Шодмон Отабек: Маҳкам ака, адабиётнинг маъно-моҳияти ҳақида донолар, буюк сиймолар, сўз санъаткорлари кўп ва хўп айтган. Л.Толстой “Санъат бутун инсониятнинг ягона ҳис-туйғуга бирлашиши учун воситадир” деганда аввало адабиётни назарда тутган, албатта. Арастунинг сиз таржима қилган ўша “Поэтика”сида ҳам катарсис — бадиий адабиёт инсон руҳини тозалаши, поклаши назарда тутилган. Назаримда, адабиёт ҳақидаги баҳс-мунозараларда, бадиий асарларга баҳо беришда, қандай мезонларни асос қилиб олиш борасида якдил фикр йўқ. Битта асарни тўрт киши ўқиса, тўрт хил фикр айтади. Адабиётга ҳар кимнинг ўз қараши бор. Ким учундир адабиёт кўнгил изҳори, ким учундир қисмат… Айни чоғда адабиётнинг азалий, ўзгармас тамойиллари, мезонлари ҳам бор-ку! Назаримда, биз гоҳо уларни унутиб қўяётганга ўхшаймиз.
Маҳкам Маҳмудов: Санъатда бадиийлик мезонлари ҳикоя, қисса, роман, баллада, поэма, лирик шеърият, рассомлик, меъморчилик, мусиқа, ҳайкалтарошлик асарлари учун турлича эканлиги табиий ҳол. Аммо, бу санъатларнинг барчаси учун умумий, зарурий, юрак ва қон томирига ўхшаш муҳим қонуниятлар борки, булар аввало адабиёт назарияси, кенг маънода эстетика фанида махсус ўрганилади. Шу мезонларнинг асосийлари: шеър учун ҳис-туйғулар гўзаллиги, нафислиги, нозик кечинмалар, ҳикоя учун – яхлит бир воқеада инсон характери ва муҳим бир ғояни тасвирлаш, қиссада шу нарсаларнинг кенгроқ ифодаланиши, романда давр ва жамият ҳаётида юз бераётган глобал жараёнларни бир ёки бир неча одамларнинг тақдири, характерлари орқали очиш, трагедияда замон оқимига қарши якка ўзи қарши тура олган шахснинг ва атрофдагиларининг кучли характерларини кўрсатиш, комедияда жамиятдаги иллатларни кулги, ҳажв воситасида фош қилиш, рассомлик ва ҳайкалтарошликда – муҳим ижтимоий ва эстетик аҳамиятли манзара, ҳолатларни биргина нозик лаҳзада акс эттириш муҳим ҳисобланади. Бу санъатлардан энг таъсирчани, энг кўп (ҳатто чексиз) имкониятларга эга бўлгани шеърият, мусиқа ва бадиий прозадир. Сервантес “Дон – Кихот” романида баҳодирлик, рицарлик даврлари ўтиб кетганлигини, энди мискин, бечораларни золимлардан ҳимоя қилувчи баҳодир рицар кулгили ҳолатга тушиб қолганини тасвирлар экан, унинг асосий поэтик ғояси – Дон Кихот каби софдил ва содда одамлар устидан кулиш эмас, аксинча, янги даврда кўпчилик айёр, мунофиқ, таъмагир, очкўз, юлғич бўлиб, аслзода хонимлар идеаллигини йўқотиб, оддий масхарабозларга айланиб қолганидан қайғуриш эди, деб ўйлайман. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”, Абдулла Қаҳҳорнинг “Сароб” романларига юксак баҳо берган Ойбек, Вадуд Маҳмуд, Иззат Султон, Аҳмад Алиев, Умарали Норматов, Абдуғафур Расулов, Дилмурод Қуронов, Баҳодир Каримов, Улуғбек Ҳамдам ва бошқалар ўз талқинларида бадиийликнинг ўлмас мезонларидан келиб чиққанлар. Шўролар сиёсатига қул бўлган Сотти Ҳусайн эса бу романларни пролетар диктатурасининг поэтикага зид мезонлари билан танқид қилган эди. Бадиий асарни баҳолашда бундай қараш асоратлари ҳозир ҳам учраб туради. Бу ҳақда Дилмурод Қуронов “Адабий жараёнда Мом синдроми” асарида яхши ёзган. Баъзи танқидчилар эса таҳлил ўрнига ижодкорга ақл ўргатадилар.
Ш.О: Табиийки, мустақиллик йилларида ёзувчилар истиқлол берган эркинликдан яхши фойдаланмоқдалар. Аммо бозор иқтисодиёти тамо-йиллари маънавий ҳаётни ҳам шиддат билан ўз домига торта бошлади. Шундай шароитда айрим ижодкорлар ҳатто умидсизликка ҳам тушиб қолишди. “Адабиёт ўладими?” деган мавзуда жиддий баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. Хўроз ҳамма ерда бир хил қичқиради дегандек, бу даврда жаҳон адабиёти ҳам ўзига хос бир синов даврини бошидан кечирмоқда эди. Америкада яшаб ижод қилаётган машҳур рус адиби Василий Аксёнов шундай деган эди: “Америкада мавжуд бозор иқтисодиёти нафис адабиётнинг илдизига болта ураяпти. Унинг ўрнини “кўча адабиёти ” – фаҳш, найрангбозлик, олди-қочди “адабиёти” эгаллаб оляпти…” Дарвоқе, ўзимизда ҳам Аксёнов тилга олган “адабиёт намуналари” урчиб кетгани сир эмас. (“Адабиёт бозорга мослашадими?” деган мақоламда бу ҳақда баҳоли қудрат ёзган эдим.)
