Мамадали Маҳмудов (1940-2020)

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи Эврил Турон – Мамадали Маҳмудов 1940 йил 12 декабрь куни Жиззах вилоятининг Фориш тумани Боғдон қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университетининг филология факультети журналистика бўлимини битирган.

Биринчи китоби — «Тоғ оҳуси» очерклар тўплами 1974 йили чоп этилган. 1975 йилда чоп этилган «Боғдон қашқири» қиссасида ёзувчи биринчи марта босмачилик ҳаракати иштирокчиларини миллий-озодлик курашчилари сифатида тасвирлаган. Адиб ўзининг 1981 йилда «Шарқ Юлдузи» журналида чоп этилган «Ўлмас қоялар» романида айни мавзуни давом эттириб, Ўрта Осиёга рус босқинини қоралайди. Асар тўлалигича фақат мустақилликдан сўнг, 1991 йилда китоб ҳолида дунё юзини кўрган ва Чўлпон мукофотига сазовор бўлган.

«Ўлмас қоялар» романи 1981 йилда Германия Федератив Республикасида, сўнг Туркияда чоп этилган. 2008 йилда француз тилида Парижда, 2013 йилда Лондонда чоп этилган.

1999 йили ёзувчи Жиноят кодексининг 25-, 159-(банд 4), 242-(банд 1), 216-моддалари бўйича айбланиб 14 йил қамоқ жазосига ҳукм этилган.

2013 йилнинг февралида 14 йиллик қамоқ муддати тугашига қарамай, «жазони ижро этиш масканининг ички тартибларини бузгани учун» яна қамоққа ҳукм этилган.

Ёзувчи 2017 йил баҳорида, 17 йиллик маҳбусликдан сўнг озодликка чиқарилган. 2018 йил ноябрида эса Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қайта тикланган.

Эврил Турон қамоқда «Бўз бўри», «Ойгул», «Ой нури» деган романлар ёзган.

Мамадали Маҳмудов 2020 йил 10 октябрь куни вафот этган.