Тошкентдаги улкан томоша зали бир зум жимийди-ю, сўнг яна кулгидан титраб кетади. Кўзлар Райкинга қадалган. Яна кулги.Кулги, кулги, кулги…
—У кишининг сахнада эсон-омон чиқиб туришининг ўзи катта давлат. Етмишдан ошган одамнинг кунига икки-уч маҳал концерт бериши осонми? Бунинг устига соғлиғи, — дейди менга Аркадий Райкиннинг ёрдамчиси, у билан учрашиб сухбатлашишим ҳақидаги барча умидларимни пучга чиқариб.
Аммо мен унинг сўзларига, яъни Райкиннинг соғлиғи ёмонлигига ишонмайман. Унинг ўша кунги концертларини кўрган бирортаям одам бунга ишонмасди. Сабаби, шу қадар серхаракат, шу қадар хушчақчақ эдики у! Яна денг, қоп-қора кўзларидаги учқун бир он хам сўнмасди. ёрдамчи Райкиннинг вақтини қизғаниб касал деб айтган, деган фикрга бордим. Ва охирги концерт куни Аркадий Исааковични безовта қилишга журъат этдим.
Сўнгги номер тугашига бир неча дақиқа қолганида, саҳна биқинидаги хонага (Райкин шу жойга келишини билардим) олиб борувчи йўлакка ўтиб, уни пойлай бошладим.
Концерт тугади. Мана, хозир чиқади. Аммо… Райкинни икки одам (улардан бири менга таниш ўша ёрдамчи) суяб келар, ранги бўздай оқариб кетган, юзлари жиққа тер… Ёрдамчи менга ўгирилдию: “Мунча хира бўлишмаса бу мухбирлар!”деб, еб қўйгудек ўқрайди.
Мен эса Аркадий Исааковичга салом бердиму келганимга минг пушаймон бўлиб, хижолатдан нимақилишимни билмай, гаранг одамдай қаққайиб туравердим…
Нафасимни ўнглаб, энди ташқарига чиқмоқчи бўлаётганимда аллаким чақирди. Қарасам — Райкиннинг ёрдамчиси. “Минг қилсаям жуда олижаноб-да Аркадий Исаакович… Йўқса… Соғлиғини ўзингиз кЎрдингиз. “Журналистни бекор хафа қилдинг, чақир” эмиш…Нима кераги бор эди сизга бу ерга келиб туришнинг… Майли,йигирма минутдан кейин киринг. Лекин кўп гаплашманг!”
Унга миннатдорчилик билдириб, иккилана-иккилана, хонага кирдим. Аркадий Исаакович хали хам бир ахволда эди. “Раҳмат айтиб чиқиб кетсаммикан?”
— Қани, мундоқ ўтириб, ўзингизни таништиринг-чи.
— Мени кечиринг, Аркадий Исаакович…— дейман чайналиб
— Ҳе, қўйсангиз-чи. Одам қаригандан кейин шундай бўларканми ўзи… (кулади). Асло хижолат чекманг. Мени деб редакторингиздан гап эшитманг тағин. Биласизми, суҳбатлашишни ёқтираман ўзи. Ҳар бир суҳбатдан анча нарса олиб, кейин улардан фойдаланаман.Ҳозир бўлмаса,бир-икки йилдан сўнг…
Мулоқотимиз шу тариқа бошланди.
— Ҳазилни тушунмаган одамга муносабатингиз?
— Эсингиздами Чеховнинг гаплари. “Ҳазилни тушунмаган одамнинг умри зое кетди деяверинг! Пешонаси қанча дўнг бЎлса-да, бундай одам барибир ақлли эмас”.
— Ардовнинг “Райкиннинг хаётда қандай кулишини жуда камчилик билади. У баралла хохолаб кулишга тортинади, сезилар-сезилмас энтикиб жилмаяди-да, кўзларини айёрона қисиб, атрофга қувона-қувона боқади”, дегани ёдимга тушди.
— Кулгим шундай туюлгандир унга… Ким билади?!
— Менимча эса, Сиз жуда қаттиқ куласиз, айниқса, саҳнада.
— Актёр доимо томошабинлар билан қўшилиб кулиши керак. Ўзи юракдан кулмай бошқаларни қандай кулдириши мумкин? Бундан ташқари, агар у “чиқишимнинг мана шу жойи кулгили бўлармикан-йўқми?” деб бир он иккилангудек бЎлса ҳам — тамом: томошабин кулмайди. У ўта сезгир бўлади-да.
