Раззоқ Абдурашид (1936)

Раззоқ Абдурашид 1936 йил, 4 январда Тошкентнинг Кўкча даҳасидаги Шопайизқулоқ маҳалласида туғилган. Тошкент давлат университетининг филология факультетини битирган.

1958 йилдан бошлаб, унинг мустақил ижод ва хизмат фаолияти бошланди. Вақтли матбуотда бирин-кетин шеърлари эълон қилинди. 1962 йилда эса шоирнинг биринчи китоби — «Йўл бошида» бадиий адабиёт нашриёти томонидан чоп этилди. Бу китобга кирган шеърларини саралашда устози, шоир Шуҳратнинг хизмати катта бўлганини муаллиф ҳурмат ва эҳтиром билан қайд этади. Шундан сўнг «Кафтимда олам», «Кайфият», «Бодом гули», «Мусаффо осмон», «Ёруғлик», «Эҳтирос», «Оталар чироғи», «Йўл ўртаси», «Приток», «Отчий порог» (Москва, «Советский писатель»), «Бабушка — сказка» («Детская литература», Москва) каби 20 га яқин китоби нашр этилди. У «Қуёшга қўл кўтарган», «Тошфарёд», «Юлдузлар хаёли», «Умрдан лавҳалар», «Тириқлар» каби қатор достонлар яратган.

Раззоқ Абдурашиднинг таржимон сифатида Пушкин, Н. Ҳикмат, Расул Ризо, Р. Ҳамзатов, Муса Жалил шеърларини, Самад Вурғун, Егор Исаев достонларини ўзбек тилига таржима қилди. Айниқса, Самад Вурғуннинг ҳароратли таржимони сифати-да ўқувчилар эътиборига тушди. Машҳур озар шоирининг учта китобини таржима қилиб, ўзбек китобхонларига тақдим этди. Булар орасида «Асримиз байроқдори» достони, «Воқиф» драмаси ҳам бор.