Юқорида эслатилган мунозара гарчи “Инсон бор экан, адабиёт ўлмайди, адабиётнинг бош муаммоси – одам” деган умидбахш хулоса билан якунланган бўлса-да, ҳозирги глобализм даврида адабиётнинг тақдири борасидаги хавотирлар ҳали барҳам топмаган. Атоқли қирғиз адиби Чингиз Айтматов “Дружба народов” журналида 2009 йили чоп этилган суҳбатида бу ҳақда таассуф билан шундай деган эди: “… Адабиёт ҳозир қийин бир даврни бошидан кечирмоқда. Ногоҳ у кераксиз нарсадек бўлиб қолди: энди ташвиш – қизиқишлар бўлакча, эҳтирослар бўлакча, собиқ китобхонларимизнинг хаёли бошқа нарсалар билан андармон, янги китобхонлар эса чинакам мутолаанинг онгу шуурларга берадиган беқиёс нашъу намосидан ҳойнаҳой бехабардирлар. Шу боис бундан кейин нима қилмоқ кераклигини ҳаммамиз биргаликда ўйлашимиз керак”.
Яна ўша кўҳна, анъанавий савол – нима қилмоқ керак?..
М.М: Василий Аксёнов ва Чингиз Айтматовнинг ташвишлари ўринли, албатта. Хусусан, ўтган асрларда Шекспир, Сервантес, Ҳайне, Байрон, Бальзак, Дюма, Ч. Диккенс, У. Фолькнер, Жек Лондон, Марк Твен, Стендал, Флобер, Мопассан, Тургенев, Некрасов, Достоевский, Лев Толстой, А. Чехов каби даҳо адиб ва шоирларни етиштирган Европада ҳозир ўшаларга тенг келувчи санъаткорни топиш жуда қийин. Менимча, Ғарбда бу орқага кетишнинг асосий сабаблари – бутун ер юзида, глобал равишда моддий бойлик, фойда кетидан қувиб, руҳий олам, маънавиятнинг пасайиб кетиши, гуманизм ва халқчиллик етишмаслиги, истеъдод соҳибларини, ижодкорларни қадрламасликдир. (Бальзак, Дюма, Ж.Санд асарлари учун олган қалам ҳақлари боғлар, қасрлар қуриш учун етар эди, Байрон эса поэмалари учун олган қалам ҳақига жаҳон бўйлаб саёҳат қилар, Италия ва Греция миллий озодлик курашчиларига катта ёрдам берар эди.) Ҳозирги Ғарб адибларидан АҚШда Рей Брэдбери, Францияда Ле-Клезио ўтган мумтоз ижодкорлар мартабасига ета олган. Ле-Клезио бутун дунёдаги етим болаларининг гўзал руҳий оламини Андерсен ва Диккенс каби юксак бадиият билан ҳимоя қилгани учун халқаро Нобель мукофотига муносиб топилди.
Аммо умидни йўқотмайлик, бадиий адабиёт пасайиши, юксалиши мумкин, лекин ҳеч қачон ўлмайди. Далилимиз шундаки, инсон баданига, жисмига озуқа қандай муҳим бўлса, руҳ учун озуқа янада муҳимроқдир. Инсон руҳи озиқланмаса, экзистенциячи адиблар А.Камю, Жан Пол Сартр айтганидай, инсонлар фақат тириклик, жон сақлаш, мавжудлик учунгина яшаса, ҳайвонларга ўхшаб қоладилар.
Анча йиллар аввал ҳам юқоридагидек савол туғилганида кибернетика соҳасида атоқли олим, академик Восил Қобулов “Гулистон” мухбири билан суҳбатда бундай деган эди: “Нафосат, санъат, бадиий адабиёт одамзод онгининг камол топишида асосий манбадир. Қандай касб эгаси бўлишидан қатъи назар, оламни тўла-тўкис билишни истаган ҳар бир одам бадиий адабиётни жон-дилидан севиши керак. Илм-фан аҳли ҳам нафосатга, бадиий адабиётга қанчалик ихлос қўйса, унинг маънавий олами, иқтидори шунчалик юксалади”.
Ш.О: Одамларнинг адабиётдан йироқлашгани сабаби замона зайли билан юзага келган ижтимоий, иқтисодий ва бошқа мураккаб муаммолар билан ҳам боғлиқ, албатта. Гоҳо китоб чиқариш қийинлиги ҳақида нолишлар қулоққа чалиниб қолади. Аммо китоб дўконлари, катта кўчалар четидаги йўлкаларга ёйиб қўйилган турфа хил китобларни кўриб кўзлар қамашади. Айрим сермаҳсул муаллифларнинг бирданига беш-олти номдаги китоби сотувга қўйилган. Улар қандай чоп этилмоқда деган саволнинг жавоби эса оддий – бозор иқтисодиёти “маҳаллий классиклар”га катта имконият яратиб берди. Масаланинг маънавий, тарбиявий томони кўпроқ ташвишлантиради. Олдиндан харидоргир бўлиши мўлжаллаб ёзилган бундай саёз, юзаки китобларни ўқиётган китобхоннинг савияси нима бўлади? Диди бузилган китобхон адабиёт дегани шунақа бўлар экан-да, деган тушунчага бориб қолмайдими? Китобхонни қўя турайлик, илгари жиддий асарлар ёзиб юрган, эндиликда бозорга мослашаётган айрим ёзувчилар адабиёт дегани қизиқ воқеани қизиқарли ҳикоя қилиб беришдан иборат деган жўнгина, янглиш хулосага келиб қолишгани ҳам сир эмас. Ахир қачонгача биз андишали халқмиз дея камчиликларимизни хаспўшлаймиз? Бундан кимга фойда-ю кимга зиён? Сиз бир замонлар дадил, пародоксал фикрларингиз билан машҳур эдингиз. Мустақилликдан илгари, марксизм-ленинизмга тил теккизиб бўлмайдиган замонда эстетика соҳасида Маркс-ни танқид қилиб чиқувдингиз. Ўша воқеа атрофида қанчалар шов-шув бўлган эди. Нега энди айни ҳақиқатни бор овоз билан айтиш мумкин бўлган дориломон кунларда сукут сақламоқдамиз? Мен бу билан бизда танқид бутунлай сўниб қолган демоқчи эмасман. Назаримда, танқидчиликнинг ҳозирги аҳволидан барибир қониқиш ҳосил қилиш қийин.
М.М: Бадиий, эстетик диднинг пасайиши ҳақидаги фикрингиз тўғри. Дидсизлик китобхоннинг маънавий қашшоқлигидан келиб чиқади. Менимча, дидсизлик пайдо бўлишининг бир қанча сабаблари бор.
1. Оилада ота-оналар фарзандларини боқиш, кийинтириш, бошқа маиший муаммолар билан машғул бўлиб, болаларини бой миллий маънавий меросимиз – ажойиб эртаклар олами билан, “Алпомиш”, “Кунтуғмиш”, “Гўрўғли” достонлари билан таништирмайдилар. Чунки кўпчилик ота-оналар буларни ўзлари ҳам билмайдилар. Бунинг ўрнига улар ноҳақ йўл билан бўлса ҳам тезроқ бойлик топишни ўргатадилар.
2. Болаларнинг чексиз гўзаллик, нафосат, жўшқинлик манбаи бўлган табиатдан узоқлашуви. Болалар, ўсмирларнинг қишлоқдаги меҳнатдан қочиб, шаҳарга оқиб келиши. Буларнинг олдини олиш учун давлатимиз вилоятлардаги олий ўқув юртларини кучайтиришга кўп маблағлар сарфлади. Жойларда турли соҳаларда коллежлар, лицейлар қурилди. Аммо устозларнинг ўзини тарбиялаш қийин муаммо. Ёш авлодни умуминсоний орзу-идеаллар билан яшашга ўргатиш керак. Бу эса бадиий адабиётнинг вазифаси.
3. Эстетик дидсизликнинг яна бир сабаби – адабий танқидчиларнинг жаҳон мумтоз адабиёти дурдоналарини ва уларнинг ўзига хос талқинларини билмаслиги. Арасту “Поэтика”сини, Жомий, Навоий, Бобур, Лессинг, Гёте, Хердер, Байрон, Хайне, Бальзак, Стендаль, Гоголь, Пушкин, Белинский, олмон романтиклари ака-ука Август ва Фридрих Шлегеллар, Новалис, Людвиг Тик, Э.А. Хофман, Жан-Пол Рихтер, инглиз, француз романтиклари ва реалистларининг бадиий ижод ҳақидаги назарий фикрлари ва кузатишларини яхши билмаслиги сабабли айрим адабий танқидчиларимиз дидсиз, саёз гапларини катта янгиликдай тақдим қиладилар.
Аслида қизиқ воқеани қизиқ ҳикоя қилиб бериш ҳам санъаткорликдир. Фақат гап шундаки, ижодкор ўша воқеа замирида қандай муҳим ҳаётий муаммолар ётганини очиб кўрсатиши зарур. Биз жаҳон мумтоз адибларидан, айни замонда ўзимизнинг машҳур ижодкорларимиздан маҳорат сирларини ўрганишимиз керак. Италян адиби Дино Буцаттининг “Етти қават” ҳикоясидан ижодий фойдаланган Хуршид Дўстмуҳаммад “Жимжитхонага йўл” деган ажойиб ҳикоя ёзди. Бундай тажрибалар ҳам маҳоратни ўстиради. Дино Буцаттининг “Учаётган қиз” ҳикояси инсон қалбини ларзага солади. У “Коломбо” ва “Авлиёнинг қайтиши” ҳикояларида романтик, фантастик ва реалистик тасвирларни уйғунлаштириб, фавқулодда воқеанинг теран фалсафасини очади. “Жаҳон адабиёти”да босилган бу ҳикояларни Раҳимжон ва Фаррух Отаули маҳорат билан таржима қилганлар. Бу жиҳатдан ўзбек ҳикоячилиги фаол изланишлар палласида.
Ш.О: Адабиётда воқеа бўладиган, жиддий асарлар кам ёзилаётган вақт-да бозорга мослашиб, детектив ёзадиганлар кўпайиб кетди. Бундай “асар”ларнинг аксарияти шунчаки олди-қочди воқеаларнинг сийқа баёнидан иборат бўлиб қолмоқда. Детектив асарлар жиддий адабиёт намунаси бўлолмайди деган янглиш тасаввурнинг шаклланишига ҳам ана ўша “асар”лар сабаб бўлмоқда. Ҳолбуки, жаҳон адабиётида Жюль Верн, Даниэл Дефо, Жонатан Свифт, Артур Конан-Дойл, Эдгар По, Агата Кристи каби машҳур ёзувчиларнинг детектив асарлари адабиётнинг юксак намунаси сифатида эътироф этилган. Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо” романи ҳам аслида детектив асар. Демак, гап жанрда эмас. Гап “нима”ни “қандай” ёзишда экан-да…
М.М: Ғарб адабиётида детектив, саргузашт адабиёти яхши ривожланган. Аслида ҳар қандай яхши асарда ҳаёт воқеаси фавқулодда қизиқарли бўлиши бадиийлик қонунларидан биридир. Чарльз Диккенс “Оливер Твист” романида бир боланинг чақалоқлигидаёқ бахтсиз бўлиб туғилишини, ёш аёл туғаётиб ноҳақлик ва очликдан ўлганини тасвирлайди. Бундан аввалроқ, Виктор Гюго “Кулаётган одам” романида денгиз қароқчилари етим чақалоқларни атайлаб майиб-мажруҳ қилиб ўстириб, уларни тиланчи қилиб, бойлик орттирганлигини кўрсатган. Адибнинг бундай воқеаларни танлаши фақат воқеа саргузашт, қизиқарли бўлгани учунгина эмас (аслида бу ҳам сюжет муваффақиятини таъминлайди), балки жамият ҳаётидаги ана шундай ижтимоий иллатларга қарши ўт очиш, давлат, ҳокимият эътиборини, халқ эътиборини шу иллатларга қаратиш ниятидан келиб чиқади.
Жаҳон мумтоз адибларидан Вальтер Шоттнинг “Айвенго” (“Ивангое”), “Квентин Дорвард”, “Роб Рой”, “Тумор” (Салоҳиддиннинг салибчиларга қарши кураши ҳақида) романлари, Журжи Зайдоннинг “Фарғона келини”, Жорж Санднинг “Консуэло”, “Индиана”, Жюль Верннинг “Ўн беш ёшли капитан”, “Сирли орол”, “Ойга саёҳат”, Г.Уэллснинг “Кўринмас одам”, “Вақт машинаси”, А.Дюманинг “Уч мушкетёр”, “Граф Монте-Кристо”, Р.Л.Стивенсоннинг “Хазиналар ороли”, Марк Твеннинг “Шаҳзода ва гадо”, “Том Сойернинг саргузаштлари” саргузашт адабиётининг яхши намуналаридир.
Ўзбек бадиий адабиётида детектив-саргузашт жанрида кейинги вақтларда кўп асарлар ёзилиши ҳам давр руҳини, ҳаёт ҳақиқатини ифодалайди. Глобаллашув туфайли ғарбга хос жуда кўп жиноятчилик турлари – коррупция, порахўрлик ва мафиябозликларни фош этишда бадиий адабиёт ҳам жамоатчилик фикрини қўзғатиб, қонун ва ҳуқуқ органларига амалий ёрдам бермоқдалар. Кейинги йилларда детектив, саргузашт жанрида Худойберди Тўхтабоев, Тоҳир Малик, Ҳожиакбар Шайхов, Алишер Ибодинов, Исфандиёр, Шойим Бўтаев, Тилаволди Жўраев, Луқмон Бўрихон ва бошқалар фаол ижод қилдилар.
Бу адиблар ёзган асарларининг бадиий савияси турлича бўлиб, ҳали мунаққидларимиз уларни тадқиқ этишга киришгани йўқ. Яхши асарлар кейин ўзи сараланиб қолади. Бу асарларнинг кўп нашр этилгани ижобий ҳодиса. Қобил Мирзо “Туғилмаган одам қиссаси” романида умуминсоний қадриятларни ёвузларнинг тажовузидан асрашга чақиради. Асарда жамиятимизнинг маънавий мусаффолигига халақит бераётган мафия, янги “хонлар” ва “султонлар” фош этилган. Қаҳрамон Аҳмад “Хавфли соҳил”, Одил Абдураҳмон “Ўлиб тирилганлар” романларида ҳаёт муаммоларини мураккаблиги билан, ҳаққоний ва ҳаяжонли вазиятларда кўрсата олдилар. Аммо булар ҳали илк изланишлардир.
Ш. О: Кейинги вақтларда адабий асар бадиияти ҳақида мавҳум, ноаниқ, пароканда фикрлар ҳам билдирилмоқда. Назаримда, танқидчилар асар сюжети поэтикасини яхши очишга эътибор бермаяптилар.
М. М: Адабиётнинг бадиий-ғоявий хусусиятлари деганда, Арасту “Поэтика”сида баён қилинган фабула (Ҳомер, Аристофан, Софокл, Эврипид замонларида асосан мифологик фабуладан фойдаланар эдилар) ва шу фабулага боғлиқ ҳолда сюжет ривожи давомида – қаҳрамонларнинг характерлари очувчи воқеалар тугуни, характерлараро симпатия ва антипатияларни, конфликт ривожи, зиддиятларнинг авж нуқталари – кульминация ва шу курашнинг ечими, оқибати – эпилог ҳақида сўз борар эди. Танқидчилар шўро мафкурасидан безганлари учун ғоявийлик ҳақида гапирмай қўйдилар.
Бадиий асарнинг ғояси ўта ижтимоий, фалсафий ва ўта шахсий ҳам бўлиши мумкин эди. Эсхилнинг “Занжирбанд Прометей” трагедиясидаги ғоя ўта ижтимоий-сиёсий: халқ манфаатини ҳимоя қилиш учун қаҳрамоннинг олий ҳокимият – илоҳлар ҳукмига қарши боришидир. “Медея” (Эврипид) трагедиясининг ғояси ўта шахсий, оилавий севгиси оёқости қилинган аёл бевафо эри Ясондан қасос олиш мақсадида икки фарзандини ўз қўли билан ўлдиради. Кейинроқ аниқланишича, Медея бундай иш қилмаган, буни Эврипид тўқиган экан. Ҳар қандай бадиий асар сюжети орқали адиб ижтимоий ва поэтик ғояни очишда характерлардан фойдаланади, характерлар тўқнашуви орқали асар ғоясини очади. “Арафа” ( Тургенев) романида номнинг ўзиёқ асар ғоясини, буюк ўзгаришлар арафасини ва қандай инсон шу замонда (Тургенев замонида) қаҳрамон бўлиши мумкинлигини эслатади. Арафа романида эстетик идеал бўлмиш ақлли ва гўзал, аслзода қиз Елена кўп йигитлар орасидан хорижлик инқилобчи, Болгария фуқароси Инсаровни танлайди.
Ш. О: Бадиий асар сюжетида миллий руҳ, диалог ва характерларни очилишида ёзувчининг тилга бойлиги муҳимроқми ёки ҳаётни, одамларнинг руҳиятини яхши билишими? Сиз бу масалага қандай қарайсиз?
М. М: Жуда қизиқарли савол. Кейинги вақтларда адабий танқидчиликда бадиий ижод қонуниятларини яхши билмаслик, ё билганда ҳам, эсдан чиқариш оқибатида бадиий асарларни баҳолашда турли чалкашликлар юз бермоқда. Тўғри, Умарали Норматов, Наим Каримов, Иброҳим Ғафуров, Абдуғафур Расулов, Ҳамидулла Болтабоев, Улуғбек Ҳамдамов, Сувон Мели, Ортиқбой Абдуллаев, Дилмурод Қуронов мақолаларида янги асарларни юқори савияда эстетик баҳолаш яққол сезилади ва кенг китобхонлар оммаси бу олимларнинг фикрларига ишонч билан қарайдилар.
Н.В. Гоголь, А.С. Пушкин, Тютчев, Фет, Н. Некрасов, И.С. Тургенев, М. Ф. Достоевский, Лев Толстой, М. Е. Салтиков – Шчедрин ижод қилган ва рус адабиётининг олтин асри деб жаҳон эътироф этган даврда адабий танқид даҳоси В. Г. Белинский адабий жараёнга не чоғли буюк таъсир кўрсатганлигини эслайлик. Танқидчи Михаил Лермонтовнинг “Замонамиз қаҳрамони” романи ҳақида, Максим Максимич характери ҳақида гапирар экан, аввало Россиянинг Кавказдаги уруши, яъни, тоғликларнинг итоатсизлиги, босқинчиларни ёмон кўриши, Казбич каби маҳаллий йигитларнинг рус офицерларини доимо алдаши каби ҳаётий вазиятлар Максим Максимич характерига кучли таъсир кўрсатганлигини айтади. Бу ерда Лермонтов тарих ҳақиқатига содиқ қолади, уни бадиий талқин қилади.
Ш.О: Ҳозирги айрим танқидчилар бадиий асарни баҳолаш, талқин қилишда унинг мазмунини баён қилишга интиладилар, таҳлил ўрнига баён – заифлик эмасми?
М.М: Йўқ, ўринли бўлса, заифлик эмас. Таҳлил ҳам, мазмун баёни – воқеанинг талқини ҳам керак. В.Г. Белинский асар ғоясини баҳолаш учун воқеага катта эътибор беради. У асардаги кўп ўринларни келтириб, уларни чуқур таҳлил қилади ва танқидчиликдаги бу усулни оқлайди. В.Г. Белинский фикрича, асарнинг мазмунини баён қилганда бутун асар идеясини (ғоясини) кўздан кечирмоғи ва бу идеяни шоир (адиб) қандай юзага чиқарганини кўрсатиб бермоғи керак. Хўш, бу ишни қандай бажариш керак? Асарнинг ҳаммасини бошидан охиригача кўчириб бўлмайди. Хўш, асардан парчалар кўчириш ҳаддан ошиб кетмаслик учун, ғоят мукаммал бир асарнинг қандай ўринларини танлаб олиш ва қандай ўринларини олмаслик керак? Сўнгра, асарнинг нафис ва қуюқ бўёқларини, шира ва мазмунини ўз сўзларинг билан қандай қилиб боғлаш керак? Танқидчи ўз зиммасига олган вазифа жуда оғир ва мушкул эканлигини сезиб турибмиз. Ҳозирги адабий танқидчиларимиз, эҳтимол, адабий танқид даҳосининг бу сўзларидан кулиши, асар мазмунини айтиб беришнинг нимаси қийин экан? – дейиши мумкин. В.Г. Белинский эса, танқидчи асар мазмунидан келиб чиқиб, ундаги ҳар воқеа ва характерларга ўз баҳосини бериши, ҳақиқий ҳаёт билан таққослаб, улар ҳақида муҳим фикр айтиши зарурлигини тушунтиради.
“Замонамиз қаҳрамони” романининг сарлавҳасида киноя билан кўрсатилган асосий ғоя – Русия жамиятидаги олий табақа одамлари кибру ҳавога, худбинликка берилиб кетиб, фақат ўз ҳузурини ўйлаб, бойликларини, куч-ғайратини халқ фаровонлиги, бахт-саодати учун сарфламай, маънавий қуриб, инжиқлашиб, зерикиб яшаётганини, оқибатда бу киборлар ватанга, жамиятга кераксиз, ортиқча одам бўлиб қолганлигини танқидчи ана шу тарзда чуқур очиб кўрсатади.
В.Г. Белинский ўзига бино қўйган бундай такаббур нигилистларни И.С. Тургеневнинг “Арафа” ва “Оталар ва болалар” романларида ҳам учратади. Аммо Базаров ёки Инсаров маънавий таназзулга учраган жамият киборларини инкор қилар эдилар. Печорин эса, шайтоний руҳи қудратли, аммо инсоний руҳи таназзулга учраган одамдир.
Ҳар бир жамиятда софдил, тоза, сабр-қаноатли инсонлар борлигини, аммо халқ Печорин каби худбин бойларнинг жабр-зулми остида хор-зорликда яшаётганлигини И.С.Тургенев ва Ф.М. Достоевскийлар ҳаққоний тасвирладилар. Кейинчалик, В.Г. Белинский бу адибларни табриклади.
Ш.О: Сюжет поэтикаси, драматик ҳолатларини тасвирлаш бадиий асарнинг жанрига ҳам боғлиқ деб ўйлайман. Романда воқеа ва характерлар шошмай, муфассал тасвирланади. Драмада эса воқеа дарҳол шиддатли тус олади.
М.М: Тўғри кузатиш. Сюжет таранглигини жанр ҳам талаб қилади. Шекс-пир танлаб олган фабулаларни, ҳаётий воқеаларни эслайлик. Софокл “Антигона”да бурч ва қонун зиддиятини, Шекспир “Ромео ва Жульетта”да бир-бирига душман икки оила фарзандларининг оташин севгиси, “Кориолан”да Римдан қувилган саркарданинг қўшин тўплаб келиб, бу шаҳарни қамал қилиши, “Цезарь ва Клеопатра”да Рим саркардасининг Мисрни босиб олиши, сўнг синглисига қайтариб бериши, бу эса Римда норозилик уйғотиши, “Қирол Лир”да севимли фарзандлар (қизлар)нинг тахтдан воз кечган отани чўлга ҳайдаши (кўрнамаклик, отани эмас, ҳокимиятни севиш), “Ричард III”да тожу тахт учун бегуноҳ болалар ва оналарнинг ўлдириб юборилиши бадиий сюжетга айланар экан, муаллифлар сюжет воқеалари жараёнида характерлараро тўқнашувда ва драматик коллизияларда асар ғоясини очиб беради.
Ш.О: Ҳозирги баъзи ёзувчилар ва олимлар адабиётда ғоявийлик деган гаплар эскирди, ҳикоя, қисса, романда ғоя эмас, инсонлар руҳиятини, характерларини, вазиятни, нозик ҳолатларни кўрсатиш муҳимдир деб ўйлайди. Франц Кафка ва Жеймс Жойсга, Маркесга ва Пауло Коэлога ҳавас қилиш, ҳаётий воқеага эмас, модерн деб, онг оқими тасвирига қизиқиш кучаймоқда. Мумтоз жаҳон адабиёти, классик реализм вакиллари ижодига қизиқиш камайиб, реалист Достоевский ва Лев Толстойдан ҳам модерн излаб, “кўп овозлилик”ни мақтай бошладилар.
М.М: Бахтин “кашф этган” кўповозлилик фақат Ф. Достоевский ва Л.Толстойда эмас, балки икки ярим минг йил давомида вужудга келган реализм, классицизм, романтизм асарларида ҳам мавжуд. Бу – бадиий асарда ҳар бир қаҳрамон ўз дунёсида яшаб, ўзича ўйлаши, ўз овози бош-қа овозлардан айрича эканлиги, гоҳо бир шахсда бир-бирини инкор қилувчи овозлар борлиги, баъзан эса турли овозлар қўшилиб кетишидир. Ҳомернинг “Илиада” достонида Аҳилл ва лашкарбоши Агамемнон жангдаги бир ўлжани – троялик асира қизни талашиб, низолашиб қоладилар. Аҳилл овозида адолат, ҳақиқат, инсоний ғурур бор, Агамемнон овозида эса подшоҳларга хос кибру ҳаво, худбинлик бор. Буюк юнон ҳажвчиси Аристофан “Қурбақалар” комедиясида нариги дунёда, марҳумлар оламида Эсхил билан Эврипиднинг ижодий баҳс-мунозарасини кўрсатади. Эврипид ўз асарларимда ҳаётдаги қаҳрамонларни қандай бўлса, шундай мураккаб, ранг-баранг ҳис-туйғулари билан кўрсатаман, Эсхил қаҳрамонлари эса буюк, олижаноб, матонатли бўлса ҳам, аммо жонли одамга ўхшамайди, китобий тилда гапиради, менда эса йигит йигитдай, чол – чолдай, бола – боладай гапиради (яъни кўповозли), дейди. Арасту “Поэтика” асарида ҳам бу ҳолатни мимесис – ҳаётга тақлид, яъни ҳаётийлик (реализм), бадиийликнинг асосий қонунияти эканлигини айтади. Демак, кўповозлилик XX аср кашфиёти эмас, балки Эврипид ва Арасту замонидан келаётган кашфиётдир.
Ўзбек бадиий насрининг XX аср бошларида ижод қилган корифейлари Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Абдулла Қаҳҳорлар ўз романларини ёзишдан аввал Фирдавсий, Навоий, Шекспир, Гоголь, Пушкин, Лермонтов асарлари билан ва В.Г.Белинскийнинг танқидий асарлари билан таниш эдилар.
Ш.О: Кейинги йилларда Асад Дилмурод ва Омон Мухторлар жуда тез ва кўп ёзмоқдалар. Сизнингча, бундай тезлик бадииятга салбий таъсир кўрсатмайдими?
М.М: Асад Дилмурод “Гириҳ”, “Шердор” қиссалари билан халқимиз ўтмишининг мураккаб ва порлоқ саҳифаларини ёритиб берди. У “Маҳмуд Торобий” романида кунчиқардан кунботаргача, Чин, Хитой, Танғутдан Ўрта Ер денгизигача бўлган мамлакатларнинг халқларига фалокат, вайронлик, жабр-зулм, қонли қирғинлар келтирган Чингизхоннинг иккинчи фарзанди, Қошғар ва Моварауннаҳр ҳукмдори, Чиғатой даврида халқимизнинг энг етук раҳнамолари қулликда хор-зор қилинган қора кунлар манзараларини, халқимизнинг зулмга қарши, миллий озодлик учун қаҳрамонона курашини бор драматизми, фожеалари билан ҳаққоний акс эттирди. Асад Дилмурод “Фано даштидаги қуш” романини жуда оз, нозиктаъб одамларгина тушунадиган, ботиний фикр ва туйғуларга бой бир услубда ёзди. Бу романда инсон ҳурлиги ва уни занжирловчи ёвуз кучларнинг иблисона куч-қудратини мажоз, истиора, тимсоллар билан тасвирлади. Асад Дилмуроднинг “Паҳлавон Муҳаммад” романида Навоий даври равшан колорити, жонли муҳити билан кўрсатилди. Унинг “Мезон буржи” романида соҳибқирон Амир Темур характери, шу даврдаги кучли шахсларнинг хатти-ҳаракатлари тарих ҳақиқатига мувофиқ акс эттирилди.
Омон Мухтор Истиқлол йилларида ўзига хос тил ва услубда, инсонларнинг руҳий оламидаги сир-синоатларга бой туйғулар ва кечинмаларни тасвирлаб, бизда Михаил Булгаков каби шоирона наср усталари етишаётганини амалда исботлади. Севинарлиси шундаки, Омон Мухторнинг “Тепаликдаги хароба”, “Минг бир қиёфа”, “Ишқ аҳли” каби сирли, анча-йин мураккаб асарларини китобхонлар қизғин кутиб олдилар. Шойим Бўтаев “Шох” романида табиат экологиясини бузиб, нодир ҳайвонларни вертолётда автомат билан қириб, ўлдириб, шохидан олинган дорини контрабанда йўли билан чет мамлакатларга сотиб, бойлик орттиришга уринган ёш “ишбилармонлар”нинг қилмишларини ҳажвий усулда фош этади ва уларнинг руҳиятини иблислар эгаллаб олганини усталик билан кўрсатади. Тилаволди Жўраев “Бозор дунё”, “Арвоҳлар тунда изғийди” романлари, “Йиқилган ой” қиссаси, “Аср туққан одамлар” туркумидаги ҳикояларида халқ ҳаёти, қишлоқ турмуши муаммоларини, халқчил, ҳаётий характерларни чизади. “Йиқилган ой” қиссаси қаҳрамонлари, отларни яхши кўриб, уларнинг феъл-атворини, қилиқларини яхши билувчи, уйидан қочиб кетиб, умри отхонада ўтаётган болакай тақдирини, дунёда ҳеч кими йўқ, ҳатто ўзи ҳам йўқдай – қадрсиз ва софдил сайис – отбоқар Матал бува тақдирини Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема” қиссасидаги етим бола ва Мўмин чол каби жуда равшан, ҳаётий, ҳаққоний ҳикоя қилади. Худди ҳаётдаги каби, бу асарларда уруш даврида ГПУ хизматчилари ва маҳаллий сотқинлар софдил, жафокаш одамларни оёқости қилади. Адабиётшунос Сиддиқ Мўмин “Аср туққан одамлар” туркумидаги ҳикояларни Проспер Мерименинг “Маттео Фальконе”, Нодар Думбадзенинг “Эллада” ҳикояларига тенглаштиради, аммо уларни қиёсий таҳлил этмайди. Сўзбоши учун ажратилган жуда кичик ўрин бунга имкон бермаган бўлса керак.
Тилаволди Жўраевнинг “Тўнғиз”, “Нариги уй”, “Бевақт ўлим”, “Ўрганган кўнгил” ҳикояларида қаҳрамонларнинг жонли характерлари ва турли қисматлари фақат руҳий таҳлил (психоанализ), онг оқими орқали кўрсатилади.
Инсонларнинг амалий ишлари, қилмишлари, нутқи, сўзларидан, диа-логлардан ташқари, руҳий кечинмалари, ўйлари ҳам уларнинг табиатини, характерларини акс эттиради. Айни вақтда бу характерлар замонни, асрни, жамиятнинг маънавий ҳолатини, ўсиш ёки таназзулни очишга хизмат қилади. Тилаволди Жўраев ҳикояларида ёвуз, мансабпараст, порахўрнинг ботинидаги хунуклик, моғор босганлик, шафқатсизлик, бир сўз билан – одамийликдан бегоналик сабабли яхши одамлар бечора, бахтсиз, оёқости бўлиб қолганлиги, жамиятни ёмонлардан тозалаши зарур бўлган баъзи қонун посбонлари ҳам одамийлик қиёфасини йўқотганлиги шафқатсиз реализм руҳида тасвирланади. Биз ҳам мунаққид Сиддиқ Мўмин фикрига қўшилиб, бу ҳикояларни ижобий маънода Жеймс Жойснинг “Дублинликлар” туркумига қиёслаймиз. Бу ҳикоялар яна бир жиҳатдан Гогол, Чехов ва Мопассан асарларини эслатади, аммо буларда мумтоз санъаткорларнинг тилидаги равонлик, мухтасарлик (лаконизм) ва инсон ақл-идрок билан қарашига умид етишмайди. Аслида яхшилар ҳам аҳил ва кучли бўлишлари зарур. Халқ орасида ақлли, софдил, мард одамлар жуда кўп. Саломат Вафо “Оворанинг кўрган-кечирганлари” романида матонатли одамларнинг руҳий бойлигини кўрсатади. Асар қаҳрамони икки фарзандли ёш бева ўз қадр-қимматини ерга ураётган замона зўравонларидан тап тортмай курашади.
Шоир, адиб ва адабиётшунос Улуғбек Ҳамдамов “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”газетасида босилган “Давр талаби ва янги мезонлар” мақоласида муҳим назарий муаммоларни ўртага қўяди. Шулардан бири жаҳон кўламидаги маданий “истилолар” масаласидир. Европа адабиёти (хусусан инглиз, олмон, француз, рус адабиётлари) ўтган асрнинг 20-йилларидан бошлаб, ўзбек миллий адабиётига сезиларли ижобий таъсир кўрсатди. Юқорида айтганимиздек, XX асрдаги барча етук ўзбек адиблари рус ва Европа ёзувчилари ижодидан яхши хабардор бўлиб, уларнинг реалистик тасвир услубидан фойдаланганлар. Аммо, Улуғбек Ҳамдам эслатганидай, Европанинг буюк санъаткорлари асарларидан ўрганиш, баҳра олиш бош-қа, Европа адабиёти, санъат назарияси, эстетикасидан фойдаланиш ва эргашиш бошқа нарсадир. “Агар ҳаммасини четдан – рус, олмон, инглиз, француз, испан ва Америка адабиётидан “қарз” олиб туришда давом этаверсак, оқибати нима бўлади? ” – дейди Улуғбек Ҳамдамов, – “Қарз” олинган андазалар миллий руҳда ёзилган бадиият намуналарини доимо тушунтириб бера олармикин?” Бу адолатли фикр. Бизда давом этаётган абсурд, модерн, “Сизиф меҳнати”, экзистенциализм ҳақидаги баҳсларнинг миллий адабиётимизга қанчалик нафи бор? Улуғбек Ҳамдамов “олтин ўрталик”ни, яъни, ҳар иккисидан оқилона фойдаланишни таклиф этади. У шарқона миллий бадиийлик андазалари Ҳамидулла Болтабоев тузган “Шарқ мумтоз поэтикаси” китобида мавжудлигини таъкидлайди. Бу ҳам тўғри. Аммо, афсусланарлиси шундаки, XX ва XXI аср ўзбек шеърияти ҳақида ёзадиган олимларнинг кўпчилиги шарқона шеърий санъатлардан хабарсиз. Хабари бор олимлар – У. Тўйчиев, Ё.Исҳоқов, А.Ҳожиаҳмедов, В.Раҳмонов ва бошқалар эса замонавий ўзбек шеърияти ҳақида деярли ёзмайдилар. Ёзаётганлар эса бадиий санъатларни эмас, кўпинча шеър тузилишини таҳлил қиладилар.(Айрим истиснолар бор, албатта.)
