МУХБИР: Ҳозирги пайтдаги янги иқтисодий ва социал жараённи, миллий муносабатлардаги ўзига хос мураккаб ҳолатларни назардан ўтказадиган бўлсак, бу жараёнда диний ҳаётда ҳам ўзига яраша муаммолар вужудга келганини кўрамиз. Бу ҳолат ҳозирги давр шароитида миллий ўз-ўзини англаш тараққиёти билан алоқадор бўлиб, миллий сиёсат билан ҳам боғлиқдир. Сизга берадиган дастлабки саволим бошқачароқ туюлиши ҳам мумкин: Бугунги кунда совет Ўрта Осиёси жумҳуриятлари ва Қозоғистон мусулмонларининг кайфияти қандай? Маънавий хотиржамлик қандай кечмоқда?
МУФТИЙ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Йил бошида бизда жуда эсда қоларли воқеа юз берди. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг IV съезди бўлиб ўтди. Унинг ишида барча жумҳурият ва вилоятларнинг вакиллари иштирок этдилар. Қурултой жараёнида диндорларни ўйлантираётган, ташвишга солаётган барча масалалар ошкоралик асосида муҳокама қилинди. Уларнинг баъзи бир илтимос ва талаблари қондирилди. Мусулмонлар ўз дилларидаги фикрлари билан ўртоқлашдилар. Келгусида қандай яшаш кераклиги ҳақида сўз юритдилар.
IV съезддан кейин биз диний бошқарма фаолиятини қайтадан кўриб чиқдик. Биз мусулмонлар орасида яшаётганлигимизни эсдан чиқармаслигимиз зарур. Яқиндагина бошқарма билан мусулмонлар орасида қандайдир масофа бор эди. Энди эса уларнинг диний масалалардаги талабларига жавоб беришга асосий эътиборни қаратмоқдамиз. Масжидлар очила бошлади. Бу жиддий масалада, давлат бизнинг талабларимизни бажармоқда. Мусулмонларнинг муқаддас ўзига хос архитектурасини мужассамлаштирган эски масжидлар ҳам қайтариб берилди. Ана шулар орасида Бухородаги Калон масжиди, Бухоро атрофидаги Баҳовуддин Нақшбандий масжиди ва зиёратгоҳи, Намангандаги, Қўқон ва Андижондаги масжидларни айтишимиз мумкин. Имом Тирмизийнинг қабри таъмирланмоқда. Бу ўзгаришлар асосан Ўзбекистон ва Тожикистонда бўляпти. Қисман Туркманистонда ҳам ишларимиз олдинга силжияпти.
Кези келганда шу нарсани алоҳида таъкидламоқчиман: бир йил давомида икки мингдан ортиқ христиан ибодатхоналари очилди. Худди ана шу давр мобайнида бизда эса бор-йўғи икки юзга яқин масжидлар очилди.
МУХБИР: Менинг ўйлашимча ҳам бу ноҳақлик албатта. Барча динлар тенг имкониятга эга бўлмоғи лозим. Шароит яратиб бериш учун эса жойлардаги маҳаллий ҳокимият астойдил бош-қош бўлмоғи керак. Сизнингча авваллари беркитилган, яъни эътиқод қилувчилар қувғин қилинган йиллардаги қанча эски масжидлар очилиши керак? Агар улар етарли бўлмаса, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари қанча масжидларни қуришни истайдилар?
МУФТИЙ: Ҳар бир овул, ҳар бир қишлоқ ўз масжидига эга бўлиши керак. Шуни биламизки, Ислом жамоа бўлиб эътиқод қилишни, сиғинишни ёқлайди. Агар жой бўлмаса-чи? Кўпинча кекса кишилар жума кунлари бир марта намоз ўқиш учун юз чақиримлаб йўл босишга мажбур бўладилар. Масжид фақат намоз ўқиладиган жойгина эмас, жамоанинг бир-бири билан мулоқот қиладиган жойи ҳамдир. Бугун биз масжидларда «Кимга нима керак? Ким нимага муҳтож? Кимга қандай ёрдам керак?» – деган масалаларни ҳал қилмоқдамиз. Тарбия марказини ташкил қилиш истагимиз бор. Мусулмонлар учун меҳр-шафқат масаласи ниҳоятда муҳим. Инсоний муносабатларни ўз ўрнига қўйиб, бир-биримизга кўмак бермоғимиз керак.
