— Чингиз Тўрақулович, адабиёт оламга қандай таъсир кўрсатади? Шу ҳақда фикрингиз?
— Адабиёт иш-ҳаракатларни яққол кўрсатиб турадиган схема эмас. Адабиёт — айнан эмас, билвосита, мураккаблашган кўринишда тақлид қилиш, ўхшаш учун намуна бўла олади. Баъзан, «Бу китобдан ўрганса бўлади, бу китобдан бўлмайди», қабилида гаплар юради… Қаранг, ўша ўрганиб бўлмайдиган китобдан ҳам ўрганса бўлади! Лекин у ўзича сабоқ беради, натижаси эса дарҳол кўзга ташланавермайди. Китобхонга эзгулик ва ёвузлик чегаралари аниқ-равшан белгилаб берилган шартли схема керакмикан?
— Сиз ўз асарларингизда гўёки табиатга жон киритиб юборгандай бўласиз. Бундан келиб чиқадики, сиз учун инсоннинг табиатга муносабати маънавий мезонлардан бири ҳисобланади, шундайми?
— Мен инсон табиатни қадрлай билиши, ундан завқ, баҳра олиши кераклигини биламан. Шуни ҳам тушуниб етиш керакки, инсон — табиатнинг бир парчаси, табиат унга яшаш учун берилган макон, яшаганда ҳам фақат бир марта ақл ва завқ билан яшаши керак.
— Сизнинг кўпгина асарларингиз ўсмир, бола тилидан ёзилган. Болалик таассуротлари ижодингизда муҳим роль ўйнайдими?
— Йўқ, бу мен учун шунчаки қулай усул. Ўсмир оламни, инсонларни англаб етишга ҳаракат қилади. Менинг янги қиссамда икки бола ва қария персонажлари бор. Улардан ҳар бири ўзларича айтмоқчи бўлган фикримни баён этишда ёрдам берадилар. Қария — ўз тажрибалари билан менга кўмаклашади. Бола эса фикримни равшанроқ ифодалаб беради, баъзан чол айтолмаган томонларни очиб ташлайди. Бироқ икковлари ҳам менинг бир бўлагим. Албатта, санъаткор болаликдан бунёд бўлади. Кейинчалик билим-тажриба, ақл-заковат шахсни тўлдиради, шаклга солади. Лекин бу ҳол юз бермаслиги ва инсон болаларча таъсирчан, ҳассослигича қолавериши ҳам мумкин. Мен овулда катта бўлганман. Инсон табиат қўйнида, кишилар ва шу табиатга тегишли бўлган жониворлар билан ўт-майсалар, дарёлар ва ўрмонлар орасида улғайса, қандай ажойиб…
Шаҳарда-чи, шаҳар турмушида диққат инсон ақл-заковати барпо этган нарсаларга жамланади. Шаҳар замонавийликка яна фикрлаш, тафаккурни ҳам қўшимча қилади. Мен болалик гоҳ қишлоқ, гоҳ шаҳар ҳаёти билан алмашиниб туриши керак, деб ўйлайман.
Болалик феномени… Мен болалик таассуротлари билан яшамайдиган ҳеч бир одамни, айниқса, ижодкорни билмайман. Ахир “Оқ кема” қиссасининг қаҳрамони қилиб бола танлангани бежиз эмас-ку. Мен бу билан бола — иймон-диёнат ҳомиласи, шахс ҳомиласи, буларнинг бари болаликдан бошланади, деган фикрни уқтирмоқчи бўлганман. Бу ҳақда ҳозирги илмий-техника тараққиёти, барча ахборот воситаларининг универсаллашуви авжига чиққан даврда жиддий бош қотириш керак бўлади. Қачонлардир бола руҳияти, унинг онг-шуурига фақат ота-онаси, бува-бувиси, яқин қариндошларидан яна кимдир таъсир кўрсатган. Ўозир уларнинг бу вазифаларини болалар боғчалари, мактаблар “туя” қилмоқдалар. Болалар боғчалари, мактаб, буларнинг яхши, фойдали томонлари кўп. Лекин уларнинг ҳаммани бараварлаштириб, бирхиллаштириб қўйиш жиҳатларини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Ҳамма болалар бир вақтда бир телекўрсатувни ва бир хил фильмларни томоша қиладилар. Бу ҳол эса ҳозирга қадар мисли кўрилмаган даражада эстетик, маънавий мезонларнинг умумий бўлиб қолишига олиб келади. Бунда бола ривожланишидаги индивидуаллик, ўзига хослик қайсидир маънода йўқолади.
