Усмонхон Алимов (1950-2021)

Усмонхон Алимов 1950 йили Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида туғилган. 1982-1983 йилларда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, 1983-1987 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида, 1989-1990 йилларда эса Марокашнинг “Каравийн” дорилфунунида таҳсил олган.

Усмонхон Алимов Самарқанд вилояти Пайариқ туманида жойлашган Имом Бухорий номидаги жоме масжидида 1980-1982 йилларда имом ноиби, 1987-1989, 1990-2006 йилларда ушбу масжиднинг имом-хатиби сифатида фаолият юритган. 2000-2006 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби лавозимида ишлаган.

Усмонхон Алимов 2006 йил 8 августда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига тайинланган.

Усмонхон Алимов Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси ҳамда Бутун дунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайланган. Россия Федерацияси Свердловск вилояти мусулмонлари идораси томонидан “Кумуш ярим ой” медали билан, Қирғизистон мусулмонлари идорасининг 1-даражали «Интимоқ» медали («Иттифоқ») билан тақдирланган. 2020 йили Ўзбекистон Республикасининг “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган.

Усмонхон Алимов Уммон Султонлиги Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан эълон қилинган “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан ўрин эгаллаган.

Усмонхон Алимов йигирмадан ортиқ китоб ва юздан зиёд илмий-оммабоп мақола муаллифидир. Жумладан, унинг “Тафсири Ирфон”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Имом Бухорий баракоти”, “IX-X асрларда Самарқандда калом илмининг ривожланиши”, “Ҳазрати Имом”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Расулуллоҳнинг муборак васиятлари”, “Расулуллоҳ мўъжизалари”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Сўраган эдингиз” каби асарлари чоп этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Алимов 2021 йил 15 август куни оғир хасталикдан сўнг Москвада вафот этган.