Тўлан Низом (1939-2020)

Тўлан Низом (тахаллуси; асл исм-шарифи Низомиддинов Тўланбой) 1939 йил 17 августда Андижон вилояти, Бўз туманининг Бешгул қишлоғида туғилган.

Андижон педагогика институтини тугатган (1965). Ёшлар ташкилотларида раҳбар (1965-76), туман халқ таълими бўлимида мудир (1976-83), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлимида масъул котиб (1983-85), Бўз педагогика билим юртида директор (1985-2001) бўлиб ишлаган.

Биринчи шеърий тўплами — «Сенинг эртакларинг» (1970). Шундан сўнг Тўлан Низомнинг «Ифтихор» (1982), «Ой қизлар» (1988), «Муқаддас руҳ» (1993), «Ватан туйғуси» (1993), «Чаман ичра», «Акс-садо», «Интизорлик» (1994), «Даҳр боғи» (1995), «Сайланма» (1998) каби шеърий тўпламлари эълон қилинган. «Баҳорий майсалар», «Авжи ёз» ва «Заррин япроқлар» номи билан (2007-2010) уч жилдлик асарлари босилган.

Тўлан Низом сўнгги йилларда лироэпик жанрларда самарали ижод қилиб, Бобур, Машраб, Чўлпон, Миртемир, Усмон Носир, С. Зуннунова, М. Юсуф сингари сиймоларга бағишланган «Чўлпон», «Мажнунтол йиғиси», «Руҳи равоним» (1993), «Уч сўз» (1995), «Оқ гул», «Ботмай қолган ой» (1996), «Алишер» (2003) сингари достон ва лирик қиссаларини езди. «Нон ҳиди» (1998), «Суҳбат» ва Қамчиқ довони қурилишига бағишланган «Довон» (2002) достонлари муаллифи.

У Ўзбекистон халқ шоири (1998), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими. Халқаро Чўлпон ва Бобур мукофотлари лауреати. «Меҳнат шуҳрати» (2003) ва «Эл-юрт ҳурмати» (2008) орденлари билан тақдирланган.

Тўлан Низом 2020 йилнинг 10 декабрь куни вафот этган.