Иоганн Волфганг Гётенинг ажойиб ташбеҳи бор: «Табиат бу ҳар бир саҳифаси буюк мазмунга эга ягона асардир». Шундай бўлгач, унинг бирор саҳифасига путур етса, бутун бир асар азият чекади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон экологик ҳаракати Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Борий Алихонов билан суҳбатимиз экологик мувозанатнинг мана шундай нозик томонлари ҳақида.
— Сўнгги йилларда хориждаги айрим матбуот нашрлари олимларнинг «оламни сув босармиш», «охирзамон яқин эмиш» қабилидаги башоратларига кўп урғу беряпти. Экология нуқтаи назардан бу фикрлар қанчалик асосли?
— Мен олимларнинг «оламни сув босармиш», «охирзамон яқин» қабилидаги башоратлари, деган гапларга унчалик қўшилмайман. Чунки ҳар қандай олим фикрини бирор асос билан олға суради ва унда, албатта, мантиқ бўлади. Cиз тилга олган ибораларга келсак, бу фақат ХХI а срнинг «ваҳимаси» эмас, аввал ҳам одамларни кўпгина ҳодисалар шундай қўрқитган ва бундан кейин ҳам бўлиши табиий.
Тўғри, дунёнинг гоҳ у, гоҳ бу ерида тошқинлар, ўрмон ёнғини, даҳшатли зилзилалар рўй беряпти, бундан кўз юмолмаймиз. Аслида буларни табиатга нисбатан тажовузларга жавоб, деб тушунмоқ керак. Шунинг учун турфа ваҳималарга эмас, аниқ мисолларга таянайлик. Сайёрамизда биота, яъни тирик организмлар пайдо бўлганига икки миллиард йил бўлибди. Инсоният пайдо бўлгандан буён мана шу биотанинг қарийб 70 фоизини йўқ қилиб юборди ёки ҳалокат ёқасига олиб келди. Ер юзида инсон томонидан ҳосил қилинган чиқинди миқдори эса табиий пайдо бўладиган чиқиндилардан қарийб 2 минг баробар кўп.
БМТ маълумотларига кўра, cўнгги 50 йилда cайёрамиз аҳолиси деярли уч баробар ошган, шундан ҳар олтинчи киши экологик номақбул ҳудудда яшайди. Ҳар ўнинчи катта дарё бир неча ой ичида денгизга етиб бормайди. Масалан, Колорадо дарёси энди денгизга қуйилмаяпти. 1 миллиард аҳоли санитария меъёрларига тўғри келмайдиган ичимлик сувидан фойдаланади. Ҳар куни дунёда беш минг киши ифлосланган сувни ичиш туфайли оламдан кўз юммоқда. 2025 йилга бориб сув танқислигидан 2 млрд. аҳоли азият чекиш эҳтимоли бор. Бугун ҳайдаладиган ерларнинг 40 фоиздан ортиғи яроқсиз ҳолга келган. Йилига Ер юзидан 13 миллион гектар майдондаги ўрмонзор йўқолиб кетади. 2050 йилга келиб, ҳайвонот турларининг 25 фоизи йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолиши мумкин: ҳар тўрттадан битта сут эмизувчи, ҳар саккизтадан битта қуш, ҳар учтадан битта қуруқлик ва сувда яшовчи ҳайвон турлари. Биологик турлар табиий суръатлардан юз маротаба тезроқ тугаб битиш хавфи бор. Шу чоққача бир нечта цивилизация табиий ресурслардан оқилона фойдаланмаcлик оқибатида йўқолиб кетган.
— Биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича кўплаб қонунлар, халқаро конвенциялар мавжуд. Бироқ, назаримда, уларнинг натижаcи кутилган даражада эмаcга ўхшайди.
— Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъекти сифатида мустақилликка эришгач, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳаларидаги барча нуфузли конвенцияларга, шартномаларга, келишувларга имзо чекди ва аъзо бўлди. Бир нарсани қатъий айтиш жоизки, мамлакатимиз ўзига олган халқаро мажбуриятларни тўла-тўкис бажариб келмоқда. Шу йўналишда мутасадди халқаро ва махсус ташкилотлар билан ҳамкорликда фаолият кўрсатмоқда.
