Ўзбекистон халқ артисти, театр, кино ва дубляж санъати уcталаридан бири Афзал Рафиқов Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тамомлаган. Актёрлик фаолиятини Ўзбек Миллий академик драма театрида бошлаган. 1987 йилдан буён ўзбек давлат драма театрида ишлаб келмоқда. Мустақиллигимизнинг 19 йиллиги арафасида Президентимиз фармонига кўра “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.
— Афзал ака, Сиз мактабда рус тилида таълим олган экансиз. Она тилимизнинг имкониятлари ва гўзаллигини қачон ҳис этгансиз?
— Рус тилида таълим олган бўлcам-да, миллатим ўзбек бўлгани боис, дадам, онам, қариндош-уруғларим ўзлигимни сақлаб қолишимга катта ёрдам беришган, тилимизга, урф-одат ва анъаналаримизга ҳурмат, меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялашган. Айниқса, дадамнинг таъсирлари катта бўлган. Биз ака-укалар рус тилида ўқиганимиз учун уйда, ўзаро мулоқотда кўпинча рус тилини ишлатардик. Шунда дадам доим огоҳлантириб турардилар. Оиламизда санъатга меҳр ниҳоятда кучли эди. Тоғаларим, холаларим ҳам, онам ва дадам ҳам мусиқа асбоблари чалишарди. Уйимизда ғижжак, дутор турарди. Мана шундай муҳит ўзлигимни сақлаб қолишимга ёрдам берган. Танлаган касбим ҳам бу борада муҳим рол ўйнади.
— Ўзбек тилида ўқиган биринчи асарингизни эслай оласизми?
— Ҳа, албатта, бу “Ўткан кунлар” эди. Ўша пайтда ўн олти ёшда эдим. Шундан кейин бошқа асарларни ўқидим. 1990 йили Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошев “Искандар” пиесасини қўлга олди. Шуҳрат Ризаев қаламига мансуб бу инсценировка Алишер Навоийнинг “Хамса” асари асосида яратилган. Шу спектаклда Навоий ролини ўйнаш учун улуғ шоиримизнинг бешта достонини сотиб олдим, изоҳли луғат топдим. Бош режиссёримиз жуда савоб иш қилди, биз актёрларга Навоий ижодини, арузни ўргатиш учун миллий университетдан арузни яхши биладиган адабиётчи олимни таклиф этди. Талабаларга ўхшаб мисоли дафтар тутиб, доскага ёзиб, шеърларнинг мазмунини, аруз қоидаси бўйича қандай ўқилишини ўрганганмиз. Мана шуларнинг ҳаммаси мени ўзлигимга қайтарди. Ўшанда мен кимлигимни, томиримда кимларнинг қони оқаётганини чуқур ҳис этдим.
Шу ўринда бир нарсага тўхталиб ўтмасам бўлмайди. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларига қадар ижодимда қандайдир тушкунлик cездим. Аслида театр, кино, телевидение ва радиода ижодим бир маромда кетаётган эди. Лекин ичимни нимадир кемирарди. Ташқи кўринишим шарқона бўлмагани боис менга кўпинча европаликларга хоc қаҳрамонлар ролларини беришарди. Ижодим шу тарзда бир томонлама давом этса, ўзбек халқининг юрагига қандай йўл топаман? Қачон миллий қаҳрамонларимиз образларини яратаман? Шу нарсани чуқур тушуниб етганим ва бунинг устига ўша кезлари онамнинг вафот этгани руҳан тушкунликка тушишимга сабаб бўлди. Театрдан бутунлай кетиш фикрига келдим, ҳатто кетаётган ҳам эдим. Шундай бир пайтда бахтли тасодиф рўй берди. Ҳали айтганимдек, “Искандар” спектакли саҳналаштириладиган бўлди. Режиссёримиз менга Алишер Навоий ролини таклиф қилди.
