изҳор каби тилда мавжуд бўлган қоидаларга намунали равишда, қатъий изчиллик билан амал қилишнинг талаб этилишини ҳам Қуръоннинг хусусиятларидан деб айтиш мумкин.
Ҳар бир Қуръон қориси тажвидга чин дилдан ёндашиши, унга иймон, виждон асосида амал қилиши ва бу ишга қорилик масъулияти деб қараши лозим. Бунда ҳам ниятни соф, тўғри қилиш керак, мадҳумақтов, ўзни кўрсатиш учун бўлмаслиги керак. Шароит тақозосига кўра қанчалик тез ёки секин ўқишидан қатъи назар, тажвид қоидаларига оғишмай амал қилиши керак. Ўзи ўқиганда ҳам, бошқаларга ўқиб, эшиттирганда ҳам қоидаларга риоя этган ҳолда, чиройли ўқиши лозим. Муҳими, қироат суръатида ҳам суннатга мувофиқ иш тутиш матлубдир.
— Устозлар кўрсатмалари ва ўз шахсий тажрибангизга кўра, Рамазондаги хатмлардан қироат тезлиги қай даражада бўлмоғи матлуб?
— Қуръони Каримнинг ҳар бир калимаси, ҳар бир ҳарфи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганилган. Қуръон таълимидаги бу жиддият қироатнинг суръатини ҳам аниқлашга имкон яратган. Барча қироат уламолари таъкидлайдиларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони Каримни уч хил суръатда ўқиш мумкинлиги ривоят қилинган бўлиб, мутахассислар уларнинг ҳар бирини алоҳида ном билан ажратиб беришган:
а) Таҳқиқ. Буни ўзбек тилига таржима қилсак, «маромига етказиб ўқиш» дейиш мумкин. Бунда мад, ғунна ва бошқа тажвид қоидалари энг юқори нуқтасида, энг тугал суратда адо этилади. Шошилмай, дона‑дона қилиб, хотиржам, виқор билан ўқилади. Бу қироатнинг энг секин сурати бўлиб, агар унинг энг охирги чегараларидан ҳам хатлашга ўтилса, қироатга халал етади, қисқа унлилар чўзилиб, ҳарф ва калималар ўртасида танаффус пайдо бўлади.
Уламолар бир овоздан таъкидлайдиларки, таҳқиқ мартабаси асосан таълимда қўлланади. Ўқувчи даставвал ҳарфларни, қироат қоидаларини яхши ўзлаштириши учун бунга муҳтож. Шунингдек, мажлисларда, йиғинларда, Қуръон кечаларида тиловат қилишга ҳам шу суръат мос тушади, ярашади. Мисол учун, шайх Мустафо Исмоил, Муҳаммад Сиддиқ, Абдулбосит, Хусарий каби қироат устозларининг турли йиғинлардаги қироатлари ҳам шу таҳқиқ суръатида ҳисобланади. Аммо хатми Қуръон қилишда бу мартаба секинлик қилади, вазиятга унчалик монанд келмайди. Қоидаларни таҳқиқ мартабасида етарли ижро эта билган қорилар хатми Қуръон қилганларида бироз тезроқ, яъни тадвир мартабасида ўқишлари мумкин.
б) Тадвир. Бу «ўртача суръат» деган маънони билдириб, таҳқиқдан тез, бироқ энг тез қироатдан секинроқ бўлади. Бунда ҳам тажвид қоидаларига тўла амал қилинса-да, мадларнинг ўртача чўзилиши танланади ва лафзлар чаққонлатилади. Аммо тадвир суръати оятларнинг маъносини бемалол тадаббур қилишга имкон берадиган даражада бўлиши керак. Тадвир суръати қироат мартабалари ичида энг афзали, энг мақбули ва ҳар тарафлама энг қулайидир. Бу мартабада қори ҳам эркин ҳаракат қилади, кучанмайди, тингловчи ҳам чарчамайди. Шайх Абдулбосит Абдуссамат, Муҳаммад Сиддиқ Миншавий, Халил Хусарий каби устоз қориларнинг «тартил қироати» номи билан танилган хатмлари, Алий Абдурраҳмон Ҳузайфий, Муҳаммад Айюб, Саъд Ғомидий, Мушарий Рошид каби қориларнинг таровеҳдаги хатмлари тадвир суръатида ўқилган.
