Она-юртни куйламоқ ҳар бир ижодкор учун улуғ саодат. Ҳар қандай тузумда ҳам халқ манфаатини ўйлаб, адолатни тараннум этмоқ эса чинакам қаҳрамонликдир. Бундай шараф ҳамма ижодкорга ҳам насиб этавермайди.
Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг шеърларини ёд олмаган, сўзи куй-қўшиққа кўчганда юракдан тингламаган бирорта юртдошимиз топилмаса керак.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, севимли шоиримиз Абдулла ака билан суҳбатимиз ҳам Ватанимизнинг Энг улуғ, энг азиз байрами — мустақиллик арафасида бу дориломон кунлар халқимиз ҳаётида нечоғли аҳамиятга эга эканлиги, ҳурриятнинг буюк қадр-қиммати ҳақида кечди…
— Абдулла ака, чинакам шоир доим замондан илгари содир бўлажак воқеаларни бошқалардан кўра теранроқ англаб, ўз вақтида муносабат билдиради. Анча йиллар бурун «Мен нечун севаман Ўзбекистонни» номли шеърингизни ёзгансиз. Бу халқимизнинг бугунги ҳурриятли кунларига етишини орзу қилиш ҳисси туфайли дунёга келган бўлса керак?
— Халқимизнинг, Ватанимизнинг бардавом келажагини, нурли истиқлолини менимча мантиқ белгилайди. Аслида адолатнинг оёқ ости бўлиши мантиқнинг бузилишидир. Мантиқан Ўзбекистон ўз ҳурриятига эга бўлишга ҳақли эди. Инсоният генетикасида шундай ғалати туйғулар мавжудки, бу туйғулар яхлит армон ва умид устига қўйилиши ҳам мумкин. Шўро тузумида бизнинг қалбимиздаги армон яхлит шундай эди. Ватанни озод кўриш эди биздаги истак. Ўша даврда бу ҳақида ўйлаш учун ўткир оптимист бўлиш керак бўлгандир, лекин ҳар ҳолда юрагимизда умид, ҳаракатимизда шашт бор эди. Сиз юқорида таъкидлаган “Мен нечун севаман Ўзбекистонни” шеъри бундан 35 йил илгари ёзилган. У даврда Ўзбекистоннинг пахтаси учун, олтини учунгина “ҳурмат” қилишган. Ҳолбуки, ўша пахта ҳам меники, олтин ҳам. Аммо мен нима учун севаман Ўзбекистонни! Агар музликларда яшаган бўлсанг ҳам, халқим, мен чукча ё ёқутга ўхшаган бўлганимда ҳам сен учун жонимни берар эдим-ку, деган мухолиф кайфият билан ёзилган эди-да.
Халқимизнинг буюк ўғлонларини, неча-неча алломаларини қурбон қилган у тузум ҳақида гапириш аянчли. Мустақил ватанимизнинг ялови бутун дунё узра ҳилпираётган ушбу кунда шаҳидларни ёд этиш — қарз.
Тарихдан маълумки, Соҳибқирон бобомиз асос солган салтанат ҳам, аввало Ватан озодлиги йўлида фидойиликка ундайдиган, халқимизнинг барқарорлигини таъминлайдиган эзгу сиёсатга асослангани учун барқарор ва қудратли бўлган. Улуғ бобомиз васиятига бир эътибор қилинг, “Миллатнинг улуғ мартабасини, саодатини сақламоқ, унинг дардларига дармон бўлмоқ вазифангиздир”.
Бу хитоб ўзини таниган, ўзини англаган ҳар қандай инсонга, шу юрт фарзандига беқиёс масъулият юкламайдими?
Шу маънода, комил инсон, озод ва обод Ватан, Ўзбекистон — келажаги буюк давлат ғоялари барчамизнинг манфаатларимизни ўзида ифода этиб, эзгу интилишларимизда бизга қанот бўлади, деб ўйлайман.
– Аммо… собиқ шўро тузумида истиқлол орзуси ила юрт қадрини шарафлаган кўп ижодкорларга осон бўлмаган. Жумладан, сизнинг ҳам “Она тилимга” шеърингизни муҳокама қилишганда қандай аҳволга тушгансиз?
— Ўтган у даврларда ижодкорларни тузумнинг буюртмалари бошқарарди. Қолипга тушмаганларга ҳеч қачон осон кечмаган.
“Она тилимга” (1965 йил ёзган) шеърининг тарихи жуда узун. Саккиз қаторлик шу шеър бошимга маломат тоши бўлиб тушишини туш кўрибманми?
Шеър чиққач “Ҳали сенинг она тилинг борми?», — деган бир дунё саволлар остида қолганман. Ҳар қандай миллатда ҳам холис ва улуғ сиймолар, албатта учрайди. Шундайлардан бири рус халқининг буюк шоири Александр Твардовский эди. Ушбу инсон ўша маҳалларда менинг уч-тўртта шеърим атрофидаги можарони эшитгач, дунёга донғи кетган устозлар аралашгач, шу шеърларимнинг русча таржимаси “Новый мир” журналида эълон қилинган. Катта миннатдорчилик билан бир гапни айтиб ўтишим керак. Ўша уч-тўртта шеърим, яъни “Она тилимга”, “Минораи калон тепасидаги лайлак”, “Тилла балиқча” каби тизмалар Александр Твардовский ҳамда Қайсин Қулиев ёрдами билан марказий нашрларда босилиб чиқилмаганда эди, ўша тақдир чархпалаги қаёққа қараб айланиб кетиши мумкинлигини мен ҳозир ҳатто тасаввур ҳам қила олмайман. Эҳ-ҳе, гапираверсанг гап кўп…
– Аввалги шеърларингиз билан бугунги шеърларингиз ўртасида қандай тафовут бор?
— Ҳозир ижодимизнинг мавзу соҳасида ҳам, талқин қилиш борасида ҳам чегара йўқолди. Айниқса, руҳий таҳлилга кенг йўл очилди. Мен мана шу қутлуғ, шукуҳли йиллар оралиғида мустақиллик, ҳаж сафарлари ҳақида шеърлар ёзиб, тўпламлар чоп эттирдим. Бу мустақилликнинг беқиёс туҳфаси.
– Энди халқимиз асрий орзуси – Ҳурликка эришганда, истиқлол ҳақида мангуликка дахлдор асарлар яратиш учун зиёлилар, шоиру Ёзувчилар қанақа муаммоларни кўтариш шарт деб ўйлайсиз?
— Инсон муаммоси ҳамиша долзарб бўлиб келган. У истиқлол даврида ҳам ўз қадр-қийматини йўқотган эмас. Адабиёт олдида турган улкан саволлардан бири – замона қаҳрамони ким ва у қандай хислатларга эга? Бу масалани бир хил ижтимоий-сиёсий тузумда яшаб турган қўшни қардош адабиёт вакиллари қандай тасаввур этяптилар? Шу маънода истеъдоднинг катта-кичиклиги ҳеч қачон унинг халқининг сони билан белгиланмайди. Катта халқнинг ғоят истеъдодсиз ва нисбатан кичик халқнинг буюк адиблари бўлиши мумкин. Шу ўринда, Расул Ҳамзатов, Чингиз Айтматов асарларини бошқа халқлар адабиётига таъсири ҳақида ҳам баралла сўзлаш мумкин.
— Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси сифатида шоир ва Ёзувчиларимизнинг уюшмага тақдим этаётган асарларидан қониқасизми?
— Негадир изланишлар узоқ давом этаётир… Бугун астойдил ижод қилаётган шоир, Ёзувчилар қатори шунчаки ёзиб юрганлар ҳам йўқ эмас. Бундайлар кўпинча маънавий боқимандаликка берилиб, унвону юбилейлар ташвиши билан яшайдилар. Булар, албатта, адабиёт оламида ўткинчи йўловчилардир.
— Ҳаётингизда улуғ ижодкорлар билан кечган унутилмас адабий ва абадий гурунглардан гапириб берсангиз?
