Рожий Хўқандий (1871-1924)

Рожий, Сулаймонқул уста Суярқул ўғли (1871 — Қўқон — 1924.11.11) шоир, хаттот. Қўқон мадрасаларида таҳсил кўрган.

Рожий ишқий ғазаллар, сатирик шеърлар, таърихлар ёзган. Уларда самимий муҳаббат улуғланган, 1-жаҳон уруши воқеалари акс этган, инсоннинг жамиятда тутган ўрни ва қадр-қимматига баҳо берилган.

880 мисра шеър, 400 дан ортиқ мақол ва ҳикматли сўзларни ўз ичига олган «Зарбулмасал» асарида шоирнинг гуманистик ҳамда дидактик қарашлари, даврнинг ижтимоий масалаларига муносабати акс этган. Рожий 20-аср вақтли матбуотида ҳам фаол қатнашган. Жумладан, М. Беҳбудийнинг «Ойна» журналида унинг 2 та шеъри босилган.

Рожий Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис» ва «Хамсат ул-мутаҳаййирин» асарларини кўчирган. Рожий асарларидан баъзиларини ўз ичига олган, Абдулмажид Котиб томонидан тузилган қўлёзма баёз Қўқондаги Ғафур Ғулом номидаги адабиёт музейида сақланади.