Нормурод Норқобилов 1953 йил 7 июнда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги Қишлиқ қишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (2006). ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1982).
Тўқимачилик корхонасида слесарь, Ўрта Осиё темир йўлида ишчи, ғишт заводида ғишт терувчи, омбор қоровули, машинасозлик заводида фарма ясовчи, «Тошкент оқшоми» газетасида адабий ходим, Ўзбекистон телевидениесида кичик муҳаррир, муҳаррир ва бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган.
Унинг «Чорраҳада» деган илк ҳикояси 1982 йилда «Тошкент оқшоми» газетасида босилиб чиқади. «Ёшлик» журналида, сўнг эса «Камалак», «Чашма» каби тўпламларда босилади.
«Зангори кўл» (1987), «Унутилган қўшиқ» (1990), «Юзма-юз» (1993), «Пахмоқ» (1997), «Сариқгул» (1998), «Аразчи чумчуқ» (1999), «Бекатдаги оқ уйча» (2000), «Жўшқин дарё», «Овул оралаган бўри» (2005), «Бўрон қўпкан кун» (2007) каби қисса ва ҳикоялардан иборат тўпламлари нашр этилган.
Унинг асарларида адиб туғилиб ўсган воҳанинг ўзига хос табиати, содда ва беғубор кишиларига хос инсоний фазилатлар ҳақида баҳс тинглагандек бўламиз. Улардаги барча ҳикоялар, қаҳрамонлар адибга яқин ва таниш бўлганлигидан китобхон қалбида ҳам ёрқин из қолдиради. Тасвир услуби ва ифода тили содда ва равон бўлганлигидан ўқувчи зерикмайди.
«Қуёши ботмайдиган юрт», «Шим ёхуд хотинлар жанжали» номли асарлари асосида бир неча қисмли видеофильм яратилган.
«Шуҳрат» медали билан тақдирланган (1999).