— Бир умрга татигулик учрашувлардан бири ҳаёт ва ижод тажрибаси ҳали ниҳоятда кам, тирик Ёзувчини кўрса ҳайратга тушадиган мен қатори ёшлар учун 60-йилларда Ойбек каби улуғ зотлар билан учрашиб мулоқотда бўлиш фавқулодда бахт эди. Биз ахир мактаб партасидан тортиб, дорилфунун аудиториясида ҳам ўша мумтоз Ёзувчиларимиз асарларини ўқиб савод чиқарганмиз. Талабалик пайтларимиздан кўча-кўйдами, Ёзувчилар уюшмасидами, оммавий йиғинлардами, улуғ адибларимизни узоқдан кўриб, ана Ғафур Ғулом, ана Ойбек, ана Абдулла Қаҳҳор дея бир-биримизни туртиб шивирлашар эдик. Ётоқхонага қайтгач, қолганларга мақтанардик. Қаранг, йиллар ўтибди…
Мен Ойбек домла билан у кишининг хонадонида икки марта учрашганман. Икки сафар ҳам домланинг уйларига ўзларининг йўқловлари туфайли борганман. Илк дафъа, Ойбек романларининг муҳаррирларидан бири марҳум Рустам Комиловга ҳамроҳ бўлиб бордим. Ўша йиллар мен Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида ишлаб юрардим. Эсимда, нашриётда Рустам ака бир куни, терлаб-пишиб, “Сени Ойбек ака йўқлаяпти”, деб қолди. Эндигина уч-тўрт нарсаси эълон қилинган, ҳали ўз қаламига ишониб-ишонмай юрган ёш шоирга бу ташриф қанчалик таъсир қилганини тасаввур қилиш қийин эмас.
… Уйга кираверишдаги залда деворга тақаб қўйилган мўъжаз стол атрофида домланинг рўпарасида анқайиб ўтирган ўша дақиқаларимни бир умр унутмасам керак. Рустам ака мени таништиргач, домла машаққатли талаффуз билан исмимни такрорлади. Кейин улар Зарифа опа иштирокида “Навоий” романининг қайта нашри билан боғлиқ баъзи тузатишларни муҳокама қилиб олишди. Мен бўлсам, бу мўътабар даргоҳда дафъатан нечун пайдо бўлиб қолганимни тушунолмай ҳайрон бўлиб ўтирардим.
Шу орада Зарифа опа “Ойбек адабиётимизнинг кенжа авлоди билан қизиқаётганини, баъзи бирларимизнинг машқларимизни ўқиганлигини, мени ҳам шу сабабдан йўқлатганини” яхши бир кайфиятда айтиб қолди. Домла ниҳоятда тийраклик билан, кўпчилик номдор инсонларда жуда кам учрайдиган самимият ва болаларча беғуборлик билан опанинг гапларини тасдиқ этди. Ўша кунги қисқагина суҳбат адабий ижод заҳмати ҳақида бўлди. Эсимда, Зарифа опа “Ойбек сизларнинг ёшингизда китоб ўқишдан бошқа нарсани билмасди. Навоий, Пушкин, Гёте, Дантеларни жуда кўп мутолаа қиларди. Кинога кам кирарди”, деганида бутун вужудимдан муздек тер чиқиб кетган эди. Мен гарчан кинотеатрларга ҳадеб кираверишни ёқтирмаган бўлсам-да, бу ўгитда вақтингни, ёшлигингни беҳуда ўтказма, деган писанда-маслаҳатни илғаган эдим. Ойбек домла бу ўгитни азбаройи таъкид билан тасдиқлади. Мен кейинчалик жуда узоқ вақт ўша суҳбат таъсирида юрдим…
Мен Ойбек домла, Абдулла Қаҳҳор билан кечган хотиралар ҳақида гапирсам, йирик бир асарга айланади. Улар жуда кўп…
— Сизнинг бир неча китобларингиз дунёнинг турли чет тилларига таржима қилинган. Умуман… бугунги таржимачилик борасида ҳам фикрингизни билмоқчи эдик?
— Таржимага таржимон ўзини буткул бағишлаши керак деб ўйлайман. Шу билан бирга муаллиф билан таржимоннинг савияси яқин бўлиши шарт. Кейин таржимоннинг эркинлиги, менинг назаримда қатъий чегараланган бўлиши зарур. Мен шундай эркинлик тарафдориманки, таржима қилинган асарни уни аслиятида ўқиган киши дарҳол танийдиган бўлсин. Эркинликнинг чегараси ана шу. Бу эркинлик чегарасидан чиққан ҳамоно исталган нарса юз бериш — ўртача асар бўлиши, яхшиси эса расвога айланиши мумкин. Бизда “қозонда бори чўмичга чиқади” дейишади. Таржимон “қозонда йўқ” нарсани бор қилса, бу ёмон. Лекин қозонда борини чиқара олмаслик минг чандон ёмонроқдир. Агар таржимада вазн, оҳанг ва услуб сақланмас экан, асар ўзининг миллий қиёфасини бутунлай йўқотади. Ҳар бир ижодкор албатта, ўз асарини бошқа тилга ўгирилишини хоҳлайди. Умидли дунё дейдилар. Аммо ростини айтганда барча Ёзувчиларни ҳам бунга лойиқ деб бўлмайди.
