Исроил Мирзаев (1938-2006)

Таниқли адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, Самарқанд давлат университети профессори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Исроил Мирзаев 1938 йилнинг 8 январида Қашқадарё вилоятининг Косон туманидаги Пўлоти қишлоғида таваллуд топган.

1960 йилда Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетининг филология факултетини битирган. 1960-1965 йилларда Самарқанд вилоят рўзномасида адабий ходим ва бўлим мудири бўлиб ишлаган. 1966-1970 йилларда Самарқанд давлат университети аспирантурасида таҳсил кўрган. Шундан кейинги бутун ҳаётини мазкур университетнинг ўқитувчиси, катта ўқитувчиси, проректори ва профессори сифатида илмий-педагогик фаолиятга бағишлаган.

Исроил Мирзаевнинг дастлабки китоби — “Раҳмат Файзий” адабий портрети 1970 йилда нашр этилган эди. Шундан буён ўтган сермаҳсул илмий фаолият мобайнида олимнинг “Ижодкор бахти”, “Меҳнат инсонни шарафлайди”, “Воқеликнинг бадиий тадқиқи”, “Ижодкор бурчи”, “Адабиёт ва давр дарди”, “Насримиз бадиий олами”, “Адабиёт ва табиат” каби жами ўндан ортиқ китоблари нашр этилган.

Исроил Мирзаев 2002 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.