Бизга Тошкентдаги эски масжидлардан бирини қайтариб беришди. Бу масжид шу кунгача шароб сотувчи идоранинг омбори вазифасини бажарарди. Омбор мудири: «Бир қаранг-а, ҳамма ойналар синдирилган», деб қолди. Мен эса: «Нима учун шундай?» – деб сўрадим. У: «Кўчадаги болалар тинчлик беришмайди. Янги ойна қўйишимиз билан дарров синдириб юборишади», деб жавоб берди. Агар масжид бўлса, болалар бу ерга тош отишмайди. Кексаларга ҳурмат билан қарашади. Бу яхши, фойдали. Шунинг учун ҳам ҳар бир қишлоқ ўз масжидига эга бўлиши керак.
МУХБИР: Айтингчи, сизнингча Ўрта Осиё жумҳуриятлари ва Қозоғистонда қанча мусулмон бор? Хаммаси бўлиб Совет Иттифоқида 20 фоиз мусулмонлар бор, деб ҳисобланади: менинг ўйлашимча, улар кўпроқ бўлишса керак.
МУФТИЙ: Бу мураккаб савол. 20 фоиз мусулмонлар. Бу атеистик иш олиб борувчилар қарашлари асосида дунёга келган рақам дейишимиз мумкин. Бизда шундай вақтлар бўлган эдики, фақат мусулмон одатларини амалга оширувчи кишиларнигина мусулмонлар сафига қўшишганди. Масалан дафн этиш маросими. Маълумки, бу маросимда барча иштирок этади. Демак, уларни масжидга бориб тоат-ибодат этувчилар билан бир сафга қўйиш мумкинми? Биз халқимизда қанча мусулмонлар борлигини айта олмаймиз, чунки расмий ҳисобот олиб борилмайди.
МУХБИР: Бизда динга ишонувчилар ва ишонмовчилар бор деб ҳисобланади. Шундай кишилар ҳам борки, улар ўзларининг динга бўлган муносабатларини аниқлай олганлари йўқ. Улар диний маросимларда қатнашади. Диний урф-одатларни амалга оширади. Кўплар буни оддий миллий анъана деб аташади. Бундайлар русларда ҳам, қозоқларда ҳам бор. Бундай кишилар Ўрта Осиё халқларида ҳам бор… Ўз фикримни аниқлаштирмоқчиман. Баъзи бир кишилар учинчи тоифага киришлари мумкинми? Яъни улар ўз ҳаётида диний урф-одатларга бўлган муносабатини аниқлашмаса-да аммо диний анъаналарни қўллаб қувватлашади.
МУФТИЙ: Ҳа, Ўрта Осиё ва Қозоғистонда ҳам ана шундай кишилар бор. Уларнинг номлари мусулмонча, оила аъзолари ҳам ўзларини мусулмон деб биладилар. Аммо улар мусулмон урф-одатларинн амалга оширишмайди. Диний урф-одатларни миллий одатлар билан аралаштирувчилар ҳам бор. Улар эндиликда ўз йўлларини аниқ белгилаб олишлари керак. Ҳозир ҳаёт ўзгаряпти. Ҳамма нарса ўзлигича бўлмоғи лозим.
МУХБИР: Муқаддас Қуръон самимийликни тарғиб этади. Унда мусулмонлар учун ниҳоятда фахр бўладиган жуда кўп нарсалар бор. «Литературная газета» ўқувчиларига Сиз бошқараётган ташкилотда меҳр-шафқатни тарғиб этишга қандай қадамлар ташланганлиги ҳақида гапириб берсангиз.
МУФТИЙ: Меҳр-шафқат. Бу қараш Исломнинг энг асосий йўналишларидан биридир. Фақат инсонга эмас, атроф муҳитга бўлган мана шундай қараш Исломда ўз аксини топган. Агар билсангиз, мусулмонларнинг иш куни меҳр-мурувватга чақириш билан бошланади. Бу ҳам динимизнинг эътиборга молик жиҳатларидан биридир. Биз доимий равишда одамларни бир-бирига меҳр-шафқатли бўлишга, табиатга, ўсимлик дунёсига, ҳайвонот дунёсига эътибор билан қарашга чақирамиз. Инсон бу Аллоҳ томонидан яратилган бандаи ожиз. Қуръонга кўра у Худонинг ердаги халифасидир. Шунинг учун ҳам у ўз ўрнига эга бўлмоғи лозим. Аллоҳ кишилик жамияти учун қандай ишлар қилишимизни доимо эслатиб туради.