Экоҳаракат Дастурида таъкидланганидек, «атроф-муҳит муҳофазаси давлат, жамият ва ҳар бир фуқаронинг вазифаси бўлишига эришиш» энг муҳим вазифадир. Шунингдек, бу масалалардаги қонунчилик ва давлат миқёсидаги қарорларни сўзсиз бажариш, ушбу мақсадларга йўналтирилган маблағлардан самарали фойдаланиш устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, экологик таълим-тарбия тизимини ривожлантириш, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш борасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш зарур.
Ушбу ҳаётий мақсад ва вазифаларга эришиш учун Экоҳаракат ва Қонунчилик палатасидаги Экоҳаракат депутатлари гуруҳи қамрови ва кўлами жиҳатидан анча кенг ишларни бажармоқда. Жумладан, атроф-муҳит муҳофазаси йўналишида жойларда жамоатчилик эшитувлари ташкил этилаётир. Экоҳаракат депутатлари гуруҳи эса парламент эшитувларини уюштирмоқда. Вазирлик ва идораларнинг атроф-муҳит муҳофазаси йўналишидаги қонун ва қонуности ҳужжатлари ижросини таъминлаш бўйича амалга оширган ишлари ҳақидаги ҳисоботлар тингланиб, уларнинг ушбу йўналишдаги ишлари самарадорлигини оширишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилаётир. Экоҳаракат депутатлари гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг «Экологик назорат тўғрисида»ги Қонуни қабул қилингандан сўнг эса атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик барқарорликни таъминлаш учун кураш ҳақиқий оммавий ҳаракатга айланади ва бу курашдан ОАВ ходимлари ҳам четда қолмайди. Натижада, бу борадаги амалий ишлар янада ёрқинроқ кўзга ташланади, деган умиддамиз.
— Янги асрга келиб, Марказий Осиёда сув муаммоси юзага келади, деган гап-сўзлар бугун ўз исботини топяпти. «Қулоқ бошида турган» давлатлар сувни ўзлариники қилиб олишга уринишмоқда. Масала шу тарзда қоладиган бўлса, эртага қандай ҳол рўй бериши мумкин?
— Юқорида таъкидлаганимиздек, чучук сув муаммоси бугун сайёрамизда глобал муаммога айланмоқда. Афсуски, ушбу муаммо Марказий Осиёни ҳам четлаб ўтмаяпти. Бунга, биринчи навбатда, cобиқ иттифоқ пайтида экологик омиллар ҳисобга олинмаcдан пахта яккаҳокимлигини ўрнатиш, янги ерлар ўзлаштириш, минтақамизнинг асосий қон томирлари бўлган Амударё ва Сирдарёнинг юқори қисмида баҳайбат гидроиншоотлар қурилгани сабаб бўлмоқда. Улар аввал минтақанинг сувга бўлган эҳтиёжини барқарорлаштириш ва мувофиқлаштириш учун бунёд этилган бўлса, эндиликда Амударё ва Сирдарёнинг юқори оқимидаги мустақил давлатлар улардан биринчи навбатда ўзларининг энергияга бўлган эҳтиёжини қоплаш учун фойдаланишни кўзда тутишяпти. Янги йирик тўғонларни ана шундай мақсадларда қуришга уринишлар сув масаласидаги муаммоларни янада кучайтиряпти. Ҳолбуки, «Трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тўғрисида»ги (Хельсинки, 1992 йил), «Кема қатнамайдиган халқаро сув оқимларидан фойдаланиш тўғрисида»ги Конвенцияларга (Нью-Йорк, 1997 йил) асосан трансчегаравий дарёлар оқимида жойлашган бошқа давлатлар розилигисиз ушбу сув оқимлари режимини ўзбошимчалик билан бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шундай экан, минтақамизда трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш масаласидаги муаммолар фақат халқаро ҳуқуқ меъёрларига асосан ҳал этилиши керак. Бу масалада жиззакилик, қулоқнинг боши меникими, унга мен эгаман, қабилида иш кўриш кетмайди. Сув — Оллоҳ яратган буюк неъмат. Бу неъматдан қулоқнинг бошидаги ҳам, оқимнинг охиридаги ҳам бирдек наф кўриши керак. Оқимни ўзгартиришга уриниш, оқимга қарши бориш эса ҳеч қачон яхшилик келтирмаган, келтирмайди ҳам.
