Собир Юнусов (1907-1995)

Юнусов Собир Юнусович (1907.18.3, Тошкент, 1995.29.11) кимёгар олим. Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (1952). СССР Фанлар академияси мухбир аъзоси (1958), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби (1959), кимё фанлари доктори (1949), профессор (1952). Меҳнат Қаҳрамони (1969).

Ўрта Осиё университетини тугатган (1935). Уруш қатнашчиси (1941—43). Ўзбекистон Фанлар академияси Кимё институти алкалоидлар кимёси лаб. мудири (1943—87), айни вақтда институт директори (1949—52), Ўзбекистон Фанлар академияси вицепрезиденти (1952—62). Ўзбекистон Фанлар Академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти ташкилотчиси ва директори (1958—83), илмий консультант (1983—86), фахрий директори (1987-95), Ўзбекистон Фанлар академияси кимё-технология бўлими раиси (1986—87) бўлиб ишлаган.

Илмий ишлари тетрагидроизохинолин ва фенантридин алкалоидларини тадқиқ қилиш, янги алкалоидлар тузилишини аниқлаш, улардан амалиётда фойдаланиш, ўсимликларда алкалоидлар ҳосил бўлиш механизмини, уларнинг ўсиш майдонларига қараб йиғилиши ва тўпланиши динамикасини ўрганишга оид.

Собир Юнусов — Ўзбекистонда алкалоидлар кимёси мактабининг асосчиси. Унинг раҳбарлигида 4 мингдан ортиқ ўсимлик тадқиқ қилиниб, уларнинг ярмидан кўпроғида алкалоидлар мавжудлиги аниқланди, 1000 дан ортиқ алкалоидлар ажратиб олинди, цитизан, галантамин, папаверин, протопин каби муҳим алкалоидларнинг 100 дан ортиқ манбаи топилди. Тиббиёт учун амалий аҳамиятга эга 20 га яқин бирикма амалиётга тавсия этилди.

Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1967). Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2002). Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институтига унинг номи берилган.