Отажон Ҳошим (1905-1938)

XX аср ўзбек адабиётшунослигига асос солган ва танқидчилигининг атоқли намояндаларидан бири бўлган Отажон Ҳошим (Ҳошимов) 1905 йилда Тошкентда деҳқон оиласида дунёга келган. У дастлаб эски мактаб ва мадрасаларда, шунингдек, рус-тузем мактабида таълим олган. 1922—1924 йилларда Москвада ишчилар факультетида таҳсил кўрган. Қизил профессорлар институтини тугатгач, Ўзбекистон Маориф комиссарлиги қошидаги Илмий кенгаш раҳбари, кейинроқ эса Ўзбекистон Фанлар Қўмитасининг раиси вазифаларида фаолият кўрсатган.

Шу даврда у Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон педакадемиясини ташкил этиб, собиқ СССРдаги кўзга кўринган йирик олимларни ушбу олий ўқув юрти атрофида бирлаштирган. Ўзи эса 1929—1933 йилларда илмий салоҳиятини чуқурлаштириш мақсадида Ленинграддаги Шарқшунослик институти аспирантурасида ўқиган. О. Ҳошим аспирантурани тугатгач, 1934—1937 йиллар давомида аввал Ўзбекистон Фанлар Қўмитаси раҳбари, сўнг Тил ва адабиёт институтининг директори лавозимларида хизмат этади. Худди шу йилларда у йирик адабиётшунос мунаққид сифатида ҳам шуҳрат топади.

Унинг «Ўзбекистонда илмий ишлар», «А. С. Пушкиннинг «Евгений Онегин» таржимаси ҳақида», «Диалектика ва диалектик усулда ўйлаш», «Ўзбек фольклори ҳақида», «Адабий мерос», «Ўзбек тили ва имлоси» (1929—1935 йиллар) каби мақолалари XX аср бошларида туғилаётган ва шакллана бошлаган ўзбек гуманитар фанларига ҳисса бўлиб қўшилди. Айни чоғда у Фитрат, Ғози Олим Юнусов, Е. Д. Поливановлар сафида туриб, олий ўқув юртларининг аспирантура курсларида фалсафа, сиёсий иқтисод ва бошқа фанлардан маърузалар ҳам ўқиди.

У 1937 йил 2 августда қамоққа олиниб, 1938 йилнинг 4 октябрида халқ душмани сифатида отиб ташланган.