Шунинг учун ҳам биз меҳр-шафқат фондининг аъзолари ҳисобланамиз. Меҳр-шафқатга бўлган менинг ҳаракатларим сайловолди режаларимда ўз аксини топган. Ҳозирги пайтда биз эҳсонга муҳтож бўлган кишиларга ёрдам беряпмиз. Келгусида ҳар бир муҳтож бўлган мусулмонларни масжидга бириктириб қўймоқни, масжид эса у кишини ўз қарамоғига олмоғини мўлжаллаяпмиз. Ҳозирги пайтда баъзи бир болалар уйлари, қариялар уйлари билан алоқа боғлаганмиз.
МУХБИР: Мусулмон анъаналари ўз асосига кўра доимий равишда тинчликни тарғиб этган. Мен Яқин Шарқда 15 йил яшадим. Эътиқод қилувчилар ҳаётини яқиндан кузатдим. Ислом сиёсатга аралашмаган жойда доимо тинчлик ҳукмрон эканлигини кўрдим. Афсуски, сўнгги йилларда баъзи бир воқеалар юз беряптики, бу ташвишли ҳолат албатта. Фарғонада ва бошқа шаҳарларда мусулмон ўзбеклар нега ўз эътиқодларига қарши чиқмоқдалар? Ҳатто одамларни ўлдирган, безорилик қилган бу ёшларнинг ҳаракатини Сизнингча қандай баҳоламоқ керак?
МУФТИЙ: Бу воқеаларга Исломнинг ҳеч қандай даҳли йўқ. Ёш ўзбеклар мусулмон тарбиясини олмаганлар. Агар улар Ислом тўғрисида қандайдир тасаввурга эга бўлганларида ёки Исломнинг меҳр-шафқат тўғрисидаги мусулмонларга қарата айтилган сўзларидан воқиф булганларида эди, бундай афсусланарли воқеалар рўй бермаган бўларди. Ҳозирги кунда бу фожианинг ҳақиқий сабаблари ўрганилмоқда. Ким айбдор? Бу саволга тергов, суд жавоб қайтаради. Юз берган воқеалар илдизи чуқур. Турли хил сабаблар бор. Буни ҳарким ўзича тушунади. Иқтисодчиларнинг сўзларига қараганда, бунинг асосларидан бири иқтисодиётдаги қийинчиликлар, бошқа бир кишилар эса етишмовчиликлар ҳақида гапиришяпти. Лекин ўйлашимча, бу воқеа ипидан-игнасигача чуқур ўрганилганидан сўнг аниқ жавоб берилади. Якуний хулосалар тўғрисида бутун халққа маълум қилишга сўз бераман.
Фарғонада ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида юз берган ташвишли воқеалар сабабларини бартараф этиш зарур албатта. Қанча тез олди олинса, шунча яхши бўлади. Биз У қандай мураккаб иш бўлишидан қатъий назар бундай ишда иштирок этиш тарафдоримиз.
МУХБИР: Мени уч нарса ҳайратда қолдирди. Бунда ёшлар катта қатламининг иштироки, кўп қуролларнинг борлиги, бу қуроллар қўлланилгандан сўнгги ҳолат. Кимлардир наркотик моддаларни истеъмол қилган, кимлардир спиртли ичимликларни ичган. Энг ташвишланарлиси – кураш аҳолининг турли қатламларидан чиққан. Месхетиялик турклар дастлабки жабрдийда бўлишди. Сўнгра руслар, бухоро яҳудийлари ва арманлар тўғрисида гапиришмоқда. Уларга қарата: «Бизнинг жумҳуриятимиздан чиқиб кетинглар», деган бақир-чақирлар бўлди. Мен ўзбекларни энг меҳмондўст одамлар деб ҳисоблашга ўрганганман. Тошкентда икки маротаба бўлдим. Ўшанда ўзимни худди ўз уйимдагидек ҳис этган эдим. Нима бўлди ўзи?
