Пахта яккаҳокимлиги охир-оқибатда шундай мусибатга олиб келдики, юртимиз экологик жиҳатдан дунёдаги энг аянчли ва фожеий нуқтага айланди. Оролнинг бугунги кулфати, болалар ўлимининг фавқулодда кўпайиши, ҳатто она сутидан заҳарли химикатлар чиқиши фикримизнинг далилидир. Бу ҳали бошга тушажак кўргуликнинг муқаддимаси. Ўзбекистои тупроғи аллақачоноқ заҳарли химикатлар қўлланишига кўниккан, биз эса далада меҳнат қилаётган пайтда, дори сепилаётган пайтда сув ва ҳаво орқали шу заҳарни ютаётганимиз камдек, она сути орқали, пахта ёғи орқали яна уни истеъмол қилмоқдамиз. Бизда ҳатто ташқи таъсирга қарши иммунитет қобилияти йўқолмоқда. Бу жуда хатарли аломат.
Ирсий касалликлар, умуман, генетик коднинг бузилиши ҳеч маҳалда яхшиликка олиб бормаган. Бугунги суҳбат шу муаммолар ҳақида. Унда ЮНЕСКОнинг «Инсон ва биосфера» программаси Ўзбекистон миллий комитетининг масъул котиби, таниқли олим Абдуқодир Эргашев ва тиббиёт фанлари номзоди Жуманазар Бекназаров иштирок этади.
— Қадимги хитойларда Танлар даври бўлган. У давр, назаримда, биз орзу қилиб, тушларимизга кирадиган эртакнамо ҳаётни эслатади. Гап шундаки, ўша Танлар эамони тарихда бошқа кузатилмаган жиҳати — табиатдан «ўрнак олиб» яшаш принципи билан кескин ажралиб турган. Табиатни тинглаш, унинг йўриғи билан иш кўриш одатий расм бўлган. Табиат қонуни билан яшаш тан олиниб, жамият иккинчи даражага туширилган. Шу туфайли ҳам қарийб ярим аср инсонлар идеал фаровонликда қаёт кечирганлар. Ваҳшийликдан фориғ яшай олганлар. Афсуски, инсон ўзи орзу қилган ҳаётни аксар ҳолларда кўрмай ўлиб кетади. Сабаби, табиатга ва ўз-ўзига жоҳил муносабатда бўлиш одамзотни доимо инқирозга олиб келган.
Абдуқодир ака, Ўзбекистон «муаммолар ўлкаси»га айланиб қолишининг асосий сабабларидан бири ҳам улуғ ва кўркам табиатимизга, айниқса, Сталин даврида чапарастасига, жоҳилона ва кўр-кўрона муносабатда бўлиб келганимиз бўлса керак. Кейинчалик бу муносабат худбинлик ва босар-тусарини билмаслик билан уйғунлашиб кетди. Гўё табиатга ҳеч ким хўжайин эмас — топган топалоқники, хоҳласанг, ота-боболарингдан қолган ерни заҳарла, хоҳласанг сувни қуритиб, нима қилишингни билмай ўтиравер…
А. ЭРГАШЕВ: Табиат, биз яшаб турган замин инсоннинг барча биологик эҳтиёжларини таъминлайдиган асосий манбадир. Инсон — ақл-идрокли мавжудот, ўзининг социал ва биологик жиҳатдан ноёбу танҳолигига қарамасдан ирсий программа асосида ривожланади. Бу программа эса соф ҳаво, тоза сув ва озиқ-овқат, ёруғ нур ва яшил манзарага мослашиб яралган. Аммо ҳозирги илмий-техника инқилоби даврида инсон бу муҳим ҳаётий омиллардан жуда тез маҳрум бўла бошлади. Масалан, бугунги кунда инсоннинг ўзи қириб юбораётган минглаб ўсимлик ёки ҳайвон турлари, йўқолиб бораётган дарё ва кўллар, ўрмонлар табиат ёки биосферанинг ривожланишига қанча зиён етказганини ким ҳам аниқлаб бера оларди?! Бундай йўқотишлар кундан-кун тезлашиб, жуда кенг қамровга эга бўлмоқда. Ҳатто цивилизациянинг «қора паровози» ғилдираклари остига қўйилган «Қизил китоб» ҳам бугунги кунда ёрдам бера олмаяпти. Лекин, шунга қарамасдан, биз барибир келгуси авлодларимиз олдида қанчалик жавобгар эканлигимизни унутмаслигимиз ва уларга қандай ҳолдаги табиатни қолдираётганлигимизни доимо ёдда тутмоғимиз лозим. Қандайдир гигантозавр ва тиранозаврларга ўхшаб, олдидан дуч келганини ютиб, орқада қолганини баҳайбат думи билан йиқитиб, янчиб яшаш инсон деган мағрур ном шаънига ярашмайди.
Бугунги илмий техника тараққиёти қудрати билан қуролланиб олган Инсон ўзининг хўжалик фаолиятида табиатни шундай ўзгартиб юбормоқдаки, бу ўзгаришлар ердаги ҳаётнинг асосларига ҳам зиён етказа бошлади. Тупроқ, сув, ҳавода яшовчи микро ва макроорганизмларнинг ва ҳатто инсоннинг ўз ирсиятига ҳам салбий таъсир қила бошлади.
Табиат, атроф-муҳитимиз аста-секин ҳар хил мутагенларга тўйиниб бормоқда. Академик Н. Дубинин айтганидек: «…муҳитнинг мутагенлар билан ифлосланиши тирик материя эволюцияси натижасида яратилган энг ноёб ва қимматбаҳо жавоҳир ҳисобланмиш инсоннинг ирсият программасига катта талофат етказиши мумкин».
Хўш, табиатга бундай хавф солаётган ва ҳатто инсоннинг насл қолдиришига ҳам катта зарар кўрсатадиган мутагенлар нима?
Биз яшаётган атроф-муҳитимизда қатор кимёвий, физикавий ва биологик омиллар бўлиб, улар ҳар қандай тирик организм ҳужайраларига кириб, уларнинг ирсиятини ўзгартириб қўядилар. Яъни, илмий тилда айтадиган бўлсак, организмларда мутациялар ҳосил бўлади. Ана шундай мутация чақириш хоссасига эга бўлган омилларга муҳит мутагенлари деб ном берилган. Бундай омилларга, айниқса, қишлоқ хўжалиги, саноат, уй-рўзғор ишлари, медицина соҳасида кенг ишлатиладиган препаратларнинг кўпчилиги мисол бўлиши мумкин. Ҳозирги пайтда инсон томонидан яратилган ва ҳаёт фаолияти учун керак бўлган 2 млн. дан ортиқ кимёвий моддалар биосферага киритилган бўлиб, йилига уларнинг қаторига минглаб янги-янги препаратлар ва бирикмалар қўшилаётир. Биз бу ўринда қўлланиладиган заҳарли кимёвий моддалар — пестицидлар, минерал ўғитлар ва уларнинг келтираётган фойдасидан ташқари табиатга ва инсонга етказадиган зарарларининг айрим томонларинигина ёритишга ҳаракат қиляпмиз.
Маълумки, бугунги кунда жаҳондаги мамлакатларнинг қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган гербицидлар (бегона ўтларга қарши), инсектицидлар (ҳашоратларга қарши), фунгицидлар (замбуруғ касалликларига қарши), дефолиантлар (баргни тўкиш учун) ва шунга ўхшаш турли-туман заҳарли моддалар билан қуруқликнинг 15 млн. кв. км. қисмига ишлов берилмоқда. Ўз-ўзидан маълумки, шулар туфайли етиштирилаётган ҳосилнинг каттагина қисми сақлаб қолинаётир. Лекин шунга қарамасдан, ер юзида камбағаллик ва очлик тугатилмади. «Химиявий революция» ва «улкан ҳосил» олиш идеологлари ваъда қилган «жаннатдагидек» тўкин-сочинчиликка эришилмади. Аксинча, еримиз, ҳаво ва сув ҳавзаларимиз, истеъмол қиладиган мева-сабзавот, озиқ-овқатларимиздан «дўзах» ҳидлари кела бошлади. Инсоннинг саломатлигига, умрининг узоқлигига, қолаверса, келгуси авлодлар, наслларга катта путур ета бошлади.