Ш.О: Маълумки таржимонлар истеъдодининг йўналиши, ўзига хослигига қараб асар танлайди. Масалан, Эркин Воҳидов Гётенинг “Фауст”ини, Абдулла Орипов Дантенинг “Илоҳий комедия”сини, Қодир Мирмуҳамедов Ҳомернинг “Илиада”сини, “Декамерон”ни, М.Булгаковнинг “Уста ва Маргарита”сини, Мирзакалон Исмоилий Рашод Нури Гунтекиннинг “Чолиқуши”романини, Иброҳим Ғафуров Хемингуэйнинг “Чол ва денгиз”, “Алвидо, қурол!”, Нитшенинг “Зардушт таваллоси”ни, Низом Комилов Нодар Думбадзенинг “Абадият қонуни”ни, Х.Султонов Сент-Экзюперининг “Кичкина шаҳзода”сини, Жамол Камол Румийнинг “Маснавий”сини, Фаридиддин Аттор достонларини, Абдулла Шер чет тиллардан Ҳайне ва Байрон достонларини, М. Али “Рамаяна”ни, Амир Файзулла “Маҳобхорат”ни, Ортиқбой Абдуллаев И.Бунин, Лев Толстой, Верешчагин асарларини, сиз, Маҳкам ака, Шарқ ва ғарб мумтоз ҳикоялари, романларини таржима қилгансизлар. Табиийки, жаҳон адабиёти дурдоналарининг таржима қилиниши ўзбек адабиётининг ўсишига ҳам ҳаётбахш таъсир кўрсатади. Маҳкам ака, сизнингча, жаҳон адабиётидан яна қайси нодир асарларни ўзбек тилига таржима қилиш зарур деб ўйлайсиз?
М.М: Мумтоз жаҳон адабиётининг энг яхши намуналари ўзбекчага кўплаб таржима қилинганлиги илғор тараққий этган халқларга хос ҳодисадир. Аммо ўзбек ўқувчилари ва ёзувчилари ҳавас қилиб, ўқиб ўрганса бўладиган яна қатор нодир асарлар навбатини кутмоқда.
Жаҳон адабиёти жуда катта, мисли йўқ уммон. Мен бу ўринда фақат ўз фикрларим, нуқтаи назаримга асосланиб, бир неча мисол келтираман. Инглиз адабиётидан Шекспирнинг романтизм руҳидаги драмалари (“Бўрон”, “Цимбелан”, “Қиш эртаги”), Жеффри Чосернинг “Кентербери ҳикоялари” шеърий романи, Байрон достонлари, Вольтер Шоттнинг кўпчилик тарихий ва лирик романлари (“Тумор”, “Ламмермур келини”), “Сен-Ронан сувлари”, Чарльз Диккенс қисса ва романлари, Р.Киплинг қиссалари, Р.Хаггарднинг “Клеопатра”, “Ҳазрат Сулаймон тилла конлари” романлари, немис адабиётидан Гёте, Новалис, Л.Тик, Э.Т.А.Гофман, Томас Манн (“Юсуф ва биродарлари”), Лион Фейхтвангер (“Сохта Нерон”, “Испан балладаси”), француз, итальян, АҚШ ва Лотин Америкаси, Япония, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, араб адиблари ва шоирларининг ажойиб асарлари ўзбек ўқувчиларини кутмоқда.
Ш.О: Инглиз адиби Уилки Коллинзнинг “Ойтош” романи устоз Озод Шарафиддинов таржимасида босилган. Сиз бу адибнинг “Оқ кийимли аёл” романини, яна француз ёзувчиси Эжен Сюнинг “Агасфер” романи ҳақида яхши гаплар айтиб юрасиз. Бу асарларнинг қайси фазилатлари сизда кучли таассурот қолдирган?
М.М: Эжен Сю ва Уилки Коллинз романларининг бадиий ва ғоявий қуввати нималарда кўринади? “Агасфер”да сюжет йўллари лабиринт йўллари каби туташиб кетади, ажойиб-ғаройиб, сирли воқеа-ҳодисалар Ер юзининг турли қитъаларида ва жамиятнинг турли тоифаларининг ўзаро тўқнашувларида, бир-бирларига алоқасиз бўлиб кўринган одамларнинг қадимий бир воқеанинг турли жойлардаги, турли вақтлардаги давомчилари бўлиб чиқишида кўринади. Айни вақтда, асарнинг бош ижобий қаҳрамонлари юксак инсоний фазилатлари, жозибадорлиги билан мафтун қилади.
“Оқ кийимли аёл” романида (асарни 80 ёшдан ошган табаррук қария Абдуқаҳҳор Иминов инглиз тилидан таржима қилган) эса ўзини аслзода кўрсатган жиноятчи, қаллобларнинг найрангларига қарши курашда гўзал руҳли инсонлар фалокатлар гирдобида қолиши, ёвуз кучларнинг ўта ақлли, ташаббускор, фаол, қудратли эканлиги, бир воқеанинг илдизлари етти хил қиёфали қаҳрамонларнинг нигоҳи, тили билан тасвирланиши, кутилмаган фалокатларнинг ёғилиши, ўта худбин мулкдорларнинг тасвирий санъат ва мусиқа нафосатини нозик тушуниб, ўта “маданиятли” кўринса ҳам, қалбан разил ва аблаҳ эканлиги, камтарин, жафокаш, ошиқ рассомнинг гўзал руҳий олами, меҳнаткаш, ҳалол одамларнинг камбағалликда ҳам инсон сифатида юксаклиги, персонажлар тили ва табиатининг ранг-баранглиги билан ўқувчида ҳайрат уйғотади.
Ўзбек адиблари бундай асарларни ўқибгина қолмай, бадиий юксакликни, жаҳоншумул ахлоқий, маънавий, фалсафий, инсоний муаммоларни ва романтизмга хос сир-синоатларни нафис тасвирлашни ўрганишлари керак. Бадиий таржималар – буюк ижод мактаби ҳамдир.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 12-сон.