— Анча йиллар аввал бир филм кўргандим. Унда бир катта корхона атрофида яшовчи аҳоли ичимлик сувнинг заҳарлаши оқибатида турли касалликларга чалинади. Бунга корхонанинг «қинғирликлари» сабаб бўлади. Вазиятни бошқа бир ташкилотда ишловчи қиз аниқлайди ва тегишли жойларга хабар беради. Корхона етказилган зарарни моддий жиҳатдан қоплайди… Тожикистон алюминий заводи Сурхон воҳаси шимолида яшовчи аҳолига етказаётган зарарни моддий жиҳатдан тўлаши мумкин-у, бироқ маънавий зарарни, ҳайвонот ва наботот оламига, инсон ирсиятига етказаётган зиённи қандай қоплайди?
— Бу ўринда, аввало, «Тожикистон алюминий компанияси» давлат унитар корхонаси (ДУК) фаолиятининг Сурхондарё вилояти шимолий туманлари табиатига, аҳоли саломатлигига, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига етказаётган зарарга тўхталиб ўтиш зарур. Чунки ҳар қандай маънавий зарар кимлардир кўраётган моддий манфаат эвазига юзага келяпти. Ушбу корхона атмосферага ҳар йили ўртача 22-23 минг тонна заҳарли модда чиқармоқда.
Узоқ йиллар мобайнида воҳа тупроғи таркибида юқори концентрацияли сувда эрийдиган фторнинг тўплангани ўсимликлар ривожланишига ҳам салбий таъсир ўтказмоқда, бунинг натижасида сабзавот экинлари ҳосилдорлиги ҳамда сифати пасайиб бораётгани кузатилмоқда. Озуқа ва биоматериаллар таркибида фторнинг юқори даражада бўлиши чорва моллари организмида жиддий ўзгаришларга олиб келмоқда ва бу уларнинг чала ва ўлик насл бериши, муҳитга чидамлилигининг пасайишига сабаб бўлмоқда. Бу туманларда қорамолларнинг ўртача вазни бошқа туманларга қараганда 15-20 килограммга кам. Бундан ташқари, тадқиқотлар давомида сутда фтор қуюқлиги рухсат этилган концентрация миқдоридан 9-13, гўштда 10,9 фоизга ошгани аниқланди.
Алюминий олишда фторли водороддан ташқари, катта миқдорда углерод ва олтингугурт оксидларининг заҳарли газлари ҳам ажралиб чиқади. Улар одамларда йирингли бронхит, ўпканинг сурункали шамоллаши, бош айланиши, мигрен ва қон босими ошишига сабаб бўлади. Айниқса, заҳарли чиқиндилар хотин-қизлар репродуктив саломатлигига нохуш таъсир кўрсатмоқда. Бу туманларда болалар ва катта ёшдаги аҳолининг патологик ўзгаришлар бўйича касалланиши вилоят бўйича ўртача кўрсаткичдан уч баробар юқори.
«Талко» ДУК фаолиятининг хавфли оқибатларидан ташвишга тушган Сурхондарё вилояти аҳолиси 2010 йил мазкур корхона раҳбарлари ҳамда халқаро ташкилотлар эътиборини тортиш мақсадида қатор норозилик акцияларини ўтказган эди. Улар БМТ Бош Ассамблеяси, ЮНЕП ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига қарата «Тожикистон алюминий компанияси» давлат унитар корхонасининг зарарли ишлаб чиқаришини зудлик билан тўхтатиш, ушбу корхонанинг унга туташ ҳудудлар аҳолисига, флора ва фаунасига етказган зарарини аниқлаш учун нуфузли халқаро мустақил экспертларни жалб қилган ҳолда экологик экспертиза ўтказиш, корхона тўлиқ модернизация қилиниши ва замонавий тозалаш қурилмалари билан жиҳозланиши, корхонанинг бир неча ўн йиллик фаолияти давомида минтақа аҳолиси саломатлигига ва атроф-муҳитга етказилган зарарни тўлиқ қоплаш мажбуриятини юклашдан иборат позицияси баён этилган Мурожаатни қабул қилишганди. 757 мингдан ортиқ сурхондарёлик имзолаган ушбу Мурожаатда: «Биз ишонамизки, киндик қони тўкилган ўз она ерида хавфли саноат ишлаб чиқаришининг зарарли чиқиндилари туфайли соғлом атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум бўлаётган одамлар тақдири халқаро ҳамжамиятни бефарқ қолдирмайди», деб таъкидлангани ҳам бежиз эмас.
