Элёр Носиров: “Театрга меҳрим бўлакча” (2012)

http://n.ziyouz.com/images/elyor_nosirov.jpg

Ўзбекистон халқ артисти Элёр Носировни муштарийларимизга батафсил таништиришнинг ҳожати йўқ. Театр, кино ва дубляжда яратган ранг-баранг образлари билан аллақачон эл ҳурматига cазовор бўлган санъаткор билан суҳбатимиз актёрлик касби, унинг масъулияти ва машаққатлари ҳақида бўлди.

— Актёрлик санъати азалдан театр билан боғлиқ ижод тури бўлса-да кино, телевидение, эстрада каби санъат турларининг тараққиёти ушбу касб эгаларининг фаолиятида катта ўзгаришлар ясагани ҳам рост. Элёр ака, айни пайтда кино, театр ва дубляж соҳасида бирдек самарали ижод қилаётган санъаткор сифатида бу жараёнга қандай баҳо берасиз?

— Актёрлик соҳасининг тармоқлашуви анча олдин, ХХ аср бошларидаёқ юз берган. Бу қисман кино, телевидение каби санъат турларининг ривожланиши билан боғлиқ. Қизиғи шундаки, жараён ҳамон давом этмоқда. Илгари актёрлар ижодини театрдан бошлаб, кейинчалик кинода ўзларини синаб кўрган бўлса, эндиликда кинода танилиб, сўнг театрда фаолиятларини давом эттиришмоқда. Сабаби, кино санъатида машҳурликка эришиш, режиссёрлар назарига тушиш осон бўлиб қолди. Театрда эса вазият бошқача. Актёр оддий бир кичик ролни ҳам йиллар давомида кутади. Кинода мухлислар меҳрини қозондингми, бас, майдон сеники. Ҳар бир режиссёр сени ўз картинасида кўришни истайди.

Аммо актёрлик санъатининг барча йўналишлари асосида театр тажрибалари мужассам эканини унутмаслик лозим. Сиз менга уч соҳада фаолият юритаётган ижодкор сифатида баҳо бердингиз. Бироқ ич-ичимда ўзимни театр актёри деб ҳисоблайман. Бу билан театрни бошқа санъат турларидан устун қўймоқчи эмасман. Гап шундаки, актёр қанчалик серқирра ижодкор бўлмасин, маълум бир соҳага меҳри бўлакча бўлади.

— Турли характер ва қиёфадаги қаҳрамонлар образини яратиш жараёнида актёр улар билан руҳий яқинликни ва муштаракликни ҳис этади. Шу маънода ўз табиатингизга қандай образлар яқин деб ҳисоблайсиз?

— Ёшликда ҳиссиётга бой, жўшқин қаҳрамонларни ижро этишни хуш кўрардим. Томошабинлар орасида илк бор Шиллернинг “Қароқчилар” трагедиясида танилганим сабаби шунда. Вақт ўтиши билан мураккаб характерли қаҳрамонларни ижро этиш эҳтиёжи кучайди. Шу тариқа Отелло, Искандар каби образлар дун­ёга келди. Айни пайтда жиддий, ўйчан қиёфадаги образларни ижро этишга мойиллигим кучли. Менимча, бундай ҳолат ёш ўтиши билан барча актёрларда содир бўлса керак.

Мухлислар масаласига келсак, улар мени кўпроқ ижобий ролларда кўришга ўрганиб қолишган. Ёдингизда бўлса, “Кўнгил кўчалари” видеофилмида салбий образда чиққанман. Ана шу филм экран юзини кўргач, баъзи мухлисларим менга “ёвқараш” қилаётганини сездим. Бир куни Хадра майдонида бир аёл мени таниб қолиб: “Элёр ака, сизнинг ашаддий мухлисингизман, барча ролларингизни севиб томоша қиламан. Лекин “Кўнгил кўчалари”даги маънавий тубан, суюқ эркак ролини эмас”, деди. Ундан “Бу образ моҳиятини маромида очиб бера олмадимми?” деб сўрадим. “Аксинча, — деди аёл, — образ шу қадар ишонарли чиқдики, одамнинг нафратини қўзғайди. Лекин, барибир, сизга ҳаммага ўрнак бўлувчи ижобий образлар ярашади.” Тўғри, бу тан­қид мен учун бироз кутилмаган бўлди. Шунга қарамай, экранда яратган образим томошабинларни бефарқ қолдирмаганидан хурсанд­ман.

— Янглишмасам, “Кўргулик” филмида ҳам салбий образда намоён бўлгансиз. Томошабинларнинг муносабати қандай бўлди?

— Аюб Шаҳобиддиновни билимли ва изланувчан кинорежиссёр cифатида қадрлайман. Филмга таклиф этганида театрда ҳам, дубляжда ҳам ишим кўп эди. Шунга қарамай, рол менга маъқул келгани сабаб, рози бўлдим. Филм экранга чиққандан сўнг томошабинлар уни илиқ кутиб олишди. “Кўнгил кўчалари”даги “ёвқараш”­лар бўлмади. “Кўргулик” филмидаги бу образимни у қадар салбий деб бўлмайди. Сабаби, қаҳрамоним бир маротаба ўйламай босган қадами туфайли бутун умр виждон азобида яшайди. Ҳаётида дуч келган барча кўргуликлар сабабини ана шу гуноҳида деб билади.

Ҳар бир соҳанинг ўзига яраша машаққатлари бор. Шу жумладан, санъатнинг ҳам юки оғир. Актёр ўзига топширилган ҳар қандай образни меъёрига етказиб ижро этиши шарт. Томошабинга ёқиш-ёқмаслик иккинчи даражали масала. Актёрда ўз касбининг устаси бўлиш фикри биринчи ўринда туриши керак. Агар қойиллатиб ўйнасангиз, томошабин салбий образда ҳам сизга тан бераверади. Санъат оламида бунга мисоллар жуда кўп.

— Яратган образларингиздан ўзингиз ҳам маънавий озиқ оласизми?

— Бўлмасам-чи… Ижро этаётган ҳар бир ролим мен учун ҳаёт мактаби вазифасини ўтайди. Сабр, қаноат, шукроналик ҳиссини, инсонийлик ва меҳр-оқибат туйғуларини қайта-қайта юрагимга сингдиради. Саҳнадаги 37 йиллик ижодим мобайнида кўплаб ролларни ўйнадим. Улар орасида, айниқса, “Рўйхатларда йўқ” спектаклидаги лейтенант Плужников роли хотирамда ўчмас из қолдирди. Саҳнада уруш ва унинг даҳшатли офатларини кўрсатиб шу қадар руҳий босимни ҳис қилдимки, спектакл­дан сўнг саҳнага чиқишга ҳам мадорим қолмади. Шунда уруш даврида Ватани, ота-онаси, ёри, опа-синглисининг номуси учун жангга кирган ота-боболаримизнинг бардоши ва мардлигига қойил қолдим.

— Бугун актёрлик соҳасида кўпгина ёшлар кучини синаб кўрмоқда. Бу яхши албатта. Ёш, янгилик олиб киришга қодир ижодкорларга ҳамиша талаб катта бўлган. Бироқ улар орасида актёрлик маълумоти йўқ, ҳаваскорлар ҳам кўпайгандек. Устоз мақомига эришган ижодкор сифатида бу ҳақда қандай фикрдасиз?

— Яқинда телевизор орқали бир қўшиқчи қизимиз бадиий филм­да ўйнаган роли ҳақида тўлқинланиб гапирди. Журналист ҳам анча қув эканми, “Агар театрда рол ижро этишга таклиф қилишса, борармидингиз?” деб сўради. Интервью бераётган қиз “Ҳа”, деса бўладими? Театрда рол ижро этиш шу қадар осон бўлиб қолдими! Наҳотки қўшиқчи қизимиз Олим Хўжаев, Лутфихоним Саримсоқова каби улкан cанъаткорлар яратган мактабга йўл-йўлакай кириб ўтиш мумкин эмаслигини тушунмаса!

Ҳозир кўпинча ўзимни санъаткор, деб аташга ийманаман. Бир-икки қўшиқ куйлаб ёки бирор филмда суратга тушиб бирданига ўзини санъаткор, актёр деб атаётган “ижодкорлар”га соҳага бироз жиддий қарашларини маслаҳат берган бўлардим.

Шу ўринда кинорежиссёрларга ҳам эътирозим бор. Авваллари театрда юриб янги чеҳраларни излашарди. Ўзим ҳам ана шундай танлов асосида телевидениега таклиф қилинганман. Афсуски, бугун ёш ижодкорлар орасида шундай бетакрор қиёфалар танланмаяпти. Кўп ҳолатларда теленовеллаларда ролларни ижодий ёки техник ходимлар ижро этишмоқда.

— Актёр бўлиш осон эмас. Бу касб катта куч-ғайрат, меҳнатни талаб қилади. Сизнингча, ҳаётда ҳам, санъатда ҳам бирдай омадли бўлиш мумкинми?

— Албатта, шахсан мен ўзимни ана шундай бахтга эришган инсонлардан бири деб ҳисоблайман. Омадим — оилам, мени тушунадиган рафиқам, фарзандларим. Ҳаётда менга яхши ҳамроҳ учради. Ўттиз йиллик турмушимиз мобайнида сен-менга бормадик. Оиласи тинч, рўзғори бут бўлса, инсон учун бундан ортиқ бахт йўқ. Санъатда ҳам мени қўллаб турувчи, мен билан ҳамфикр ижодкорлар даврасида “Ўзбекистон халқ артисти” унвонига сазовор бўлдим. Бу ҳам катта омад. Санъаткорни касбдош ва мухлислари яхши бир инсон сифатида таниши, оиласининг аъзосидек кўриши муҳим экан.

— Кириб келган янги йилда мухлисларингизни қандай образлар билан кутиб олмоқчисиз?

— Янги йилдан жамоамизнинг ҳам, ўзимнинг ҳам умидларим катта. Театрда бир неча янги спектакллар устида иш бошлаш арафасидамиз. Олдиндан бирон нарса дейиш қийин-у, лекин ўзимга мос яхши образлар бўлса, бажонидил ишга киришаман. Айни кунларда “O’zbekiston” телерадиоканалида корейс сериалларига овоз бериш билан бандман. Иккита бадиий филмда суратга тушишга улгурдим. Хуллас тиним билиш йўқ, доим ижодда, изланишдамиз.

Дилдора Ризаева

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 1-сон