Фанда маълум бўлганидек, АЭСлар чиқиндиларининг умумий хавфи (стресс-индекси)га қараганда пестицидлар хавфи 9—10 баравар, кимёвий ўғитлар эса 2 маротаба юқори. Ана шунинг учун ҳам бугунги кунда барчамиз, жумладан, юқори даражада химиялаштириб юборилган пахтачилик зоналарида яшаб турган аҳоли биринчи навбатда ўзларининг қишлоқ хўжалигида химиядан фойдаланиш маданиятини тубдан қайта кўриб чиқишлари ва зудлик билан аҳволни ўзгартиришлари зарур. Буни пайсалга солиш ҳеч қачон тузатиб бўлмайдиган хатоларга олиб келиши мумкин. Чунки гап инсон саломатлиги, унинг келгуси авлодлари тақдири устида кетаётир.
Шу ерда бир мисол. АҚШнинг Калифорния штатидаги Клир-Лейк кўлида пашшаларни йўқотишда ДДТ пестициди қўлланилган эди. Дастлабки кунлари сувдаги ДДТ миқдори 0,02/млн. эди. Бир неча кунлардан сўнг кўлда яшаётган организмлардаги дори миқдорини аниқлаб чиқишди. Натижа қуйидагича бўлди: сув планктонида 10, планктон билан овқатланувчи балиқларда — 903 ва балиқлар билан овқатланадиган қушларда эса бу кўрсаткич 2134/млн. га, яъни сувдагидан 100 000 марта юқори миқдорга етган. Кўриниб турибдики, тўғридан-тўғри таъсир қилинмаган бўлса ҳам, қушлар озиқланиш жараёни занжири орқали шу даражада кўп миқдордаги заҳар таъсирига дуч келган ва тезда қирилиб кета бошлаган. Албатта, бундан кейин ДДТ ишлатишни бутун Европа мамлакатлари қонун йўли билан тақиқлаб қўйишди. Аммо айрим мамлакатларда бу касофатнинг запаслари ҳалигача хавфли даражада кўп миқдорни ташкил этади.
Пестицидларнинг хавфли томонларидан бири — уларнинг ҳаво оқимлари ва шамоллар ёрдамида минглаб километрларга учиб бориши ва бошқа ердаги аҳолининг саломатлигига ҳам кутилмаганда катта зиён етказишидир. Масалан, Ғарбий Африкада сепилган пестицидлар ҳеч кутилмаганда Барбадос оролига учиб кела бошлаган эди. Бу орол билан Африка қитъаси оралиғи 5000 км. масофани ташкил этади ва ўртада катта Атлантика океани мавжуд. Агар бирор киши Ўзбекистонда ишлатилаётган пестицидлар ёки дефолиантлар Москва ёки Владивосток шаҳарларига ҳам етиб келаётир деса, бунга ҳайрон қолмаса ҳам бўлаверади.
— Бугун кечаётган кунлар инқилобий, бениҳоят қадрли деб эътироф этилаётир. Агар ҳамма соҳада ҳам иш ва ҳаёт йўли фақат яхши томонга эврилаётган бўлса, эътироф чиндир. Лекин, минг таассуф, ҳатто кейинги йилларда ҳам халқимизнинг саломатлигига қанчалик путур етказганига қарамай, ҳар гектар экин майдонига ташланадиган пестицидлар Иттифоқимизда 1-2 кг. ни ташкил этгани ҳолда Ўзбекистонда гектарига 54 кг. гача етмоқда. 1987 йили мамлакат бўйича умуман кимёвий ўғитлардан гектарига 30 кг. миқдорда фойдаланилган бўлса, Ўзбекистонда бу рақам 1911 кг. ни ташкил этган. Чет эллардан валюта ҳисоби билан сотиб олинаётган пестицидлар суммаси йилдан-йилга ошиб бораётир… Мен, шахсан, бир ўйчан қаламкаш сифатида бу ҳол экологик қиёматни кун сайин яқинлаштираверади, деб тасаввур қиламан. Сиз — мутахассислар-чи!
А. ЭРГАШЕВ: Бундан 15—20 йил олдин АҚШнинг бир неча штатларида рўй берган воқеалар тафсилоти эсга тушади. Ўшанда бирдан метгемоглобинемия дейиладиган қон касаллиги ва болалар ўлими кескин кўтарилиб кетган эди. Зудлик билан махсус комиссия тузилиб, конференция ўтказилиб, сабаблари аниқланди. Ўша пайтларда анча арзон нархда бўлган азотли ўғитларни агротехника талабларидан ошириб қўллаш натижасида чорвачилик учун етиштирилган ем-хашакда кўп миқдорда нитратлар тўпланиб қолган. Шулар билан боқилган сигирлар сутида ҳам бу миқдор жуда кўпайиб кетган ва оқибатда сутли маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қиладиган ёш болаларда метгемоглобинемия касаллиги кўп учраб, уларнинг кўпчилиги нобуд бўла бошлаган экан. Бу даҳшатли фожиани эслатишнинг ўзи кишига жуда оғир. Биз буни фақат тўғри хулоса қилиш учун эслатиб ўтяпмиз, холос.
Хўш, қишлоқ хўжалигида пестицидлар ва химиявий ўғитлардан фойдаланиш бизнинг мамлакатимизда қандай йўлга қўйилган? Бу борада баъзи минбарсеварлар айтаётганидек, «бизда ҳаммаси жойида» эмас.
Маълумки, кейинги 25 йил мобайнида мамлакатимизда химиявий ўғитлар ишлаб чиқариш 15 маротаба кўпайди. Лекин ҳосилдорлик деярли ошгани йўқ. СССР Давлат агросаноат комитетининг буюртмасига кўра минерал ўғитларнинг ҳажми 56 млн. тонна бўлиши керак экан. СССР Минерал ўғитлар министри Н. М. Ольшанскийнинг КПСС МКнинг Март пленумидаги нутқида «мамлакатимизда химиявий ўғитлар ишлаб чиқариш базасини янада кенгайтириш керак», бунинг учун, албатта катта маблағлар талаб этилади, деган фикри бизда бу соҳада қайта қуриш ҳали амалга ошмаганлигидан, ҳали ҳам қишлоқ хўжалигимизда узоқ давом этган турғунлик давридагидек экстенсив йўллардан бормоқчи бўлаётганимиздан далолат беради.
Пахтачиликни олиб қарайлик. Кўпчиликка маълумки, фақат Ўзбекистонда 2 млн. гектардан кўпроқ ер майдонларимиз пахта билан банд бўлиб, бу суғориладиган, унумдор ерларимизнинг 75 фоизини ташкил этади. Мана, шахсга сиғинишнинг қишлоқ хўжалигидаги кўриниши — якказироатчилик. Оқибатда амалда пахтага сиғиниш кучайди ва «ҳамма нарса пахта учун» шиори остида инсон унутиб қўйилди. Ваҳоланки, тузумимизнинг гуманистик моҳиятидан келиб чиқадиган «ҳамма нарса инсон учун, унинг бахт саодати учун» деган ҳақиқий гуманистик шиор эсдан чиқди.
Келинг, шу ерда бир оз рақамларга мурожаат қилайлик.
1982 йил Пушино шаҳрида бўлиб ўтган III Бутуниттифоқ илмий-координация йиғилиши «Агрохимикатлар (пестицидлар) қўллашнинг экологик оқибатлари» материалларида кўрсатилишича, X беш йилликдаёқ Ўзбекистоннинг пахта далаларида гектарига 2,2 кг. гербицидлар, 16,2 кг. дефолиантлар ва 36 кг. инсектицидлар қўлланган. СССР қишлоқ хўжалиги министрлигининг рухсатига кўра пахтачиликда қўллаш учун 43 препарат мавжуд бўлиб, буларнинг қаторига ҳар йили яна янги-янгилари қўшилмоқда. Республика Давлат агросаноат комитетининг хабарига кўра, 1981—85 йилларда ҳар гектар пахта майдонига 241 кг. азот, 120 кг. фосфор ва 51,6 кг. калий (100 фоиз озуқа модда ҳисобида) ишлатилиб, йилига жами 412,6 кг. минерал ўғит ташланган. Бу Умумиттифоқ кўрсаткичидан 3,5 ва АҚШдан 4,5 баробар юқори деган сўз.