— Сатира нима?
— Ўткир, жудаям ўткир қурол. Аммо ундан фойдалана билиш, уни аниқ нишонга олиш керак. Акси бўлса, сатира уни тутган одамнинг ўзини яралайди. Сатирани ёмонлик қилиш мақсадида қўллаш ўринсиз адоватдир. Шу хусусда Мейерхольднинг бир гапи бор: “Биров жарни кўриб, кўз ўнгига ҳалокатни келтиради, бошқа биров эса ҳалокат содир бЎлмаслиги учун жарнинг устидан кўприк қуришни ўйлайди”. Хулоса қилиб айтганда, гап иллатлар тўғрисида кўп ёки оз сўзлашда эмас. Асосийси — санъаткорнинг уларга бўлган муносабати, унинг фуқаролик позицияси.
— Миниатюраларингиз иллатларнинг йўқ бўлишига қай даражада таъсир кўрсатмоқда?
— Менимча, анча сезиларли. Буни жойлардан менинг номимга келаётган кўплаб хатлардан хам билса бўлади. Миниатюраларимиз таъсирида бюрократлар, порахўрлар, тамагирлар, ҳийлакорлар, лаганбардорлар, туҳматчилар сони кескин камайди ёки улар мутлақо йўқ бўлиб кетишди деб айтолмайман. Ундай бўлмайди ҳам. Лекин бизнинг танқид туфайли улар ўзларини тобора ўнғайсиз ҳис этишади.
— Мавзуларни қаердан оласиз?
— Мен кар ҳам, кўр ҳам эмасман. Кунига кўз ўнгимизда ўнлаб “миниатюра”лар содир бўлади…
— Одамлардаги қайси иллатни энг ёмон деб ҳисоблайсиз?
— Лоқайдликни. “Душманлардан қўрқма — нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма — нари борса, улар сенга мунофиқлик қилиши мумкин. Аммо лоқайд одамлардан қўрқ — улар на ўлдиришади, на мунофиқлик қилишади, лекин уларнинг сассиз разиллиги туфайли ер юзида қотиллигу ваҳшийликлар содир бЎлади”, деганди бир донишманд.
— Кўпроқ ақлга қулоқ тутасизми ёки ҳис-туйғуга?
— Икковигаям. Ҳис-туйғусиз ақлни тасаввур қилиш қийин. Мен хар бир образнинг лирик пардаларини топишга уринаман. Менга, айниқса, монологлар кўпроқ манзур. Шуни билингки, катта ҳис-туйғуга йўғрилган дастур доимо томошабиннинг юрагини жизиллатади.
— Сатирик актёрлар охирги пайтларда,менинг назаримда, ташқи қиёфага катта ўрин беришяпти. Улар аксарият миниатюраларда гоҳ кўзойнак, гоҳ парик, гоҳо ясама қулоқ, ясама бурун… дан фойдаланишади…
— Илгарилари мен хам бунга зўр берардим. Ташқи безакларни суиъстеъмол қилиш зарар келтиришини кейин тушундим. Улар образнинг тўла очилишига халақит беради.
— Вақт масаласига қалайсиз?
— Бўш вақтга демоқчисиз-да? Ростини айтсам, бўш вақтим деярли бўлмайди. Ўйлайманки, вақт масаласи хаммамизнинг олдимизда кўндаланг турган муаммо. Менимча, вақтдан тўғри фойдаланиш учун саралаш усулини қўллаш керак.
— Саралаш?
— Ҳа. Учрашув учун одамларни, ўқийдиган китобларингни, театр томошаларини, фильмларни… жуда синчиклаб саралаш керак. Ана ўшанда бу усул сенинг асосий ишингга жуда катта ёрдам беради.
— Сизнингча, қай мамлакатда ҳажвни кўпроқ ёқтиришади?
— Ҳамма жойдаям. Инглиз телекомпанияларидан бирининг таклифи билан олтмишинчи йилларда Англияга борган эдик. Телемарказ остонасидан хатлаб ўтган маҳалиёқ у ердагиларнинг юморга қанчалар бойлигини сездик. Деворларга ҳазил йўғрилган кўплаб шиорлар осилган бўлиб, улар орасида жумладан, шундайлари ҳам бор эди: “Мени лақиллатишларинг мушкул, чунки мен жудаям гўл одамман”, “Бу ерда шундоқ хам саккиз соат вақтимни ўтказдим, сиз эса устига-устак, ишлагин ҳам дейсиз-а”, “Мен одамларни ниҳоятда севаман, лекин сиз учун бу одатимни истисно қиламан…” Инглизлар юморни дил-дилдан севишади. Болгарлар ҳам.