Ўзбекистон экологик ҳаракати ушбу Мурожаатни БМТ Бош Ассамблеясига, БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотларига йўллади ва уларни корхонанинг саноат чиқиндиларидан зарар кўраётган минтақа аҳолиси ҳамда атроф-муҳитни ҳимоя қилишга чақирди. Жамоатчиликни ташвишга солаётган бу масалалар «Талко» ДУК раҳбариятига ҳам бир неча марта етказилди… Ўзбекистон ҳудудларининг корхона томонидан трансчегаравий зарарланиш оқибатлари таҳлили натижасида қуйидаги хулосага келиш мумкин: «Талко» ДУК Ўзбекистон Республикасига 447,3 миллион доллар миқдорида етказилган зарарни қоплаши зарур. Энди сиз айтган маънавий зарарга келсак, сурхондарёликларга ушбу корхона фаолияти оқибатида етказилган ва етказилаётган моддий зиённи тўлаш масаласи халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида ҳал этиладиган бўлса, маънавий зарар маcалаcи ҳам кун тартибига қўйилади.
— Экологик вазияти оғирроқ жойлар, айтайлик, Орол бўйи ва алюминий заводи таъcиридаги ҳудудларга ижодкорларнинг сафарларини уюштириш юзасидан Экоҳаракат кўзда тутаётган тадбирларга ҳам тўхталиб ўтcангиз.
— Ҳар бир ижодкор, — у ёзувчими, шоирми, журналистми ёки мусаввирми, — ўзини элу юрт қувонч ва ташвишларига даҳлдордир деб билади. Бинобарин, замонамизнинг экологик муаммоларига, экологик бош оғриқларига айланган Орол муаммоси ва Орол дардига, «Талко» ДУКнинг Сурхондарё вилояти табиатига ва аҳолисига етказаётган зарарга бугун ижодкорларимиз, таъбир жоиз бўлса, кўпроқ эътибор қаратишлари лозим. Бу фожиалар ҳақида дунё эътиборини тортадиган асарлар ёзиш, кинофилмлар яратиш, журналистик тадқиқотлар ўтказиш зарур. Бунинг учун ижодкорнинг ўзида ижодий ташаббус, ижодий маҳорат, ижодий салоҳият ва ижодкорга хос журъат ва жасорат ҳам керак.
Экоҳаракат эса ушбу йўналишда ҳам иш олиб боряпти. Жумладан, «Ўрта Осиёнинг трансчегаравий экологик муаммолари: уларни ҳал этишда халқаро ҳуқуқ механизмларини қўллаш» мавзусида Тошкентда ўтказилган халқаро анжуман доирасида биз айнан Оролбўйига ва Сурхондарё вилоятига маҳаллий ва хорижий журналистларнинг сафарини уюштирдик. Июл-август ойларида Сурхондарёга яна шундай сафар ташкил этиш кўзда тутиляпти. Қолаверса, яқинда бир гуруҳ ижодкорлар томонидан Сурхондарё вилоятидаги экологик муаммоларга бағишланган «Экологик офат ўчоғи» номли ҳужжатли филмни тасвирга олиш ишлари ниҳоясига етказилди. Шу йилнинг кузида эса Италия киноижодкорлари шу йўналишдаги ҳужжатли филмни суратга олиш учун биз билан аниқ келишувни имзоладилар.
