Машраб Бобоев (1941-2003)

Таниқли шоир ва драматург Машраб Бобоев 1941 йилда Самарқанд вилоятининг Пойариқ туманида туғилган. 1956 йилда ўрта мактабни битиргач, аввал жамоа хўжалигида, кейин қишлоқ кутубхонасида ишлади. 1960-1965 йилларда Тошкент Театр ва рассомлик санъати институтининг актёрлик факультетида таҳсил кўрди. Республика халқ ижодиёти уйида услубчи, Самарқанд вилоят халқ ижодиёти уйининг директори, “Ёш гвардия” (ҳозирги “Янги аср авлоди”) ва Ғафур Ғулом номидаги нашриётларда муҳаррир бўлиб ишлади. Республика радиоси “Шарқ юлдузи” журнали, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида фаолият кўрсатди. Театрларда адабий эмакдошлик қилди. Маданият ишлари вазирлигида репертуар бўлими мудири, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги таржима таҳририятининг бош муҳаррири бўлиб ишлади.

Машраб Бобоев адиб сифатида 60-йиллардан бошлаб матбуотда кўрина бошлаган. Унинг «Онамга хат» (1971), «Баҳор кайфияти» (1974), «Пахтам менинг — бахтим менинг» 1975), «Гурунг» (1975), «Кечки троллейбус» (1977), «Бағишлов» (1978), «Олисдаги чироқ» (1980), «Сўз» (1982), «Мен билган сир» (1990), «Қани менинг юлдузим?» (1991), «Номсиз юлдузлар» (1991) каби ўнлаб китоблари нашр бўлган. Шунингдек, у «Ўттиз ёшлилар», «Ер томири», «Тошкентдан келган меҳмон» («Гурунг»), «Тунис президенти» («Мушкул савдо»), «Бизнинг ҳовли» («Онаизор»), «Ўз уйингдасан», «Қани менинг юлдузим?», «Суянч тоғлари» каби бир қатор саҳна асарлари ёзиб, томошабинлар эътиборини тортган.

Машраб Бобоевнинг «Ирода», «Севги нидоси» («Алишер Навоийнинг «Сабъаи сайёр» достони асосида миллий балет) ҳамда «Кўнгил кўчалари» деб аталган кўп қисмли видеофильмлари намойиш этилган.

Машраб Бобоев моҳир таржимон ҳам эди. У А.Пушкин, Р.Ҳамзатов ва бошқа шоирларнинг шеърларини, В. Катаевнинг «Хаёл чечаклари» романи, Муин Бсисунинг «Ташриф қоғози», Отар Чиладзенинг «Рангин дунё» шеърий китоби ва йигирмадан ортиқ драматик асарларни ўзбек тилига таржима қилган.

Машраб Бобоевнинг 1995 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвонига сазовор бўлган. 2003 йил 23 июлда Тошкент шаҳрида вафот этган.