Мен ҳар доим эътиқод қилувчиларга ҳурмат билан муносабатда бўлганман. Москва шарқшунослик институтида менинг устозим профессор Евгений Александрович Беляев Ислом тўғрисидаги дарсдан сабоқ бераётганида динга муносабатда асло динга қарши ташвиқот олиб борувчилардай муносабатда бўлмасликни уқтирган. Устозимнинг ўгитлари баъзи бир диний муаммоларни тушунишда катта ёрдам беряпти. Яқин Шарқда яшаганимда, жумладан Дамашқда, Кувайтда, Ҳиндистонда, бошқа мамлакатларнинг шаҳарларида бўлганимда Жума кунлари масжидга борганман. Таниш мусулмонларнинг оиласида бўлганман. Уларнинг одатларини ҳис этишга ҳаракат қилганман. Бир куни Бағдодда Ал Қозмия масжидига борганимда диний одатларнинг бири – зикр тушиш пайтига тўғри келиб қолганман. Менинг олдимга масжид имоми келди. Унга мен рус эканлигимни айтдим; Қуръонни очиб араб тилида биринчи сураларини ўқидим. Имом ҳайрон бўлиб: «Сен мусулмонмисан?» – деб сўради. Йўқ, мен масжидни кўришни хоҳлайман, дедим. Имом масжидни менга кўрсатди. Ал-Қозмий ниҳоятда ажойиб масжид. Аммо бу ердаги ҳолат бутунлай бошқача эди. Шундай бўлса-да, менга нисбатан ҳеч қандай ҳурматсизлик бўлгани йўқ. Ҳозирги пайтда эса бизда қандайдир бошқача ҳолат. Сизнингча шамол қаердан эсяпти?
МУФТИЙ: Мусулмонлар, жумладан ўзбеклар меҳмондўст бўлишган ва шундайлигича қолишади. Месхети турклари, Қрим татарлари хусусида гапирадиган бўлсак, улар 45 йил аввал бизнинг юртимизга кўчириб ҳайдаб келтирилган. Халқимиз ҳурмат билан кутиб олди. Бир тўғрам нонини бирга баҳам кўрди. Бир неча йил мобайнида ҳеч қандай тўполонлар бўлмаган. Ҳамма осойишта, дўст яшади. Бир-бирини ҳурмат қилишарди. Месхети турклари ўз қизларини ўзбекларга беришди. Бир жойда қўни-қўшни бўлиб яшадилар. Мусулмонлар бундай ҳолатни доимо яхши кутиб олганлар. Ахир биз ҳаммамиз Одам Ато фарзандларимиз-да.
Сайловолди мавсуми жараёнида бу нарса яққол кўриниб турди. Сайловчиларнинг 40 фоизи мусулмонлар эмас. Руслар ва бошқалар мени жуда яхши тушунишди. Ишончли вакилларим орасида рус проваслав черковининг вакили Тошкент ва бутун Ўрта Осиё епископи бор эди. Аммо бирданига Фарғона воқеалари…
МУХБИР: Мен Қуръонда энг кўп тарқалган сўз сабр эканлигини биламан. Бу сўз Қуръонда тўққиз маротабадан кўпроқ такрорланади. Ҳозирги пайтда қийинчиликлар фақат Ўзбекистондагина эмас, бошқа жумҳуриятларда, жумладан Россия Федерациясида ҳам бор. Менинг ўйлашимча, қаноат қилмоқ ҳар қачонгидан ҳам зарур. Чунки юз берган мураккабликларни умумий куч билан бартараф этмоғимиз зарур.
МУФТИЙ: Бир нарсани алоҳида таъкидламоқчиман. Бизнинг жамиятимиз маънавий муносабатлар яхшиланишига ниҳоятда муҳтож. Аҳлоқий тарбия жуда зарур. Одам мураккаб шароитга, қийин аҳволга тушиши мумкин. Агар у маънавий пок, аҳлоқан тарбияланган бўлса, шармандали ишда иштирок этмайди. Шунинг учун ҳам мен сайловолди мавсуми жараёнида бу масалани кўтардим. Ошкоралик, демократия, қайта қуриш бугунги кунда ҳаётимизнинг асоси сифатида эълон қилинди. Ўйлашимча, халқ демократияни тўлиқ қабул этишга ҳали тайёр эмас. Баъзи бир кишилар буни митингбозлик ҳуқуқидан, намойишларда иштирок этишдан, бир-бирига қарши туришдан иборат деб тушунишмоқда. Ҳақиқатда шундайми? Демократия бу демократия, озодлик бу озодлик. Мусулмон файласуфлари «Сенинг озодлигинг чегараси менинг озодлигим бошланганича мавжуддир», деган сўзларни гапиришган. Биз бошқа кишилар билан ҳам ёнма-ён яшаётганимизни унутмаслигимиз керак. Бир-биримизни ҳурмат қилишни ўрганмоғимиз лозим.