Мавзудан келиб чиқиб айтсак, кунига 1‑2 порадан ўқиладиган хатмларда шу тезлик муносиб, ундан кўпида кўп ҳолларда ҳадр тезлигига ўтишга тўғри келади. Бу менинг шахсий фикрим.
в) «Ҳадр» сўзи аслида «юмалатиш», «ғилдиратиш» деган маъноларни билдиради. Қироат илми истилоҳида эса қироатнинг энг тез суръатини англатади. Бунда фақат чўзиш вожиб бўлган мадларгина чўзилади, бироқ улар ҳам энг қисқа миқдорда чўзилади, жоиз мадлар эса чўзилмайди. Қироат тезлиги ҳисобига ғунналарда ҳам кўп турилмайди. Аммо бунда ҳам ҳарфларнинг тўкислигига, вожиб қоидаларнинг ижросига халал етказиш мумкин эмас. Яқин йилларда ўтган улуғ устозлардан бири Абдулазиз қори даданинг айтганларига кўра, ҳадрда вақф‑ибтидо, яъни қироатни бошлаш ва ўртада тўхташ асносида ҳам энг жоиз мартаба ушланади. Имкон қадар бир нафасда узоқроқ ўқилади ва нафас етмаган ҳолларда вақф белгиси йўқ жойда тўхтаб, қайтариб қироат қилинганда ҳам, бир калима олдиндан қайтарилади, маъно яхши тушунарли чиқиши учун юқорироқдан ўқиб ўтирилмайди. У киши буни бизга устозлари Рўзи қори домладан нақл қилиб, «Устоз ҳар уччала мартабада ҳам эркин ва ўзига хос равнақ билан ўқир, уларнинг фарқини яққол кўрсатар эди», деган эдилар.
Аслида ҳадр суръати Қуръондан кўпроқ ўқишни ният қилган пайтдаги шахсий такрорлар учун муносиб. Шунингдек, бу суръат кўпроқ ўқиб қилинадиган хатмларда жуда қўл келади. Бунда агар қорининг лафзи енгил, чаққон бўлса, ўзи ҳам, тингловчи ҳам чарчамайди, акс ҳолда ҳолат аксинча бўлиши мумкин.
Умуман олганда, қироатни қайси мартабада ўқиган афзал, деган саволга кўпчилик уламолар ўрта мартабада ўқиш афзаллигини таъкидлашган. Баъзи олимларимизнинг айтишларича, бу худди миқдори оз, аммо қиймати юқори пул билан қиймати паст‑у, саноғи кўп пулни сарфлаганга ўхшайди. Бирида тафаккур ва тадаббур ҳисобига кўпроқ ажрга эга бўлинса, иккинчисида кўпроқ калима нутқ қилингани эвазига ажри ортади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур мартабаларда ўқиш ҳар кимга ҳам жоиз ва муяссар бўлмайди. Қори аввал таҳқиқ мартабасида қоидаларни тўкис ижро этишни яхши ўзлаштириб олади. Етарли малака ҳосил бўлгач, тадвирда ўқиши мумкин. Тадвирда ҳам қоидаларни тўкис адо эта олиш маҳоратини ҳосил қилган қоригина ҳадр мартабасида ўқиши жоиз. Етарли малакаси бўлмаган кишига бу мартабага қўл чўзиш дуруст эмас.
