Габриел Гарсиа Маркес: “Адабиёт ўрганилиши керак бўлган илмдир” (2011)

http://n.ziyouz.com/images/markes3.jpg

“Ёлғизликнинг юз йили”, “Бузрукнинг кузи” ва “Ошкора қотиллик қиссаси” асарлари билан ўзбек китобхонига яхши таниш бўлган колумбиялик адиб Габриел Гарсиа Маркес жаҳон адабиётида ўз сўзи ва услубига эга ижодкорлардан бири саналади. Унинг адабиёт ҳамда дунёнинг классик Ёзувчилари ҳақида билдирган фикрлари йиллар ўтса-да, аҳамиятини йўқотмаган. Бундан анча вақт муқаддам Гавананинг «Боемия» журналида адиб билан кубалик журналист Мануел Перейройнинг адабиёт хусусидаги суҳбати борасида ҳам шу гапни айтиш мумкин. Ушбу суҳбатдан бир қисмини ихлосмандларга ҳавола этяпмиз.

— Анча йиллар аввал сиз айтган бир гап қулоғимга чалинганди. Ўшанда Ёзувчи яхши асарлар яратиши учун Сервантес, Лопе де Вега, Кеведолардан кўра дадил бўлиш билан бирга, ўз олдига аниқ мақсадлар қўя билиши керак, дегандингиз. Ҳозир-чи, бу борадаги фикрингиз ўзгармадими?

— Ёзувчи учун ўртамиёналик, камтарлик — ортиқча яхши фазилат, деб ўйлайман. Агар сиз эл қатори ёзиш ниятида бўлсангиз, у ҳолда ўша оддийлар даражасида қолаверасиз. Дунёда барча шуҳратпараст инсонлар доим ўз олдиларига юксак-юксак мақсадларни қўяди. Устига-устак, улар Софокл, Достоевский каби даҳоларни мисол келтириб, сенга ёзишни ўргатишга интилади. Шундай экан, нима учун бу буюк рассомлардан ёмонроқ ёзишимиз керак? Ижодкорнинг мақсади эса улардан яхшироқ ёзишга уриниб кўринишдан иборат эмасми?

— Демак, Режи Дебре бир интервюсида ўрнак бўла оладиган даҳолар заифлашмасдан олдин улар билан курашиш керак, деб таъкидлаган фикрга сиз ҳам қўшиласиз…

— Доим шундай ўйлаб юраман. Шунинг учун ҳар гал одамлар менга Фолкнер тўғрисида гапиришганда мақсадим унга тақлид қилиш эмаслигини айтаман. Бундай фикрлардан қутулмоқ учун ҳар бир ижодкор америка адабиёти вакилидан дурустроқ ёзиб, омма онгига таъсир кўрсатиши керак. Ана шунда барча майда-чуйда гапларга ўрин қолмайди. Тақлидлар борасида ҳам.

— Сизни Сервантесга ҳам тақлид қилади, деб гапиришади…

— Йўқ, у менга таъсир кўрсатган, деб ўйламайман.

— Ёзган асарларингизни оммага эълон қилишдан олдин айримлар сингари кимгадир ўқиб чиқишга берасизми?

— Ҳеч қачон. Асарларим у ёқда турсин, ҳатто ёзган бирор ҳарфимни-да ўзгага кўрсатмайман. Чунки адабиёт жамият маҳсули бўлса-да, уни индивидуал шахс яратади. Қолаверса, асар ёзиш фақат бир кишининг ижодий меҳнати ҳисобланади. Ҳеч бир инсон сенга ёзишга ёрдам беролмайди. Асар битаётганингда сен мутлақо ёлғизсан, ожизсан, бошқача айтганда, худди денгиз ўртасида ғарқ бўлаётган кемадексан гуё. Агарда кимнингдир ёрдамига суяниб, асарларингни бирор кимсага берсанг ва у сенга нотўғри йўналиш берса, бу —ижодкор учун ўз оёғига болта уриш билан тенг.

