Собир Абдулла (1905-1972)

Ўзбекистон халқ шоири, Ҳамза мукофоти совриндори, таниқли драматург Собир Абдулла 1905 йил 5 (18) сентябрда Қўқон шаҳрида хизматчи оиласида дунёга келди. Эски ва янги мактабларда билим олган Собир Абдулла 1924—1926 йилларда ишчилар тайёрлов курсини тамомлади. 1925—1948 йилларда «Янги Фарғона», «Ёш ленинчи» газеталари, «Муштум» журналида адабий ходим, Андижон театрида эса адабий эмакдош бўлиб ишлади.

Собир Абдулла ижоди 1925 йилдан бошланган. Шоирнинг «Эрк илҳомлари» номли биринчи тўплами 1931 йилда босилиб чиққан. Унинг «Кўклам нашъаси» (1932), «Таажжуб», «Гулшан» (1939) шеърлар тўплами, «Навбаҳор» (1930), «Дўстлик» (1937) ҳикоялар тўпламларида халқ ҳаёти, шоирнинг маънавий дунёси ўз ифодасини топган. Собир Абдулла сермаҳсул драматург эди. Унинг «Боғбон қизи» (1930), «Ойхон» (1935), «Тоҳир ва Зуҳра» (1939), «Алпомиш», «Муқимий» каби саҳна асарлари театрларимизнинг кўрки бўлган.

Уруш йилларида адиб жангчилар ҳаёти ва фронт орқасидаги кишиларнинг фидокорона меҳнатини акс эттирувчи «Агар Ватан буюрса», «Чегарачи», «Олға қадам ташланглар» шеърларини ёзиш билан бирга, «Қурбон Умаров» (1941), «Даврон ота» (1942) каби пьесаларнинг яратилишида ҳам фаол иштирок этган.

Урушдан кейинги йилларда Собир Абдулла яратган «Ватан севгиси», «Бахтим қилур намойиш», «Пахтакор тонги», «Равшан замон» қўшиқлари халқимиздаги ватан-парварлик ва меҳнатсеварлик фазилатларини улуғлашга хизмат қилган.

Ғазалнавис шоир умрининг сўнгги йилларида маърифатпарвар шоир Муқимий ҳаётини акс эттирувчи «Мавлоно Муқимий» романини яратган. У Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти лауреати. Ўзбекистон халқ шоири (1965), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1944) Собир Абдулла 1972 йил 24 октябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.