МУХБИР: Шуни унутмаслик керакки, бир-бирини тушунмоқ учун ҳар томонлама ҳаракат зарур. Сиз бир нарсага эътибор бермадингиз. Кейинги вақтда ўзбеклар, тожиклар, туркманлар, қозоқлар ўртасида бир-бирини тушунишга бўлган ҳаракат кучайганлиги сезилмоқда. Аммо бу анъаналар ҳамманинг юрагига яқин, деб айтиш қийин. Шу билан бирга бир-бирини англашга қарши турувчилар камчиликни ташкил этади. Мусулмон дини вакиллари ким тарафда?
МУФТИЙ: Бир-бирини тушуниш – ҳаётий зарурат. Бундай заруратни биз авваллари ҳам синовда ўтказганмиз. Бизнинг жамиятимизда бир-бирини тушуниш ҳаётимизнинг барча соҳаларида жуда зарурдир. Мусулмон дини вакиллари уни мустаҳкамлаш тарафдори.
МУХБИР: Ҳозир кўпинча сиёсатни исломлаштириш ёки бўлмаса Исломни сиёсатлаштириш тўғрисидаги гапларни эшитишга ҳам тўғри келяпти. Менинг уйлашимча: униси ҳам, буниси ҳам юз бераётган воқеаларни аниқлашда ёрдам беради. Ислом дунёсидаги сиёсат кўпчиликни ўзига тортмоқда. Ҳукумат бошлиқлари ва қироллар, жумҳурият президентлари. Масалан, Афғонистон атрофидаги воқеаларни олинг. Ҳозир у ерда бизнинг ҳарбийларимиз йўқ. Афсуски, уруш давом этяпти… Ваҳҳобийчиликка муносабатингиз қандай? «Ваҳҳобийлар» Афғонистондаги контрреволюцион ҳукумат тарафдори бўлиб туришибди. Улар ортида Саудия Арабистони, сўнгра америкаликлар бор. Мен қора чаплаш ниятида эмасман. Ўрта Осиё жумҳуриятларида «Ваҳҳобийлар» фаолиятининг фаоллашиши тасодифий бўлмаса керак? Бизнинг Жанубий сарҳадларимизда Ислом ўчоқларини тузиш йўлидаги ҳаракат билан боғлиққа ўхшайди? Мен Сизнинг бу тўғридаги фикрингизни билмоқчиман.
МУФТИЙ: Сизнинг саволингиз Афғонистон билан боғлиқ бўлса-да бунга кенгроқ жавоб бермоқчиман. Чунки, минтақадаги барча воқеалар, Эрон Ислом инқилобини ҳам оладиган бўлсак, уларнинг барчаси Совет Иттифоқидаги мусулмонларга таъсир қилади. Аммо ғарб ғарблигича қолади. Биз буни яхши биламиз. Бу масалаларга ниҳоятда диққат эътибор билан қарамоғимиз лозим. (Ниҳоят) Бу масалалар кишиларни Совет Иттифоқига қарши қўяди. Ниҳоятда маккорлик ва айёрона ишлар. Ғарб журналистлари бизга турли хил хабарларни етказишмокда. Турли хил ғояларни, турли хил таълимотларни тарғиб этишга ҳаракат қилмоқда. Яқин-яқингача улар Совет Иттифоқи мусулмонларни батамом йўқ қилган, Ислом бутунлай таъқиқланган, деб гапириб келди. Эндиликда эса улар: «Ўрта Осиёда мусулмонлар ниҳоятда шаклланган. Лекин Совет Армиясида улар камчиликни ташкил этмоқда. Вақтлар келадики, улар Москвага қарши қуролли қўзғолон кўтарадилар», демоқдалар. Менинг ўйлашимча, улар бир тош билан иккита қуённи уришни мўлжаллашмоқда. Бизнинг ҳукуматимизни қўрқитишни, мусулмонларнинг Москва билан муносабатига раҳна солишга ҳаракат қилишмоқда. Бундай шароитда халқ ниҳоятда ҳушёр бўлмоғи лозим. Бизнинг Жанубий сарҳадларимиздаги воқеаларни диққат билан кузатмоғи керак.
