Ваҳоб Рўзиматов (1921-2006)

Ваҳоб Рўзиматов (1921.17.11, Тошкент – 2006) — журналист ва таржимон. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1976).

Ёзувчилар уюшмасида маслаҳатчи (1955—60), «Шарқ юддузи» журналида адабий ходим, бўлим мудири (1945—55), бош муҳаррир ўринбосари (1960—71), «Гулистон» журналида масъул котиб, бош муҳаррир ўринбосари (1971—81), «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида бўлим мудири (1881—82) бўлиб ишлаган.

Ижодий фаолияти 30-йиллар охирида таржимонлик билан бошланган. М. Шолохов (“Очилган қўриқ”), К. Симонов (“Тириклар ва ўликлар”) романлари, Артур Конан Дойл (“Шерлок Холмснинг ён дафтаридаги ёзувлар”), Кобо Абэ (“Қумдаги аёл”), Ж. Свифт, Л. Н. Толстой, А. Н. Островский, Н. Ҳикмат пьесалари, шунингдек, А. С. Пушкин, А. П. Чехов, Ф. М. Достоевский, М. Горький, Б. Полевой, О. Гончар, Г. Севунц, О’Генри, М. Твен, Р. Тагор, Ж. Родари ва бошқа ёзувчилар асарларини ўзбек тилига ўгирган.

Ваҳоб Рўзиматовнинг «Катта оила» (ҳамкорликда, 1942), «Уч ўртоқ» (ҳамкорликда, 1943), пьесалари бор. Ваҳоб Рўзиматов Ғафур Ғуломнинг 10 жилдли «Асарлар» тўпламини (1970—78) нашрга тайёрлаган.

«Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган (1999).