СССР халқ назоратининг яқинда ўтказилган текширишлари натижаси шуни кўрсатмоқдаки, бизнинг мамлакатимизда минерал ўғитларнинг 50 фоизга яқин қисми бефойда бўлиб, ҳосилдорликни оширишга эмас, балки атроф-муҳитни ифлослантиришга олиб келаётир. Пахтачилик соҳасида эса шу ўғитларнинг атиги 40—45 фоизигина фойда бераётганини нима билан изоҳлаш мумкин?
Бир тасаввур қилиб кўринг-а, фақат 1981—85 йилларда ЎзССР қишлоқ хўжалигида жами 9 млн. 172,5 минг тонна соф азот ишлатилиб, унинг 55—60 проценти ҳаво, сув ҳавзаларини ифлослантиришга «хизмат» қилган. Маълумки, аммиак селитрасининг 1 тоннасини хўжаликлар 70 сўмга, аммофоснинг ҳар тоннасини 96 сўм 50 тийинга (саноатда давлат баҳоси 215 сўм) сотиб олишади. Которан гербицидининг 1 тоннаси 12000 сўмни ташкил этади. Маълумки, пестицидларнинг 30—90 фоизи атроф-муҳитни ифлослаш ва заҳарлашга сарф бўлиб, ҳосил учун умуман хизмат қилмайди.
Ким билсин, балки заҳарли моддалар, яъни пестицидлар ёки химиявий ўғитлар ҳаддан ташқари кўп ва хўжасизларча қўлланилиб келгани учун бизнннг республикамизда ҳар хил юқумли-инфекцион, рак касалликлари 9—10, болалар ўлими 1-1,5, айрим районларда умумиттифоқ кўрсаткичидан 3,5—4 баравар ортиб кетгандир. Балки ана шундай ялпи химиялаштириш ва қишлоқ хўжалигини экстенсив ривожлантириш оқибатида қисқа даврда Ўзбекистондай ўлкада ўсимликлар ва ҳайвонот оламининг 220 дан ортиқ турлари абадий йўқотилгандир.
— Англашиладики, заҳарли моддаларнинг меъёрдан кўп қўлланилиши инсон билан табиат ўртасида зиддият пайдо қилади. Инсон эса табиий кучлар олдида ожиздир. Мен шахсан ўйлашимча, касалликлар кўпайиб бораётгани — одамнинг қилмишига яраша табиатдан олаётган ўзига етарли жазоси. Наҳотки биз табиатга қилган гуноҳимизни қайта юва олмаймиз?!
Ж. БЕКНАЗАРОВ: Биз бугун деформацияланган социализм шароитида яшаб меҳнат қилаётганимизни тан олишга мажбур бўлдик. Бу масаланинг бир жиҳати. Масаланинг иккинчи жиҳати ҳам бор. «Биз табиатдан эҳсон кутиб тура олмаймиз…» деган сўзлардан кейин она табиатга кескин ва шафқатсиз ҳужум бошланди. Натижада инсон ва экология ўртасидаги муносабат тамоман бузилди. Бунга юзлаб мисоллар бор. Ҳозирги пайтга келиб, инсон дарахтнинг бошига чиқиб, ўзи турган шохчани кесаётган Афанди ҳолига тушиб қолди. Беўйлик билан қилинган ишларимиз оқибатида, ҳалиги айтганингиздай, табиат инсонга норозилигини хилма-хил касалликларнинг пайдо бўлиши ва уларнинг кўпайиши, шунингдек, меҳр-оқибат, инсофнинг кўтарилиши аломатлари билан намоён қилди.
Ҳали-ҳали эсимда: «Жаннат нима, бобо?» деб сўраганим. Бобом бироз ўйлаб туриб деганди: «Жаннатда ҳамма нарса инсон учун муҳайё, болам. Улар нимани кийиш, нимани ейиш тўғрисида ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Ариқларидан сув ўрнига сут оқади. Дарахтлар шохларини ўзлари эгиб, ғарқ пишган меваларини инсонга тақдим қилади. Касаллик нима эканлигини билмайдилар, хоҳлаганича умр кўрадилар». Мен бу нақлда хурофот ва бидъатни эмас, балки инсоннинг улуғ орзу-ҳавасини кўраман. Инсон умрининг қанча давом этиши асосан унинг атрофини ўраб турган муҳит шароитига боғлиқ эканлигининг таъкидини кўраман. Соғлик, дейилади жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таърифида, жисмоний, руҳий ва социал фаровонликнинг узвий боғланишидир. Оддий гаплар. Лекин айни ҳақиқат. Мана шу уч мезондан бири ҳам рисоладагидай бўлмаса, соғлик кемтик бўлиши турган гап. Инсон соғлигининг издан чиқиш сабаблари эса 16—18 фоиз ҳолларда генетик ва наслий факторларга, 10—15 фоиз ҳоллардагина соғлиқни сақлаш хизматига боғлиқ бўлади. Айниқса, шуни таъкидлаш керакки, 67—74 фоиз ҳолларда инсон соғлиги ташқи муҳит, овқатланиш ва яшаш шарт-шароитлари билан чамбарчас боғланган. Кейинги пайтларда, сир эмас, ташқи муҳит ва яшаш шарт-шароитлари ночор аҳволга тушиб қолди. Минг афсуслар бўлсинким, биз аллақачон инсон соғлиги табиатнинг буюк эҳсони эканлигини, бу мўъжизанинг сеҳрини мумкин қадар узоқ вақтларгача кўз қорачиғидай сақлаш учун қайғуришимиз зарурлигини унутдик. Соғлиқни сақлаш, касалликнинг олдини олиш фақат социал муаммо бўлиб қолмасдан, балки иқтисодий муаммо эканлиги ҳам бугун аён бўлди. Касаллик натижасида мамлакат бўйича ҳар куни 4 миллион кишининг ишга чиқмаётганлиги бунинг исботи эмасми?!.
Инсон миллион-миллион йиллар давомида табиат бағрида ўсди, чиниқди, организмидаги модда алмашинуви шу муҳитга мослашди, она табиат шарт-шароити билан мувофиқлашди ва бу қонун тусига кирди. Ушбу қонуннинг бузилиши, албатта, бирон бир касалликни келтириб чиқаради. Бу касалликка берилган қуйидаги таърифда ўз тасдиғини топган.
Касаллик ички ва ташқи шароитлар таъсири оқибатида унга мослашувчи организм кучларининг сифат жиҳатдан ўзгариб, ҳаёт жараёнининг издан чиқишидир. Бошқача қилиб айтганда, организм ички имкониятларининг ташқи муҳит салбий шароитига мослаша олмай қолишидир. Буни қуйидаги мисолдан яққол тушуниб олиш мумкин.
Чақалоқ туғилган заҳоти махсус шаффоф материалдан қилинган уйчада сақлансин дейлик. Уйчага ҳаво ҳам, сув, озиқ-овқатлар ҳам фақат юқумсизлантирилган, яъни микроблари йўқотилган — стерилланган ҳолатда узатиладиган бўлсин. 15—16 йилгача шундай шароитда тутиб турилган инсон стерилланган муҳитли уйдан ташқарига чиқса, унда шу заҳоти сепсис касаллиги ривожланади ва уни ҳар қандай кучли дорилар ҳам ўлимдан қутқариб қола олмайди. Чунки унинг организмида ташқи муҳитда яшовчи хилма-хил факторларга қарши курашувчи иммунитет пайдо бўлмаган, ривожланмаган. Иқлими, об-ҳавоси, тупроғи ўзига хос бўлган заминимизнинг ҳар бир географик зонаси ўша ерда узоқ йиллар давомида яшаган ақлли мавжудотлар учун худди юқорида айтилганидай ўзига хос стерилланган уйдир. Инсон организми ва ташқи муҳит, унинг микроорганизмлари бир-бирига мослашган, яъни бир-бирига нисбатан стерилланган бўлади.
