Муҳаммад Юсуфбек Баёний (1858-1923)

Баёний (тахаллуси; асл исми Муҳаммад Юсуфбек Бобожонбек ўғли) (1858— Хива — 1923) — Ўзбек шоири, тарихчи, мусиқашунос, хаттот ва таржимон. Хивадаги Шерғозихон мадрасасида таҳсил кўрган. Сулс, куфий, райҳоний, шикаста хатларини яхши билган, танбур чертиш ва ғижжак чалишда моҳир бўлган.

Баёнийнинг бир девони, Хоразм тарихига оид икки асари ва таржималари сақланган. У мумтоз шеъриятнинг деярли ҳамма жанрларида ижод қилиб, Навоий, Мунис, Огаҳий анъаналарини давом эттирган. Аваз Ўтар билан ижодий ҳамкорликда бўлган. «Девони Баёний» шеърлар тўпламини тузган. Унга кирган шеърларида дунёвий севгини улуғлаган, табиат гўзалликларини содда ва равон ифодалаган, мазлумлар, илм-фан аҳлининг аччиқ тақдирига ачинган.

«Шажараи Хоразмшоҳий» тарихий-мемуар асари билан Мунис ва Огаҳий бошлаган ишни давом эттирган. Бунда Ёфасдан Қўнғирот уруғигача, Абулғозий Баҳодирхондан Асфандиёрхонгача ўтган хонлар ҳукмронлиги даври тарихи ёритилган. «Хоразм тарихи» асари «Шажараи Хоразмшоҳий»даги воқеаларни тўлдирган. Асарнинг аввалги боблари маъно жиҳатдан «Шажараи Хоразмшоҳий»га ўхшаб кетади. Лекин ёзилиш услуби билан ундан фарқ қилади. Асарда, асосан Асфандиёрхон ҳукмронлиги даври ва ундан кейин рўй берган воқеалар тасвирланган. 16 бобдан иборат бу асарнинг 8 бобигина бизгача етиб келган.

Баёнийнинг ҳар икки тарихий асарида ижтимоий-иқтисодий ҳаётга оид жуда кўп қимматли материаллар бор. Жумладан, Хива хонлигининг Бухоро ва Қўқон хонлиги ва хонликка қўшни бўлган бошқа мамлакатлар билан савдо ва дипломатик муносабатлари, меҳнаткашлардан олинадиган ҳар хил солиқлар, Хоразмда яшаган олим ва шоирлар, шаҳарлар ҳаёти, деҳқончилик ишлари тўғрисида бой маълумотлар ёзилган.

Баёний арабчадан Дарвеш Аҳмад («Саҳойиф ул-ахбор», 1901), форсчадан Биноий («Шайбонийнома», 1915), Табарий («Тарихи Табарий») асарларини ўзбек тилига таржима қилган. «Мажмуаи шуарои форсий» тўплами (1900) ва бошқани ҳуснихатда кўчирган.

«Шажараи Хоразмшоҳий» (инв. № 9596), «Хоразм тарихи» (инв. № 7421), «Девони Баёний» (инв. №№ 1120, 7106, 6666) асарларининг қўлёзмалари Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланмоқда.