Ёлқин Тўрақулов (1916-2005)

Тўрақулов Ёлқин Холматович (1916.10.11, Қозоғистон Республикаси Марки шаҳри — 2005.1.3, Тошкент) — биокимёгар олим. Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (1966). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1965). Биология фанлари доктори (1959), профессор (1962).

ТошТИни тугатгач (1936), шу институт биокимё кафедрасида ассистент (1936-38), аспирант (1938-41), айни вақтда Тошкент фармацевтика институти директори (1939—41). Уруш қатнашчиси (1941-44), яна шу институт директори (1944). СССР Тиббиёт Фанлари академияси Биология ва тиббиёт кимёси институтида (Москва) илмий ходим (1944—47). ТошТИ ректори (1947—50), Ўзбекистон Фанлар академияси Қишлоқ хўжалик институтида катта илмий ходим (1950—54), Андижон тиббиёт институти проректори ва кафедра мудири (1954— 56), Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институтида бўлим мудири (1957), директор ўринбосари (1960—62). Ўзбекистон Соғлиқни саклаш вазирлиги Ўлка тиббиёт (ҳозирги Эндокринология) илмий тадқиқот институти директори (1957-60, 1962-63, 1976-96), айни вақтда лаборатория мудири (1957-97; 1998 йилдан илмий маслаҳатчи), Ўзбекистон Фанлар академияси Президиуми аъзоси (1970—72), вицепрезиденти (1963—66), биология фанлари бўлими раиси (1966—79). ТошДУда кафедра мудири (1967 йилдан), Ўзбекистон Фанлар академияси Биокимё институти директори (1967—69), лаборатория мудири 1967—70). СамДУ ректори (1970—72), Ўзбекистон Фанлар академияси Тиббиёт фанлари бўлими раиси (1994—97) бўлиб ишлаган.

Ёлқин Тўрақуловнинг илмий ишлари қалқонсимон без патологиясининг баъзи турларида тиреоид гормонлар биокимёсига оид. Унинг тадқиқотлари замонавий биология, тиббиёт, биокимё, биофизика, радиобиология ва эндокринология фанларининг оригинал йўналишларига бағишланган. Қалқонсимон без касалликларида радиоактив йод ёрдамида ўтказилган клиник-биокимёвий ишлари учун нуфузли Давлат мукофотига сазовор бўлган (1964). Биокимёдан дарслик ва ўқув қўлланмалари, луғатлар тузган.

Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1985), «Элюрт ҳурмати» (1998) ва «Буюк хизматлари учун» (2003) орденлари билан мукофотланган.