Албатта, инсон яшаш жараёнида ташқи муҳит салбий таъсирларининг ўзгаришига жавобан ўзининг мослашувчи, қарши курашувчи кучларини ўзгартириш хусусиятига эга. Демак, инсон организми билан муайян шароитдаги экологик вазияти ўртасида мувозанат озми-кўпми ўзгарувчан ва унинг ўзига маълум бир хос чегараси бор. Мана шу чегарадан ўтилдими, тамом, албатта бирон-бир касаллик пайдо бўлади.
Серқуёш республикамизда пахта яккаҳокимлиги оқибатида ва кимёвий дорилар, пестицидларнинг меъёридан ортиқ ишлатилишидан мувозанат чегараси бузилди, яъни стерилланган уйнинг бус-бутунлиги барҳам топди. Чунки ҳамма кимёвий ўғитлар, дорилар, пестицидлар инсон томонидан сунъий яратилган, табиий эмас. Шунинг учун улар табиат оламига салбий таъсир кўрсатади. Улар ўсимликларнинг ҳам, ҳайвонларнинг ҳам танасида модда алмашинувининг бузилишига олиб келади. Буларнинг таъсирига учраган бечора организм ўзининг ички кучлари билан узоқ вақт кураш олиб боради. Аммо курашнинг ҳам чегараси борлиги исботга муҳтожмикан?
— Бизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш хусусида фақат дардли гаплар айтиляпти. Аёлларимизнинг камқонлиги, норасидалар ўлимининг юқорилигини ташвиш билан сўзлаётибмиз. «Орол — 88» экспедицияси аъзоларининг аниқлашича, ҚҚАССРнинг Бўзатов районида ҳар 1000 гўдакдан 260 таси нобуд бўляпти экан. Бу фактлар албатта, сизларни ҳам безовта қилаётган бўлса керак!
Ўзбек аёлларинннг 80 фоизи камқонлик хасталигидан қийналаётгани, ҳар 3 нафар йигитларимиздан биттаси ҳарбий хизматга яроқсиз (булар матбуотда ёритилган) деб топилаётгани факти, шубҳасиз, барчамизнинг юрагимизни оғритади. Хўш, келажакда уларнинг аҳволи қандай кечади? Вазиятни ўнглашга умид қилса бўладими?
Буйрак, сариқ, рак (бу хасталикка чалинган ҳар 3 бемордан 1 таси ўляпти) касалликларининг кўпайиб бораётганига сабаб нима?
Ж. БЕКНАЗАРОВ: Аҳолини ёппасига тиббиёт кўригидан ўтказишда Оролбўйида яшовчи аҳолининг 70 фоизга яқини у ёки бу хасталик билан оғриётганлиги аниқланди. Хоразм вилоятининг бир районидаги тиббий текшириш уч ёшгача бўлган болаларнинг 95 фоизидан кўпроғи камқонлик, 70 фоизида озиб-тўзиб кетганлик (гипотрофия), 60 фоизида рахит хасталиги борлигини кўрсатди.
Маълумки, Хоразм воҳаси ва ҚҚАССРда ичимлик суви ҳаддан ташқари шўр. Шўр сув ичилганида унинг таркибидаги тузлар қонга сўрилади ва буйрак найчаларига ўтади. Тузлар миқдори кўплиги сабаб кристаллар ҳосил бўлиб, улар нозик найчаларга чўкади. Бу эса буйрак-тош касаллигини келтириб чиқаради. Кейинги йилларда ҳақиқатан ҳам ҚҚАССР ва Хоразм воҳасида буйрак-тош касаллигига дучор бўлган болаларнинг сони сезиларли даражада кўпайди. Агар Ўзбекистонда ҳар 10 минг боладан 17—18 таси буйрак-тош касаллигидан азоб чекса, юқорида айтилган географик зонада бу кўрсаткич яна бир неча ўн баробар юқори. Ҳа, серқуёш республикамиз буйракда тош ҳосил бўлиш жиҳатидан ҳам Иттифоқда биринчи ўринда! Бу фактлар инсон ва экология ўртасидаги мувозанат бузилганлигининг яна бир яққол тасдиғидир. «Ҳамма нарса инсон бахт-саодати учун!» шиорини баланд кўтарган социализм шароитида бу экстремал вазиятнинг вужудга келишини, юмшоқ қилиб айтганда, фожиага тенглаштириш мумкин.
Мана шу ўринда ҳурматли муштарийларимизнинг диққатини бир фактга жалб қилмасдан илож йўқ.
Ҳар бир организм бегона жисмни ўзига қабул қилмай, уни чиқариб ташлашга тиришади. Масалан, юракни кўчириб ўтказишда тўқималар мослиги ҳисобга олинмаса, бу операция фойдасиз бўлиши турган гап. Чунки бир неча кунлар ёки ойлардан кейин кўчириб ўтқазилган органни организм ўзидан ажрата бошлайди. Организмга ёт жисм кириб қолганида ҳам шунга ўхшаш ҳодиса кузатилади, яъни бу жисм ўраб олиниб, организмдан ажратилади ёки ўша орган уни чиқариб ташлайди. Буйракда тошнинг бўлиши ҳам буйрак учун бегона. У ўзида жойлашган бу тошни ҳайдаб чиқариш учун бор кучини сарфлаб ҳаракат қилади. Бу ҳаракат натижасида тош ёки тошлар сийдик йўли, қовуқ ёки уретрага тушиб, шу дардга мубтало бўлган одам ундан тамоман қутилиши ҳам мумкин. Бу ҳолни буйракнинг тошни ҳайдаш қобилияти ёки буйракнинг ўз-ўзини ҳимоя қилиш воситаси деб англамоқ керак. Буйракнинг бу хусусияти қанчалик юқори бўлса, тош касаллигидан қутулиш имкони ҳам шунчалик катта бўлади. Аммо, минг афсуслар билан қайд қилиш керакки, буйракнинг ушбу мўъжизавий қобилияти охирги йилларда сезиларли даражада пасайди. Сўзимни исботлашга ҳаракат қиламан.
Тиббиёт фанлари доктори, марҳум профессор Карим Тоҳиров 1949—1959 йилларда республикамиздаги буйрак-тош касаллигига дучор бўлган 1070 бола тўғрисида тўлиқ ва муфассал маълумот берганди. Улардан буйрагида тоши борлари 190, қовуғида тоши борлари эса 880 нафар эди. 1959 йилдан то 1977 йилгача фақат Тошкентнинг 14-шаҳар болалар шифохонасига 1093 чоғли «тошбуйрак» бола ётқизилган бўлса, қовуқ тошидан азоб чекканлар 983 бола эди. Кейинги йилларда (1976—1988) эса Тошкент болалар тиббиёти институти клиникаларида 4682 бола операция қилинди. Улардан қовуқда тоши борларининг сони атиги 429 га тенг бўлди, холос.
Фактдан қочиб қутулиб бўлмайди. Қўлимиздаги фактлар кейинги йилларда буйракнинг тошни ҳайдаш қобилияти кескин камайиб кетаётганлигидан далолат беради. Экология вазиятининг, инсон билан ташқи муҳит орасидаги мувозанатнинг бузилиши оқибатида буйрак-тош касаллигининг нафақат сон жиҳатдан, балки сифат жиҳатидан ҳам ўзгаришига сабаб бўлмоқда. Бундан буйрак ўз жисмида ҳосил бўлган тошни ҳайдаб чиқара олмасдан қийналмоқда. Иккала буйрагида ҳам тош ёки тошлар ҳосил бўлиш ҳоллари ҳаддан ташқари кўпайиб бораётганлиги шифокорлар дилига ғулғула солаётир.