«Ваҳҳобийлар»га келсак, уларнинг таълимоти биз учун маълум. Унинг асосчиси Саудия Арабистонида яшаган. У асосан яҳудийларга қарши таълимот юргизган. Буни барча билади. Аммо вақт ўтяпти. Ҳар ким бу таълимотни турли хил қабул қилмоқда. Кексаларда Ислом тўғрисидаги ўзига хос қараш бор, ёшларда ўзига хос.
МУХБИР: Янги вазифада Сизга муваффақият тилайман. Бу иш, ўйлашимча, ҳозирги пайтда жуда муҳимдир. Айниқса, одамларнинг маънавий турмушини ўзгартиришда.
МУФТИЙ: Ташаккур. Мен яна бир аниқ нарсани айтмоқ-чиман. Ҳозир биз Исломнинг 1400 йиллигини нишонлашга тайёргарликни бошладик. Ҳақиқатни айтиш керакки, ҳозирча бу жараённи муҳокама қилиш билан бандмиз. Халқ депутатлари, жумладан халқ депутатларининг биринчи съезди пайтида Михаил Сергеевич Горбачевга юбилей тантаналарини ўтказиш таклифини билдирдик. Бу таклиф маъқулланди. Мен Сизнинг газетангиз орқали мана шу хушхабарни эълон қилмоқчиман.
Ўрта Осиёда дастлаб мусулмонлар Туркманистоннинг Марв шаҳрида пайдо бўлган. Бошқа жойларга келсак, тарихий ҳужжатларни ўрганиш зарур. Биз албатта ўрганамиз. Бу йўлда тарихчилар ёрдам беришлари керак. Исломнинг 1400 йиллигини байрам қилиш учун кўп нарсани аниқлаш ва ҳар томонлама тайёргарлик кўрмоқ зарур. Менинг ўйлапшмча, бу жуда катта байрам бўлади. Мамлакатимизда бу борада тажриба бор. Яқинда Русда сиғинишнинг минг йиллиги нишонланди. Биз бу байрамда иштирок этдик. Халқ ниҳоятда хурсанд эди. Биз ўз мусулмон байрамимизни ҳам ана шундай кенг кўламда нишонласак, бу адолатдан бўлур эди. Аллоҳ ана шу мубррак қунни муносиб нишонлашга имконият яратади, деб ишонамиз.
Келгуси йили имом Тирмизийнинг 1200 йиллигини нишонлашни режалаштирганмиз, у олти муборак Ҳадис китобидан бирининг муаллифи. Имом Тирмизий Тирмиз шаҳрида туғилди. Ва бу шаҳар яқинида дафн этилган. Унинг китобини бутун дунё ўқимоқда. Ҳар бир мусулмон бу шахсга юксак ҳурмат билан карайди. Биз ҳам бу машҳур кишининг китобидан кенг кўламда фойдаланишни мўлжаллаяпмиз. Юбилей тантаналарини «Имом ат-Тирмизий ва ҳозирги замон» шиори остида ўтказишни мўлжаллаганмиз. Бу билан Ислом олға сурган инсонийлик, табиий муҳит, маданий ва бошқа муаммоларни одамларга тушунтирмоқчимиз…
Сўнгги сўз. Мен «Литературная газета»га катта эътибор билан қарайман. Ҳар бир сонини ўқиб чиқишга ҳаракат қиламан. Сизнинг газетангиз қайта қуриш йўлида катта ишлар қиляпти. Газета ходимларига муваффақиятлар тилайман. Унинг муштарийларига ҳам энг яхши тилаклар билдираман.
МУХБИР: Суҳбат учун ташаккур. Ўйлашимча бу суҳбат мамлакатимизнинг турли жойларида Исломнинг тарқалишига катта қизиқиш уйғотади. Шарқда қабул қилинганидек: «Сизга тинчлик тилайман. Ассалому алайкум!»
«Литературная газета», 1989 йил, 13 сентябрь.