Шойим Бўтаев (1959)

Шойим Бўтаев 1959 йил 20 июнда Тожикистоннинг Ўратепа туманига қарашли Майдонча кишлоғида туғилган. Хўжанд Давлат педагогика институтининг тарих-филология факультетини тугатган (1982).

«Гулистон» журналида адабий ходим, «Тонг юлдузи» (собиқ «Ленин учқуни») газетасида бўлим мудири, «Чўлпон» нашриётида муҳаррир, республика радиосида «Адабиёт ва радиотеатр» бош муҳарририятининг бош муҳаррири вазифасида ишлаган.

Илк қиссаси — «Сирли юлдузлар» (1984). Шундан сўнг ёзувчининг «Дунёнинг сарҳисоби бор» (1988), «Энди бари бошқача» (1990), «Шамол ўйини» (1995), «Кунботардаги боғ» (1997), «Ҳаёт» (2000), «Кўчада қолган овоз» (2005) каби қисса ва ҳикоялардан иборат тўпламлари нашр этилган. «Қўрғонланган ой» (1996), «Шох» (2007) каби романлар муаллифи.

Шойим Бўтаевнинг бир қатор асарлари рус, тожик, немис ва инглиз тилларига таржима қилинган. У 1988 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. «Дўстлик» ордени билан тақдирланган (2001).