Бунинг устига пахтачиликда қўлланилаётган хлорорганик, фосфорорганик бирикмаларнинг қоидага амал қилмай юқори дозаларда ишлатилиши экологик «портлаш» вазиятини келтириб чиқарди деб бемалол айтиш мумкин. Чунки бу моддалар инсон соғлиги учун ўта хавфлидир. Хлор бирикмаларининг хавфли томони фақат уларнинг юқори заҳарли хусусиятлари бўлибгина қолмай, балки бир неча йиллардан кейин юзага чиқувчи сурункали зарарли таъсири ҳамдир. Мана шу бирикмаларнинг типик вакили, дунёдаги «машҳур» заҳарларнинг орасида ҳам энг кучлиси ҳисобланмиш диоксин ва дибензофурин ўта фаол биологик таъсирга эга. Улар тирик организмда узоқ вақтгача сақланиб қолади. Ташқи муҳит таъсирига ҳам жуда чидамли, озиқ-овқат маҳсулотлари билан инсон организмига тез ўтади. Бу моддалар жуда кам миқдорда бўлса ҳам инсон организмининг салбий таъсирларга қарши курашувчи кучлари, яъни иммунитетини кескин камайтиради, юқумли касалликларга чалинишни осонлаштиради. Минерал ўғитлар таркибидаги нитратлар сабзи, карам, пиёз, редиска, шолғом, қовун, тарвуз ва бошқа полиз маҳсулотларида ортиқча миқдорда — рухсат этилган нормасига қараганда 30—40, ҳатто 100 баравар кўп тўпланиш хусусиятига эга. Ортиқча нитратлар организмга тушгач, нитритларга айланади ва организмда модда алмашинув жараёнини бузади. Оқибатда организм заҳарланади, кучсизланади, айниқса витаминлар ва оқсиллар миқдори кескин равишда камаяди. Мана шу сабабли ҳам ёз ва куз ойларида серқуёш республикамизда ичбуруғ, салмонеллез, тиф, паратиф, оддий ва заҳарли ичкетма каби юқумли касалликлар кескин кўпайиб, баъзи жойларда беморлар сони Иттифоқ кўрсаткичидан ҳам 10—15 баравар ошмоқда.
Саратон кезлари қуёшнинг жазирамаси тафтида организмнинг дармони қуриб, сув алмашинув мувозанати бузилади. Куз ойларида ҳам ёш болалар орасида меъда-ичак касалликлари авжига чиқиб, ўлим ҳоллари кўпаяди. Мана шунинг ҳисобига болалар ўлимининг йиллик кўрсаткичи юқори бўлади. Нью-Йоркда оқ танли болалар орасида нобуд бўлиш даражаси минг киши ҳисобига 16,1 га, негр болаларида 19,3 га тенг. Жонажон республикамизнинг бу жиҳатдан ҳам ҳеч бир мақтагулик ери йўқ. Ҳатто боши эгик. Ахир болаларимизнинг ўлими (тил бормайди айтишга) кўрсаткичи Америка оқ танлиларидан қарийб уч баравар юқори — 45 бўлса, қандай қилиб, бошимизни мағрур тутамиз?
— Фақат пахта экиладиган зоналардагина эмас, чорвадор районлар, олис тоғли қишлоқларда ҳам, шаҳарда ҳам сариқ касаллигининг кўпайиб бораётганини кўриб турибмиз. Киши этини сескантирувчи фактлар бот-бот такрорланиб турибди, аммо унинг олдинн олиш истиқболи ҳақида бнрор гап эшитаётганнмиз йўқ…
Ж. БЕКНАЗАРОВ: Ошкоралик пайтида бор фактлардан кўз юмиб, уларни хаспўшлашнинг ўзи жиноят. Турғунлик йилларида ҳақиқат бўсағасигача бориб, ичкарига мўралаб ҳам қарамай, фактларни бўяб кўрсатиш экономикамизни жар ёқасига олиб келди, шу қатори тиббиётимиз ҳам инқирозга юз ўгирди. Рўй-ростлик ва очиқ зътироф этиш жоҳилликнинг томирига болта урмайдими ахир?! Мен шу ўринда энди мактабга борган пайтларимни эслайман. Бу 1960 йилларгача бўлган пайтлар эди. «Фалончи қишлоқда пистончи одам сариқ бўлганмиш» деган гапларни онда-сонда эшитиб қолардим. 1958 йилда ўзим районнинг марказий юқумли касалликлар шифохонасида даволанганман. Ана ўшанда бутун райондан атиги 6 киши сариқ касали билан муолажа олаётганликлари аниқ эсимда. Кўплар, ҳа, энди ўша пайтлар сариқ касали аниқланмай қолаверганда, ўша учун ҳам кам бўлган, дейиши мумкин. Аммо бу даво тагида ҳеч қанақа асос йўқ. Чунки бу хасталик ўз номи билан сариқ, яъни кўз оқи, бадан териси, шиллиқ қаватлар сарғаяди. Буни яшириш мумкин эмас. Ҳозир эса 80 фоиз аҳолиси яшаётган республикамиз қишлоқларида оила бошлиқларидан ёки фарзандларидан бири сариқ бўлмаган оила камдан-кам топилади. Ҳаттоки, кўпчилик қишлоқ меҳнаткашлари тасаввурида сариқ касаллиги оддий хасталикка айланиб қолган. Бу тасаввур ва тушунчанинг ўзи фожиа! Тиббиёт нуқтаи назаридан сариқ касали билан оғриган беморларнинг учдан бири бир умр майиб бўлиб қолишини нега сир тутишимиз керак экан?! Хўш, буни кимдан яширамиз? Халқимизданми?!
Сариқ касаллигининг болалар ўртасида кенг тарқалгани ҳар қандай лоқайд одамнинг ҳам қалбини зир титратади. Ахир улар келажагимиз-ку?! Ахир улар келгусида ватанимиз тақдирини ҳал қилувчи навқиронлар бўладилар-ку! Аммо уларни нега сариқ касаллигииинг шафқатсиз ҳужумидан сақлай олмаяпмиз? Нега ҳар йили 200 мингдан ошиқ ўсувчи авлод жигарини сариқ касали вирусларига макон қилиб қўймоқдамиз? Бунга ким айбдор? Бу саволлар ҳали ҳам айбимизни бўйнимизга олишни хоҳламаётган биз катталарнинг тиззасини қалтиратиб, «Ҳамма яхши нарсалар — болаларга!» деган шиорга маҳлиё бўлиб ишонч билан қараётган болалардан кечирим сўрашга ундамаётирми? Ахир, сир эмас, минглаб гектар пахта майдонларида меъёридан ортиқ ишлатилаётган хлорорганик кимёвий моддалар организмнинг, айниқса, жигарнинг вирусларга сезувчанлигини ҳаддан ташқари ошириб юборади, уларга қарши курашувчанлик қобилиятини камайтиради. Натижада сариқ касалини чақирувчи вирус инсон организмида, айниқса, ёш болаларнинг ички аппаратларида, хусусан, жигарида ўзини ҳаддан ташқари эркин сезади, кўпаяди ва сариқ касалини келтириб чиқаради. Тўғри, сариқ касаллигини худди шу тарзда ривожланади, деб ўйлаш соддалик бўлур эди, аммо мен мураккаб тиббий терминлар билан тўлдирилган тушунтириш йўлидан онгли равишда чекинаман. Лекин шундоқ ҳам Иттифоқимиздаги ҳамма сариқ касаллигидан азоб чекаётган дардмандларнинг нақ учдан бири республикамизда эканлигининг сири озми-кўпми аён бўлади. Мен шифокор сифатида сариқ касаллигининг келиб чиқишида заҳарли кимёвий факторларнинг роли жуда ҳам катта эканлигига аминман. 14-шаҳар шифохонаси ва Тошкент болалар тиббиёти институтининг болалар жарроҳлиги кафедрасида ишловчи анестезиолог (оғриқсизлантиришни таъминловчи шифокорлар) врачларнинг ҳаммаси сариқ касали дардига мубтало бўлганликлари юқоридаги фикримга далил эмасми? Ҳа, заҳарли дорилар таъсирига учраган жигар вирус учун энг қулай емишга айланиб қолади.