Шу ўринда бугунги кунимиздан келиб чиқиб бир нарсани таъкидламоқчиман. Айрим жойларда турли сабабларни рўкач қилиб қорилардан Қуръонни ҳадрдан ҳам тез ўқишларини талаб қилинаётганини эшитиб қоляпмиз. Ўзи ҳадрда ўқиш, айтиб ўтганимиздек, анчагина малака талаб қилади. Энди ундан ҳам тез ўқишни сўраш қироатнинг қоидалари бузилишига, Қуръоннинг равнақига путур етишига олиб келиши аниқ. Бу эса Қуръонни Аллоҳнинг каломи деб билган мўмин киши учун дуруст эмас бўлган ҳолатдир.
Ҳар бир Қуръон ўқигувчи қори ўз қаршисида Аллоҳ таолонинг тинглаб, кузатиб турганини унутмаслиги керак. Одамларнинг мулоҳазасини қилиб, Аллоҳ таолонинг муроқабасини бир четга суриб қўйиш жуда ҳам ёмон ҳолат. Фараз қилайлик, агар бирор обрўли ёки мансабдор шахснинг сўзини ё бирор шеърини унинг олдида одамларга ўқиб берадиган бўлсангиз, қанчалар эътиборли бўласиз. Ҳарқалай шариллатиб ўқиб бермасангиз керак?! Наҳот, ҳар бир нарсани, ҳатто чумолининг ҳаракатини ҳам кузатиб турган Зотнинг каломини, илоҳий каломни ўқиётганда ўшанчалик эҳтимом берилмаса!
Қуръонни Аллоҳнинг каломи деб, муқаддас китобим деб билган ҳар бир мўмин банда унинг қаршисида ўзини паст олиши, ниҳоятда эҳтиромда, эҳтиёткор бўлиши даркор. Қуръонинг ўқилиш қоидалари, равнақи, мўъжизакорилигига путур етказадиган тасарруфлардан, талаблардан сақланиш даркор. Бу ўринда ҳар бир мусулмон шахсий тушунча ва ғаразларидан Қуръонни устун қўя олиши керак.
Ислом уммати Қуръони Каримнинг ўқилиш йўсинини ҳам оғизма-оғиз нақл қилиб сақлаб келган. Бу жуда ҳам улкан омонатдир. Шу боис, тажвидга риоя қилиш, Қуръонни имкон қадар гўзал тарзда ўқиш ҳар бир қорига вожибдир. Қисқаси, қори Қуръонни қироат уламоларидан қабул қилган тарзда ўқишга мажбур, акс ҳолда омонатга риоя этмаган бўлади. Буни ҳар ким тўғри тушуниб олиши лозим.
— Қуръони Каримнинг ўзига хос оҳанги, махсус қироат усуллари мавжудми? Кўпчилик оҳангда машҳур қориларга айнан тақлид қиладилар.
— Қуръони Каримнинг хусусиятларидан бири унинг оҳангдорлигидир. Оддий ўқисангиз ҳам, оҳанг келиб чиқаверади. Бу Қуръони Каримнинг мўъжизаларидан бири бўлиб, унинг ушбу хусусиятини очиб беришга хизмат қилгани учун шариатда Қуръони Каримни оҳанг билан ўқиш буюрилган, тарғиб қилинган. Ҳатто имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ ҳеч бир нарсани Қуръонни оҳанг билан ўқиётган Набийни тинглаганидек тинглаган эмас», «Ким Қуръонни оҳангга солмаса, биздан эмас», деганлар. Шу билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли овозда, гўзал оҳангда қироат қиладиган саҳобаларни мақтаганлар, рағбатлантирганлар, бошқаларга намуна қилиб кўрсатганлар, умматлари ичида шундай кишилар борлигидан фахрланганлар ва Аллоҳга ҳамд айтганлар. Шубҳасиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу тасарруфларида кўпдан-кўп ҳикматлар, манфаатлар бор.