— Таниқли муcаввир Рафаэль Матевосян бутун умр Орол манзаралари таcвирини яратиш билан шуғулланиб келди. Унинг учун Орол мавзуси, Орол дарди бошқа мавзулардан кўра таъcирлироқ бўлган…
— Орол дарди бугун бутун бир даврнинг дарди бўлиб қолди. Афсуски, энди бу хасталикдан фориғ бўлиш жуда мушкул, фақатгина ушбу жароҳат оқибатларини юмшатиш мумкин, холос. Ҳар қандай ижодкор бугун ҳам Оролбўйига борса, қуриган Орол тубида ҳосил бўлган 5,5 миллион гектардан зиёд «Оролқум» чўлини ўз кўзи билан кўрса, у ерда яшаётган жафокаш халқимиз дардига шерик бўлса, одамларни огоҳликка чорловчи янги-янги асарлар яратиши турган гап. Бугун юртимиз халқаро ташкилотлар ва донорлар билан ҳамкорликда Орол ва Оролбўйи муаммосини енгиллатиш учун кенг қамровли ишларни амалга оширмоқда. Бундай ишларни тўлақонли таcвирлаш учун эса, такрор айтаман, ижодкорларимиз белни маҳкам боғлаши керак. Бу дардни бошидан ўтказаётган замондошлар тақдири, бу дард юкини енгиллаштираётган фидойи инсонлар ҳақида бадиий мукаммал асарлар яратиш зарур, деб ўйлайман.
— Тараққиёт экологик мувозанатга зарар етказиш билан бирга уни ўнглаш йўлларини ҳам кашф этмоқда. Тежамкор чироқлар, бензин ўрнига пропан, метан, бутан сингари ёнилғи воситаларидан фойдаланиш, томчилатиб суғориш усуллари, муқобил энергия турларини жорий этиш ва ҳоказо.
— Табиат ўз қонунлари асосида тараққий этгани каби, инсоният ҳам ўз манфаатларини, ўз эҳтиёжларини қондириш учун тараққиёт йўлидан боришга, изланишга мажбур. Чунки табиат яратаётган неъматлар асл ҳолича олиб қараганда бугун инсониятнинг тобора ошиб бораётган эҳтиёжини қондиришга камлик қилаётир. Шундай экан, иқтисодий тежамкор электр чироқлари, экологик тоза ёнилғи ва энергиядан фойдаланишга ўтишда ҳикмат кўп, деб ўйлайман. Чунки бундан 20-25 йил олдин компютер, уяли телефонинг пайдо бўлишини одамлар мўъжизадек қабул қилишган бўлса, бугун улар оддий хизмат воситасига айланиб қолди. Бу йил дунё бўйича муқобил энергия соҳасини ривожлантириш учун 180-200 млрд. доллар маблағ ажратилганининг ўзи эртага ушбу ёнилғи ва энергия турлари кундалик турмушимизда оддий нарcага айланишидан далолатдир. Мамлакатимизда муқобил ва қайта тикланувчи энергия бўйича қонунчиликка тамал тоши қўйилди, ҳисоб. Юртимизда «Муқобил ёнилғи ва энергия корхоналари» ассоциацияси ташкил этилди. Бундан бир неча кун олдин ушбу ассоциация Экоҳаракат ва Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда газда ҳаракатланувчи автомобилларга бағишланган, минтақамизда илк бор ташкил этилган йирик халқаро кўргазма-конференция ташкилотчиси бўлди. Мамлакатимизда қуёш ва шамол энергияси қурилмаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар йил сайин кўпаймоқда. Қуёш энергияси қурилмалари учун асосий хомашё манбаи ҳисобланган кремний ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳадемай ишга тушади. Демак, атроф-муҳитга зарар келтирувчи анъанавий энергия ва ёнилғидан уларнинг муқобил турларига ўтиш давр тақозаси. Мана кўрасиз, яна 3-4 йил, балки ундан сал кўпроқ вақт ўтар, мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида табиатга озор етказмайдиган шамол ва қуёш энергияси тизимлари пайдо бўлади.