Иккинчи томондан эса, асар ёзаётганингда нималарни ўйлаётганингни, ҳис қилаётганингни сендан бўлак ҳеч ким билмайди. Аммо асарларим баҳосини билиш учун бош­қачароқ системага асосланаман. Ҳар сафар нимадир қораласам доим дўстларимга сўзлаб бераман. Уларнинг баъзиларини айтишича, ўзим унутган ҳолда битта ҳикояни уларга уч марталаб айтиб берарканман. Энг қизиғи, битта ҳикоямни ҳар сафар ўзгартириб гапирарканман. Бу ҳақиқатан ҳам шундай. Шу тариқа дўстларимнинг реактсия­си орқали ўзимнинг ютуқларим ва кучсиз томонларимни билиб оламан. Бу зайлда ишлаш менга қоронғуликда қаерда бўлиш ва туришни ўргатади.

— Замонавий технологияларга муносабатингиз қандай? Яъни демоқчиманки, доим электрон машина ёрдамида ёзасизми?

— Бир куни унда ёзишга уриниб кўрдим ва ўрганиб олдим. Ҳатто ҳозир унинг ёрдамисиз бирор ишни ҳам бажара олмайман. Ғайриоддий қийинчиликлар нимадир ёзишга тўсқинлик қилиши мумкин. Бундай ҳолларда электрон машиналар тўсқинликларни шундай бир сиполик билан ҳал этадики, буни ҳатто сезмай ҳам қоласиз.

Eлектрон машинада ишлашдан қўрқадиган кўплаб Ёзувчиларни биламан. Кези келганда бир гапни айтиб ўтишим керак: ҳаётда севги, муҳаббат, нафрат, адоват, адолат каби туйғулар мавжуд. Бироқ ижодкор уларни ёзиши, рассом чизиши учун у бахтсиз бўлиши ёки очликни бошидан кечириши керак. Аммо яхши шароитда зўр асарлар ёзилади, деган фикр­га ҳам қўшиламан. Фикримча, очликни тасвирлаш учун инсон оч қолиши шарт эмас, балки ҳис қилишнинг ўзи кифоя.

Инсоний туйғулардан ташқари Ёзувчи учун бошқа нарсалар зарур. Масалан, агар сен ёш бўлсанг, ўша руҳда ёзасан. Фикрлар худди фавворадек қуйилиб келаверади. Ўша пайтда инсонда бўлган туйғуларнинг эса аста-секин ўлиб бориши жуда осон. Мабодо ёшликда Ёзувчиликни танлаб, кейинчалик қобилиятни йўқотиб қўйсанг, бошқа ёзолмаслигинг мумкин. Ёдимда, газетада таржималар тайёрлаб, репортаж ва мақолалар ёзиб юрганимда, ишни тугатиш учун ёки ижод қилиш баҳонасида ярим тунгача ишхонада қолиб кетган пайтларимда гоҳида бир уринишда ҳикоялар ёзардим. Ҳозир бутун иш куним давомида бир энлик яхши нарса ёзсам ўзимни бахтли, деб ҳисоблайман. Эртаси куни эса бор вақтимни ҳалиги битган “асарчам”ни қайта ишлашга сарфлайман.

— Суҳбатимиз ўз-ўзидан касб танлаш ҳақида, бир вақтлар “адабиёт устаси” Эрнест Хемингуэй тўғрисида айтган фикрингизга уланмоқда…

— Хемингуэйни дурдона романлар эмас, ажойиб ҳикоя­лар муаллифи деб ҳисоблайман. Унинг романлари ёзилишида бироз оқсоқланишлар бор. Аммо ҳикояларида ушбу жанр қандай мезонларни талаб қилса, ҳаммасини учратишингиз мумкин. Биласизми, мен нима учун Хемингуэйни яхши кўраман? Бунга на унинг романларининг, на ҳикояларининг алоқаси бор. Каминага адибнинг Ёзувчиликда қўл келадиган маслаҳатлари жуда ёқади.

— Услуби-чи?

— Айнан ушбу адиб кишиларга адабиёт техникаси ва методидан дарс беради. Албатта, бунинг бир нечта салбий томонлари бор. Жумладан, унинг техникаси ҳаддан ташқари ақлга асосланган. Бироқ такрор айтаман: маслаҳатлари жуда яхши. Ҳикоялари сиртдан жуда оддий бўлиб туюлса-да, уларнинг аксарияти ҳар томонлама пухта-пишиқ ёзилгани, ҳажмининг кичиклиги билан ўқувчини ушлаб тура олади.