Ҳар бир халқнинг ўзига хос мусиқий оҳанги, йўналиши бўлади. Одатда бу ўша халқнинг узоқ йиллик дунёқараши, маданияти, ҳаёт тарзи ва бошқа жиҳатлари таъсирида юзага келади ҳамда шу халқ тилига ҳамоҳанг, монанд ҳолда шаклланади. Табиийки, бир халқнинг сўзи бошқа халқ оҳангида куйланса, кўп жиҳатдан беўхшов чиқади. Бунда ё оҳанг бузилади, ёки сўзларнинг тароватига халал етади.
Қуръони Карим фасиҳ араб тилида нозил бўлган. Бинобарин, унинг учун энг муносиб оҳанг соф араб оҳанги бўлишида шубҳа йўқ. Қуръони Каримнинг иборалари, назмидаги хусусиятлари ҳам айнан араб оҳангида тўла намоён бўлади. Бошқа оҳанглар унинг ушбу жиҳатини очиб бера олмайди, аксинча, унга путур етказиб қўяди. Таъкидлаш лозимки, бу гап бирор халқдаги оҳангларни бошқа халқникидан устун қўйиш, тобеълаштириш учун эмас, балки табиий қонун сифатида, Қуръонинг тароватини асраш, хусусиятларини намойиш этиш мақсадида айтилгандир. Фараз қилайлик, агар ҳар бир халққа Қуръонни ўз оҳангига солишга рухсат берилса, нима бўлади? Агар форс форсча, турк туркча, хитой хитойча, ҳинд ҳиндча, инглиз инглизча оҳангда ўқийдиган бўлса, Қуръоннинг калималари, назми, услубидан асар ҳам қолмайди. Буни англаш учун катта ақл ёки чуқур илм керак эмас, озгина фаросат бўлса бас.
Қори қироат қилишда бирор қорига айнан тақлид қилмаслиги керак. Тўғри, тақлид қилишга кўпчилик муҳтож бўлади, айниқса ёш, янги қориларнинг ўз усули бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам жаҳон мусобақаларида 14‑15 ёшгача бўлган қориларнинг муқаллидликлари тақдирланса, ундан катта ёшдагиларники танқид қилинади. Аслида тақлид қилиш ҳам катта маҳорат талаб қилади, чинакам тақлид анча‑мунча одамнинг қўлидан келавермайди. Шундай бўлса ҳам, ҳар бир қори ўзига хос услубга эга бўлиши лозим. Тақлид қилинса ҳам, бу вақтинчалик бир босқич бўлиши керак.
Мисрлик машҳур қорилардан Шайх Маҳмуд Алий Банно шундай дейди: «Қори аввало Қуръони каримни пухта ёд олиши ва уни тажвидга мувофиқ ўқишга моҳир бўлиши керак. Шу билан бирга, у тарбияланган овозга эга бўлиши даркор. Кейин ундан тақлид қилиш малакасини қўлга киритиши талаб қилинади. У шу даражада тақлид қилсинки, унинг қироатини эшитган киши ўзини у тақлид қилаётган қорини тинглаётгандек ҳис қилсин, ўша қори унинг кўз ўнгида гавдалансин. Шундан сўнг у ўзининг шахсий услуби ва овозини шакллантиради. Уни эшитган киши дарҳол: «Бу фалон қори-ку», дея олади. Мен бир умр тақлид қилиб юришни оқламайман. Ҳар бир қори ўзига хос услубга, қироатга эга бўлиши лозим».
Усулда, оҳангда қайсидир бирор қоридан йўсин олиш мумкин, ҳатто зарурдир, аммо бировнинг овози ва услубига айнан тақлид қилиш ҳеч қачон мақталмайди. Чунки тақлид қилинаётган қори ўзига хос услуби билан умматга бир янгилик тақдим қилди. Энди уни айнан такрорлаш, нусхасини тортиқ қилиш маънисиз ишдир. Тингловчи кўчирма нусхани қабул қилишдан кўра аслини эшитишни маъқул кўради. Шу боис, бирор қорига усул ё бошқа жиҳатда эргашилганда ҳам ҳар бир қори ўзига хос қироатнинг соҳиби бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам масалда «Ким бировга тақлид қилса, уни тирилтириб, ўзини ўлдирибди», дейилади.
— Баъзида учраб турадиган номақбул ҳолатлардан атай йиғламсираб ўқиш, одамларни йиғлатишга уриниш, кишиларни таъсирлантириш илинжида ноўрин овоз кўтариш каби ҳолатларга муносабат қандай?
— Бу каби ҳолатлар ихлос ва самимиятнинг ноқислигидан бўлиб, қироат имомлари қадимдан бундай хатолардан огоҳлантириб келганлар. Аслини олганда бу илдизи жуда ҳам чуқур бўлган хатарли иллат бўлиб, кичик ширк бўлмиш риё ва сумъанинг аччиқ меваси ҳисобланади. Қуръон ўқувчи қори бундан ҳазир бўлиши вожибдир. Акс ҳолда ҳадисларда айтилган ёмон оқибатга қолиши хавфи бор.
Қуръон ўқиш чоғида қалб жунбушга келиб, вужуд таъсирланиб, кўзлар намланса, бу айни муддао. Шунда ҳам бу ҳолни яширишга уриниш керак. Аммо бундай ҳолни «таклиф қилиб чақириш», ички туртки бўлмай, зоҳирда хушуъ изҳор этиш риёнинг аломатларидан саналади. «Қуръон ўқиганда йиғланглар, агар йиғлай олмасанглар, йиғлашинглар», деган мазмундаги кўрсатма эса шахсий ҳолатга тегишли бўлиб, бошқа маънода: қалб қаттиқлигига йиғлаш, ичдан йиғлашга интилиш хусусидадир.
— Таровеҳдаги Хатми Қуръонда қорилар маълум азоб ва хушхабар оятларини ўқиётиб йиғлаганларига ва жамоатни ҳам (баъзилари оятнинг мазмунини тушунмаса-да) йиғлатганларига гувоҳ бўлганмиз. Худди ўша оятни бошқа сафар, ўша масжидда ўқилганида эса бундай ҳолат бўлмаслиги ҳам мумкин. Бу ҳолат нима билан боғлиқ? Бутун жамоат йиғлаган хатмларни эслай оласизми?
— Инсоннинг жисмоний қуввати ҳамиша бир хил бўлмагани каби руҳий ҳолати ҳам ўзгариб туради. Ҳадисда айтилганидек, бир ундоқ, бир мундоқ бўлиб туради. Бу ўзгарувчанлик қорига ҳам, тингловчига тегишли. Мана шу ҳолат сиз айтган турлиликка сабаб бўлса керак. Баъзан жамоатнинг ихлос-муҳаббати қорига шундай илҳом бахш этадики, у ҳатто ўзининг одатий имкониятлари чегарасидан ҳам юксалиб кетади. Гоҳида қорида шундай ҳол пайдо бўладики, бутун жамоатни ўз оламига олиб кириб кетади. Тажрибалар шуни кўрсатадики, баъзан хатмни ташкил қилган кишиларнинг ниятлари ва муҳаббатлари ҳам хатмдаги руҳиятга таъсир қилади. Бунда нима сир бор билмайман-у, лекин бу кўп кузатилган воқеликдир. Шуни таъкидлаш ўринлики, мазкур гапларнинг ҳаммаси ҳам банданинг ожизона хулосалари, аслида эса ҳаммаси ҳам Аллоҳ таолонинг беришига боғлиқдир.
Аллоҳ таоло халқимизнинг Қуръони Каримга бўлган муҳаббатини, иштиёқини бундан ҳам кўпайтирсин! Юртимизда етказилаётган хатми Қуръонларни даргоҳида қабул айлаб, барча-барчамизга файзу барканинг зиёда бўлишига, моддий-маънавий ютуқларга боис бўлишига сабабчи айласин! Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ раҳматуллоҳи алайҳ дуолари: қориларимизнинг сонини ва сифатини янада зиёда қилсин!
Давронбек Тожиалиев тайёрлади.