Одил Ёқубов (1926.20.10, ҳозирги Жанубий Қозоғистон вилояти Қарноқ қишлоғи – 2009, Тошкент) — Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1985). 2-жаҳон уруши қатнашчиси. ТошДУ филология факултетини тугатган (1956).
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи (1955—59), «Литературная газета»нинг Ўзбекистондаги махсус мухбири (1959—63; 1967—70), «Ўзбекфильм» киностудияси ва Ўзбекистон давлат кинематография қўмитасида бош муҳаррир (1963—67), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида бош муҳаррир ўринбосари (1970—82), «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси бош мухаррири (1982—87), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқарувининг биринчи котиби (1987—91), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамашунослик қўмитаси раиси (1991 йилдан) ва Марказий Осиё халклари маданияти Ассамблеясининг биринчи вице-президенти (1995 йилдан) бўлиб ишлаган.
Дастлабки асари — «Тенгдошлар» қиссаси 1951 йилда эълон қилинган. «Дастлабки кадам» (1953), «Икки муҳаббат» (1955) ҳикоялар тўплами, «Тилла узук» (1961) қисса ва ҳикоялар тўпламида муҳаббатни инсонга хос улуғ, муқаддас хислат сифатида тасвирлайди. «Муқаддас» қиссасида (1960) Одил Ёқубовнинг чинакам ёзувчига хос услуби ва йўли намоён бўлди. Мазкур асарда худбинлик йўлига туша бошлаган йигитнинг тўғри йўлга қайтиши масаласи қаламга олинган. «Эр бошига иш тушса…» романи (1966) 2-жаҳон уруши давридаги фронт орқасидаги ҳаёт, меҳнат қаҳрамонликлари, халқимизнинг ватанпарварлиги ва мардлиги ҳақида. «Бир фельетон қиссаси» (1961), «Қанот жуфт бўлади», «Матлуба» (1970) қиссалари ва кўпгина ҳикояларида ёшларнинг турмушда юз берган зиддиятларга қарши мардонавор кураши, муҳаббати тасвирланган.
«Улуғбек хазинаси» романи (1973) олим ва ҳукмдор Улуғбек давридаги ижтимоий муносабатлар, олис ўтмишимиздаги нур ва зулмат ўртасидаги кураш ҳақидаги асардир. Романда аянчли такдирлар, фожиалар кўп, аммо оптимистик руҳ — инсон тафаккури ва эзгуликнинг тантанасига ишонч бор.
«Кўҳна дунё» (1982) романида ўрта асрда яшаб жаҳон фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган олимлар Ибн Сино ва Берунийнинг фожиали тақдири қаламга олинган. «Диёнат» (1977), «Оқ қушлар, оппоқ қушлар» (1988), «Адолат манзили» (1998) романларида ўзбек халқининг 20-асрнинг 60—70-йилларидаги ҳаёти ва кураши манзаралари ҳаққоний тасвирланган. Гарчи бу асарларнинг асосий қаҳрамонлари турли соҳаларнинг вакиллари, характерлари ҳам турлича бўлса-да, тақдирлари, мақсад ва интилишлари билан бир-бирларига ўхшайдилар. Улар нопоб тузумда яшаб кўп ноҳақликларни, фожиаларни бошдан кечирган, аммо тинмай меҳнат қилган ва курашган, миллий мустақиллик пойдеворини қурган, мустаҳкам иродали, мард ва олижаноб инсонлардир. Одил Ёқубов мазкур романлари билан ўзбек насридаги ижтимоий руҳ, кескин конфликт, характерлар, психологизмни сезиларли даражада кучайтирди, уни янги характерлар, янги бадиий хулосалар билан бойитди.
Одил Ёқубов «Чин муҳаббат» (1955), «Айтсам тилим, айтмасам дилим куяди», «Юрак ёнмоғи керак» (1958), «Олма гуллаганда» (1961), «Музаффар Темур» (1996), «Бир кошона сирлари» (2000) каби пьесалар, «Дилбарим», «Баҳор ёмғирлари» киносценарийлари (1971) муаллифи.
Одил Ёқубов моҳир таржимон, мунаққид, публицист. Унинг Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Ҳамид Олимжон, Абдулла Орипов ва бошқалар ижодига бағишланган адабий портрет ва мақолалари бор. Асарлари чет тилларга, шунингдек, қардош туркий халқлар тилларига таржима қилинган. Одил Ёқубов ижоди ҳақида адабиётшунослар Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов, Леонид Теракоян, Умарали Нормашов, Норбой Худойберганов, Ботир Норбоев ва бошқалар илмий тадқиқот ишлари қилишган.
Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1977), «Дўстлик» (1994), «Эл-юрт ҳурмати» (1998) орденлари билан мукофотланган.
Ҳабибулло Бектемиров, Алиназар Эгамназаров.