Аниқ маълумотларга қараганда ҳар бир сариқ касалини даволаш учун кетган сарф-харажат 700 сўмдан 1054 сўмгача бўлар экан. Демак, фақат болалар сариқ касаллигини даволаш учун сарфланаётган харажат бир йилда республикамизда 196—295 миллион сўмни ташкил қилади. Ҳурматли академигимиз Э. Юсупов ТошДУ толиб ва талабалари билан бўлган учрашувда шу беш йилликда республикамизни ривожлантириш учун 67 миллион сўм сарфланишини айтдилар. (Тошкент оқшоми, 9.VI.89). Ана энди рақамларни солиштиринг-да, хулосани чиқаришга шошилманг. Қани бир ўйлаб кўрайлик, республикамизда сариқ касали билан оғриганларнинг умумий сони қанча экан? Бу оғир дард оқибатида жигари бужмайиб, жигар циррозига дучор бўлганлар сони-чи? Бу касаллик муолажасига сарф бўлаётган харажат қанча, бу дард туфайли иш қобилиятини йўқотганларнинг касаллик варақасига қанча тўланмоқда? Умуман, сариқ касалидан экономикамиз қанча зарар кўрмоқда? Балки мана шу рақамларга жавоб кимёвий заҳарли моддаларни сақлаш қоидаларини менсимаётган, хавфсизлик қоидаларига амал қилмаётган, балки бу қоидаларни ўзлари ҳам билмаган тўралар онгига таъсир қилар? Балки Ўзбекистоннинг медицина учун сарф қилиниши керак бўлган 1 миллиард 400 миллион сўмининг каттагина қисмини ўпқондек ютиб юбораётган сариқ касаллигига қарши кураш программаси ишлаб чиқилар? Бу касалга нисбатан лоқайд бўлаётган шифокорлар армияси даҳшатдан бир сапчиб тушар? Балки бу касалликдан жигари чириб ёки бутунлай бужмайишдан алаҳлаб, охирги соатигача, эс-ҳушини йўқотгунича тузалишдан умид қилиб қариндош-уруғлари билан видолаша олмай қолганлар руҳи учун ҳам бу касалликка оид барча сирни очиш керакдир? Бунга республикамизнинг етук инфекционист олимлари нима деркинлар? Амалий натижалари халқдан сир сақланиши лозим саналаётган илмий ишлардан ким наф кўриши масаласини ҳам ўйлаб кўриш вақти келди деб ҳисоблайман.
Мен шу ўринда яна бир масалага эътиборни қаратмоқчи эдим. Баъзан игна санчилиб дори юборилгандан кейин одамлар сариқ касали билан оғриб қолсалар шифокорлар шаънига маломат тошлари аёвсиз ёғилади. Аммо бу игналар марказлашган ҳолда, юқори буғ босими остида юқумсизлантирилади-ку! Яна бошқа бир жиҳати ҳам бор. Ҳар йили сариқ касалининг бу формаси билан республикамизда 40 минг киши оғрияпти. Бундан 28 минги болалардир. Бу кўрсаткич ҳар 100 минг аҳоли сонига ҳисоблаганда Иттифоқ кўрсаткичидан 5 марта кўп. Шуни айтиш керакки, бир марта ишлатиладиган шприц ва игналар умуман Иттифоқимизда жуда ҳам кам. Демак, бошқа шифохоналарда ҳам кўп марта ишлатиладиган шприц ва игналар ишлатилади. Шу вазиятда бир савол туғилади. Хўш, укол қилиш шароити бир хил бўлса-ю, нега унда республикамизда сариқ касалининг «игна орқали юқувчи» формаси кўп. Бунга ким айбдор? Шифокорларми?
Бунинг устига биз яшаётган заминда буйрак касалликлари ҳам кўп. Масалан Москвага қараганда 11 марта, Ереван ва Харьковга қараганда 6—8 баравар, Арманистонга нисбатан 4 баравар, Эстония республикаси билан солиштирганда 3,5 баравар, Актюбинскка нисбатан олганда эса 1,5 баравар кўп. Маълумки, озиқ-овқат маҳсулотлари, сув билан организмга кирган заҳарли кимёвий моддалар буйракнинг нозик коптокчаларидан фильтрланиб, найчаларга ўтади. Бу моддалар сузилиб ўтиш жараёнида буйракнинг нозик тўқималарига салбий таъсир кўрсатади. Бу эса буйрак касалликларининг пайдо бўлишига шароит яратади. Бизда буйрак касалликларининг кўплигини фақат ташқи муҳит билан боғлаш нотўғри бўлур эди. Чунки бу хасталикларнинг келиб чиқишида ота-оналарнинг меъда-ичак, буйрак касалликлари билан оғришининг ҳам катта ҳиссаси бор.
— Республикамизда ақлий заифликнинг йилдан-йилга кучайиб бораётгани хусусида статистик маълумотлар бор. Дард устига чипқондай ўрмалаб келаётган бу касофатнинг бош сабаблари ҳақида Сизнинг фикрингизни билмоқчи эдик.
Ж. БЕКНАЗАРОВ: Хлорли органик бирикмаларнинг яна бир хусусияти борки, уни эслашнинг ўзи даҳшат. Энг кам миқдорда ҳам улар инсоннинг жисмоний ва ақлий қобилиятини пасайтиради. Бу менинг «сенсация» учун ўйлаб чиқарган фикрим эмас, балки академик А. В. Фокиннинг далилларини қайд этиш, холос. Балоғат ёшига етган навқиронларнинг 40—45 фоизида сурункали касалликлардан бирининг қайд қилинаётганлиги, чақирув ёшига етганларнинг ҳар учдан бири ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилаётганлиги ташқи муҳитдан сурункали заҳарланиш оқибати, илдизи хлорли органик бирикмаларнинг хусусиятига бориб тақалади…
— Ер юзи бўйича ҳар йили 2 млн. киши пестицидлардан заҳарланиб, шулардан 50 мингининг ёстиғи қурир экан. Лекин бу рақам ичига СССР кирмайди. Заҳарли кимёвий моддалар бошқа турли офатлардан ташқари инсониятни тағин бир кўргуликка гирифтор қилаётгани маълум бўлди: инсоннинг генетик коди ўзгариб, бузилиб, ирсият ҳалокатига олиб келмоқда. Суҳбатимиз аввалида қисман бу ҳақда гап бўлди. Бу нарсанинг даҳшатларини биздан кўра Сизлар тўлароқ тасаввур қилишингнз турган гап. Хўш, у қандай оқибатларга олиб келади!
А. ЭРГАШЕВ: Лаборатория ва дала шароитида ўтказилган тажрибаларимизнинг кўрсатишича, пахтачиликда қўлланиладиган пестицидлар, жумладан, которан, бутифос, бутилкантакет, магний хлорати ва бошқалар фақат тупроқдаги фойдали микро ёки макроорганизмларга катта таъсир қилиб қолмасдан, балки пахтанинг қимматбаҳо навларининг ирсиятини ҳам бузиши мумкин экан. Бунинг ўзиёқ жуда катта иқтисодий зарар эканлиги ўз-ўзидан маълум.
Бундан ташқари, пестицидларни жуда кенг қўллаган регионларда тупроқда яшовчи микро ва макроорганизмларнинг миқдорий ва сифатий кўрсаткичлари кескин ўзгариб кетиши кузатилади. Бунинг оқибатида тупроқнинг унумдорлиги ва экинларнинг ҳосилдорлиги ҳам пасайиши мумкин. Табиатдаги мувозанат бузила бошлайди. Шу билан бирга янги-янги юқумли касалликлар пайдо бўлиб, бу нарса нафақат бир район ёки республика миқёсида, балки бутун мамлакат ва ҳатто у ёки бу қитъани қамраб олиши мумкин. Бундай касалликлар фақатгина қишлоқ хўжалик экинлари ёки ҳайвонлари учунгина эмас, балки инсонга ҳам тааллуқлидир.
Юқорида айтиб ўтилганидек, химиявий ўғитлар ҳам нотўғри ишлатилса, яъни агротехника талаби даражасидан ошириб қўлланилган ҳолларда жуда аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин. Масалан, азотли ўғитларни олайлик. Азотнинг ҳар хил бирикмалари, айниқса, нитратлар (азот кислота тузлари) тупроқдаги микробиологик ва биохимиявий жараёнлар натижасида нитритларга айланади. Булар эса ҳайвонлар ёки одам меъдасига тушгач, нитрозобирикмаларга айланади. Маълумки, нитрозобирикмаларнинг кўпчилиги канцероген (рак чақирувчи модда) ва мутаген активлигига эгадирлар. 1950 йиллардаёқ олимларимиз азот кислотасининг мутагенлик механизмини батафсил ўрганиб, унинг тирик организмлар ирсиятига бўладиган хавфини очиб берган эдилар. У ДНК, яъни тирик организмлар ирсият программаси ёзилган улкан молекула билан реакцияга киришиб, аминогруппаларнинг йўқолишига олиб келади. Ҳосил бўлган бўш жойларга эса кислород атоми ўрнашиб олади. Натижада, аминогруппасини йўқотган аденин одатдагича тижин билан эмас, балки цитозин билан жуфтлик ҳосил қилади. Кейинги босқичда эса цитозин гуанин билан жуфтлашади. Шундай қилиб, генетик коднинг ҳарфларида хато ҳосил бўлиб, бу тирик организмларнинг у ёки бу белгилари хусусиятларининг ўзгариб кетишига олиб келади.
Ж. БЕКНАЗАРОВ: Республикамизда экология вазияти тиббиёт нуқтаи назаридан яхшиланаётгани йўқ. Яхшиланяпти, деб ҳеч кимни ишонтира олмайсиз ҳам. Чунки вазият хлорорганик бирикмаларнинг инсон соғлиги учун ўта хавфли эканлигини ҳали етарли равишда тушуниб ета олмаганимиз сабабли ҳам яхши томонга ўзгаргани йўқ. Бўлмаса бошқа мамлакатларда ишлатилиши аллақачон тақиқланган хлорли пестицидларнинг ўзидан ҳар йили 6 минг тоннаси қўлланилармиди? Ҳолбуки, бу аҳвол 10 йилдан бери давом этиб келмоқда. Кельтан, бромофос, диурон деб аталувчи ўта заҳарли пестицидларни нақ олтинга тенг валюта пулига хориждан сотиб олмоқдамиз.
Америка олимлар ассоциациясининг маълумотига қараганда жами пестицидлар таркибида диоксин моддаси бор. Бу заҳарнинг триллиондан ўн улуши ҳам рак касалини чақиради, асаб системасини заҳарлайди, аёлларнинг мўъжизакор сеҳрли функцияси — насл қолдириш жараёнини жуда ҳам издан чиқаради. Асосан, мана шу охирги сабабга биноан ҳам устидан бир марта «сариқ офат» (таркибида диоксин бор) сепилган Вьетнам аёллари, неча йиллар ўтса ҳамки, то шу кунгача бола туғиш имкониятидан маҳрум бўлишган.
Пестицид ва гербицидларнинг айби фақат юқорида айтилганлар билан чекланмайди. Бошқа «оғир жиноятлар» қилишга ҳам қодир эканлиги фактлар тўлқини қаршисида довдираётган юракка ўқ бўлиб қадалади. Республикамизда чорвачилик билан шуғулланувчи хўжаликларда яшовчи аҳоли қонида пахтачиликда ишлатиладиган пестицидларнинг топилиши ва уларнинг инсон ёши ўтган сари қондаги миқдори ошиб бориши атроф-муҳитнинг таъсири, албатта. Бу моддалар организмда сурункали равишда тўпланиб, миқдори йил сайин ошиб бораверади, нормадаги модда алмашинув жараёни ҳам бузилаверади. Пахтачилик билан машғул бўлган одамларнинг қонидаги хлорорганик пестицидларнинг миқдори ҳар қандай «тепса тебранмас» одамларнинг ҳам қалбини зир титратиши турган гап. Ахир бу заҳарли моддаларнинг қондаги миқдори чорвачилик билан шуғулланувчи хўжаликдаги одамлар қонидагига нисбатан 60—100 баравар кўп бўлса, бунга лоқайд қараш мумкинми? Умидли ёш олим, тиббиёт фанлари номзоди Пиримқул Назировнинг келтирган далиллари қонида пестицидлар миқдори кўп топилган зонада сил касаллигига дучор бўлганлар сони икки-уч баравар юқори эканлигидан далолат беради. Уларда бу касаллик ниҳоятда оғир кечиши билан бирга, жигар ва меъда-ичак йўли ҳам сурункали заҳарланган. Уларни муолажа қилиш самараси ҳам одатдагидек эмас. Мана шу факт олдида мулоҳазани кенгроқ олайлик: агар организмга фосфорорганик пестицид — фозалон заҳри қотилидан энг кам миқдори сурункали тушиб турса (сичқонни ўлдириш дозасининг ҳам 500 дан бир ҳиссаси) жигар, талоқ, суяк мугузи ва лимфа тугунларида бир қатор салбий ўзгаришлар чақирадики, бунинг оқибатида шу органларнинг иммунитетлик қобилияти анча пасаяди. Бу эса уларни касаллик урчиши учун қулай манбага айлантиради. Ана энди қуйидаги хулосага келиш унча қийин эмас: пахтанинг ҳосилдорлигини ошириш мақсадида қўлланилаётган ҳар бир грамм пестицид халқимиз саломатлиги учун жуда катта зарардир.
— Жуманазар ака, Сиз сариқ касаллиги, айниқса, унинг болалар ўртасида тарқалиб қандай оқибатларга олиб келгани ҳақида батафсил тўхталдингиз. Бари бир бизга ҳозир фожиаларимиз рўй-рост айтилиши, сўнгра улардан қутулиш йўл-йўриқлари ҳаводай зарур. Ҳолбуки, ўзингизга маълум, сил касаллигининг кўпайиб кетаётганлигини тасдиқловчи фактлар сариқникидан кам эмас…
Ж. БЕКНАЗАРОВ: Туберкулёз, яъни сил касаллигининг ривожи, унинг органик тарқалиб хавфли тус олиши социал шарт-шароит, инсон яшаш тарзи ва фаровонлиги билан узвий боғланган. Муайян социал шароитда яшаш фаровонлиги нақадар юқори бўлса, сил касаллиги ҳам шунчалик кам бўлади. Шунинг учун дадил айтиш мумкинки, республикамизда атроф-муҳит тозалигини таъминламасдан, аҳолининг яшаш шарт-шароитини кескин яхшиламасдан туриб, қишлоқ аҳолиси ўртасида ҳали ҳам учраётган сил касаллигини таг-томири билан йўқотиш мумкин эмас.
Халқ табобатида қадим-қадимдан шифобахш гиёҳлар кенг қўлланиб келинган. Аммо ҳозирги пайтда бир даҳшатли хатар улар устига ҳам шафқатсизлик билан бостириб кела бошлади. Бу ҳужумнинг ўта шафқатсиз бўлиши мумкин эканлиги шифокорлар қалбини зир титратди. Ерга сепилган ўғитлар таркибидаги нитратлар шифобахш гиёҳлар таркибида ҳам хавфли миқдорда тўплана бошлаганлиги баъзи бир жойларда қайд қилинмоқда. Айниқса, улар миқдори қичитқи ўт, отқулоқ, ялпиз, мойчечак, далачой ва бошқа гиёҳларда кўпроқ тўпланиш хусусиятига эга эканлиги аниқланди. Маълумки, кўпгина гиёҳлар хўжаликларда етиштирилади. Ана энди ўзингиз тасаввур қилаверинг: гиёҳлар билан бирга нитратлар ютсак! Фойдасидан кўра зарари кўпроқ эмасмикин? Айтмоқчи, нега гиёҳлар таркибида минерал ўғитлар пайдо бўлиб қолди? Бу машъум факт яна план, мажбурият, қандай йўллар билан бўлса ҳам юқорида турган бошлиққа ёқиш иллатларига бориб тақалмасмикан? Баъзи жойларда ернинг мелиоратив ҳолати кескин бузилганлиги оқибатида юракка яхши кор қилувчи дорилар — юрак гликозидлари олинадиган ўсимликлардан бу малҳамни олишнинг имкони бўлмай қолганлиги наҳотки бизни инсофга чақирувчи омил бўла олмаса?! Табиатнинг яратган мўъжизаларини инсон ақл-заковати яна ҳам мўъжизалироқ қилиши имкондан ташқари. Унинг формасини, шаклини, тусини ўзгартириш мумкин, аммо химиявий тузилишини, структурасини ўзгартириш нафақат табиат жонзотлари, балки инсоннинг ўзи ҳам ўз яратувчиси қўйнида мангу яшаш имкониятини ҳаддан ташқари қийинлаштиришини ҳисобдан чиқариш асло мумкин эмас.
