Тўлаган Хўжамёров – Тавалло (1882-1937)

Тўлаган Хўжамёров — Тавалло ХХ аср бошлари Тошкент адабий муҳитининг кўзга кўринган намояндаларидан эди. У 1882 йили Тошкентнинг Кўкча даҳасида зиёли оилада туғилди. Аввал эски мактабда, сўнг Бекларбеги мадрасасида таҳсил олди. Бекларбеги мадрасаси бу даврларда Тошкент адабий ҳаётининг марказларидан бири эди. Тавалло шу ерда Каримбек Камий, Мискин, Хислат, Юсуф Сарёмий каби замонасининг атоқли шоирлари билан танишади.  Айниқса, Юсуф Сарёмий билан яқин алоқага киришиб, уни ўзининг пири, устози сифатида эътироф этади. “Тавалло” деб тахаллус олиши ҳам мазкур устоз даъвати билан бўлади.

Тавалло ўзи яшаб турган воқелик моҳиятини, Туркистоннинг чор истибдоди остида ҳуқуқсиз, забун бир қисматга маҳкум эканлигини англаган паллада, яъни 1905 йиллардан бошлаб жадидчилик ҳаракатларига қўшилади. Бу ҳаракатнинг барча муҳим жабҳаларида иштирок этади. Хусусан, миллий матбуотимизнинг илк намуналари ҳисобланган “Тараққий”, “Шуҳрат”, “Садойи Туркистон”, “Садойи Фарғона” газеталарида унинг шеър ва мақолалари мунтазам чиқиб туради.

1914 йил 30 августда Мунавварқори, Авлоний, М.Подшохўжаев, Ҳусанхўжа Дадахўжа ўғли (ёзувчи Саид Аҳмаднинг отаси), Саидабдулло Саидкарим ўғли Саидазимбоев, Комилбек Норбеков (жами 12 киши)лар билан биргаликда Тошкентда «Нашриёт» ширкатини тузиб, китоб чиқаришни йўлга қўядилар. 1915 йилда эса Авлонийлар ташаббуси билан тузилган “Турон” жамиятида фаолият кўрсата бошлайди.

1913 йилнинг ўрталарида Тошкентда биринчи миллий театр труппаси фаолият бошлайди. 1914 йилнинг 27 февралида “Колизей” театр биносида намойиш этилган “Падаркуш” спектакли шу труппанинг илк миллий театр томошаси эди. Тавалло бу ҳаракатнинг ҳам ташкилотчилари ва жонкуярлари қаторида кўринади. Ана шу воқеага бағишлаб махсус шеърлар ёзади.

1918—19 йилларда Тошкентнинг дастлаб Эски шаҳар, сўнг Янги шаҳар ижроия қўмиталарининг аъзоси бўлган. Кейинчалик турли хўжалик ишларида ишлаган.

1916 йили Тавалло ўзининг матбуотда эълон қилинган ва босилмаган шеърларини тўплаб, “Равнақ ул-ислом” номи билан чоп эттиради. Тўпламда етмишга яқин шеър жамланган бўлиб, уларнинг деярли барчаси маърифатпарварлик руҳи билан йўғрилган.

Тавалло 1917 йил октябрь тўнтаришидан сўнг турли идораларда ишлади. “Муштум” журналида ҳажвий шеърлар билан фаол иштирок этди.

Тавалло 1937 йил 14 августда «Турон», «аксилинқилобий», «Миллий иттиҳод» ва бошқа ташкилотларнинг аъзоси бўлганликда, «шеърларида миллатчилик ғояларини илгари сурган»ликда айбланиб, қамоққа олинган. 1937 йил 10 ноябрда НКВД қошидаги учлик ҳукми билан отиб ташланган. 1968 йил 18 октябрда оқланган.

Тавалло қабрининг қаердалиги номаълум.