Шокиржон Раҳимий (1898-1938)

Шокиржон Раҳимий (1898, Тошкент — 1938.4.10) — маърифатпарвар. Отаси қўлида хатсаводини чиқаргач, мадрасада, усули жадид мактаби ва кечки рус-тузем мактабида ўқиган (1903—09).

«Раҳимия» мактабида ўқитувчилик қилган (1909—19). Шокиржон Раҳимий «Турон» театр тўдаси фаолиятида қатнашиш билан бирга Халқ университети (1918), «Иштирокиюн» газетаси (1919) ва «Нашри маориф» жамиятининг ташкил этилиши (1923)да ташаббускор бўлган. 1912 йилдан бошлаб усули жадид мактаблари ва турли ўқув юртлари учун ўқув қўлланмаларини нашр этган.

Ўзбек тилидаги биринчи алифбе дарслиги — «Совға» (1919), шунингдек, «Она тили» (1918, Фитрат ва Қ. Рамазон билан ҳамкорликда), «Катталарга ўқиш», «Алифбе дарслиги» (1922), «Катталар йўлдоши» (1924), «Катталар алифбеси» (1927), «Савод» (1930), «Ўзбек тили. Иш китоби» (1932) сингари дарслик ва ўқув қўлланмалар муаллифи.

«Садои Туркистон» газетасида адабий ходим (1914—15), Эски шаҳар (1918—23) ва Тошкент вилоят халқ маориф бўлимларида мудир (1924), айни пайтда l-босқич мактаблари, таълим ва тарбия билим юртларида ўқитувчи ва мудир (1918-22).

Шокиржон Раҳимий 1924 йилда Москвада ўзбек ёшлари учун ташкил этилган Бухоро Маориф уйи ва ишчилар факултетига мудир этиб юборилган. 1930—31 йилларда «миллий иттиҳодчилар» устидан бўлиб ўтган суддан кейин Тошкентга қайтиб, маориф тизимидаги муассасаларда ишлаган.

1937 йил 5 августда «халқ душмани» сифатида қамоқка олиниб, кўп ўтмай, отиб ташланган.