Ёзувчилар уюшмаси қошида “Ёш таржимонлар” тўгараги фаолият кўрсатиб турибди. Энди асарларимизнинг бўш, умри қисқа таржималарини чоп қилдирилишига лоқайд бўлмаслигимиз керак. Ёш ва иқтидорли таржимонларни тайёрлаш, уларнинг сафини кенгайтириш тўғрисида жиддий бош қотириш жуда зарур.
– Шеърларингизда кўп бор ҳасад, лаганбардорликни қоралагансиз. Бундай иллатлардан ўзингиз ҳам қаттиқ азият чеккансиз чоғи?..
— Афсуски, бундай иллатлар сиёсий тузум ёки мафкураларга боғлиқ эмас. Уларни умуман одамзотга хос деб айтиш мумкин. Афсуски, бу ҳолат руҳан қашшоқ шахсларда очиқ-ойдин намоён бўлади. Мен бир вақтлар:
Дейдилар: ит ҳурар, ўтади карвон, Ранжу балолардан ёнмасин жонинг. Лекин алам қилар бир умр гирён, Итлар орасида ўтса карвонинг.деб ёзган эдим. Ҳасислик, таъмагирлик, виждонсизлик, иккиюзламачилик, қабиҳлик, сотқинлик, Навоий даврида ҳам, Данте замонида ҳам бўлган.
— Буюк ижодкорлар ҳамиша ўз ижод маҳсулларидан кўнгли тўлмаган. Сизнинг ҳам ўзингиздан, ижодингиздан қониқмаган пайтларингиз бўлганми?..
— Руҳий тўлғоқларимни тўлалигича ҳали қоғозга туширишга улгурганим йўқ. Ёзилган шеърларимдан ёзилмаганлари кўпроқ.
– Ёшлар шеърияти ҳақидаги мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашсангиз?..
— Албатта, бугунги ёш ижодкорлар ўта саводли. Илғор адабиёт лабораториясидан хабардор. Фақат ёзганларида миллийлик кўпроқ бўлиши керак. Ёш адабиётимиз вакилларига миллий руҳда ўлмас асарлар ёзишини тилайман.
– Мустақиллик олтин пиллапояларида қалбингиздан не туйғулар кечмоқда?
– Бу йил Юртбошимизнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч» деб номланган китоби нашр этилди. Унда маънавиятнинг қадри, баҳоси, кучи бетимсол эканлиги айтилади. Зеро, биз ижод аҳлининг олий мақсади, бурчи ҳам ана шу — маънавиятга хизмат қилишдир.
Ифтихор туйғуси эса миллат кўкрагини тоғдай кўтарадиган, ўз ери ва озод осмони билан фахрланишдек баланд кайфиятга ошна этадиган муборак туйғу. Мустақиллик шарофати билан халқимиз руҳига руҳ, орзу-умидларига қанот бағишлайдиган қутлуғ тадбирлар изчил амалга ошириб келинмокда. Юртимизда бундай байрамлар бўлишини илҳақ кутган неча авлодлар бу кунларга етмай, армон билан кетдилар. Энди уларнинг руҳини шод этиб, озод юртимизни шарафлаб, ёшлар қалбига Ватан ва эркинлик қадрини муҳим жойлаб катта тантаналар, байрамлар ўтказсак ярашади.
Мустақиллик байрами — халқимизнинг табаррук байрамига айланиб қолди. Уни чинакам миллий ифтихор шодиёнасидай нишонлашга бурчлимиз. Чунки бу — бизнинг муқаддас ва улуғ байрамимиз!
Буюк олмон шоири Иоганнес Бехер бундай деган экан: «Киши фикрлари ўлмаслиги учун ҳар куни, ҳар доимо фикрлаб, тафаккурини чархлаб турмоғи шарт». Бу, албатта, ибратли гап. Шу сабабли биз яшаб турган давримиз ҳақида адолатли, холис, жўяли фикрлар айтмоғимиз учун даврнинг ўй-хаёллари билан яшамоғимиз лозим бўлади. Шу маънода Ватанимиз озодлиги, мустақиллигини эслатувчи ҳар бир лавҳа ёинки суҳбат бизнинг руҳимизни, фикрий оламимизни жунбушга солиши табиий.
Адиба Умирова суҳбатлашди
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).