Малик Набиев (1913-1992)

Набиев Малик Набиевич (1913.18.1 — Тошкент — 1992.10.1) — кимёгар олим. Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (1956), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби (1963), техника фанлари доктори (1955), профессор (1956).

Иваново кимё-технология институтини тугатган (1935). Донбассдаги Горловка ўғит заводида ишлаган (1940). Чирчиқ электр кимё комбинатида бош муҳандис (1940—43), Чирчиқ шаҳар партия қўмитаси котиби (1943—44), Ўзбекистон Республикаси Давлат План комиссияси раисининг биринчи ўринбосари (1944— 47), Республика Министрлар Совети бошқармаси бошлиғи (1948), Чирчиқ электр кимё комбинати бош муҳандиси (1948—51), Ўзбекистан Фанлар академияси кимё институтида лаборатория (бўлим) мудири (1951—86), бош илмий ходим (1986 йилдан), Ўзбекистон Фанлар академияси кимё-технология фанлари бўлими академик-котиби (1952—56, 1966—86) бўлиб ишлаган.

Асосий илмий ишлари янги минерал ўғитлар турларини олиш, ўғитлар сифатини яхшилаш, мураккаб ўғитлардан рационал фойдаланишга оид. Малик Набиевнинг қовушоқланиб (ёпишиб) қолмайдиган аммиак селитраси олиш усули Чирчиқ электр кимё комбинатида ва бошқа корхоналарда амалиётда қўлланди.

Малик Набиев ўз шогирдлари билан биргаликда аммонийлаштирилган суперфосфат олиш усулини ишлаб чиқди ва уни Қўқон, Жамбул, Самарқанд ҳамда Чоржўй кимё заводларида амалга оширди. Фосфат хом ашёсини нитрат кислота билан парчалаб, қаттиқ ва суюқ, мураккаб ўғитлар (СУМ-I, СУМ-П, СУМ-П1, СУМ-IV, СУМ-V) ни ишлаб чиқариш технологиясига асос солди, чигит таркибидаги мой моддаларини кўпайтиришга таъсир этувчи «ЦАКС» дефолиантини ихтиро қилди.

Беруний номидаги Ўзбекистан Давлат мукофоти лауреати (1968).