— Айниқса, габроволиклар. Эшитишимизча, сиз Болгариядаги шу шаҳарнинг фахрий фуқароси экансиз?
— Шундай. Мен бу билан фахрланаман. У жаҳондаги энг хушчақчақ шаҳар ҳисобланади. Габроволиклар ҳатто, ўзлари тўғрисидаям латифалар тўқишган. Уларнинг эътироф этишларича, механизмлари ейилмаслиги учун соатларини кечаси тўхтатиб қўйишаркан; кўйлагига камроқ газмол кетади деб, энг ориқ қизга уйланишаркан… Икки габроволик қайси бир ерда ташкил этилган бепул концертга боришибди. Ногаҳон, томоша сўнгида алланарса учун одамлардан пул тўплай бошлашади. Габроволиклар нима қилишади денг: бири ҳушини “йўқотади”, иккинчиси эса уни кўчага олиб чиқади.
— Уларни аслида ҳам жуда қурумсоқ дейишади…
— Ишонманг. Агар габроволиклар қурумсоқ бўлишса, шаҳарларида юмор ва сатира уйи қуришармиди? Ҳар икки йилда юмор бўйича Халқаро фестиваль ўтказишармиди? Бу уйда бутун жаҳондан қирқ мингга яқин ғаройиб коллекция тўпланган музей бор. Ўзбеклар ҳам юморга бой. Аския ҳақида эшитганман. Афсуски, тилингизни билмайман-да. Лекин кулгингиз! Шундай ҳузур қилиб кулишадики ҳамюртларингиз, одамнинг ҳаваси келади!
— Ҳаётингизда латифанамо ҳангомалар кўп бўлиб турса керак-а?
— Бўлиб туради. Бир куни юмуш билан аллақандай ташкилотга телефон қилдим. Директорни сўрадим. “Ким бўласиз?” савол берди котиба қиз. “Райкин” десам, шарақлаб кулиб: “Амаки, жудаям хазилкаш одамга ўхшайсиз-а?!” деб дастакни қўйиб қўйди. Яна телефон қилдим. “Мен Аркадий Райкинман. Нега трубкани илиб қўйдингиз?” дейишим билан: “Ҳе, ўргилдим, сендақа Райкиндан”, деб шу қадар жиғибийрони чиқдики…
“Ер юзи — театр, ундаги одамлар актёрлардир. Хақиқатан ҳам ҳар бир одамнинг ҳаётда ўз роли бор. Кимларгадир бош роллар насиб этилган, бошқаларга — иккинчи даражалиси. Яна бирлари эса умуман саҳна орқасидан туриб ҳаракат қилишади. Фақат ижрочи ролни эмас, балки баъзан роль ижрочини яратади. Баъзи одамларни олайлик: бирор мақсадини амалга ошириш учун лаганбардорлик ролини ўйнайди. Бошқа йўли йЎқ. Умуман айтганда — бор, аммо жудаям машаққатли ва бундан ташқари, унчалик ишончли эмас. Ўша киши лаганбардорлик ролида ўйнай бошлайди. Ўзи эса: “Ниятимга эришган захотиёқ бу ниқобимни юзимдан олиб ташлайман. Ўшанда одамлар менинг хақиқий қиёфамни, нақадар олижаноблигимни кўришади”, деб ўйлайди. Аммо энди унинг бу ниқобни олиб ташлаши жудаям қийин, чунки ниқоб терисига буткул ёпишиб кетган бўлади…”.
Хайрлашиб, йўлга тушарканман, Аркадий Райкиннинг Тошкент саҳнасида туриб айтган шу сўзлари ёдимга тушади. Ва ўз-ўзимга савол бераман: Райкин ҳаётда ҳам актёрми? Жавоби шу заҳотиёқ қуюлиб келади: “Ҳа, актёр ва доимо мардлик ниқобида юради у”. Лекин…
Аслида у ҳеч қандай ниқоб тақмайди, табиатан шундай: иллатларга қарши аёвсиз кураш олиб борувчи…