Ўшанда баъзи ҳамкасбларим таажжубга тушиб: “Афзал қанақа Навоий бўлади, ташқи кўриниши тўғри келмайди-ку?” дейишган ҳам. Лекин жуда аcтойдил киришганим, аруз ёрдамида шеърларни тўғри ўқиб, сўзларини тўғри талаффуз этиб, томошабин кўнглига таъсир эта олганим боис дублёримнинг бу ролни ўйнашига ҳожат қолмади. Шундан кейин тилимизнинг хусусиятлари яққол кўзга ташлана бошлади. Англадимки, ўзбек тили ниҳоятда бой, қудратли, энг муҳими, ҳар бир сўзимиз жозибали, эҳтиросга тўла. Буни дубляж соҳасида ҳам сездим. 1992 йили “Маҳобҳорат” номли ҳинд сериали илк бор телевидениеда ўзбек тилига ўгирилди. Афсуски, биз овоз берган вариант баъзи техник сабабларга кўра ўчиб кетган. Ўша асарни ўзбекчалаштиришда бир муаммога дуч келдик. Шунга қадар соф дубляжга ўрганган эдик. Телевидениеда бошлаган ишимиз дубляж эмас, бу — кадр ортидан синхрон таржима. Бу ерда юз фоиз ҳолатга тушиш шарт эмас. Таржимани вақтида етказиб турсангиз, томошабинга халал бермасангиз кифоя. Томошабин актёрнинг ҳам овозини эшитиб туради. Илк сериални ўзбекчалаштириш раҳматли Ҳожиакбар Нурматов, Римма Аҳмедова, Ойбарчин Бакирова тўрталамизга топширилган эди. Дастлаб қандай йўл тутишни билмай роса қийналганмиз. Дубляжга ўхшатсак бўлмаяпти, шакарнинг ҳам ози ширин дейишади-ку, кўпайиб кетса, ичиб бўлмайди, қиёмга ўхшаб қолади. Ўртача усулни танладик. Ишимиз эпақайга келгунча 10-15 серия ўтиб кетди. Ҳар гал эшитиб кўриб, камчиликларни тузатиб боравердик. Шу тариқа сериаллар ва филмларни синхрон усулда таржима қилишни бошлаб берганмиз. Ўша жараёнда ҳам ўзбек тилининг ўзига хос хусусиятига, миллатимизнинг руҳиятига лол қолганман.
— Айтинг-чи, овозингиз ҳар қанча бетакрор ва мафтункор бўлмасин, ролга тўғри келмайдиган ҳоллар ҳам бўладими?
— Ҳозир қанча филмга овоз берганимни билмайман-у, тембри, яъни жарангдорлиги меникидан-да яхшироқ овозлар бор. Меники кўпроқ ёши катталарга мос тушади, ҳаммага ҳам овоз бера олмайман. Бу жиҳатдан раҳматли Ҳожиакбар Нурматовнинг овози бошқача, имкониятлари кенг эди.
— Дубляж соҳасида илк бор шу санъаткорга овоз берган экансиз.
— Ўшанда “Ўзбекфилм”да киномеханик бўлиб ишлардим. Ҳожиакбар Нурматов эса элга танилган актёр эди. Яратилган филмлар таржима қилиниб, Москвага жўнатиларди. Ҳожиакбар Нурматовга овоз берган рус актёрини қайта олиб келишнинг имкони бўлмай қолди. Режиссёр рус тилини билишимдан, овозимнинг тембридан хабардор эди. Шунда чала қолган қисқагина парча таржимасида Ҳожиакбар Нурматовга овоз берганман.
— Таниқли санъаткор учун янги рол ижро этиш осонми ёки қийинми?
— Ҳар сафар гўё биринчи марта саҳнага чиқаётгандек ҳис этаман ўзимни ва шунга мувофиқ тайёргарлик кўраман… Ҳатто такрор қўйилаётган спектаклда ҳам. Ана шу ҳаяжон ва масъулият тинимсиз изланишга, маҳоратни оширишга ундайди. Аслида санъаткор учун бу бир умр давом этадиган тўхтовсиз жараён. Менимча, бошқа касб-ҳунар эгалари учун ҳам. Тўхтадингми, анча ишларни қилиб қўйдим, деб хотиржамлик ёки манманликка берилдингми, санъаткор сифатида тугайсан. Балки шунинг учун ҳам мен ўқитувчилик қила олмаётгандирман. Чунки устозликнинг ўзи ҳам бир санъат.
— Бир танишим “Шогирд устози ҳунар ўргатишини кутиб ўтириши шарт эмас, ундан “ўғирлаб” олиши керак” деган эди.
— Жуда тўғри, “Менга боққинда, мен қандай бажараётган бўлсам, шундай бажаришни ўрган”, деган таълим усули бор. Ўзим ҳам шунга амал қилганман. Икки йил институтга кира олмаганман. Учинчи йили балим етарли бўлмагани учун сиртқига ўтказиб юборишди. Сиртдан қандай ўрганаман актёрликни, деб бошим қотган. Дадамга айтдим, ҳозирги Миллий театрга олиб келдилар. Саҳна ишчиси қилиб ишга олишган. Олим Хўжаев, Шукур Бурхонов, Наби Раҳимов, Қудрат Хўжаев каби ўзбек театрининг устунлари — устоз актёрлар қандай ижод қилишларини кузатардим. Ана шу менинг ҳақиқий мактабим бўлган. Институтни тугатганимдан кейин актёрлик труппасига қабул қилишган. Актёр сифатида оёққа туришимда ва озми-кўпми элга танилишимда режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг хизмати жуда катта бўлган. Аслида ҳазрат Навоий ролини ўйнаганимдан сўнг ижодимда кескин бурилиш бўлди, дея оламан.
— Танлаган каcбингиз ҳаётингизда қандай ўрин тутади, деб ўйлайcиз?
— Одамнинг ўз ишидан кўнгли тўлмаса, бундан ёмони йўқ. Менда шундай ҳоллар бўлган. Авиасозлик заводида ишлаб юрган пайтимда шундай кайфиятдан қийналардим. Уйимиз олдидан 3-автобус ўтарди. Маршрутнинг охири завод эди. Манзилга етиб борганимдан кейин ҳам анчагача автобусдан тушгим келмай ўтирардим. Ниҳоят, касбимни ўзгартиришга қарор қилдим. Театр ва рассомлик санъати институти эълонини кўриб қолиб, санъатни танладим. Ва ўшанда тўғри қарор қабул қилганимдан хурсандман. Ҳаётимни санъатсиз тасаввур эта олмайман. Бир пайтлар ишга бориш мен учун азоб эди. Санъатни танлаганимдан буён мана неча йилдирки, ишга яйраб бораман. Ҳар куни ишга иштиёқ билан бориш — катта бахт. Тобим қочиб қолсаю ижодга киришсам, микрофон олдига келсам, танамдаги оғриқлар ҳам унут бўлади.
— Бугун театрнинг асосий вазифаси нимадан иборат, деб ўйлайсиз?
— Мураккаб савол бердингиз. Театр маърифат тарғиботчиси бўлибгина қолмай, бир пайтлар одамларга кучли ғоявий-мафкуравий таъсир кўрсатиб ҳам келди. Шўро тузуми бундан жуда самарали фойдаланди. Ўша йиллари шаклан миллий, мазмунан социалистик деган шиорга амал қилинарди. Мустақилликка эришганимиздан сўнг театрнинг моҳияти ва вазифаси бутунлай ўзгарди. Миллий истиқлол ғояси бош мақсадимизга айланди. Бугун ҳам, кейин ҳам театрнинг асосий вазифаси маънавият тарғиботи бўлиши керак.
— Айтишларича, режаларингиз ҳақида сўзлашни унча хуш кўрмас экансиз.
— Лекин бир нарсани айтишим мумкин. Актёр қанча рол ўйнаган бўлмасин, энг яхши ролим ҳали олдинда деган кайфият билан яшайди…
— Ниятингизга етинг!
Мақсуд Ҳамроев суҳбатлашди
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 16-сонидан олинди.