— Германияда ўқиб қайтган бир танишим гурунг берди: «Ўтлоққа дам олгани чиққанимизда ўзимиз билан ҳар хил нарсалар — гамбургер, хот-дог, ичимликлар олиб борамиз. Кеч тушиб ҳамма тарқалгач, ўша жойдан битта шиша қопқоғини ҳам тополмайсиз!» Ҳавас қилса арзийдиган жиҳат-а! Биз эса аксар ҳолларда электр чироқни, газ оловини ўчиришни «эсимиздан чиқарамиз». Табиат қўйнига дам олгани борсак-ку, қопқоқ тугул, идишларнинг ўзини ҳам қолдириб келамиз…
— Энг аввало, ҳар биримиз ўзимизга «табиат менга нима берди» эмас, балки «табиатни муҳофаза қилиш учун мен нималар қилдим», деган саволни беришимиз лозим. Аслида «олиш» билан «бериш» ўртасида жуда катта фарқ бор. Табиатдан олиб, унга бир нарса бериш ҳам худди шундай. Ахир, айтишади-ку, «Қўл билан берсанг, оёқ билан оласан», деб. Табиат ўз инъом-эҳсонини инсонларга икки қўл билан бериб турса-ю, лекин биз унинг бу саховатига жавобан бойликларини, келажак авлодга мерос бўлиши керак бўлган турфа неъматларини оёқ ости қилсак, шу тўғрими? Шундай экан, ота-боболаримиздан мерос азалий қадриятларимизни, табиатга, унинг неъматларига, тўрт муқаддас унсур — сув, тупроқ, олов, ҳавога бўлган эҳтиромимизни қайта тиклашимиз керак.
Бинобарин, экология фанига оид тадқиқотлар кўп йўналишлар бўйича олиб борилаётган бўлса-да, бироқ халқимизнинг экологик маданияти, миллий экологик анъаналар ҳанузгача чуқур ўрганилмай келинмоқда. Шу боис, миллий маънавиятимизнинг салоҳиятини акс эттирувчи, табиатни ва унинг саховатини қадрлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича халқимиздаги миллий маданият, билимлар, анъаналар, тажрибаларни бир тизимга келтириб, таҳлил қилиб, юртимиз олдида турган долзарб экологик муаммоларни ҳал этиш йўлида фойдаланиш беқиёc аҳамият каcб этади.
Сиз айтаётган бекорга ёниб турган чироқ, беҳудага ёнаётган газ ҳам худди ана шу эзгу қадриятларимизни оёқ ости қилаётганимиз туфайли. Қачонки, бизнинг ўзимизда экологик cавия юқори бўлмаса, экологик таълимнинг фойдаcи кам бўлади. Демак, энг аввало, ўзимиз бошқаларга ибрат, намуна бўлишимиз керак. Акс ҳолда, рекламалар, тарғибот-ташвиқотдан кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Суҳбатимизни буюк бобоколонимиз Абу Райҳон Берунийнинг бир cабоғи билан якунлаcак: «Агар инсонлар табиатга нисбатан зўравонлик қилиб, унинг қонунларини қўполлик билан бузсалар, бир кун келиб табиат уларнинг бошига шундай кулфатларни солиши мумкинки, буни ҳеч қандай куч қайтара олмас».
Орол тўлқинларининг шовуллаб ўзини қирғоққа уриши, ҳар бири ҳандалакдек Дашнабод анорлари ҳақидаги гаплар бугун биз учун афсона бўлиб туюлади. Қорақалпоғиcтонлик ва cариоcиёлик кексалардан бундай ҳикоятларни эшитганда ҳайратимизни яширолмаймиз. Нима бўлгандаям, бундай «афсона»лар ҳақиқатга айланишини истаймиз.
Шаҳримиз кўчаларида шохларидан сигарет қолдиғи ўсиб чиққан дарахт тасвири туширилган баннерларга кўзим тушади. Ушбу рекламага қуйидагича изоҳ берилган: «Табиат ҳам бизга шундай жавоб қайтарса-чи?» Табиат шундай жавоб қайтаришигача кутиб турмайлик! Табиий бойликларни чегаралар билан тақсимлаш мумкиндир. Бироқ экологияни тиконли сим билан ажратиб, бир минтақанинг табиатини иккинчи бир минтақаникидан айрича ҳолда асраб бўлмайди. Орол денгизи тузларининг жаҳон музликларидан топилгани шундан далолат эмаcми? Замин ягона. Шунинг учун очунни биргалашиб асраш керак, биродар!
Фозил Улуғбердиев суҳбатлашди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 27-сон