— Келажак авлодлар, зот-зурёд, фарзандлар ҳаққи, мавжуд аҳволнинг ўнгланиб кетиши учун сизлар ҳам албатта, ўзингизни масъул сезасиз. Бироқ ҳамма гап муайян таклиф, режа, уларни амалга ошириш учун курашишда. Ҳозир ҳамма очиқ гапира олади. Бари бир эътиқод амал билан кучли…
Ж. БЕКНАЗАРОВ: Юқорида айтилган мулоҳаза ва мушоҳадалардан савол туғилади: заҳарли кимёвий ўғитлар, пестицидлар билан ернинг қалбини кемириб, унда сунъий равишда сурункали касаллик чақириш шартмикин?! Еримиз майиб бўлган. Наҳотки уни кўриб кўрмасликка оляпмиз? Уни тезда операция қилиб тузатилмаса, касаллик авж олиши турган гап. Мана шу нуқтаи назардан унинг хасталигини кучайтирувчи «заҳриқотил»лар беришни умуман таъқиқлаш зарур. Мен бир шифокор сифатида Ўзбекистонни кимёвий заҳарли моддалар ишлатилмайдиган зона деб эълон қилинса деб бутун жамоатчиликка мурожаат қиламан. Биз бу тадбирни қатъийлик билан олиб борган тақдирда ҳам ер ўзининг қадди-бастини 8—10 йилдан кейин тиклаб олиши мумкин. Чунки ҳозирги ҳолатдаги заҳарлардан уни халос қилишнинг ўзи бир машаққат, кимёвий заҳарли моддалар мана шу муддатлардагина ўзининг структуравий тузилишини йўқотиши мумкин.
Мутахассисларнинг фикрича, ҳосилнинг 25—30 фоизи ўғитлар ҳисобига бўлаётганмиш. Майли, тўғри ҳам бўла қолсин. Лекин 2 миллион гектар ерга сепилса ҳар йили 30 кг.дан тўғри келадиган маҳаллий ўғитлардан фойдаланилса бўлмасмикан? Ахир гўнг ўзимизда текин-ку, йиллик запаси 60—70 миллион тоннадан ошади-ку! Кўзланган мақсад эса инсон соғлигининг яхшиланиши, насл-насабнинг бузилмаслиги. Ахир социализм жамиятида инсонга хизмат қилиш биринчи ўринга қўйилмайдими? «Инсон соғлиги — Ватан бойлиги» шиори хўжакўрсингами?
Қадр-қимматини билган ҳар бир инсон ўз соғлиғи тўғрисида, қадр-қиммати ва обрўсини эъзозлаган давлат ўз халқи соғлиғи тўғрисида ғамхўрлик қилади. Япония ўз халқининг ўртача умр кўриши тўғрисида яхши ниятлар билан хотинлар ўртача ёшини — 86, эркаклар ўртача ёшини — 79 йилга етказишни мақсад қилиб қўйди. Шу муносабат билан бир нарсани аниқлаш жоиздир. Республикамиз меҳнаткашларининг ўртача ёши қанча экан? Инсонлар умрини узайтиришдек буюк эзгу ният программаси Соғлиқни сақлаш министрлигимизда мавжудмикин? Агар бор бўлса, унда экология муаммосини ҳал қилиш тўғрисида қандай ечимларни ҳал қилиш ҳукуматимиз олдига қўйилган экан? Чунки атроф-муҳит шароитини яхшиламасдан туриб, инсон яшаш фаровонлигини ошириш тўғрисида ўйлашнинг ўзи ҳам калтабинлик бўлур эди. Халқимиздан план ва мажбуриятларни бажаришни талаб қилиш билан бирга, яшаш шароитини тубдан яхшилаш масаласи ҳам партия ва хўжалик раҳбарларининг диққат марказида бўлиши керак. Ахир план ва мажбуриятлар соғликка хизмат қилиши керакми ёки соғлиқ план ва мажбуриятларга хизмат қилиши керакми? Аҳолисининг 70 фоизга яқини бемор зонанинг айнан ўзини шифохонага айлантирган тақдирда ҳам соғлик кўрсаткичини жиддий равишда яхши томонга ўзгартира олмаслигимиз аниқ. Чунки биз илдизга эътибор беришни унутаётганга ўхшаймиз.
Хулоса қилиб айтганда, юртимизни жаннат мисол маконга айлантирмас эканмиз, етти иқлимга жар солганимиз билан халқимизнинг соғлигини рисоладигадай қила олмаймиз.
А. ЭРГАШЕВ: Албатта, табиий савол туғилади. Хўш, экологик вазият бизда жуда жиддий экан, энди уни тузатиш ёки вазиятни бир оз юмшатиш мумкинми? Бунга жавоб бериш жуда қийин. Лекин айрим фикр-мулоҳазаларимни билдиришга уриниб кўраман.
- «Бутун мамлакатни химиялаштириш туфайлигина социализмга эришамиз!» деган чақириқнинг нотўғри эканлигини кенг мамлакат доирасида тан олишимиз даркор.
- Қишлоқ хўжалигида, жумладан, пахтачиликда заҳарли химиясиз ва кам миқдорда кимёвий ўғитлар сарфлаб юқори ҳосил олаётган ва экологик шароитини яхши асрай олган колхоз ва совхозлар (бизда ҳар ҳолда учраб туради) тажрибасини кенг тарғиб қилиш. (Радио, телевидение, газеталар ва ҳоказолар орқали).
- Тезлик билан ЎзССР табиатни муҳофаза қилиш Давлат Комитети, ЎзССР Министрлиги ва ЎзССР ФАси ҳамкорлигида махсус генетика марказини ташкил этиб, унда юқори малакали олим ва мутахассислар биргаликда бизнинг пахтачиликда қўлланилаётган энг хавфли препаратларни аниқлаб олиш ва уларни биринчи навбатда ишлаб чиқаришдан олиб ташлаш керак.
- Республикамиз ҳуқуқ органлари химиявий заҳарли моддалар ва минерал ўғитлардан нотўғри фойдаланаётган хўжаликлар ва уларнинг раҳбарларига нисбатан қаттиқ тартиб ўрнатиш чораларини ишлаб чиқишлари жуда зарур, деб ўйлайман.
- Пахтачиликда ҳукм суриб келган экстенсив технология талаблари асосида ғўза сортлари селекциясини тубдан ўзгартириш, яъни уларда фақат иқтисодий ва сифатий кўрсаткичлар эмас, балки экологик кўрсаткичлар ҳам жуда муҳим деб қараш керак.
- Халқ ҳаракатини кенг қулоч ёйдириш, «Табиатга ленинча муносабатда бўлиш» шиорини олға суриш ва шу билан бирга «Ҳамма нарса пахта учун» деган турғунлик даври шиоримизни «Ҳамма нарса инсон учун, унинг бахт саодати учун», деган, унутилаёзган ҳақиқий гуманистик шиор билан янгилаб, унга ҳаётда қатъий амал қилиш керак.
— Самимий суҳбат учун Сизларга ташаккур.
Суҳбатдош: Собир Ўнар
“Ёшлик” журнали, 1989 йил, 9-сон