Шубҳасиз, болалик менда ўз тамғасини қолдирган. Мен қизиқарли даврда туғилганим, Шакар овулида, қадимги патриархал муҳитда катта бўлганим учун тақдиримдан миннатдорман. Менинг момом оқила, кўп нарсаларни биладиган, зийрак, чевар ва оқин аёл эди. Момом менинг оламни поэтик идрок этишим, англашимга ёрдам берди. У киши айтиб берган эртаклар, қўшиқлар, ривоятлар, у мулоқотда бўлган одамлар — бари-бари менга ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Агар бир куни эрта тонгда момом юзида табассум билан, қўшни аёлнинг кўзи ёриганини айтса бўлди, мен ўрнимдан дик этиб туриб ювинишим, сўнгра уларни қутлагани бирга боришим кераклигини билар эдим. Бу қўшниникига бориб, уни қутлашгина эмас, аввало кўришув, ҳар хил айтишув, лапарлар билан тантана уюштириш учун ҳам важ эди. Бунақа байрамларда ҳамма болалар қатнашар, ҳеч ким уларга чақалоқни карамзор ичидан топиб олдик, деб айтмас эди. Ўозир болалар катталар ҳаётида камроқ қатнашадилар, улар бу пайтда болалар боғчасида шу боғчага оид қўшиқларни куйлаб ўтирган бўладилар. Менинг фикримча, ҳеч бир ҳодиса болаларни четлаб ўтмаслиги керак. Шундагина улар Шахс бўлиб камолга етадилар.
— Шу йиллар ичида Шакар овулингиз ҳам ўзгариб кетгандир?
— Ўзгарганлиги табиий. Отларга қўшилган омочлар энди йўқ, машиналар кўп, кейин иш кўлами ҳам бошқача. Бирданига неча юз гектарлаб ер ҳайдалади. Ахир техника — техника-да, тезлик ва суръат ҳам шунга яраша катта бўлади!
Аммо от илгаригидай инсонга яқин ва қадрдон бўлиб қолаверади. Қирғизчасига айтадиган бўлсак, “жоныбар”, отнинг жони бор.
— Айтмоқчи, “Қизил дурачали сарвиқомат дилбарим” қиссангиз қаҳрамони Илёс ўз машинасига худди жониворга қарагандай муносабатда бўлади…
— Ҳа. У, эҳтимол, отига ҳам, ҳўкизига ҳам шундай яхши муомала қилган бўларди. Бундай одамнинг машинага хўжасизларча қарашдан ичи ачишарди.
— Эзгуликнинг ёвузликка қарши кураши, муҳаббат, имон, бурч каби умрбоқий мавзулар қаторида бугуннинг долзарб мавзулари ҳам бор. Сиз 70-йиллар учун бу мавзулардан қайси бирини долзарб деб ажратган бўлардингиз?
— Менимча, бу — уруш, инсоннинг урушда синалиши, тобланиши мавзуcидир. Мен ўзим урушда бўлмаганман, лекин болалик ва ўсмирлик йилларим шу даврга тўғри келган. Урушдан урушнинг фарқи бор. Озодлик, мустақиллик, адолат учун уруш. Масалан, Улуғ Ватан урушини олсак. Бу қаҳрамонлик, фидокорлик, улкан ҳарбий ҳамда меҳнат жасоратларини кўрсатиш даври бўлди. Бироқ бу тажовузкорлик, таъмагирлик, манфаатлар уруши, адолатсиз уруш ҳам бўлдики, бу даврда инсонийлик тақчил бўлди. Бугунги сайёрамиз, дунё кўпгина ижтимоий омиллар келтириб чиқарган шафқатсизлик муаммолари билан тўқнаш келмоқда. Барибир юксак инсоний қадриятлар, инсон тақдири мавзуи ўзгармас, умрбоқий бўлиб қолаверади. Инсонийликнинг антитезаси — шафқатсизлик.
— Ҳам шафқатсизликка қарши кураша туриб, ҳам уни асарларда кўрсатса бўладими?
— Фақат бу завқ, илҳом билан тасвирланмаслиги керак.
— Ғарбда, масалан, ваҳима-даҳшат театри мавжудлигини “ортиқча ҳавони чиқариб юбориш клапани” зарурлиги билан оқлайдиган назариялар яратилди. Уларнинг фикрларича, бундай томоша инсонга азалдан хос бўлган тажовузкорлик энергиясини унинг вужудидан чиқариб юборишга хизмат қилар эмиш. Шу ҳақдаги фикрингиз?
— Ортиқча ҳавони чиқариб юбориш клапани… Ёмон ният билан инсонни шафқатсизликка ундашса, у эса бунга қарши туролмаса, бу ҳолат кўпроқ шафқатсизликни рағбатлантиради, ҳаттоки кучайтиради. Шундай мисоллар ҳам борки, ўарбда томошабин даҳшатли фильмларни кўриб, беихтиёр ана шу қаҳрамонлар ҳаракатларини такрорлаган.
— Моддий ҳаёт ҳақидаги фикрингиз?
— Бу ҳақда менинг фикрим қатъий, агар ҳаётда моддий бойлик мақсадга айланса, шахс таназзулга юз тутади.
— Худди «Бўтакўз» қиссангиздаги Абакирга ўхшаб-а?
— Ҳа, Абакирга ўхшаб. Баъзида пуллар қандай босиб, эзиб ташлашини одамларнинг ўзлари ҳам билмай қоладилар. Буюмларни ҳаддан ортиқ севиш, уларга ҳирс қўйиш — васваса. Айниқса, баъзиларнинг бирор буюмга жиддий муносабатда бўлишлари менинг ғашимга тегади. Айтайлик, ҳозир бизда, республика чеккасида маълум турдаги пальто урф бўлади. Шу турдаги пальтоси бўлмаган аёл ўзини хўрлангандай, камситилгандай ҳис қилади. Буюмларга бўлган бундай мешчанларча муносабат кишида ғараз уйғотади ва у ҳаммадан ажралиб туриш талвасасига тушади. Буюмлар муқаддас қадриятлар қаторида ҳаёт маъноси, мақсадига айланиб қолмаслиги керак.
— Айтмоқчи, қиссаларингизнинг асосий персонажлари — аёллар. Улардан қайси бири сизнинг идеалингизга яқинроқ? Балки Жамиладир?
— Идеал ҳақида бирор нарса дейиш қийин. Менинг фикримча, умум қабул қилган расмга кўра, эътиборга сазовор, муносиб аёл тушунчаси мавжуд. Бу тушунча аёлнинг бари маънавий фазилатлари, унинг маданияти, жозибаси, ташқи кўринишини ўз ичига олади. Жамила — менинг аёлни илк маротаба романтик идрок қилишим маҳсули. Ҳозир Жамила бошқача бўларди.
— Сизга инсондаги қайси хусусият ёқмайди?
— Мансабпарастлик. Бундай одам бирор мартабага эришаман деб ҳақиқатни гапирмайди.
— Чингиз Тўрақулович, юморга муносабатингиз қандай?
— Афсуски, доимо менда юмор етишмайди (мен буни жуда ҳис қиламан). Юмор билан ёза оладиган кишиларга жуда ҳавасим келади. Бу мен ҳазилни умуман тушунмайман, деганим эмас. Кулишни яхши кўраман, лекин ҳазил қилишни билмайман. Бу алоҳида қобилият саналади. Мен эса маъюсроқман.
— Одатда ёзувчилар иккита бир-бирига қарама-қарши қоидага амал қиладилар: “Ёзолмасдан туролмаганингда ёз” ёки бўлмаса “Ҳар куни, жуда бўлмаганда бир сатрдан ёз”. Сиз буларнинг қайси бирига амал қиласиз?
— Мен биринчи қоида бўйича ишлайман. Шунчаки, ҳар куни ёза олмайман. Иккинчи қоида эса сен янги ишни бошлаганингда қўл келади. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, агар бошлаган ишингни ташлаб қўядиган бўлсанг, кўп нарсани йўқотасан. Мана, ҳозир янги қиссамни тугатаяпман. Энди мен ҳар куни ишлашимга тўғри келяпти.
— Қиссада тасвирланаётган воқеа қайси даврда бўлиб ўтади?
— Бу қизиқ нарса. Қисса воқеаси қачон бўлиб ўтиши ижодимдаги — номаълум бўлган ягона ҳолат. Асар “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” деб аталади. Ундаги воқеалар қайси вақтда ва нима ҳақда эканлигини ҳар бир китобхоннинг ўзи ҳал қилади. Бу ерда сюжетнинг ҳам унча аҳамияти йўқ. Қиссани яқин кунларда тугатсам керак…
“Неделя” газетаси, 1977 йил, №2
Маъсума Аҳмедова таржима қилди.