Саид Шермуҳамедов (1930-2016)

Саид Шермуҳамедов 1930 йил 12 майда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида туғилган. 1948-1953 йилларда Самарқанд давлат университетида таълим олган. Ўқишни тугатиб, ушбу университет аспирантурасида таҳсилни давом эттирган.

Фалсафа фанининг долзарб масалалари бўйича 1960 йилда номзодлик, 1974 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1994 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланган.

Саид Шермуҳамедов ўзининг 60 йилдан ортиқ меҳнат фаолияти давомида Ўзбекистон Фанлар академиясининг фалсафа ва ҳуқуқ институти илмий ходими, илмий котиби, директор ўринбосари, республика маориф вазири, Педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти директори, Ўзбекистон Миллий университетининг кафедра мудири каби масъулиятли лавозимларда самарали хизмат қилган ва юртимизда фалсафа фанига доир масалаларни илмий тадқиқ этиш, ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишида юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишида фаоллик кўрсатган.

Саид Шермуҳамедовнинг раҳбарлигида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари тайёрланган.