Биз табиатда кўриб ўрганган айсберг жуда катта, тўғрими? Аслида эса, ушбу муз тоғининг саккиздан етти қисми сув остида бўлади. Хемингуэй ҳикоялари худди шундай. Уларнинг ҳажми ихчам бўлгани билан мазмун-моҳияти чекланмаган. Шу боис, ёш ижодкорлар ушбу хулосаларни англамоғи жуда муҳим. Чунки жаҳон адабиётини ўрганмасдан туриб, дуруст асарлар ёзиш (мабодо у фавқулодда ҳайратомуз даҳо бўлмаса) мумкин эмас.

Шу ўринда ижод маданияти, илҳомга ва стихияликка ишонишни ҳам айтиш жоиз. Шу маънода айтганда, адабиёт ҳам ўрганилиши керак бўлган илмдир. Зеро, ўн минг йил илгари яратилиб, ҳамон яшаб келаётган асарлардан бугунги ҳикояларгача танишиб чиқиш ҳар бир қалам аҳлига оддий ва самарали ижод қилиш имкониятини беради.

Хемингуэйнинг яна бир муҳим маслаҳати ҳозирги замонда ҳар куни амалиётда кўп бора таъкидланади. Бу — энг қийини — ёзишни бошлаш. Ҳақиқатда шундай. Кучли истак билан ёзиш учун қўлга қалам олган одам оппоқ қоғоз қаршисида бўлиши ўта мушкул. Шунга қарамасдан бугунги ишни ўша лаҳзада бажарган яхши. Эртанинг ҳам ўз ташвишлари, ўз юмушлари бор. Агар имконият бўлса, бугунги ишни кеча бошланган жойидан давом эттиришга одатланмоқ муҳим.

Айтган фикрларимиздан Хемингуэйнинг буюк Ёзувчи эмаслиги ойдинлашса-да, ўқувчилар уни юзаки деб қарамаслигини қўшимча қилиб ўтишим жоиз. У фақат ёзиш нормаларини ишлаб чиққан ижодкор.

— Китобларининг тили борасида қандай муносабатдасиз?

— Ҳеч бир фикр айтолмайман. Ахир, мен унинг асарларини аслиятда мутолаа қилмаганман.

— Асарларининг атмосфераси ва контекслари-чи?

— Мен сизга бир нарсани айтишим мумкин: Хемингуэй Кубада яшагани учун Кариб дунёсининг Ёзувчиси бўлишига яхши имконияти бўлган. Бироқ у шундай, аммо у ернинг бошқа адибларига ўхшамади. Чунки Хемингуэй — бутунлай адабиёт назарияси. Унинг ижоди фикримизни тасдиқлайди.

— Назария …аммо адибнинг ўзига хос “адабий руҳи” ҳам бор. Шундай эмасми?

— Ҳар бир киши ўзининг реаллиги билан ижод қилиши керак. Бу муқаррар нарса. Агар Ёзувчи ўзининг реаллиги ва маҳоратига суянмаса, демак, у нотўғри йўлдан кетмоқда.

Реаллик масаласида Фолкнерни мисол келтириш мумкин. У Колумбиянинг жанубий қирғоқлари манзарасини кўп ёзган. Ўқувчи ҳам буни ҳис қила олади. Шунинг учун Фолк­нерни Кариб дунёсининг адиби дейиш мумкин.

— У ҳам тасодифан Хемингуэйдек шу номга эга бўлганми?

— Йўқ, албатта. Бунинг бош­қа сабаблари бор. Масалан, Хемингуэйнинг “Бўрондан сўнг” (“После бури”) ҳикояси жуда ҳайратланарли. Трансатлантик пароход ястаниб ётган чуқур денгиз худди шишали витрина остидагидек гўё. Буларнинг ҳаммаси ақлбовар қилмас даражада ажойиб. Ушбу ҳикояларни ўқиётиб, Хемингуэй ўзига эрк бермаганини, асарларида ўқувчини ушлаб турадиган бир куч борлигини сезасан киши.

— Ўзига эрк бермайди, деганда нимани тушуниш мумкин? Ё сўз, унинг фантазияси хусусида бормоқдами?

— Ҳамма гап унинг фантазиясида. Чунки Хемингуэй назария яратиб, ўзининг принтсипларини адабиётга талабчанлик билан татбиқ эта олган. Уни адабиётда биринчи бўлиб талабчанликни олиб кирган киши, десак, хато қилмаймиз. Бу борада келган сўнгги хулосам шуки, адиб Ёзувчилик ҳақида асарларида адабий маҳоратнинг қадр-қимматини уқтирган.

— Сиз ёзган барча асарларим асосини реаллик ташкил этади, дегандингиз. Ҳойнаҳой, китобларингизнинг ҳар бир қаторида бу акс этмаган бўлса керак, албатта. Ёки буни исботлаб беришга уриниб кўрасизми?

— Мен шу пайтгача нима ёзган бўлсам уларнинг барчаси реал воқелик асосида яратилган. Агар бундай бўлмаганида асарларим фантазия бўлиб қоларди. Фантазия эса Уолт Диснейда бўлади. Мабодо китобларимда зиғирдек бўлса-да, фантазия борлигини сезсам уялиб кетаман. Шунинг учун ишонч билан айтишим мумкинки, бирорта ҳам китобимда фантазия топилмайди. Мисол тариқасида “Ёлғизликнинг юз йили” асаримдаги Мауриси Бабилон иштирок этган маш­ҳур сариқ капалаклар эпизодида шундай дейилган: “Қанақа фантазия? Жин урсин, ҳеч қандай фантазия йўқ. Мен яхши эслайман, олти ёшлигимда Аракатакедаги уйимизга монтер келганди. Назаримда, эндигина мен ўша оқшом бувимни оқ капалакдан қўрққанини кўраяпман.” Мана, сизга тушунтириб бўлмайдиган жумбоқлар.

— Батафсилроқ тушунтириб берсангиз…

— Очиғи, бу сирларни очиб қўяди. Бироқ бундай эмас: интилганинг сайин сирлар чуқурлашиб бораверади. Фокусчилар доим тухум мана бу ерда турибди, деб гапиради. Аммо гап шундаки, улар ип билан аввал осиб қўйилган тухумларни менда деб барчага кўрсатади. Энг қизиғи, фокусчи буни қандай бўлганини тушунтираётганида ҳақиқий жоду қолиб ҳамма бирдек уларнинг ҳаракатидан сеҳрланиб қолади. Чунки сеҳргарлик оддий бўлиб туюлса-да, ҳийла-найрангни чапдаст қўллар билан амалга ошириш жуда машаққатли. Шунинг учун мени фош қилувчи ҳеч нарсадан қўрқмайман. Менинг бувим эса ўзининг борлигини билдириш учун қўлидаги латтани силкитиб оқ (сариқ эмас) капалакларни ҳуркитарди. Мен унинг бақирганини ҳам эшитдим: “Жин урсин! Мен бу капалакларни ҳайдолмаяпман. Ҳар сафар монтер келганида улар ҳам уй атрофида пайдо бўлади. Бу мен учун доим шундай бўлиб қолаверади”. Агар бу эпизод адабиётда такрор ишлатилса, нима бўлишини кейин кўрасиз.

Яна бир нарсани айтишим керак. Ҳақиқатан ҳам ўшанда капалаклар оқ эди. Бунга ҳатто ўзим ҳам ишонмадим. Дастлаб уларни сариққа айлантиришга уриниб кўрдим, лекин капалаклар аллақачон ўз рангини топишга улгурганди. Шундай қилиб, асарларимда реаллик биринчи ўринда, шу жумладан, капалакларнинг ранги ҳам. Барча адабий веқеаларнинг китобда ёзилиши-да бундан мустасно эмас. Буларни поетикадан ҳеч бир бошқа йўсин билан юзага чиқариш мумкин эмас.

— Сўнгги савол: детектив асарлар борасидаги фикрингиз қандай?

— Менга бундай асарлар ярмигача ажойиб таассурот қолдиради. Негаки, улар чувалган ва чийралган ўйиндан иборат. Чийралган воқеалар ажойиб, бироқ чуваланганлари китобхон ихлосини қайтаради. Айтишим мумкинки, энг яхши детектив асар — Софоклнинг “Шоҳ Эдип”и. Чунки унда жиноят тергов билан очилади. Қотил эса адибнинг ўзи. Бунақаси яна яратилмаслигига ишонаман. “Эдип”­дан кейин эса Чарлз Диккенснинг «Eдвин Друд сири» асари туради. Негаки, адиб китобни тугатмасдан олдин ўлган. Энди ҳеч ким қотил кимлигини билолмайди. Детектив романларнинг ягона камчилиги улар сенга ҳеч қанақа сир қолдирмайди. Адабиёт эса сирларни ошкор қилиш ва вайрон қилиш учун яралган. Буни қандай амалга ошириш — бош­қа масала.

Азим Рўзиев таржимаси

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2011).