Шуҳрат Аббосов (1931-2018)

Шуҳрат Солиҳович Аббосов 1931 йил 16 январда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида туғилган. 1949 йили Тошкент тиббиёт техникуми, 1954 йили Тошкент театр санъати давлат институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)нинг режиссёрлик факультетини тамомлаган. У «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвони, Давлат мукофоти, «Эл-юрт ҳурмати» ордени ва бошқа қатор орден ва медаллар билан мукофотланган.

Меҳнат фаолиятини Янгийўл шаҳридаги Тошкент вилояти мусиқий драма театрида режиссёр сифатида бошлаган. 1958 йили «Мосфильм» студияси қошидаги Олий режиссёрлик курсини тамомлаган. 1982-1986 йилларда «Ўзбекфильм» киностудиясида режиссёр, кейинчалик директор, Ўзбекистон кинематографлари уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори каби масъул лавозимларда самарали меҳнат қилган.

Ўзининг 60 йилдан зиёд ижодий фаолияти давомида миллий театр ва кино санъати ривожига катта ҳисса қўшган Ш.Аббосов томонидан яратилган «Майсаранинг иши», «Оғриқ тишлар» каби спектакллар, «Сен етим эмассан», «Маҳаллада дув-дув гап», «Тошкент – нон шаҳри», «Абу Райҳон Беруний» сингари бадиий фильмлар санъатимизнинг «олтин фонди»дан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллаган.