Пўлатжон Қайюмов (1885-1964)

Пўлатжон Қайюмов (1885, Қўқон — 1964) — маърифатпарвар педагог, таржимон. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи (1944). Азиз Қаюмов ва Лазиз Қаюмовнинг отаси. Мадрасада, сўнг рус-тузем мактабида (1906) ўқиган.

Янги усул мактаби очиб, Ҳ.Ҳ.Ниёзий, А.Ибодий, М.Холиқий, С.Мажидий ва бошқалар жадид муаллимлари билан ҳамкорлик қилган. «Тазкираи Қайюмий» асарида 324 нафар ўзбек шоирларининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида қимматли маълумотлар берилган ҳамда уларнинг асарларидан (10259 мисра) намуналар келтирилган.

«Хўқанд тарихи ва унинг адабиёти» асари Қўқон хонлиги тарихи ва адабий муҳити вакиллари ижоди ҳақида. Пўлатжон Қайюмов Фурқатнинг қўлёзма девонини тузган (1959), Махмурнинг 69 та шеъридан иборат ноёб қўлёзма девонини топган (1950), бухоролик ёзувчи ва олим Қори Раҳматуллоҳ Возеҳнинг «Туҳфат ул-аҳбоб фи тазкират ул-асҳоб» тазкирасини ўзбек тилига таржима қилган. «Уч оғайни ботирлар» эртагини ёзиб олган ва эълон қилган.

Қўқон шаҳридаги кўчалардан бирига Пўлатжон Қайюмов номи берилган.