Роғиб (1865-1935)

Роғиб (тахаллуси; асли исм-шарифи Муҳаммад Раҳим Шокир ўғли) (1865 — Хоразм вилояти Урганч тумани Қоровул қишлоғи — 1935) — шоир. Навоий, Ҳофиз, Мунис, Огаҳий, Комил каби шоирлар ижодини ўрганган, ғазалларига мухаммаслар боғлаган.

Шеъриятдаги истеъдодини кўрган Феруз уни саройга таклиф қилган. У ерда Баёний, Аваз, Чокар ва бошқа шоирлар билан танишган, ижодий мулоқотда бўлган. Саройдаги мушоираларда катнашган. Ферузнинг амри билан шеърларини тўплаб девон тузган, «Девони Роғиб» номида нашр этилган. Феруз вафот этгач (1910), саройдан ўз қишлоғига қайтиб, деҳқончилик билан шуғулланган. Хоразм инқилобидан сўнг маориф муассасаларида ишлаган.

Роғиб лирик ва ҳажвий шеърлар ёзган. Лирикасида ишқ-муҳаббат, дўстлик, маърифатпарварлик ғояларини тарғиб килган, она Ватан табиати гўзалликларини мадҳ этган («Танбур», «Боғ», «Хивақ», «Ўлсун» ва б.). Ўзи тузган девони (1899, 1221 ғазал, 33 мухаммас, 6 таржеъбанд, 36 рубоий, 12 қитьа ва бир неча маснавий, мустазоддан иборат) ҳамда турли баёзларга кирган шеърлари етиб келган. Девоннинг қўлёзма нусхалари Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти фондида (инв.№6681) ва Хива тарих музейи (инв. №2038)да сақланади.